Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазасини таъминлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида» 2025 йил 20 октябрдаги ПФ-185-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасида давлат назоратини юритиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазасини таъминлаш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролар учун қўйиладиган талаблар;
ўта муҳим, тоифаланган, ёнғин-портлаш ҳамда кимёвий хавфли ва бошқа иқтисодиёт объектлари, таълим ва даволаш-профилактика муассасалари, одамлар гавжум бўладиган жойлар учун белгиланган талаблар;
аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашга оид қоидалар;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари учун талаблар;
фавқулодда вазият рўй бериш хавфи ёки фавқулодда вазият рўй бергани ҳақида хабар беришнинг автоматлаштирилган тизими бўйича талаблар;
хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик ҳудудлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик муҳофазани ҳамда сейсмик хавфсизликни таъминлашга оид талаблар;
фавқулодда вазият содир бўлганда ҳаракат қилиш қоидалари.
2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 сентябрдаги 744-сон қарори билан тасдиқланган Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси, шунингдек, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш соҳасида давлат назоратини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 июль,
370-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 июлдаги 370-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазасини таъминлаш
ҚОИДАЛАРИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазасини таъминлаш қоидалари (кейинги ўринларда — Қоидалар) Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги қонунларига ҳамда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазасини таъминлаш талабларини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикасида аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазасини таъминлашда ушбу Қоидалар билан бирга «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги қонунларига ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган талабларини ўз ичига олган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга амал қилиш лозим.
3. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасига оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда идоравий ҳужжатлар талаблари ушбу Қоидаларда белгиланган талаблардан паст бўлмаслиги керак.
4. Ушбу Қоидалар билан белгиланадиган давлат назоратининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
а) фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазасини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш;
б) фавқулодда вазиятлар хавфи ва омилларини кузатиб бориш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларни аниқлаш;
в) юридик ва жисмоний шахсларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазасини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;
г) ҳудудларда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, уларнинг прогноз қилинаётган ҳолати, профилактика чора-тадбирлари тўғрисида давлат ташкилотларини ва бошқа идораларни, шунингдек, фуқароларни хабардор қилиш;
д) фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат дастурларининг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар иштирокини таъминлаш.
5. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат назорати — назорат органларининг ваколатлари доирасида амалга ошириладиган, мажбурий талаблар бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган давлат чора-тадбирлари тизими;
давлат назорати субъектлари — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар;
давлат назорати объекти — аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси, шунингдек, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш бўйича назорат ишларини амалга оширувчи субъектлар фаолият юритадиган объектлар;
ёзма кўрсатма — фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси назорати бўйича ваколатга эга бўлган мансабдор шахснинг фавқулодда вазиятларда хавфсизлик талаблари бузилишини бартараф этиш, шу жумладан, корхоналар ва объектлар фаолиятини, шунингдек, ишлаб чиқаришда (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишда) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича тадбирларнинг белгиланган муддатларда тегишли мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма фармойиши;
кичик ҳажмли кема — асосий двигателлар қуввати 55 кВт (75 от кучи) ва йўловчи сиғими 12 кишидан ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар, моторларнинг қуввати ва сонидан қатъи назар, осма моторли кемалар, сув мототцикллари (гидротцикллар), юк кўтариш қобилияти 80 регистр тоннадан ортиқ бўлмаган ўзи-юрмас кемалар (эшкакли қайиқлар (эшкакли қайиқлар ва сув велосипедлари (катамаранлар)), елканли кемалар, ҳаво босими билан тўлдириладиган ёки шишириладиган моторсиз эшкакли қайиқлар;
кичик ҳажмли кемалар турадиган база (иншоот) — сув объектининг туташган қирғоқ ҳудудида кичик ҳажмли кемалар туриши учун махсус жиҳозланган, шунингдек, улар сақланадиган ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун махсус жиҳозланган муҳандислик иншоотлари мажмуи;
навигация — ҳудуднинг об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, сув объектларида кичик ҳажмли кемадан (кейинги ўринларда — кема) фойдаланиш мумкин бўлган давр;
объект — юридик ёки жисмоний шахснинг мулкий комплекси (ёки унинг бир қисми), шу жумладан, улар учун фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фуқаро муҳофазаси талаблари белгиланган бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, технологик қурилмалар, асбоб-ускуна, агрегатлар, буюмлар ва бошқа мол-мулк;
одамлар гавжум бўладиган жойлар — маданият ва истироҳат боғлари, савдо ва кўнгилочар марказлари, бозорлар ва савдо комплекслари, концерт заллари, театр ва кинотеатрлар;
сузиш жойи — кема тури ва моделини инобатга олиб, кемаларда сузишга рухсат этилган сув ҳавзаси ҳудуди;
сув объекти — сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек, коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари;
текширув — давлат ташкилотлари, муассасалари ва тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятни тартибга солувчи қонунчиликка қай даражада риоя этилаётганини керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш ҳамда муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали ўтказиладиган назорат тадбири;
фавқулодда вазият — муайян ҳудудда одамлар қурбон бўлишига, одамларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотларга ҳамда одамларнинг ҳаёт ва фаолият шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий офат ёхуд бошқа офат натижасида, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши натижасида юзага келган вазиятлар;
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш — олдиндан ўтказиладиган ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар камайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса, одамларнинг ҳаётини асраб қолишга ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуи;
фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш — фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича тадбирлар мажмуи, воситалар ҳамда усуллар тизими;
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш — фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамларнинг ҳаётини асраб қолишга ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга, шунингдек, фавқулодда вазиятлар зоналарининг кенгайишига йўл қўймасликка ҳамда хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган ишлар мажмуи;
фавқулодда вазият зонаси — фавқулодда вазият манбаи юзага келгани оқибатида одамлар қурбон бўлиши, уларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етиши хавфи мавжуд бўлган ва (ёки) унинг таъсирида жиддий моддий талафотлар кўрилган, шунингдек, одамларнинг ҳаёт ва фаолият шароитлари бузилган ҳудуд;
фавқулодда вазият рўй бериш хавфи ёки фавқулодда вазият рўй бергани ҳақида хабар беришнинг автоматлаштирилган тизими — фавқулодда вазият рўй бериш хавфи ёки фавқулодда вазият рўй бергани ҳақидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш, уларга ишлов бериш ва уларни тарқатиш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда аҳолининг ҳаракат қилиш ва муҳофаза усуллари, юзага келган вазият тўғрисида аҳолига хабар бериш ва маълумотларни етказишда барча ҳудудларни реал вақт режимида мониторинг қилиш дастурий-техник воситалари мажмуи;
фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш — Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг раҳбарларини ва мутахассислари тайёрланадиган ҳамда қайта тайёрланадиган олий, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларида, малака ошириш муассасаларида, курсларда, махсус ўқув-услубият марказларида ҳамда иш жойида амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи;
фуқаро муҳофазаси — ҳарбий ҳаракатлар пайтида ёки шу ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган хавфлардан Ўзбекистон Республикаси аҳолисини, ҳудудларини, моддий ва маданий бойликларини муҳофаза қилиш мақсадида ўтказиладиган тадбирларнинг давлат тизими;
фуқаро муҳофазаси кучлари — қутқарув ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни амалга ошириш учун тузиладиган фуқаро муҳофазаси ҳарбий қисмлари, умумий ва махсус ҳудудий, функционал ва объект тузилмалари;
фуқаро муҳофазаси хизмати — фуқаро муҳофазаси махсус тадбирларини бажариш, фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг ҳаракатларини таъминлаш учун кучлар ва воситаларни тайёрлаш мақсадида тузилган функционал бўлинмалар мажмуи;
эвакуация комиссияси — республика, ҳудудий, маҳаллий ва объект даражаларида жамоатчилик асосида ташкилот (объект)нинг раҳбар ходимлари ва ишчи-хизматчилари таркибидан ташкил этиладиган, эвакуация тадбирлари режалаштирилишини, ташкил этилишини ва амалга оширилишини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган;
эвакуация тадбирлари — аҳолини ва унинг моддий бойликларини ҳамда давлат аҳамиятига молик моддий, маданий, маънавий, тарихий бойликларни фавқулодда вазиятлар юз берган ёки юз бериши кутилаётган ҳудудлардан хавфсиз ҳудудларга кўчириш ва жойлаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар мажмуи;
«Ягона давлат назорати» ахборот тизими — тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи электрон ахборот тизими;
ҳимоя иншоотлари — аҳолини ва ишлаб чиқариш ходимларини замонавий қирғин воситаларидан муҳофаза қилишга махсус мўлжалланган муҳандислик иншоотлари мажмуи.
2-боб. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари учун қўйиладиган талаблар
6. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари томонидан қуйидаги ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва йил бошида аниқликлар киритилиши, шунингдек, мазкур ҳужжатлар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли ҳудудий (бош) бошқармалар (бўлимлар) билан келишилиши лозим:
а) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаси;
б) фавқулодда вазиятларда масъул хизматлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш режаси;
в) фавқулодда вазиятларда аҳолини, ишчи-ходимлар ва моддий бойликларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш режаси.
7. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасида ўтган йилги фаолият якунлари, жорий йилдаги вазифалар ҳамда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича асосий чора-тадбирлар режасини ўз ичига олган буйруқ тасдиқланган ва ижрочиларга етказилган бўлиши керак.
8. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини бошқариш учун органлар (фуқаро муҳофазаси штаби) ташкил этилган бўлиши керак.
9. Кўчириш комиссияси таркибини тузиш ва комиссиянинг йиллик иш режасини тасдиқлаш ҳамда ижрога қаратиш керак.
10. Буйруқ асосида аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси бўйича масъул шахс тайинланган бўлиши керак.
11. Раҳбар ходимлар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, шунингдек, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари таркибига киритилмаган ишчи ва хизматчилар билан фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича қуйидагилар ташкил этилган бўлиши лозим:
ўқув дастурларини, режа жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ўқув синфини (бурчагини) ташкил этиш ва ўқув жиҳозлари билан жиҳозлаш;
ўқув мавзулари бўйича режа-конспектлар ва гуруҳ журналларини юритиш;
раҳбар ходимлар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, шунингдек, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари таркибига киритилмаган ишчи ва хизматчиларни гуруҳларга тақсимлаган ҳолда йиллик тасдиқланган режа-жадвалга асосан назарий ўқув машғулотларини ўтказиш.
3-боб. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун қўйиладиган талаблар
12. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
а) аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасидаги вазифаларни бажаришда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга кўмаклашиш;
б) аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасидаги тадбирларга ўз ҳудудидаги фуқароларни жалб этиш;
в) аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасига оид қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
г) аҳоли ўртасида фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини амалга ошириш;
д) фавқулодда вазиятлар органлари томонидан тақдим қилинган (хабардор этилган) мониторинг ва прогноз маълумотларига асосан юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланишни дахлдор ташкилот ва идоралар билан биргаликда ташкил этиш;
е) аҳолини фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича ўргатиш ва тайёрлаш тадбирларини ўтказиш.
4-боб. Ташкилот раҳбари учун қўйиладиган талаблар
13. Ташкилот раҳбарининг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасидаги мажбуриятларига қуйидагилар киради:
а) Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги қонунларига, фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ушбу қоидаларнинг талабларига ҳар бир объектда риоя этилиш ва бажарилишини таъминлаш, зарур чораларни режалаштириш, молиялаштириш ва амалга ошириш;
б) хавф даражаси юқори бўлган объектларнинг хавфсизлик декларациясини ишлаб чиқиш ҳамда фавқулодда вазиятлар органларига тақдим этиш;
в) ўз ишчи-ходимларини фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш усулларига ва бундай вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатишни ташкил қилиш;
г) хабар беришнинг автоматлаштирилган (ички, объект ва маҳаллий) тизимларини яратиш ҳамда доимий шай ҳолатда сақлаб туриш;
д) фавқулодда вазиятлар рўй бериш хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй бергани ҳақида ишчи-ходимларга, бошқарув органларига ва тегишли хизматларга ўз вақтида хабар берилишини ташкил этиш;
е) фавқулодда вазиятлар шароитида объектларнинг барқарор фаолият кўрсатишини ва ишчи-ходимларнинг ҳаёти ва фаолиятини таъминлаш;
ж) мавжуд фуқаро муҳофазаси муҳандислик-ҳимоя иншоотларини доимий шай ҳолатда сақлаб туриш;
з) хавф даражаси юқори бўлган объектларда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш;
и) хавф даражаси юқори бўлган ташкилот таркибида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун жалб этиладиган кучлар ва воситаларни (тузилмаларни) тузиш, уларнинг тайёргарлигини (жиҳозланишини) ҳамда шай ҳолатда сақлаб турилишини таъминлаш;
к) маҳаллий ҳокимликлар ва фавқулодда вазиятлар органларининг ўз ҳудудида фавқулодда вазиятлар рўй бериш хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй бергани ҳақида тезкорлик билан хабардор қилиш;
л) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаларига мувофиқ ўз тасарруфидаги объектларда авария-қутқарув ишлари амалга оширилишини таъминлаш;
м) маҳаллий (туман, шаҳар) ва ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ишларни механизациялаш ва йиғма командаларни белгиланган тартибда ташкил этиш учун уларнинг жамланишига шахсий таркиб, техника ва воситаларни ажратиш;
н) фавқулодда вазиятларда ишчи-ходимлар ва моддий бойликларни хавфсиз ҳудудга кўчиришга (эвакуация қилишга) оид тадбирларни олдиндан режалаштириб бориш, кўчириш комиссияси томонидан белгиланган тартибда амалга ошириш ва одамларни жойлаштириш учун жойларни тайёрлаш;
о) фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасидаги тадбирларнинг бажарилиши ва натижалари тўғрисида маҳаллий ҳокимликларга ва фавқулодда вазиятлар органларига ахборот тақдим этиш;
п) таркибий тузилмалар низомларида ва объект ходимларининг лавозим йўриқномаларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фуқаро муҳофазасини таъминлаш бўйича мажбуриятларни назарда тутиш.
