Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Медиаторларнинг касб этикаси қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 5 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3741]
Ўзбекистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги Қонунига асосан буюраман:
1. Медиаторларнинг касб этикаси қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 декабрь,
32-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 30 декабрдаги 32-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Медиаторларнинг касб этикаси қоидалари
Мазкур Қоидалар медиаторларнинг касб этикасига оид асосий қоидалар ва талабларни (бундан буён матнда касб этикаси қоидалари деб юритилади) белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Касб этикаси қоидаларининг мақсади медиаторлар фаолиятида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида медиаторларга бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда медиаторларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олиш ҳисобланади.
2. Медиаторлар касб этикаси қоидаларига сўзсиз риоя қилиши, медиаторлик фаолиятини ҳалол ва виждонан бажариши, медиаторларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳамда медиаторлик фаолиятининг нуфузини сақлаши лозим.
3. Медиаторлар қонунчилик ҳужжатларига ва касб этикаси қоидаларига қатъий риоя этиши шарт.
4. Медиаторлар Медиаторлар реестрига (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) кириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига (бундан буён матнда ҳудудий адлия органлари деб юритилади) ариза тақдим этганда медиацияга оид қонунчилик ҳужжатлари ва касб этикаси қоидалари билан танишганлигини тасдиқлаши керак.
2-боб. Медиаторлар фаолиятининг асосий принциплари
5. Медиаторлар ўз фаолиятини махфийлик, ихтиёрийлик, медиация тарафларининг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторларнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширади.
6. Медиаторларнинг махфийлик принципига қуйидагилар киради:
медиаторлар медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни уларни тақдим этган медиация тарафининг, унинг ҳуқуқий ворисининг ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмаслиги.
Бунда, медиаторларнинг ҳудудий адлия органларига статистика маълумотларини Медиаторлар томонидан статистика маълумотларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3740, 2025 йил 30 декабрь) мувофиқ тақдим этиб бориши махфийлик принципини бузиш ҳисобланмайди;
медиаторлар ўзларига медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги;
медиация тарафларининг медиаторларга мурожаат қилганлиги факти, шу жумладан жисмоний шахсларнинг исмлари ва юридик шахсларнинг номларини ошкор қилмаслиги;
медиация тартиб-таомилларини амалга ошириш жараёнида медиаторлар томонидан медиация тарафларидан олинган барча маълумотлар ва ҳужжатларни ошкор қилмаслиги;
медиация тартиб-таомилларини амалга ошириш жараёнида медиация тарафлари тўғрисида медиаторларга маълум бўлган ахборотларни ошкор қилмаслиги;
медиатив келишув ёки медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув мазмуни ва шартлари, шу жумладан медиаторлар ва медиация тарафлари ўртасидаги молиявий ҳисоб-китобларни ошкор қилмаслиги.
7. Медиациянинг ихтиёрийлик принципига қуйидагилар киради:
медиация тарафларининг медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда иштирок этиши медиация тарафларининг ўзаро ихтиёрийлигига асосланиши, бунда медиация жараёнида медиация тарафларининг мажбуран жалб этилиши мумкин эмаслиги;
медиация тарафлари медиацияни қўллашдан унинг исталган босқичида воз кечишга ҳақли эканлиги ва медиация тарафлари ўзаро мақбул келишувни муҳокама қилиш учун масалаларни танлашда эркинлиги;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш вақтида медиация тарафларини ярашишга мажбурлаш тақиқланиши;
медиация келишувига эришиш ёки эришмаслик бўйича қарор қабул қилишда босим ўтказмаслиги.
8. Медиаторларнинг медиация тарафлари билан ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги принципига қуйидагилар киради:
медиаторлар медиация тарафларининг медиация тартиб-таомилини медиатив келишув шартларига бир томонлама таъсир кўрсатмаган ҳолда амалга ошириши;
медиаторлар медиация тартиб-таомилини низо хусусида медиация тарафларининг ҳамкорлиги асосида ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадида амалга ошириши;
медиаторлар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартибини, медиация тартиб-таомилидаги ўз нуқтаи назарини, бу нуқтаи назарни ҳимоя қилиш усуллари ва воситаларини танлашда, ахборот олишда, медиатив келишув шартларининг ўзаро мақбуллигини баҳолашда тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши ҳамда уларнинг зиммасида тенг мажбуриятлар бўлиши.
9. Медиаторларнинг мустақиллиги ва холислиги принципига қуйидагилар киради:
медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиаторнинг мустақиллиги;
медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиаторларнинг фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги;
медиаторларнинг медиация тарафларидан бири билан шахсий ёки хизмат муносабатларига киришмаслиги;
медиаторларнинг медиация натижасидан бевосита ёки билвосита молиявий ёки бошқа турдаги манфаатдорлиги бўлмаслиги;
медиаторларнинг медиациядан ташқари медиация тарафларидан бири билан ҳамкорлик қилмаслиги.
Бунда, медиация тарафларининг розилиги билан, медиаторлар ўзининг тўлиқ мустақил ва холис бўла олишига ишонч ҳосил қилган тақдирда медиацияни бошлаш ёки давом эттириши мумкин.
Медиаторлар ҳар доим холис бўлиб ҳаракат қилиши, медиация жараёнини амалга ошириш мақсадида ҳар икки тарафга тенг хизмат кўрсатишни ўз олдига устувор вазифа қилиб қўйиши керак.
Медиаторларнинг мустақиллиги ва холислигига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, улар медиация тартиб-таомилини амалга оширишдан воз кечиши керак.
Медиаторлар медиаторлик фаолиятини тарғиб қилишда ёлғон ва ишончли бўлмаган маълумотлардан фойдаланиши тақиқланади.
3-боб. Медиаторларнинг касб этикасига қўйиладиган талаблар
10. Медиаторлар медиация тарафларининг медиация жараёнида тенг имкониятларга эга бўлишини таъминлаши лозим.
Медиаторлар медиация тарафларининг шахсий хислатлари, ижтимоий келиб чиқиши, қадриятлари, эътиқоди ёки уларнинг медиацияда ўзини тутишига қараб уларга нисбатан бир томонлама муносабатда бўлмаслиги лозим.
11. Медиация тарафлари медиация ўтказишнинг қонуний воситалари ва усулларини қўллаш бўйича медиаторларга ихтиёрий розилик билдириши керак.
12. Медиаторлар медиация тарафлари билан муносабатларда:
қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва Медиаторнинг касб этикаси қоидаларига риоя этиши;
медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;
ишга киришишдан олдин медиация тарафларига медиациянинг ўтказиш тартиби, қиймати (шу жумладан, тўлов тартиби ва шакли) ва уларнинг оқибатлари тўғрисида маълумот бериши;
медиация тарафларига ўзининг касбий малакаси ва иш тажрибаси тўғрисида ишончли маълумот бериши;
музокаралар давомида медиация тарафларининг хавфсизлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, ўзаро ҳурмат муҳитини яратишга кўмаклашиши;
медиация тарафларига, уларнинг вакилларига, медиациянинг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурмат ва хушмуомалалик кўрсатиши;
медиация тарафларини диққат билан тинглаши, маълумотларни таҳлил қилиш ва умумлаштириши, музокаралар жараёнини бошқариши, медиация тарафларини низони ҳал қилишнинг мақбул вариантларини излашга ундаши;
музокаралар натижасини бир тарафнинг фойдасини кўзлаб иш олиб бормаслиги лозим.
4-боб. Якуний қоида
13. Мазкур касб этикаси қоидаларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.01.2026 й., 10/26/3741/0007-сон)