Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 17 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 19 майда маъқулланган
Сенат томонидан 2026 йил 19 майда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда креатив индустрияни, иқтисодиётимизни инновацион жиҳатдан ривожлантиришни рағбатлантиришга, мазкур соҳадаги ижодий салоҳиятни иқтисодий қийматга айлантиришга, шу соҳада янги иш ўринларини яратишга, ёшлар ва тадбиркорларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга креатив иқтисодиётнинг изчил ривожлантирилишини таъминлаш ушбу соҳа субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар, рағбатлантирувчи механизмлар яратилишини ва имтиёзлар берилишини тақозо этмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб қилинган мутахассислар учун айрим солиқ имтиёзлари берилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек креатив индустрия соҳасида янги ташкил этилган (рўйхатдан ўтказилган) субъектларни креатив индустрия паркининг резидентлигига қабул қилишда енгилликлар яратиш, маданият ва санъат бўйича халқаро ҳамда давлатлараро тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириш имконияти яратилмоқда.
Мазкур Қонун креатив индустрия соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга, маданий тадбирларнинг сифати ва кўламини оширишга, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги маданий нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, № 12, 1011-модда; 2024 йил, № 2, 106, 110, 111-моддалар, № 4, 346-модда, № 5, 458, 459-моддалар, № 8, 822, 831-моддалар, № 9, 958-модда, № 10, 1076-модда, № 11, 1190-модда, № 12, 1283, 1284, 1296, 1297-моддалар; 2025 йил, № 2, 188, 194-моддалар, № 4, 519, 520, 521, 522-моддалар, № 5, 644, 645-моддалар, № 6, 729, 731-моддалар, № 8, 971-модда, № 10, 1153-модда, № 12, 1322, 1324, 1328, 1329-моддалар; 2026 йил, № 2, 132-модда) 483-моддасига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:
саксон бешинчи қисмнинг биринчи хатбошисидаги «Креатив паркнинг» деган сўзлар «Креатив индустрия паркининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги бир юз тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб қилинган чет эл контрагентлари қўшилган қиймат солиғини, тўлов манбаида фойда солиғини ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади. Бунда ушбу имтиёз чет эл контрагентлари креатив индустрия соҳасига бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш учун жалб этилганда қўлланилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 апрелда қабул қилинган «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ-684-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 4, 289-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 11, 1288-модда; 2025 йил, № 2, 188-модда, № 4, 519-модда, № 6, 730-модда) 71-моддасининг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 22-банд билан тўлдирилсин:
«22) маданият ва санъат бўйича халқаро ҳамда давлатлараро даражадаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ давлат хариди. Бунда бундай тадбирларнинг даражалари қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади».
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 3 октябрда қабул қилинган «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги ЎРҚ-970-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 10, 1069-модда; 2025 йил, № 12, 1329-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 14-модда:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Республика кенгашининг зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин»;
тўртинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;
2) 28-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Янги ташкил этилган (рўйхатдан ўтказилган) креатив индустрия субъектларини креатив индустрия паркининг резидентлигига қабул қилишда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган креатив индустрия соҳасидаги фаолиятидан олинган даромаднинг минимал миқдори бўйича шартлар инобатга олинмайди. Бунда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар молия йилининг якунларига кўра бажарилмаган тақдирда, фойдаланилган имтиёзлар суммаси солиқ тўғрисидаги қонунчиликка асосан қайта ҳисобланади ва бюджетга ундирилади»;
иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддаси тўртинчи хатбошисининг ва 3-моддаси 2-банди учинчи хатбошисининг қоидалари 2026 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 июль,
ЎРҚ-1157-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 03/26/1157/0703-сон)