Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Саноат зоналарини бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Республика ҳудудларида фаолият кўрсатаётган саноат зоналарини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бухоро вилоятида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 5 декабрдаги ПҚ-423-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги саноат зоналари дирекциялари саноат зоналари иштирокчиларининг хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаларини жойлаштириш мақсадида тайёр бино ва иншоотларни қуриш (саноат ипотекаси) учун ер участкаларининг ижара ҳуқуқи билан улушдор бўлиб кириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ушбу қарорнинг бажарилишини самарали ташкил қилиш учун масъул ва шахсан жавобгар этиб белгилансинлар.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 декабрь,
802-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 декабрдаги 802-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги саноат зоналари дирекциялари саноат зоналари иштирокчиларининг хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаларини жойлаштириш мақсадида тайёр бино ва иншоотларни қуриш (саноат ипотекаси) учун ер участкаларининг ижара ҳуқуқи билан улушдор бўлиб кириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги саноат зоналари дирекциялари (кейинги ўринларда — дирекциялар) саноат зоналари иштирокчиларининг хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаларини жойлаштириш мақсадида тайёр бино ва иншоотларни қуриш (саноат ипотекаси) учун ер участкаларининг ижара ҳуқуқи билан улушдор бўлиб кириш тартибини белгилайди.
2. Дирекциялар саноат зоналари иштирокчиларининг хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаларини жойлаштириш мақсадида тайёр бино ва иншоотларни қуриш (саноат ипотекаси) учун тадбиркорлик субъектларининг розилиги асосида ер участкаларининг ижара ҳуқуқи билан улушдор бўлиб киради.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Дирекция — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг қарорларига асосан саноат зонаси фаолиятини тезкор бошқариш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс;
саноат зонаси иштирокчиси — белгиланган тартибда саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган ва саноат зонаси ҳудудида лойиҳани амалга ошираётган тадбиркорлик субъекти;
саноат зонаси — саноат, ишлаб чиқариш корхоналарини бир жойда жойлаштириш, инфратузилма объектларидан оқилона фойдаланиш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида аҳоли пункти ҳудудининг қонунчилик ҳужжатлари билан муайян мақом берилган ва ҳудуди доирасида хизмат кўрсатувчи инфратузилмага эга бўлган ишлаб чиқариш майдонлари жойлашадиган ҳамда чегаралари аниқ белгиланган қисми;
улушдорлик — дирекциянинг саноат зоналари иштирокчилари учун хизмат кўрсатиш лойиҳаларига ер участкаларининг ижара ҳуқуқи билан улушдор бўлиб кирган қиймати, маълум фоизга эга бўлиши, яъни унда ҳисса (улуш) билан қатнашиши;
хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳалари — саноат зоналари ҳудудида саноат зоналари иштирокчилари учун хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги лойиҳалар мажмуи.
2-боб. Улушдорликни ташкил этиш ва бошқариш тартиби
4. Улушдорлик саноат зоналари ҳудудида фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари негизида саноат зоналари иштирокчиларининг хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаларини жойлаштириш мақсадида тайёр бино ва иншоотларни қуриш (саноат ипотекаси) учун лойиҳаларни жойлаштириш мақсадида ташкил этилади.
5. Саноат зоналарига саноат зоналари иштирокчиларининг хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаларини жойлаштириш мақсадида тайёр бино ва иншоотларни қуриш (саноат ипотекаси) учун ер участкаларининг ижара ҳуқуқи билан улушдор бўлиб кириш қиймати 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳалари учун амал қилади.
6. Саноат зоналари ҳудудида хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаларини жойлаштириш учун қиймати 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган хизмат кўрсатиш лойиҳасини амалга ошириш, тайёр бино ва иншоотларни қуриш (саноат ипотекаси) учун саноат зоналарида ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ажратилади ҳамда ушбу ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқининг бозор қиймати хўжалик жамиятининг устав фондига дирекциянинг улуши сифатида киритилади.
3-боб. Хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаларини жойлаштириш мақсадида тайёр бино ва иншоотларни қуриб берувчи (саноат ипотекаси) тадбиркорлик субъектларини танлаб олиш тартиби
7. Ер участкасининг электрон онлайн-аукцион савдоларида аниқланган ижара ҳуқуқи қиймати дирекция ва иштирокчи томонидан ташкил этиладиган хўжалик жамиятининг (масъулияти чекланган, акциядорлик жамияти, қўшма корхона) устав фондига дирекция улуши (ушбу жамиятнинг устав фондидаги давлат улушини оширган ҳолда) сифатида киритилади.
8. Хўжалик жамиятининг устав фондига киритиш белгиланган ер участкаси дирекциянинг мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши лозим.
9. Ер участкасининг қиймати, устав фондига киритилган пайтдан бошлаб ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи хўжалик жамиятига тегишли бўлади ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
4-боб. Томонларнинг мажбуриятларни қабул қилиши
10. Ер участкасининг ижара ҳуқуқи қиймати шаклидаги дирекция улуши хўжалик жамияти устав фондининг 49 фоизидан ошмаслиги шарт.
11. Хўжалик жамиятининг устав фондидаги иштирокчиларнинг биргаликда фаолият юритиш шартлари инвестиция битимида белгиланиши лозим.
12. Ер участкасининг ижара ҳуқуқи қиймати шаклида хўжалик жамиятининг устав фондига киритилган дирекция улуши, агар бошқа муассислар томонидан уни имтиёзли сотиб олиш рад этилган тақдирда, инвестиция битимида кўрсатилган муддатда (қоида тариқасида уч йилдан кейин) қонунчиликда белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдолари орқали хусусийлаштирилиши мумкин.
Барча ҳолларда ер участкасининг ижара ҳуқуқи қиймати ҳисобидан шакллантирилган улуш уни сотиш пайтида баҳоланган қийматда сотилади.
5-боб. Улушдорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Улушдорлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
узоқ муддатли ижара шартномалари доирасида ажратилган ер участкалари ва (ёки) хизмат кўрсатиш майдонларига мустақил эгалик қилиш ҳамда инвестиция битимида кўрсатилган хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаси доирасида фойдаланиш;
хизмат кўрсатишни ташкил этиш фаолиятининг бошланиши кечикишига объектив сабаблар мавжуд бўлганда, дирекциянинг қарори асосида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш муддатини (бир марта 6 ой муддатдан ошмаган ҳолда) узайтириш.
14. Улушдорлар саноат зоналари иштирокчиларининг хизмат кўрсатишни ташкил этиш лойиҳаларига ер участкаларининг ижара ҳуқуқи билан улушдорлик тўғрисида тузилган инвестиция битимида назарда тутилган мажбуриятларни бажариш жадвалининг муддатлари ва параметрларига риоя этиши шарт.
6-боб. Якунловчи қоида
15. Ушбу Низомнинг талабларини бажаришда юзага келадиган низолар томонларнинг ўзаро музокаралари натижасида ҳал этилмаса, суд тартибида кўриб чиқилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.12.2025 й., 09/25/802/1190-сон)