14. Ташкилот раҳбарининг буйруғи билан:
а) фуқаро муҳофазаси штабини, эвакуация ва барқарорликни таъминлаш комиссияларини, фуқаро муҳофазаси тузилмаларини тузиш ва шахсий таркиб билан жамлаш, алоқа ва хабар бериш воситаларини, шахсий ҳимоя воситаларини ҳамда қутқарув асбоб-анжомларини фойдаланиш учун соз ҳолда сақлаш ҳамда ташкилот (объект)нинг фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси бўйича масъул шахсини тайинлаш;
б) ҳар бир объект учун унинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш фаолияти тартибини белгилайдиган ҳаракатлар режаларини ва фуқаро муҳофазаси йўриқномалари ушбу Қоидаларга мувофиқ ишлаб чиқилишини таъминлаш;
в) фавқулодда вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган ишларни хавфсиз бажариш тартиби ва вақтини белгилаш ҳамда уларнинг бажарилишини назоратини ташкил этиш;
г) объектнинг ходимлари ўртасида фавқулодда вазиятлар содир бўлган вақтдаги мажбуриятларни (вазифаларни) тақсимлаш ва тасдиқлаш;
д) фавқулодда вазиятлар содир бўлганда уларнинг сабабини, содир этилиши ва ривожланиши (тарқалиши) шароитларини, фавқулодда вазиятлар келиб чиқишида ва фуқаро муҳофазаси талаблари бузилишида айбдор бўлган шахсларни аниқлаш чораларини кўриш;
е) ушбу Қоидаларга мувофиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси, ҳаёти ва фаолият хавфсизлиги тўғрисидаги ахборот стендларини (деворий кўргазмаларини) ташкил этиш.
5-боб. Фуқаролар учун белгиланган талаблар
15. Фуқароларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасидаги мажбуриятларига қуйидагилар киради:
а) умумий хавфсизлик чораларига риоя этишлари, фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл қўймаслик;
б) фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланишнинг асосий усулларини, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш йўлларини ўрганиш ҳамда ўз билимлари ва амалий кўникмаларини ошириб бориш;
в) фавқулодда вазиятлар содир бўлганда зудлик билан бу ҳақида қутқарув хизматига хабар бериш ҳамда одамларни, мол-мулкларни эвакуация қилиш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишда кўмаклашиш;
г) фавқулодда вазиятлар рўй бериш хавфи юзага келганда ва фавқулодда вазиятлар рўй берган шароитларда огоҳлантириш сигналларига, юриш-туриш қоидаларига ҳамда ҳаракат қилиш тартибига риоя этиш, умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларидан фойдаланиш усулларини билиш;
д) зарур бўлганда, қутқарув ишларини ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни амалга оширишга кўмаклашиш;
е) технологик қурилмалар ва ускуналар ёрдамида ишларни бажаришда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш;
ф) ушбу Қоидаларда назарда тутилган фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси талабларига қатъий амал қилиш.
6-боб. Ўта муҳим, тоифаланган, ёнғин-портлаш ҳамда кимёвий хавфли ва бошқа иқтисодиёт объектлари учун белгиланган талаблар
16. Ўта муҳим, тоифаланган давлат аҳамиятига молик объектларда, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ хавфли ишлаб чиқариш объектлари жумласига киритилган, ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган моддалар ишлатиладиган, ишлаб чиқариладиган, қайта ишлов бериладиган, ҳосил қилинадиган, сақланадиган, ташиладиган, йўқ қилинадиган объектларда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фуқаро муҳофазасини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида объектнинг барқарорлигини таъминлаш комиссияси тузилиши ҳамда ушбу қоидага мувофиқ объектнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фуқаро муҳофазаси бўйича паспорти ишлаб чиқилиши лозим.
17. Фавқулодда вазият рўй бериш хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй бергани ҳақида аҳолига, объект ишчи ходимларига ўз вақтида хабар беришни ва ахборот узатишни моддий-техник ташкил этиш ҳамда хабардор қилиш ва ахборот узатишнинг махсус техник воситалари ўрнатилиши керак.
18. Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғи мажбурий суғурта қилиниши керак.
19. Фавқулодда вазиятларда аҳолини, ишчи-ходимларни ва моддий бойликларни хавфсиз ҳудудга кўчириш, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, фуқаро муҳофазаси ҳимоя воситалари жойлашган жойларни белгилаш бўйича бино ва иншоотлар йўлаклари ҳамда эвакуация йўлларининг кўринадиган жойларида:
фавқулодда вазиятларда бинони тарк этиш эвакуация чизмаси бино ҳар бир қаватининг кўринарли жойларига ўрнатилиши;
миллий стандарт талабларига мувофиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш ва ҳаракат қилиш белгилари ўрнатилган бўлиши керак.
20. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли ҳудудий (бош) бошқарма (бўлим)лари билан қўйидаги ҳужжатлар келишилган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиши керак:
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси;
фуқаро муҳофазасини таъминлаш чора-тадбирлари режаси;
фавқулодда вазиятларда ишчи-ходимлар ва моддий бойликларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш тадбирлари режаси;
хавфсизлик декларацияси.
21. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасида қуйидаги ҳужжатлари ишлаб чиқилган, тасдиқланган ва ижрочиларга етказилган бўлиши керак:
объект бошлиғи — фуқаро муҳофазаси бошлиғининг Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ўтган йилги фаолият якунлари ва жорий йилдаги вазифалар тўғрисидаги буйруғи;
жорий йил учун аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича асосий чора-тадбирлар режаси;
объектнинг фавқулодда вазиятларда барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш режаси;
белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминлангани тўғрисидаги ҳисобот ҳужжатлари юритилиши.
22. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини бошқариш учун органлар (штаб таркиби ва бошқарув маскани) ташкил этилган бўлиши керак.
23. Қуйидаги комиссиялар тузилган, фаолияти ташкил этилган ва юритилган бўлиши керак:
объектнинг барқарорлигини таъминлаш комиссияси;
кўчириш (эвакуация) комиссияси;
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича объект комиссияси;
комиссияларнинг йиллик иш режалари ва йиғилиш баёнлари.
24. Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси бўйича мутахассис штати жорий этилган ёки буйруқ асосида масъул шахс тайинланган бўлиши керак.
25. Раҳбар ходимлар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, шунингдек, қутқарув ва қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари таркибига киритилмаган ишчи ва хизматчилар билан фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича қуйидагилар ташкил этилган бўлиши лозим:
ўқув дастурларини, режа жадвалларини ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши;
ўқув синфи (бурчаги) ташкил этилиши ва ўқув жиҳозлари билан жиҳозланиши;
ўқув мавзулари режа-конспектлари ва гуруҳ журналлари юритилиши;
раҳбар ходимлар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, шунингдек, қутқарув ва қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари таркибига киритилмаган ишчи ва хизматчиларни гуруҳларга тақсимлаган ҳолда белгиланган мавзулар асосида назарий ўқув машғулотлари ўтказилган бўлиши;
объект раҳбарияти, комиссиялари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркибини жалб этган ҳолда, туман (шаҳар) фавқулодда вазиятларда масъул хизматлар билан бир йилда камида бир маротаба махсус тактик-ўқув машқлари ўтказилган ҳамда ҳисобот ҳужжатлари юритилган бўлиши;
объектнинг фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб этиладиган фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркиби қутқарув хизмати, қутқарувчи мақоми ва тоифа даражалари бўйича аттестациядан ўтказилган бўлиши.
7-боб. Таълим ва даволаш-профилактика муассасалари учун белгиланган талаблар
26. Таълим ва даволаш-профилактика муассасалари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий (бош) бошқармалари (бўлимлари) билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган ва жорий йил бошига аниқликлар киритилиши керак бўлган ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси;
фавқулодда вазиятларда ҳамкорликда ҳаракатлар режаси;
фавқулодда вазиятларда ишчи-ходимлар ва моддий бойликларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш тадбирлари режаси.
27. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасида ўтган йилги фаолият якунлари, жорий йилдаги вазифалар ҳамда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича асосий чора-тадбирлар режасини ўз ичига олган буйруқ тасдиқланган ва ижрочиларга етказилган бўлиши керак.
28. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини бошқариш учун органлар (фуқаро муҳофазаси штаби) ташкил этилган бўлиши керак.
29. Эвакуация комиссияси тузилиб ва унинг фаолият юритиши учун йиллик асосий тадбирлари режасини тасдиқлаш ва ижрога қаратиш керак.
30. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазасини таъминлаш вазифалари бажарилишини мувофиқлаштириш учун масъул шахс буйруқ асосида тайинланган бўлиши керак.
31. Раҳбар ходимлар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, шунингдек, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари таркибига киритилмаган ишчи ва хизматчилар билан фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича қуйидагилар ташкил этилган бўлиши лозим:
ўқув дастурларини, режа жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ўқув синф (бурчаги)ни ташкил этиш ва ўқув жиҳозлари билан жиҳозлаш;
ўқув мавзулари режа-конспектлари ва гуруҳ журналларини юритиш;
раҳбар ходимлар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, шунингдек, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари таркибига киритилмаган ишчи ва хизматчиларни гуруҳларга тақсимлаган ҳолда назарий ўқув машғулотлари ўтказилган бўлиши керак.
32. Фуқаро муҳофазаси шахсий ҳимоя воситаларининг иш жойлари ва омборларда тўғри сақланишини ташкил этиш, уларнинг фойдаланишга яроқлилиги ҳолати лаборатория синовидан ўтказилган бўлиши керак.
33. Қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг шайлигини таъминлаш:
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини белгиланган шахсий таркиб билан тўлиқ жамланиши;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг шахсий таркиби ўз функционал мажбуриятларини билиши;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини табеллаштириш меъёрларида кўрсатилган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан жиҳозлаш;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари фаолияти учун зарур бўлган норматив ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқиш;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини шай ҳолатга келтириш вақти тегишли тақвим ва шай ҳолатга келтириш режаларнинг вақт кўрсаткичларига тўғри келиши;
«Йиғин» сигнали бўйича шахсий таркиб, техника ва жиҳозларни ўз вақтида йиғиш.
34. Таълим ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбар ходимлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институтида ҳамда қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари сардорлари ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бош бошқармалари) «Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги» ўқув марказида даврий равишда тайёргарликдан ўтказиб борилиши шарт.
35. Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси бўйича ўқув машқларини ўтказиш режалари тузилиши, ўқув машқларини ўтказиш ва ҳисобот ҳужжатлари юритилган бўлиши лозим.
36. Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш керак.
37. Фавқулодда вазиятлар учун захира шифо ўринлари ва дори-дармон воситаларининг яратилиши ҳамда сақланиши лозим.
38. Тиббий ёрдам хизматининг махсус тузилмаларини тузиш ва жамлашни белгилаш ҳамда улар ҳисобига аниқлик киритиб бориш.
39. Таълим муассасаларида кўнгилли қутқарув тузилмаларини (ёш қутқарувчи, санитар дружина, санитар пост, волонтёр-қутқарувчи) тузиш, жамлаш ва уларни ўқитиш-тайёрлаш ишларини амалга ошириш лозим.
8-боб. Одамлар гавжум бўладиган жойлар учун белгиланган талаблар
40. Одамлар гавжум бўладиган объектлар раҳбарлари томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари (бош бошқармалар, бошқармалар ёки бўлимлар) билан келишилган ҳолда, қўйидаги ҳужжатлар ишлаб чиқилган, тасдиқланган ва жорий йил бошига аниқликлар киритилган бўлиши керак:
а) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси;
б) фавқулодда вазиятларда ишчи-ходимлар ва моддий бойликларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш тадбирлари режаси;
в) фавқулодда вазиятларда масъул хизматлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш режаси.
41. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасида ўтган йилги фаолият якунлари, жорий йилдаги вазифалар ҳамда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича асосий чора-тадбирлар режасини ўз ичига олган буйруқ тасдиқланган ва ижрочиларга етказилган бўлиши керак.
42. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини бошқариш учун органлар (фуқаро муҳофазаси штаби) ташкил этилган бўлиши керак.
43. Эвакуация комиссияси тузилиб унинг фаолият юритиши учун йиллик асосий тадбирлари режасини тасдиқлаш ва ижрога қаратиш керак.
44. Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси бўйича масъул шахс тайинланган бўлиши керак.
45. Одамлар гавжум бўладиган объектлар раҳбарлари раҳбар ходимлар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, шунингдек, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари таркибига киритилмаган ишчи ва хизматчилар билан фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича қуйидагиларни ташкил этган бўлиши лозим:
ўқув дастурларини, режа жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ўқув синф (бурчаги)ни ташкил этиш ва ўқув жиҳозлари билан жиҳозлаш;
ўқув мавзулар бўйича режа-конспектлар ва гуруҳ журналларини юритиш;
раҳбар ходимлар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, шунингдек, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари таркибига киритилмаган ишчи ва хизматчиларни гуруҳларга тақсимлаган ҳолда назарий ўқув машғулотларни ўтказиш.
46. Фуқаро муҳофазаси шахсий ҳимоя воситаларининг иш жойлари ва омборларда тўғри сақланишини ташкил этиш, уларнинг фойдаланишга яроқлилиги ҳолати лаборатория синовидан ўтказилган бўлиши керак.
47. Фуқаро муҳофазаси тузилмалари учун қуйидагилар бўлиши шарт:
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини белгиланган шахсий таркиб билан тўлиқ жамлаш;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг шахсий таркиби ўз функционал мажбуриятларини билиш;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари табеллаштириш меъёрларида кўрсатилган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан жиҳозлаш;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари фаолияти учун зарур бўлган норматив ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқиш;
қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини шай ҳолатга келтириш вақти тегишли тақвим ва шай ҳолатга келтириш режаларнинг вақт кўрсаткичларига тўғри келиши.
48. Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси бўйича ўқув машқлари ўтказиш режалар тузилиши, ўқув машқлар ўтказиш ва ҳисобот ҳужжатлари юритилган бўлиши лозим.
49. Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш.
