LexUZ шарҳи
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2021 йил 2 июлдаги 43-сонли «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3316, 30.07.2021 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 2003 йил 9 апрелда, 54-сон буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Мазкур Аудиторлик фаолиятининг миллий стандарти (56-сон АФМС) Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 сентябрдаги 365-сон «Аудиторлик фаолиятини такомиллаштириш ва аудиторлик текширишларининг аҳамиятини ошириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини норматив тартибга солиш элементи ҳисобланади.
1. Стандартнинг мақсади бўлиб молиявий ҳисобот тузилган санадан кейин, бироқ аудиторлик хулосаси имзолангунга қадар ёхуд аудиторлик хулосаси имзолангандан кейин, бироқ текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботи эълон қилинган санагача юз берган ҳодиса ва фактлар, шунингдек молиявий ҳисобот эълон қилингандан сўнг юз берган, унинг мазмуни ва тўғрилигига таъсир кўрсатадиган ҳодисалар аниқланган тақдирда аудиторлик ташкилотининг ҳаракатларини аниқлаш ҳисобланади.
2. Мазкур стандарт талаблари аудиторлик фаолиятини амалга оширишда барча аудиторлик ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.
а) молиявий ҳисобот тузилган санадан кейинги ҳодисалар (кейинги ҳодисалар) — ҳисобот даври тугаган пайтдан бошлаб аудиторлик хулосаси имзоланган санага қадар юз берган ҳодисалар, шунингдек аудиторлик хулосаси имзолангандан кейин аниқланган, текширилаётган ҳисобот даврига тааллуқли бўлган ва молиявий ҳисоботга тузатишлар киритишни ёки унда ахборотларни ёритиб беришни талаб этадиган ҳодисалар;
в) аудиторлик хулосаси имзоланган сана — аудиторлик текшируви тугагандан сўнг аудиторлик хулосасида қўйилган сана, ундан кейин, одатда, аудиторлик текшируви билан боғлиқ ахборот материалларига оид барча тадқиқотлар тўхтатилади ва бу муддатдан кейин, аудиторлик хулосасига биронта ўзгартириш киритиш мумкин эмас.
4. Аудиторлик хулосасини имзолашда, аудиторлик ташкилоти аудиторлик хулосаси имзоланадиган санага қадар молиявий ҳисоботда акс эттирилиши лозим бўлган, молиявий ҳисоботга тузатишлар ёки қўшимчалар киритишни талаб этадиган барча ҳодисалар у томонидан лозим равишда аниқлангани, баҳолангани ва текширилганига ишонч ҳосил қилиши керак.
5. Аудиторлик ташкилоти аудиторлик хулосаси имзоланадиган санага яқин қолганда молиявий ҳисоботга тузатишлар киритишни ёки ундаги ахборотларни ёритиб беришни талаб этадиган ҳодисаларни аниқлашга мўлжалланган тартиб-таомилларни бажаради. Бундай тартиб-таомиллар, одатда, қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти томонидан ўрнатилган, кейинги ҳодисаларни аниқлаш имкониятини таъминловчи тартиб-таомиллар обзори;
б) ҳисобот даври тугаганидан кейин ўтказиладиган акциядорлар йиғилиши, директорлар кенгаши ва ижроия органи мажлисларининг баённомалари билан танишиб чиқиш ҳамда баённомалари ҳали тайёрланмаган йиғилишларда муҳокама қилинадиган масалаларни аниқлаштириш;
в) пул маблағлари ҳаракатининг прогнозлари, сметалар ва раҳбариятнинг бошқа тегишли ҳисоботлари билан танишиб чиқиш;
г) текширилаётган хўжалик юритувчи субъект юридик хизматининг суд муҳокамаларига (агар улар мавжуд бўлса) тааллуқли бўлган фаолияти билан танишиб чиқиш;
д) текширилаётган хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига молиявий ҳисоботга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган кейинги ҳодисаларга тааллуқли саволлар. Бундай саволлар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
янги мажбуриятлар қабул қилинганми, янги қарзлар олинганми ёки ажратилганми, кафиллик шартномалари тузилганми;
янги акциялар ёки қарз мажбуриятлари чиқарилганми, субъектни қўшилиши ёки тугатилиши тўғрисидаги битимлар тузилганми ёки улар режалаштирилмоқдами;
активларни давлат даромадига қаратиш ҳолатлари ёки уларнинг, масалан, ёнғин ёки тошқин натижасида нобуд бўлиши ҳолатлари юз берганми;
молиявий ҳисоботни тайёрлаш учун фойдаланилган ҳисоб сиёсатининг ўринлилигига шубҳа туғдирадиган бирор-бир ҳодисалар юз берганми ёки юз бериши мумкинми.
6. Агар бўлинмани бошқа аудитор аудиторлик текширувидан ўтказаётган бўлса, асосий аудитор бошқа аудитор томонидан кейинги ҳодисаларга тааллуқли бўлган тартиб-таомилларни бажараётганини баҳолаши, шунингдек бошқа аудиторни режалаштирилаётган аудиторлик хулосасини имзолаш санаси ҳақида хабардор қилиши лозим.
