Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДЕБИТОРЛИК ВА КРЕДИТОРЛИК ҚАРЗЛАРИ ТЎҒРИЛИГИНИ ТЕКШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 октябрдаги ПФ-6325-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзларини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Республиканинг барча минтақаларида дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини ёппасига солиштириб чиқиш ишлари ташкил этилганлиги, уларнинг натижалари белгиланган муддатларга мувофиқ Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат комиссиясига тақдим этилиши кераклиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Хўжалик юритувчи субъектларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини текшириш тартиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини текшириш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари ва тегишли тармоқ идоралари раҳбарларидан иборат 2-иловага* мувофиқ тармоқ эксперт комиссиялари тузилсин.
* 2-илова берилмайди.
4. Тармоқ эксперт комиссиялари:
3-иловада кўрсатиб ўтилган вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, корпорациялар ва компаниялар, тижорат банклари билан биргаликда бир ой муддатда ўзларига қарашли хўжалик юритувчи субъектларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини 1998 йил 1 июлдаги ҳолатига кўра тасдиқланган тартибга мувофиқ тармоқлар бўйича текшириб чиқсинлар;
ўтказилган текширишларнинг якуний материалларини ва хўжалик юритувчи субъектларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш бўйича таклифлари Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат комиссиясига 1998 йил 1 сентябргача тақдим этсинлар.
5. Ўзларига қарашли хўжалик юритувчи субъектлар бўйича қарздорлик ўз вақтида ва тўлиқ текширилиши учун шахсий жавобгарлик вазирликлар, идоралар, тармоқ концернлари, корпорациялар, уюшмалар ва холдинг компаниялари раҳбарлари зиммасига юклансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 4 август,
332-сон
Республиканинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини ўзаро текшириш
ТАРТИБИ
1. Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини текшириш хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 1998 йил 1 июлдаги ҳолатига кўра хизмат кўрсатувчи банклар, солиқ ва молия органлари, статистика органлари мутахассислари билан биргаликда бир ой муддатда ўтказилади.
Ахборотни тўплаш ва уни тақдим этиш учун жавобгарлик Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармаларига юкланади.
2. Вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар, уюшмалар ва холдинг компанияларининг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини ўзаро текшириш бўйича ишларини мувофиқлаштириш ва ушбу иш якунлари бўйича таклифлар киритишни тармоқ эксперт комиссиялари амалга оширадилар.
3. Қуйидагилар тармоқ эксперт комиссияларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
барча хўжалик юритувчи субъектлар тўлиқ қамраб олиниши ҳамда дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини текшириш сифатли ўтказилиши таъминланишини назорат қилиш;
дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини текшириш натижаларини умумлаштириш;
Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат комиссиясининг кўриб чиқиши учун бажарилган иш якунлари бўйича ва ундириб олиниши гумон бўлган ўзаро қарздорлик миқдорлари тўғрисида таклифлар киритиш.
4. Хўжалик юритувчи субъектлар, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари қарздорлик тўғрилигини текшириш ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши ҳамда муддатни ва тўлов муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари амалда акс эттирилиши, шунингдек ўзаро қарзлар бўйича солиштириб чиқиш далолатномалари тузилиши учун шахсан жавоб берадилар.
5. Ўзаро қарздорлик тўғрилигини текширишни жадаллаштириш ва солиштириб чиқиш далолатномаларини тузиш учун хўжалик юритувчи субъектлар жойнинг ўзига бориб кредиторлик қарзи бўлган хўжалик юритувчи субъектлар билан ўз қарзларини солиштириб чиқадилар.
6. Хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари бош дафтар билан солиштириб чиқилган далолатнома журналлар ёки кундалик кирим-чиқим далолатномалари асосида счётлар бўйича (09, 19, 45, 60, 61, 62, 63, 64, 65, 67, 68, 69, 70, 71, 73, 75, 76, 78) дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотларни тўлдирадилар.
7. Хўжалик юритувчи субъектларда дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилиги узил-кесил текшириб чиқилгандан кейин мазкур Тартибга илова* бўйича маълумотлар тўлдирилади. Ушбу маълумотларда тизим ички қарздорлиги, республика доирасида ва унинг ташқарисидаги қарздорлик (МДҲ мамлакатлари ва олис хориж мамлакатлари бўйича) алоҳида сатрда кўрсатилади. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ғайриқонуний равишда ундирилганлиги туфайли пайдо бўлган дебитор қарздорлик миқдори ҳам алоҳида кўрсатилади.
* Иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Бундан ташқари, кредиторлик қарзлари бўйича маълумотларда Ҳукумат қарорларига кўра муддати кечиктирилган кредиторлик қарзлари ажратиб кўрсатилади.
Хўжалик юритувчи субъектлар бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзларига солиштириб чиқиш далолатномалари нусхалари маълумотларда кўрсатиб қўйилган маблағни текшириш ва умумлаштириш учун хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этилади.
Туман статистика органлари, хизмат кўрсатувчи банклар ва солиқ органлари дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг умумий миқдорини бухгалтерия баланси маълумотлари ва солиштириб чиқиш далолатномаларини маълумотларда келтирилган миқдорлар билан солиштириб чиқадилар ҳамда маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлайдилар. Шундан кейин солиштириб чиқиш далолатномалари нусхалари хизмат кўрсатувчи банкларда қолади.