50. Объектларда оммавий тадбирларни ўтказишда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси бўйича талаблар қуйидагилардан иборат:
а) оммавий тадбирни ўтказиш объектида мавжуд бўлган барча муҳандислик ва хабар бериш тизимлари, қўриқлаш ва муҳофаза қилиш, электрон-визуал кузатиш воситаларини соз ҳолда сақлаш;
б) хавфсизликни таъминлаш тизимларини бошқаришнинг стационар (кўчма) пунктларини тайёрлаш;
в) томошабинлар жойлари (трибуналар), оммавий тадбир иштирокчиларини эвакуация қилиш йўлларининг тайёрлигини таъминлаш;
г) ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситаларининг мавжудлиги ва созлигини, оммавий тадбирни ўтказиш объектининг кўринарли жойларида хавфсизлик ва ёнғин хавфсизлиги белгилари ўрнатилиши, эвакуация йўналиши белгилари ўрнатилгани, эвакуация режа (чизма)си ва йўриқномалари мавжудлиги;
д) оммавий тадбирни ўтказиш объекти ишчи-ходимлари фавқулодда вазиятлардан келиб чиқиб, уларнинг ҳаракатларини тартибга солувчи хизмат йўриқномаларини билишлари;
е) авариявий (автоном) электр таъминоти манбаи (дизель агрегати ёки бошқа воситалар), уларни қўллаш йўриқномаларининг мавжудлигини таъминлаш ва улардан фойдаланилиши учун масъул шахсни тайинлаш;
ж) оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектларда ўрнатиладиган саҳна, декорация, монитор ва бошқа қурилмалар техник жиҳатдан мустаҳкам ўрнатилиши, фойдаланиш учун хавфсиз бўлиши, шунингдек, ушбу масалаларда вужудга келган муаммолар оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан бартараф этилиши;
з) оммавий тадбирни ўтказиш объектининг умумий ҳолати, техник мустаҳкамлиги ва хавфсизлиги бўйича тегишли ҳужжатлар бўлиши керак.
9-боб. Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш бўйича талаблар
51. Аҳолини мактабгача, умумий ўрта, олий, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари, ишлаб чиқариш объектлар ҳамда яшаш жойларида фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатиш умумий ва мажбурий тартибда амалга оширилади.
52. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари — фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича йиллик асосий тадбирлар режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан ўтказиладиган йиғинлар ва ўқув машқларида;
б) республика ва вилоят миқёсидаги ташкилотлар раҳбарлари ва масъул мутахассислари, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари — 3 йилда бир марта жамлаш режасига мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институтининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида;
в) туманлар ва шаҳарлар миқёсидаги ташкилотлар раҳбарлари ва масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг раҳбарлари — 3 йилда бир марта жамлаш режасига мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази, шунингдек, ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказларининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида;
г) ташкилотларнинг ходимлари, ишчи ва хизматчилари ҳамда ҳарбий хизматчилар — доимий равишда тайёрлаш дастурларига мувофиқ, хизмат ва ишдан ажралмаган ҳолда, хизмат ва иш жойларида ташкил этиладиган объект ўқув машғулотларида тайёргарликдан ўтказилади.
53. Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълим ташкилотларида ўқувчи-талабалари қуйидаги тартибда тайёргарликдан ўтказилади:
а) мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари — доимий равишда мактабгача таълимнинг мактабгача таълим ва тарбия давлат стандарти ва ўқув хусусан, «Илк қадам», «Босқичма-босқич» дастурларига, мувофиқ таълим-тарбия ҳудудида муаммоли-вазияти ўйинлар ва машғулотларда;
б) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари — ўқув йили давомида, умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мувофиқ ўқиш ҳудудида дарсларда, спорт ўйинлари ва мусобақаларида, шунингдек, мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ҳудудий марказларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш мажмуаларидаги машғулотларда;
в) олий, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларида, ўқувчи-талабалар — ўқув йили давомида, таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мувофиқ ўқиш ҳудудидаги дарсларда, спорт ўйинлари ва мусобақаларида, шунингдек, ҳудудий марказларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш мажмуаларидаги машғулотларида.
54. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган чет эл фуқаролари:
а) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар — фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ўқув-маслаҳат пунктларида суҳбатлар ўтказиш, маърузалар ўқиш, ўқув фильмларини намойиш этиш, ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этиш, шунингдек, қўлланмалар ва эслатмаларни тарқатиш, радио ва теледастурларни эфирга узатиш ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида соҳага оид маълумотларни жойлаштириш орқали;
б) Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган чет эл фуқаролари ташриф давомида, уларга хизмат кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишлари юзасидан йўриқномадан ўтказиш орқали;
в) аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш тартибидаги профилактик тадбирлар давомида;
г) маҳалла фуқаро йиғинлари маъмурий биносида ташкил этиладиган ўқув маслаҳат профилактикаси хонасида тайёргарликдан ўтказилади.
55. Ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари ташкилотларда ва маҳаллаларда ўтказиладиган «Фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар профилактикаси куни» тадбирлари доирасида аҳолининг тайёргарлигини ошириш ҳамда фаол иштироки таъминлаб борилиши лозим.
56. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари учун аҳолини тайёрлаш соҳасидаги талаблар:
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган шахсларни, шунингдек, тизимидаги ташкилотларнинг раҳбарлари ишчи ва хизматчиларини тайёрлаш тадбирларини ташкил этиш ва ўтказилишини назорат қилиш;
ўқув-амалий тадбирларни ташкил этиши ва ўтказиши, уларга маҳаллий аҳоли жалб этилишини таъминлаш;
ўқув-методик ва тарғибот тарқатма материаллари чоп этилишини ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳолига тарқатишни ташкил этиш;
маҳаллий аҳолини фавқулодда вазиятлар хавфи тўғрисидаги тегишли ахборот ва маълумотлар билан таъминлаш.
57. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар учун аҳолини тайёрлаш соҳасидаги талаблар:
раҳбар ходимлар, масъул мутахассислар, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари сардорлари белгиланган тартибда тайёргарликдан ўтишларини таъминлаш;
белгиланган дастурлар асосида қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари аъзолари, ходимлари, ишчи ва хизматчиларини ўқитиш ҳамда фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга шай бўлиш даражасидаги билим ва кўникмаларга эга бўлишларини таъминлаш;
ўқув ҳудудини ташкил этишда замонавий ўқув-моддий база (ўқув хонаси, зарур кўргазмали ўқув қуроллари ва дарсликлар) билан жиҳозлаш;
қайта тайёргарлик ва малака ошириш ўқув курсларида тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари рўйхатини Фавқулодда вазиятлар вазирлигини тегишли ҳудудий бўлинмаларига тақдим этиши керак.
58. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун аҳолини тайёрлаш соҳасидаги талаблар:
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар билан суҳбатлар, маърузалар ва учрашувларни ташкил этиш ва ўтказиш;
ўқув машқлари ва машғулотларга маҳаллий аҳолини жалб этишга кўмаклашиши шарт.
10-боб. Қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари учун талаблар
59. Қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари хавфли ишлаб чиқариш объектларида, муҳим мудофаа ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган ташкилотларда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ишчи ва хизматчилар сони 50 ва ундан ортиқ бўлган вазирлик ва идоралар марказий аппаратларида тузилиши лозим.
60. Объект аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, фуқаро муҳофазаси тадбирларини бажариш учун хизмат кўрсатувчи техник ходимлар ва ишчилар таркибидан иборат алоқа, кузатув, қутқарув, ёнғин ўчириш, тиббий ёрдам кўрсатиш, жамоат тартибини сақлаш, қўриқлаш, ҳимоя иншоотларига хизмат кўрсатиш, радиацион-кимёвий назорат, махсус ишлов бериш ва авария-тиклаш гуруҳлари тузилиши шарт.
61. Фавқулодда вазиятлар ўчоқларида қутқарув ишларига бевосита жалб этиладиган тузилмалар ва уларнинг шахсий таркиби қонунчиликка мувофиқ мажбурий тартибда аттестациядан ўтиши шарт.
Аттестация Қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари ва қутқарувчиларни аттестациядан ўтказиш, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ ўтказилади.
62. Қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий ҳимоя воситалари, техникалар, асбоб-анжомлар ва воситалар ҳамда махсус кийим-бош билан таъминланган, улар соз ҳолатда сақланган ва фойдаланишга шай бўлиши керак.
11-боб. Фавқулодда вазият рўй бериш хавфи ёки фавқулодда вазият рўй бергани ҳақида хабар беришнинг автоматлаштирилган тизими бўйича қўйиладиган талаблар
63. Фавқулодда вазият рўй бериш хавфи ёки фавқулодда вазият рўй бергани ҳақида хабар бериш тизими бўйича қўйидагилар:
а) бўйсунувида фавқулодда вазият таъсири объект ҳудудидан ташқарига чиқадиган потенциал хавфли объект мавжуд бўлган ташкилотлар локал даражадаги хабар бериш тизимини яратиши:
лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан локал даражадаги хабар бериш тизими яратилгани ҳамда таъсир кўрсатиш ҳудудлари (сув омборлари 6 км, кимёвий объектлар 2.5 км этиб белгиланган) қамраб олиниши;
локал даражадаги хабар бериш тизими маҳаллий даражадаги хабар бериш тизими билан интеграция қилиниши;
локал даражадаги хабар бериш тизими доимий тайёрлиги ва ундан фойдаланиш бўйича низом ва бошқа белгиланган (хабар бериш тизимининг доимий тайёрлиги бўйича кунлик текширишлар қайд этиш) ҳужжатлари мавжуд бўлиши лозим;
б) фавқулодда вазият рўй бериши мумкин бўлган потенциал хавфли объектлар ҳамда бир вақтнинг ўзида ходимлар ва ташриф буюрувчиларнинг сони 50 ва ундан ортиқ нафарни ташкил этадиган ташкилотларда объект даражасида хабар бериш тизимини яратиши, бунда:
лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан объект даражасидаги хабар бериш тизимини назарда тутиш;
объект даражасидаги хабар бериш тизими маҳаллий даражадаги хабар бериш тизими билан интеграция қилиниши;
объект даражасидаги хабар бериш тизими доимий тайёрлиги ва ундан фойдаланиш бўйича низом ҳужжати мавжуд бўлиши лозим.
12-боб. Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик ҳудудлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш талаблари
64. Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик ҳудудлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясининг ваколати доирасидаги масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ топшириқ ва вазифалари барча вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, бошқа ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши шарт.
65. Гидрометеорология хизмати агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига мониторинг давомида тасарруфидаги объектларга хавф солувчи гидрометеорологик ва геологик ҳудудлардан муҳофаза қилиш бўйича муҳандислик-техник ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан огоҳлантиришлар тайёрлайди ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда ушбу огоҳлантиришларнинг бажарилишини назорат қилади.
66. Гидрометеорология хизмати агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ўрганилган объектлар фаолиятини вақтинча тўхтатиш ёки тегишли ҳимоя тадбирларини амалга ошириш бўйича ушбу объектлар раҳбарларига ёзма огоҳлантиришлар киритишлари лозим.
67. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
а) тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда хавфли участкаларни аниқлаш учун сел ва тошқинлар мавсумидан олдин гидротехника иншоотлари, кўприклар, қирғоқлар, дарёлар ва сойлар ўзанлари ҳолатини ўрганиши, баҳор-ёз мавсумида тошқин сувларини беталафот ўтказиб юбориш мақсадида кечиктириб бўлмайдиган ҳимоя тадбирлари ва авария-тиклаш ишлари амалга оширилишини таъминлаши;
б) дарё, канал ва сойларнинг сув ўтказиш қобилияти пасайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ноқонуний қурилишларга, дарё ўзанларида норуда материаллар ноқонуний қазиб олинишига ва бошқа хўжалик фаолиятини амалга оширишга йўл қўймаслиги;
в) хавфли зоналар мавжуд ҳудудларда хавфли гидрометеорологик ва геологик ҳодисалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларга қарши ўз вақтида чоралар кўриш, шунингдек, аҳолини ва ҳудудларни улардан муҳофаза қилиш ишларига тезкор раҳбарликни ташкил этиш учун жойларда туман(шаҳар)лар штабларини ташкил этиши, уларни транспорт воситалари, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва алоқа воситалари билан таъминлаши;
г) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тақдимномаларига асосан сел, тошқин, қор кўчкиси ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда жойлашган, кўчирилиши лозим бўлган хўжаликлар аҳолисини хавфсиз жойларга вақтинча кўчириши ва заруратга кўра босқичма-босқич доимий кўчириш бўйича комплекс чораларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши ҳамда хавфсиз ҳудудларга кўчирилган аҳолининг етарли даражада ҳаёт кечириши ҳамда фаолиятини ташкил этиши ва тегишли тарғибот ишларини амалга ошириши;
д) вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар тегишли дарё ва сойлар қирғоқларини мустаҳкамлаш ва бошқа муҳофаза ишларини амалга ошириши, уларни амалга ошириш учун харажатларни аниқ ҳисоб-китоблар асосида маҳаллий бюджетнинг захира маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириши;
е) жисмоний ва юридик шахсларга тоғ ва тоғолди ҳудудлардан турар ва нотурар жой биноларини қуриш учун ер участкаларини ажратишда Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Тоғ, кон саноати ва геология вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан ушбу ер участкалари хавфли геологик ҳудудлар ва гидрометеорологик ҳодисалар юзага келиши мумкин бўлган ҳудудга тушган ёки тушмаганлиги юзасидан тегишли хулосалар олинишини таъминлаши лозим.
68. Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан қуйидагилар таъминланиши лозим:
а) сув омборлари, гидроэлектростанциялар, гидротехника иншоотлари ва ирригация тизимларининг хавфсиз, ишончли ишлашини, шунингдек, тошқин сувлари ва сел оқимларини беталафот ўтказиб юборишини таъминлаши;
б) сув омборлари, гидроэлектростанциялар, бошқа гидротехника иншоотларида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатлар ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий-техник воситалар ва технологик ускуналар эҳтиёт қисмлари захираларини яратиши;
в) сел оқимлари ва тошқинлар мавсумида барча сув омборлари, гидроэлектростанциялар, йирик ва муҳим аҳамиятга эга бошқа гидротехника иншоотларида раҳбарлар таркиби ва мутахассисларнинг кеча-кундуз навбатчилигини ташкил этишлари лозим.
