Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
«Тошкент вилояти Зангиота туманида қуввати 150 МВт (300 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Электр энергиясини ишлаб чиқариш манбаларини диверсификациялаш, аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш орқали энергетика хавфсизлигини таъминлаш
1. Тўғридан-тўғри музокаралар натижасида:
(а) «EAGLERISE DEVELOPMENT HK COMPANY LIMITED» (ХХР) компанияси (кейинги ўринларда — Инвестор) томонидан «Тошкент вилояти Зангиота туманида қуввати 150 МВт (300 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш» инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда — Лойиҳа) доирасида «Mega Energy Power TECH» МЧЖ (кейинги ўринларда — Лойиҳа компанияси) таъсис этилгани;
(б) Инвестор, Лойиҳа компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида 2025 йил 2 декабрда инвестиция шартномаси имзолангани ҳамда унга мувофиқ, Инвестор ва Лойиҳа компанияси Тошкент вилоятида 70 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб этган ҳолда қуввати 150 МВт (300 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши;
(в) 2025 йил 11 июнда Лойиҳа компанияси билан «Ўзэнергосотиш» АЖ ўртасида Электр энергиясини сақлаш хизмати бўйича битим ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ўртасида Тармоққа улаш тўғрисида битим (кейинги ўринларда — Битимлар) имзолаганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
II. Мажбурият ва имтиёзлар
2. Белгилансинки, Битимларга мувофиқ:
(а) Лойиҳа компанияси ўз зиммасига электр энергиясини сақлаш тизими фойдаланишга кафолатланган тарзда тайёр туришини таъминлаш мажбуриятини олади;
(б) Лойиҳа компанияси Лойиҳа доирасида электр станциясини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун электр узатиш тармоқлари ва подстанция қуради ҳамда ишга туширилгандан сўнг уларни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга топширади. Бунда:
(i) Лойиҳа компаниясининг электр узатиш тармоқлари ва подстанция қуриш учун сарфлаган харажатлари электр энергиясини сақлаш хизмати тарифи таркибида кўзда тутилади;
(ii) электр узатиш тармоқлари ва подстанция «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга бепул топширилади, шунингдек, ушбу объектлар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;
(в) «Ўзэнергосотиш» АЖ ўн беш йил давомида электр энергиясини сақлаш тизимидан фойдаланганлик учун ҳамда Лойиҳа компанияси томонидан электр узатиш тармоқлари ва подстанция қуришга сарфланган харажатлар тўлиқ қоплангунига қадар ушбу харажатларни белгиланган тарифга қўшган ҳолда тўловни амалга ошириш мажбуриятини олади;
(г) электр энергиясини сақлаш тизимидан фойдаланганлик учун тўловлар чет эл валютасида деноминацияланган қатъий тариф бўйича миллий валютада амалга оширилади;
(д) Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 5,4 миллион АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали банк кафолатини тақдим этади;
(ж) электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш билан боғлиқ қурилиш ва ер ишларини бажариш, бино ва иншоотлар пойдеворларини лойиҳалаштириш нормалари ва қоидалари Битимларга мувофиқ халқаро стандартлар билан тартибга солинади.
3. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзэнергосотиш» АЖга Лойиҳа компанияси томонидан Лойиҳани амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқини Инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш ҳақида битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.
4. Қуйидагиларга:
(а) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзэнергосотиш» АЖга Лойиҳа компанияси билан биргаликда Битимларда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ Лойиҳани амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компанияси ва бошқа маслаҳатчиларни тўғридан-тўғри шартномалар тузган ҳолда жалб қилишга;
(б) «Ўзэнергосотиш» АЖга электр энергиясини сақлаш тизимидан фойдалангани учун уч ой мобайнида тўлов мажбурияти бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл банкининг чет эл валютасида тасдиқланган тикланувчи аккредитивини очишга рухсат берилсин.
III. Лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари
5. Лойиҳани амалга ошириш доирасида:
(а) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган инвестиция шартномаси тасдиқлансин;
(б) тегишлича «Ўзэнергосотиш» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Битимлар маъқуллансин.
6. Белгилансинки, Лойиҳа компаниясига барча солиқлар ва йиғимлар тўланган ҳолда Лойиҳани молиялаштириш доирасида:
(а) кредит олиш, чет эл валютасида маблағлар олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан, чет эл валютасидаги кредит тушумлари) учун чет элдаги чет эл банкларида банк ҳисобварақларини очиш;
(б) Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган чет эл пудрат ташкилотлари, етказиб берувчилари ёки кредиторларига тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириш ҳуқуқлари берилади.
7. Энергетика вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлигининг Лойиҳани амалга ошириш учун ажратиладиган Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидаги иловага мувофиқ жами 4 гектар ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
8. Тошкент вилояти ҳокимлиги:
(а) Энергетика вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Лойиҳа компанияси билан биргаликда, заруратга кўра, Лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида электр тармоқларини ва электр энергетикаси инфратузилмаси қурилмаларини қуриш учун зарур ер участкаларини танлаб олсин ҳамда уларнинг чегараларига аниқлик киритиб, тегишлилиги бўйича оммавий сервитут белгилаш ва ер фонди тоифасини ўзгартириш юзасидан Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига таклифлар киритиш чораларини кўрсин;
(б) Лойиҳани амалга ошириш учун инвестиция шартномаси ва Битимларда кўрсатилган шартларга мос келадиган ер участкаларини Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратсин. Бунда:
(i) Энергетика вазирлиги ўзига берилган тегишли ер участкалари Лойиҳа компаниясига электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш ҳамда Лойиҳа компанияси ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга электр тармоқларини ва электр энергетикаси инфратузилмаси қурилмаларини қуриш учун Лойиҳани амалга ошириш муддатига тенг даврга ижарага берилишини таъминласин;
(ii) Лойиҳа компанияси уч ой муддатда ер участкалари олиб қўйилаётган ер эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачиларига етказилган зарарларни, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари амалга оширилишини таъминласин.
9. Лойиҳа компанияси ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорига тенглаштирилсин.
10. Инвестор ва Лойиҳа компаниясининг буюртманомасига биноан Лойиҳани амалга ошириш доирасида:
(а) Ташқи ишлар вазирлиги — жалб қилинадиган чет эл мутахассислари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(б) Ички ишлар вазирлиги — жалб қилинадиган чет эл мутахассислари ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўп марталик виза берилиши ва унинг муддати узайтирилишини, шунингдек, улар турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилиши ва унинг муддати узайтирилишини;
(9-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 июндаги ПФ-109-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.06.2026 й., 06/26/109/0580-сон)
(в) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги — чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазирига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан «Ўзэнергосотиш» АЖнинг аккредитив очадиган чет эл банки олдидаги тўлов мажбуриятлари Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ёки Европа тикланиш ва тараққиёт банки кафолати орқали бажарилган тақдирда, мазкур банк билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мақбул шаклдаги ушбу банк харажатларини қоплаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
12. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Энергетика вазирлиги билан биргаликда Лойиҳа амалга оширилиши, шунингдек, томонлар ўртасидаги битимлар доирасидаги мажбуриятлар бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
13. Адлия вазирлиги Лойиҳани амалга ошириш доирасида инвестиция шартномаси ҳамда унинг қоидаларига мувофиқ имзоланадиган битимлар юзасидан юридик хулосалар берсин.
14. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилишини ва Лойиҳаларни амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминласин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов белгилансин.
16. Қарор ижроси учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 декабрь,
ПҚ-381-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрдаги ПҚ-381-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Тошкент вилояти Зангиота туманида қуввати 150 МВт (300 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилаётган ер участкалари
РЎЙХАТИ
Ҳудуд номи | Ердан фойдаланувчи номи | Контур рақами | Жами ер майдони (гектар) | Шундан: | Фойдаланиш мақсади | ||
экин ерлар (гектар) | яйлов ерлар (гектар) | бошқа ерлар (гектар) | |||||
Боғзор маҳалласи | Захирадаги ерлар | 4573 қ (161қ) | 4,0 | 4,0 | - | - | Электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш |
Жами: | 4,0 | 4,0 | - | - | |||
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2025 й., 07/25/381/1179-сон; 10.06.2026 й., 06/26/109/0580-сон)