Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида
БИТИМ
Дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатлари ўртасида икки томонлама дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида,
Томонлар давлатларининг амалдаги дипломатик паспортга эга фуқароларининг кириш ва чиқиш, шунингдек, ўзаро сафар қилишларини осонлаштириш мақсадида интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Визадан озод этиш
Ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспортига эга фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудига кирган санадан бошлаб бир юз саксон (180) кун ичида ўттиз (30) кундан ошмаган муддатда визалар расмийлаштирмаган ҳолда ушбу Томон давлати ҳудудига кириш, чиқиш, транзит ўтиш ҳамда вақтинчалик бўлиб туриш ҳуқуқига эга.
2-модда
Миллий қонунчиликнинг қўлланиши
Ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари, бошқа Томон давлати ҳудудида бўлиб турганларида, мазкур Томон давлатининг миллий қонунчилигига, шу жумладан рўйхатдан ўтиш, бўлиб туриш, ҳаракат қилиш ва транзит ўтишда чет эл фуқаролари учун белгиланган қоидаларига риоя қиладилар.
3-модда
Тайинловлар учун визалар
1. Бошқа Томон давлати ҳудудида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотларнинг ходимлари бўлган ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари, башарти уларнинг расмий мақомини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, бутун аккредитация даври давомида ушбу бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз кириш, чиқиш ва бўлиб туриш ҳуқуқига эгадирлар. Юборувчи Томон бундай ходимларнинг тайинланиши ҳақида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали олдиндан хабардор қилади.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган қоидалар бир Томон давлати ҳудудида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ёки халқаро ташкилотлар ходимининг турмуш ўртоғи, вояга етмаган фарзандлари, қарамоғида бўлган ота-оналари ва 18 ёшга тўлмаган набираларига ҳам, башарти улар бошқа Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорт ёки расмий паспорти эгалари ҳисоблансалар, татбиқ қилинади.
3. Юборувчи Томон бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали тайинланган ходимларга ҳамроҳлик қилувчи оила аъзолари тўғрисида олдиндан хабардор қилади.
4-модда
Киришни рад этиш ва вақтинчалик тўхтатиб туриш
1. Ҳар бир Томон ҳеч қандай сабаблар кўрсатмаган ҳолда ўз давлатининг ҳудудига киришни рад этиш ёки бошқа Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспортлари эгаларининг бўлиб туриш муддатини чеклаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
2. Ҳар бир Томон миллий хавфсизлик, жамоат тартиби ёки ўз давлати фуқароларининг соғлиғига таҳдид сабабли мазкур Битимнинг амал қилишини вақтинча, тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриши мумкин. Вақтинчалик тўхтатиб туриш бошқа Томон ҳудудида бўлиб турган Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгаларига таъсир этмайди.
3. Томонлар бир-бирларини мазкур модданинг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган чоралар кўрилганлиги тўғрисида 72 соатдан кечиктирмасдан дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар.
5-модда
Паспорт намуналарини алмашиш
1. Томонлар мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб 30 кун ичида дипломатик каналлар орқали, амалдаги дипломатик паспортларнинг намуналари, шу жумладан, бундай ҳужжатларнинг батафсил тавсифини дипломатик каналлар алмашадилар.
2. Башарти Томонлардан бири мазкур Битимнинг амал қилиши давомида дипломатик паспортларини алмаштирса ёки уларга ўзгартиришлар киритса, ушбу Томон бошқа Томонни ўттиз (30) кун аввал дипломатик каналлар орқали хабардор қилади ҳамда янги паспортлар намуналарини, шу жумладан, бундай ҳужжатларнинг батафсил тавсифини тақдим қилади.
6-модда
Паспортни йўқотиш
1. Ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари бошқа Томон давлати ҳудудида ҳаракатланиш ҳужжатлари йўқолган ёки шикастлаган тақдирда, ўз давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасини зудлик билан хабардор қиладилар, улар эса ўз навбатида қабул қилувчи давлатнинг Ташқи ишлар вазирлигини тегишли чоралар кўриш учун хабардор қиладилар.
2. Паспортлар йўқолган ёки шикастланган тақдирда тегишли Томон давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси янги паспорт ёки бошқа ҳаракатланиш ҳужжати ёхуд шикастланган паспортнинг ўрнини вақтинчалик босувчи бошқа сафар ҳужжатини тақдим этади.
Қабул қилувчи Томон давлатининг ҳудудидан жўнаб кетиш мазкур Битим қоидаларига ва қабул қилувчи Томон давлати қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
7-модда
Низоларни ҳал қилиш
Мазкур Битимнинг қоидаларини амалга ошириш ва талқин қилиш бўйича низолар ёки келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар уларни дипломатик каналлар орқали музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қиладилар.
8-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар
Мазкур Битим Томонларнинг ўзаро розилиги билан унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ҳамда мазкур Битимнинг 9-моддасида белгиланган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар орқали ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Битимнинг кучга кириши, давомийлиги ва тугатилиши
1. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларни якунлаганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан кучга киради.
2. Ҳар бир Томон мазкур Битимни бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома юбориш орқали тугатиши мумкин.
Мазкур Битим бошқа Томон бундай хабарномани олган санадан бошлаб тўқсон (90) кундан сўнг тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2025 йил 26 февралида икки (2) асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда тафовут юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)