7. Агар аудитор молиявий ҳисоботга таъсир кўрсатувчи ҳодисалар тўғрисида хабардор бўлса, у мазкур ҳодисаларнинг молиявий ҳисоботда тўғри акс эттирилганлигини текшириши лозим.
8. Аудиторлик ташкилоти молиявий ҳисобот тўғрисидаги аудиторлик хулосаси имзоланган санадан кейин юз берган ҳодисалар учун жавобгар бўлмайди. Бунда, аудиторлик хулосаси имзоланган санадан кейин, бироқ молиявий ҳисобот эълон қилинадиган санага қадар юз берган молиявий ҳисоботга таъсир кўрсатадиган ҳодисалар ҳақида аудиторлик ташкилотига хабар берилиши учун хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти жавобгар бўлади.
9. Агар аудиторлик ташкилоти аудиторлик хулосаси имзоланган санадан кейинги даврда, бироқ молиявий ҳисобот эълон қилинадиган санага қадар юз берган ҳодисалар ҳақида хабар топса, у молиявий ҳисоботга ва аудиторлик хулосасига тузатиш киритиш зарурлигини аниқлаши, юзага келган муаммоларни хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти билан муҳокама қилиши ҳамда бундай ҳодисалар молиявий ҳисоботга жиддий таъсир кўрсатса, ушбу ҳолатда мазкур ҳисоботга тегишли ўзгартиришлар киритишни талаб қилиши лозим.
10. Агар хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти молиявий ҳисоботга ўзгартириш киритса, бунда янги аудиторлик хулосасини тайёрлаш лозим ва унда илгари тайёрланган аудиторлик хулосасига ҳаволани кўрсатиш керак. Бунда янги хулосага ўзгартирилган молиявий ҳисобот тузилган санадан олдинги сана қўйилмаслиги керак.
11. Агар хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти аудиторлик ташкилоти талаб қилаётган, муҳим хусусиятга эга бўлган тузатишларни киритилишини зарур деб топмаса, аудиторлик ташкилоти хўжалик юритувчи субъектни мазкур факт ҳақида ёзма равишда хабардор қилиши ва ўзгартиришлар киритмаган тақдирдаги оқибатлар учун жавобгарликни хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига юклаши ҳамда салбий аудиторлик хулосаси тузиши лозим.
12. Агарда аудиторлик хулосаси хўжалик юритувчи субъектга (буюртмачига) берилган бўлса, аудиторлик ташкилоти буюртмачини ва (ёки) хўжалик юритувчи субъект раҳбариятини субъектнинг молиявий ҳисоботини ва у бўйича берилган аудиторлик хулосасини учинчи шахсларга тақдим этмаслиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилиши зарур.
Агар молиявий ҳисобот учинчи шахсларга бериладиган бўлса, аудитор мазкур учинчи шахслар аудиторлик хулосасига таянмаслиги учун чоралар кўриши керак.
13. Молиявий ҳисобот эълон қилинганидан кейин аудиторлик ташкилоти мазкур молиявий ҳисоботга тегишли сўровномалар йўлланишига тааллуқли ҳеч қандай мажбуриятларга эга бўлмайди.
14. Агар молиявий ҳисобот эълон қилинганидан кейин аудиторлик ташкилоти текширилган ҳисобот даврига тегишли бўлган ҳамда молиявий ҳисоботга тузатишлар киритишни ва унда ахборотларни ёритиб беришни талаб этадиган ҳодисалар ҳақида хабар топса, аудиторлик ташкилоти мазкур молиявий ҳисоботни қайта кўриб чиқиш зарурлиги масаласини кўриб чиқиши, уни хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти билан муҳокама қилиши ва мазкур ҳолатларда мақсадга мувофиқ бўлган чора-тадбирларни кўриши лозим.
15. Агар хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти молиявий ҳисоботни қайта кўриб чиқаётган бўлса, аудиторлик ташкилоти хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти билан биргаликда илгари тақдим этилган молиявий ҳисобот билан аудиторлик хулосасини олганларнинг барчасини юзага келган вазият ҳақида хабардор қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириши ҳамда қайта кўриб чиқилган молиявий ҳисобот бўйича янги аудиторлик хулосасини тақдим этиши керак.
Бунда янги аудиторлик хулосасида илгари тайёрланган аудиторлик хулосасига ҳавола қилинган бўлиши ва қайта кўриб чиқилган молиявий ҳисобот тузилган санадан олдинги сана қўйилмаслиги лозим.
16. Агар хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти илгари тақдим этилган молиявий ҳисобот ва аудиторлик хулосасини олганларнинг барчасини юзага келган вазият ҳақида хабардор қилиш учун зарур чора-тадбирларни кўрмаётган бўлса ва молиявий ҳисоботни қайта кўриб чиқмаса, аудитор уни қайта кўриб чиқишни зарур деб ҳисоблаган ҳолларда, аудитор хўжалик юритувчи субъект раҳбариятини учинчи шахслар аудиторлик хулосасига таянмасликлари учун ўзи чора-тадбирлар кўриши тўғрисида хабардор қилиши лозим.