13-боб. Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик муҳофазани таъминлаш соҳасида белгиланган талаблар
69. Радиацион ва кимёвий аварияларни прогнозлаш, барвақт аниқлаш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича ташкилий-амалий тадбирлар бажарилган, куч ва воситалар шайлиги таъминланган бўлиши керак.
70. Объектда (агарда мавжуд бўлса) лаборатория назорати ва кузатув тизими (кейинги ўринларда — ЛНКТ) бўйича қуйидагилар бажарилиши керак:
а) объектнинг ЛНКТ бўйича паспортини ишлаб чиқиш ва ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бош бошқармалари) билан келишиши;
б) лаборатория асбоб-ускуналари, реагентлар ва радиациявий, кимёвий ва биологик разведка асбоблари билан жиҳозланиши белгиланган қувватга (сув, озиқ-овқат, тупроқ ва ҳаво намуналари сони) тўлиқ мос келиши;
в) лаборатория ходимлари функционал вазифаларини билишлари;
г) лаборатория ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилиши;
д) лабораторияга берилган транспорт воситалари соз ҳолатда бўлиши.
71. Фуқаро муҳофазаси шахсий ҳимоя воситаларининг иш жойлари, ва омборларда тўғри сақланишини ташкил этиш, уларнинг фойдаланишга яроқлилиги ҳолати лаборатория синовидан ўтказилган бўлиши лозим.
72. Жамоавий ҳимоя воситалари — фуқаро муҳофазасининг ҳимоя иншоотлари (кейинги матнларда — ҳимоя иншоотлари) билан таъминлаш бўйича тадбирлар белгиланган талабларга мувофиқ ташкил этилиши керак:
а) фуқаро муҳофазаси бўйича тадбирлар режасига мувофиқ ҳимоя иншоотларини қуриш режаси ишлаб чиқилган бўлиши;
б) объектнинг энг катта иш сменаси ва белгиланган аҳоли гуруҳларини фуқаро муҳофазаси ҳимоя иншоотлари билан таъминланиши;
в) ҳимоя иншоотини текшириш (ўрганиш) натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилиши;
г) ҳимоя иншоотининг техник ҳолати устидан назорат ўрнатилиши;
д) ҳимоя иншоотларининг фаолиятига оид тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлиши;
е) ҳимоя иншоотини шай ҳолатда сақлаш ва яширинувчиларни қабул қилишга тайёрлигини таъминланиши;
ж) ҳимоя иншоотига хизмат кўрсатиш тузилмаларини тузиш, жамлаш, тузилмалар ходимларининг хизмат вазифаларини ишлаб чиқиш ва ходимлар билан таништирилиши;
з) ҳимоя иншооти техник жиҳатдан мустаҳкам ҳолатда ва белгиланган муддатларда яширинувчиларни қабул қилишга тайёр бўлиши лозим.
14-боб. Сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида белгиланган талаблар
73. Сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида жисмоний шахслар қуйидаги талабларни бажаришлари шарт:
а) сейсмик хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига ва сейсмик хавфсизлик таъминланишини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши;
б) ўз ҳаётини, соғлиғини ва мол-мулкини сақлаш учун зилзилаларга қарши эҳтиёт чораларини кўриши;
в) зилзилаларга тайёргарлик кўриш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳудудида ўз хизмат мажбуриятларини амалга ошираётган тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотлар ходимларининг қонуний талабларини бажариши шарт.
74. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар:
а) ўз ходимларини зилзила вақтидаги фавқулодда вазиятларда тўғри ҳимояланишга ва ҳаракат қилишга ўргатиши;
б) жойларда огоҳлантириш тизимларини ташкил этиши ва доимий тайёр ҳолатда тутиши ҳамда эҳтимоли бўлган сейсмик хавфлар ҳақида ходимларга дарҳол хабар бериши;
в) ўз тасарруфида бўлган объектларнинг барқарор ишлашини таъминлаш шартларига риоя этиши ҳамда зилзила вақтида сейсмик хавфнинг даражасига мувофиқ ходимларнинг ҳаёт фаолиятини таъминлаши;
г) зилзилалар оқибатларини бартараф этиш режаларига мувофиқ давлат органлари ва бошқа ташкилотлар объектларида авария-қутқарув ишларини ўтказишда кўмаклашиши;
д) эвакуация тадбирларини белгиланган тартибда ўтказиши ҳамда ташкилотлар ҳудудида аҳоли ва ходимларни жойлаштириш учун базаларни олдиндан тайёрлаш;
е) сейсмик хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига ва сейсмик хавфсизлик таъминланишини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши шарт.
75. Жисмоний ва юридик шахсларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
76. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:
раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқларини белгиланган тартибда кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш бўйича тайёргарликдан ўтишини таъминлаши;
белгиланган дастурлар асосида қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари масъул мутахассислар, ходимлар, ишчи ҳамда хизматчиларни ўқитилишини, шунингдек, кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга шайлигини таъминлаши;
ўқув ҳудудини ташкил этишда кучли зилзиланинг бирламчи ва иккиламчи оқибатларидан муҳофазаланиш, кучли зилзила ҳамда унинг оқибатларига оид замонавий ўқув-моддий база (ўқув хонаси, зарур кўргазмали ўқув қуроллари ва дарсликлар) билан таъминлаши;
қайта тайёргарлик ва малака ошириш ўқув курсларида тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари рўйхатини Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тақдим этиши;
босқичма-босқич ўзларига қарашли бино ва иншоотлар, шунингдек, кўп квартирали уйларнинг электрон техник паспортларини шакллантириб, платформага киритилишини таъминлаши ҳамда заруратга қараб электрон техник паспортини мунтазам янгилаб бориши;
сейсмик заиф ҳисобланган бино ва иншоотларни шартнома асосида инструментал-техник текширувдан ўтказиш, шунингдек, бино ва иншоотни мустаҳкамлаш чораларини кўриши;
сейсмик мустаҳкамлик бўйича инструментал-техник текширувдан ўтказилган бино ва иншоотлар, шунингдек, кўп квартирали уйларнинг электрон техник паспортларини қайтадан шакллантириш ва электрон платформага жойлаштириш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бу ҳақида расмий хабардор этиши.
77. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳолини, жисмоний имконияти чекланган шахсларни, шунингдек, ўз тизимидаги ташкилотларнинг раҳбарлари, ишчи ва хизматчиларини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин ҳаракатланишга тайёрлаш тадбирларини ташкил этиб, назорат қилиши;
зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича ўқув-амалий тадбирларни ташкил этиши ва ўтказиши, уларга маҳаллий аҳоли жалб этилишига кўмаклашиши;
аҳолини кучли зилзилалар вақтида тегишли ҳаракатларни бажаришга ва тадбирларни амалга оширишга тайёрлаш бўйича сейсмик фаол зоналарда семинар, тренинг ва ўқув машқлари ташкил этилишига бевосита кўмаклашиши;
аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида ўқув-услубий ва тарғибот материаллари чоп этилишини ҳамда аҳолига тарқатилишини ташкил этиши;
аҳолини кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар хавфи тўғрисидаги тегишли ахборот ва маълумотлар билан таъминлаши лозим.
78. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахсларни зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича махсус электрон платформадаги курсларда ихтиёрий равишда ўқишлари юзасидан тарғибот ва ташвиқотларни ташкил этиши;
зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича ўқув машқлари ва машғулотларига маҳаллий аҳолини жалб этишга кўмаклашиши лозим.
79. Нодавлат нотижорат ташкилотлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича ўқув-амалий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга, уларга маҳаллий аҳолини жалб этилишини таъминлашга кўмаклашиши лозим.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлашга оид бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
15-боб. Фавқулодда вазият содир бўлганда ҳаракат қилиш талаблари
80. Ҳар бир фуқаро фавқулодда вазиятларда қуйидагиларни бажаришга мажбур:
а) зудлик билан «101», «1050» ёнғин қутқарув хизмати ёки «112» ягона диспетчерлик хизмати телефон рақамлари орқали хабар бериш (хабарда воқеа содир бўлган манзил, фавқулодда вазиятларни хусусияти, таснифи ва ўзининг фамилиясини айтиш);
б) одамларга хабар бериш ва уларни эвакуация қилиш чораларини кўриш;
д) имкон қадар мавжуд қутқарув ва ёрдам кўрсатишнинг бирламчи воситалари билан бартараф этиш чораларини кўриш.
81. Фавқулодда вазият жойига етиб келган раҳбар (мансабдор шахс):
а) одамлар ҳаётига хавф туғилган тақдирда, уларни қутқариш чораларини кўришга;
б) зарур бўлганда электр энергиясини (огоҳлантириш ва хабар бериш тизимидан ташқари) ўчириш, юкларни ташишга мўлжалланган мосламалар, агрегатлар, аппаратларнинг фаолиятини тўхтатиш, хомашё, газ, буғ ва сув коммуникацияларини ёпиб қўйиш, авария рўй берган ва унга туташ хоналарнинг шамоллатиш тизими ишини тўхтатиш ва бошқа чораларни кўришга;
в) фавқулодда вазиятларни бартараф этишга қаратилган ишлардан ташқари бинодаги барча ишларни тўхтатишга;
г) фавқулодда вазиятларни бартараф этишга ва фуқаро муҳофазасини таъминлашга жалб этилган ходимлардан ташқари барча ходимларни хавфли ҳудуд ташқарисига чиқаришга;
д) қутқарув хизмати бўлинмалари етиб келгунга қадар (объектнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда) фавқулодда вазиятларни бартараф этишда умумий раҳбарлик қилишга;
е) фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этаётган ходимлар хавфсизлик талабларига риоя қилишларини таъминлашга;
ж) фавқулодда вазиятларни бартараф этиш билан бир вақтда одамларни эвакуация қилиш ва моддий бойликларни ҳимоя қилишни ташкил этишга;
з) қутқарув хизмати ва фуқаро муҳофазаси бўлинмаларини кутиб олишни ва фавқулодда вазият содир бўлган жойга қисқа йўл билан олиб боришни ташкил этишга мажбур.
82. Раҳбар (ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахс), қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва бўлинмалари фавқулодда вазиятлар ўчоғига етиб келиши билан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш раҳбарига фавқулодда вазият, хоналарда одамларнинг мавжудлиги, ёрдамга муҳтожлар ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб этилганлар, сақланаётган ва ишлатилаётган моддалар, материаллар, маҳсулотларнинг миқдори, қутқариш ва ёрдам кўрсатиш бўйича кўрилган чоралар ҳақида ахборот беради.
83. Ташкилот (объект) раҳбари (мансабдор шахси) фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва фуқаро муҳофазаси штаби таркибида:
а) фавқулодда вазиятларни бартараф этиш раҳбари томонидан берилган вазифалар бажарилишини таъминлашга;
б) объектнинг хусусиятлари, туташ бино ва иншоотлар ҳақида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш раҳбарига маълумот тақдим этишга;
в) фавқулодда вазиятларни бартараф этиш раҳбари томонидан берилган вазифалар бажаришда ходимлар ҳаракатларини мувофиқлаштиришга мажбур.
84. Йирик кўламли табиий ва техноген фавқулодда вазиятлар рўй берганда, шошилинч қутқарув ишларини бажариш ва жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун махсус ваколатли давлат органининг ҳамда фавқулодда вазиятлар давлат тизими таркибига кирувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг муҳандислик — сапёрлик бўлинмалари, кимёвий ҳимоя бўлинмалари ва бошқа ҳарбий бўлинмалари, ҳарбий-транспорт авиацияси ва ҳарбий-тиббий хизмат муассасалари жалб этилади.
85. Қутқарув хизматларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб этиш ваколатига эга бўлган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ташкилотлар, шу жумладан, жамоат бирлашмаларининг мансабдор шахслари қарори билан қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари фавқулодда вазиятларни бартараф этишга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган объектлар ва ҳудудларнинг фавқулодда вазиятлардан ҳимоялангани даражасини таъминлайдиган чора-тадбирлар мажбурий тартибда кўрилиши билан бирга жалб этилиши лозим.
86. Фавқулодда вазиятларда тан жароҳати олганларга биринчи ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш, тез тиббий ёрдам ва фавқулодда қутқарув хизматларини чақириш, шошилинч ҳолларда эса тан жароҳати олганларни яқин орадаги тиббиёт муассасасига йўлакай транспорт воситасида жўнатиш чораларини кўриши лозим.
16-боб. Якунловчи қоидалар
87. Давлат назорати субъектлари томонидан аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ҳолати ва кўрсаткичлари давлат назоратини амалга оширишда қўлланилади.
88. Ушбу Қоидалар талабларини бузгани ва (ёки) бажармагани учун юридик ва жисмоний шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 июлдаги 370-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 сентябрдаги 744-сон қарори билан тасдиқланган Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси, шунингдек, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш соҳасида давлат назоратини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 25-банд «ФВВ ва унинг ҳудудий» сўзларидан кейин «бош бошқармалари ҳамда» сўзлари билан тўлдирилсин.
2. 28-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«28. Текширув бошланишидан уч кун олдин ФВВ марказий аппаратида — вазир ўринбосарлари, жойларда эса — шахсан ҳудудий Фавқулодда вазиятлар (бош) бошқармаси бошлиғи томонидан йўриқнома ўтказилади, унда текширув муддати, унинг бориши тўғрисида маълумот бериш тартиби, текширув далолатномаларида акс эттирилиши шарт бўлган масалаларга аниқликлар киритилади».
3. 29-банднинг биринчи хатбошиси «ҳудудий фавқулодда вазиятлар» сўзларидан кейин «(бош)» сўзи билан тўлдирилсин.
4. 53-банддаги «ФВВнинг ФВДТ назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ва катта офицери, Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси бошлиғи ва бош мутахассиси, шунингдек, ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг бош инспекторлари» сўзлари «Фавқулодда вазиятлар органлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
5. Иловада:
Ташкилий назорат органи бўлимининг учинчи хатбошисидаги «ФВВ Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини назорат қилиш инспекция хизмати» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосарлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар бўлимининг иккинчи хатбошисида «Ҳудудий Фавқулодда вазиятлар» сўзларидан кейин «(бош)» сўзи билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 09/26/370/0709-сон)