Агар хўжалик юритувчи субъектда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи ўз ҳолига ташлаб қўйилган бўлса ёки комиссияга тақдим этилган ҳисобга олишда, маълумотларда қолоқликка йўқ қўйилган бўлса, бу ҳақда қайт этиб қўйилади. Бундан ташқари, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботида йўл қўйилган қоидани бузишлар, ҳужжатлар йўқолиб қолиши ҳоллари тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларига берилади.
Хизмат кўрсатувчи банклар ва солиқ органлари жойнинг ўзига бориб маълумотлар тўғри тўлдирилганлигини оралатиб текширадилар, бу ҳақда маълумотнома ёки далолатнома тузилади. Зарурият бўлганда таъсир кўрсатишнинг тегишли чора-тадбирлари кўрилади.
8. Ҳар бир дебитор ёки кредитор бўйича қарздорлик миқдори солиштириб чиқиш далолатномалари ёки дебитор (кредитор)нинг ўз қарзларини келишилган миқдорда тан олганлиги тўғрисидаги бошқа расмий ҳужжатлар билан тасдиқланади. Ҳужжатни тузишда дебитор ёки кредиторга тегишли солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилиши шарт.
9. Агар дебитор (кредитор) тугатилган бўлса ёки унинг жойлашган жойи аниқланмаган тақдирда, бу ҳақда далолатнома тузилади, у солиқ органларига тақдим этилади, далолатнома нусхаси хизмат кўрсатувчи банк муассасасига тақдим этилади. Хўжалик юритувчи субъект томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирлар кўрилади.
10. Ҳар бир дебитор (кредитор) бўйича қарздорлик миқдори изчил равишда улар ҳосил бўлиши муддатлари бўйича (60 кунгача, 60 кундан 1 йилгача, 1 йилдан 3 йилгача, 3 йилдан ортиқ) гуруҳларга ажратилади.
11. Қарздорликнинг тўғрилигини ўзаро текширувчи корхоналар ва ташкилотларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклари 2-картотекадаги тўлов ҳужжатларини солиштириб чиқиш далолатномаларига мувофиқ такроран тақдим этиш учун қайтарадилар.
12. Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилиги узил-кесил текшириб чиқилганидан кейин хўжалик юритувчи субъект томонидан илова қилинаётган жадваллар тўлдирилади. Жадвалларда хўжалик юритувчи субъектга тегишли солиқ тўловчининг идентификация рақами, шунингдек унинг кредиторлари ва дебиторларига тегишли солиқ тўловчининг идентификация рақамлари ёзиб қўйилиши шарт. Хўжалик юритувчи субъект раҳбари ва бош бухгалтери имзоси қўйилган жадваллар юқори турувчи ташкилотга, жадвалларнинг нусхалари банкнинг хизмат кўрсатувчи муассасасига тақдим этилади. Жадваллар ҳам қоғозда, ҳам компьютер файллари шаклида (Microsoft Excel электрон жадваллари) тақдим этилади.
13. Тўпланган жадваллар тармоқнинг бош ташкилоти томонидан Microsoft Excel электрон жадваллари шаклида умумлаштирилади. Айни вақтда тўпланган маълумотлар умумлаштириш учун Марказий банкнинг минтақавий бош бошқармаларига берилади.
14. Хизмат кўрсатувчи банкларнинг бўлимлари хўжалик юритувчи субъектлардан олинган маълумотларни вазирликлар бўйича умумлаштирадилар ва хизмат кўрсатувчи банкларнинг вилоятлар бошқармаларига юборадилар.
15. Хизмат кўрсатувчи банкларнинг вилоятлар бошқармалари маълумотларнинг туманлар бўйича тузилиши тўғрилигини текширадилар, умуман вилоят ҳамда вазирликлар бўйича солиштириб чиқадилар ҳамда таҳлил қилиш ва жамлаш учун Марказий банкнинг бош бошқармаларига ва хизмат кўрсатувчи банкларнинг республика бошқармаларига юборадилар.
16. Хизмат кўрсатувчи банкларнинг республика муассасалари ахборотни вазирликлар ва идоралар, концернлар, уюшмалар, корпорациялар ва компаниялар билан биргаликда солиштириб чиқадилар ва таҳлил қиладилар ҳамда уни қисқартириш бўйича таклифлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ҳамда дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилигини текшириш бўйича тармоқ ишчи комиссияларига юборадилар.
17. Тармоқ эксперт комиссиялари тақдим этилган материалларни таҳлил қиладилар, умумлаштирадилар ҳамда Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат комиссиясига хўжалик юритувчи субъектларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш юзасидан таклифлар киритадилар.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрилиги текшириладиган иқтисодиёт тармоқлари
рўйхати
|
Т/р |
Вазирлик (идора) |
Хизмат кўрсатувчи банк |
| 1 | «Ўзкимёсаноат» уюшмаси | «Ўзсаноатқурилишбанк» |
| 2 | «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» компанияси | «Ўзсаноатқурилишбанк», «Пахта-банк» |
| 3 | «Ўзбекнефтгаз» миллий корпорацияси | «Ўзсаноатқурилишбанк» |
| 4 | Энергетика вазирлиги | «Ўзсаноатқурилишбанк» |
| 5 | Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги | «Ўзуйжойжамғармабанк» |
| 6 | «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси | «Асакабанк» |
| 7 | «Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» компанияси (қишлоқ хўжалиги корхоналари бўйича | Ўзмевасабзавотбанк, «Пахта-банк» |
| 8 | Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги | «Пахта-банк» |
| 9 | «Қишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси | «Пахта-банк» |
| 10 | «Тошкентуйжойинвестқурилиш» корпорацияси | «Ўзуйжойжамғармабанк» |
| 11 | «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси | Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки |