Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
ҚАРОРИ
Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2025 йил 20 ноябрдаги ПҚ-350-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти ўртасида тузилган келишув битимига мувофиқ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (кейинги ўринларда — Ташкилот) шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси (кейинги ўринларда — Академия) ташкил этилгани;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 12 январдаги ПФ-9-сон Фармонида Академияда юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳар йили Давлат бюджети ҳисобидан маблағлар ажратиб борилиши;
в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-269-сон қарорида:
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Академияда меҳмонхоналар ва ресторанлар учун юқори малакали хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлашни йўлга қўйиш;
Академияга талабаларни қабул қилиш квоталари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиқиб белгиланиши;
Академия Самарқанд шаҳрининг Бобур Мирзо кўчаси 3а-уй манзилидаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетига (кейинги ўринларда — Университет) қарашли бинога бепул жойлаштирилиши назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо хорижий давлатларнинг иқтидорли мутахассислари Халқаро туризм академияси Самарқанд кампусида таълим олиши бўйича махсус грант ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар Академия ҳузуридаги «Глобал яшил туризм стартаплари» лабораториясининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
республикада «яшил туризм» талабларини кенг қўллашга кўмаклашувчи инновацион ишланмаларни яратиш;
стартап лойиҳаларга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилишда, шу жумладан, замонавий технологиялар ва дастурий маҳсулотлар трансферини амалга оширишда кўмаклашиш;
стартап лойиҳалар ҳамда илмий-тадқиқот ишлари натижаларидан янги маърузалар, қўлланмалар, ўқув материаллари яратишда ҳамда «яшил туризм» масалалари билан боғлиқ ўқув фаолиятининг бошқа шаклларида фойдаланишни ташкил этиш;
«яшил туризм» йўналишида инновацион ишланмаларни ишлаб чиқиш, уларнинг натижаларини тижоратлаштириш ва кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш;
«яшил туризм» йўналишидаги стартап лойиҳалари, илмий-тадқиқот ишлари ва олинган натижаларни мунтазам муҳокама қилиб бориш.
4. Белгилансинки:
Академиянинг маъмурий бошқарув штатлари сони 16 бирликни ташкил қилади;
Академиянинг профессор-ўқитувчилари, ўқув-ёрдамчи ва техник ходимлари сони олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативлар асосида аниқланади.
5. Туризм қўмитаси Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Самарқанд шаҳри Гўрўғли кўчасидаги 13-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларни бузиш ёки реконструкция қилиш, ушбу ҳудудда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ва «Бадиий галерея» ўқув лабораториясини ташкил этиш чораларини кўрсин.
6. Биноларни ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, «Бадиий галерея» ўқув лабораториясини ташкил этиш, манзарали дарахтлар, буталар ва гул кўчатларини экиш ишларини (кейинги ўринларда — қурилиш-монтаж ва ташкилий ишлар) қисқа муддатларда якунлаш мақсадида, истисно тариқасида, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» ДУКни буюртмачи этиб белгилашга рухсат берилсин. Бунда:
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қурилиш-монтаж ва ташкилий ишлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари қисқа муддатда экспертизадан ўтказилишини таъминласин;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси қурилиш-монтаж ва ташкилий ишларни амалга оширишда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Туризм қўмитаси раиси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими А.М. Бобоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 декабрь,
787-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 787-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо хорижий давлатларнинг иқтидорли мутахассислари Халқаро туризм академияси Самарқанд кампусида таълим олиши бўйича махсус грант ажратиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо хорижий давлатларнинг иқтидорли мутахассислари Халқаро туризм академияси Самарқанд кампусида (кейинги ўринларда — Академия) таълим олиши (қайта тайёрлаш ва малака ошириш) бўйича махсус грант ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ҳар йили Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо давлатларнинг 100 нафар иқтидорли мутахассисларига Академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларида таълим олиш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан махсус грант ажратилади.
3. Академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларида махсус грант асосида таълим оладиган мутахассислар йил давомида ўтказиб бориладиган танлов орқали аниқланади.
4. Танловда қуйидаги шахслар иштирок эта олмайди:
а) ҳужжат топшириш вақтида шахс 45 ёшдан ошган, илгари хорижда шу каби мутахассислик бўйича малака оширган бўлса;
б) дипломатик ва консуллик корпуси аъзолари ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ва консуллик корпуси вакилларининг оила аъзолари;
в) Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларининг маъмурий-техник ходимлари;
г) Ўзбекистон Республикасида жойлашган халқаро ташкилотлар ходимлари ёки Ўзбекистонда жойлашган халқаро ташкилотлар ходимларининг оила аъзолари;
д) инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи IELTS бўйича камида 5,5 балл ва ундан юқори, Common European Framework of Reference for Languages (CEFR) бўйича камида В2 ва ундан юқори, TOEFL IBT бўйича камида 72 ва ундан юқори балл кўрсаткичи билан тан олинган халқаро сертификатга эга бўлмаган шахслар (инглиз тилида таҳсил олган ёки инглиз тилида сўзлашадиган мамлакатларнинг мутахассислари бундан мустасно);
е) соҳада олий ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлмаса.
5. Академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларида махсус грант бўйича таълим олиш учун номзодлар комиссия (кейинги ўринларда — Танлов комиссияси) томонидан танлаб олинади.
6. Танлов комиссиясининг таркиби ва иш тартиби «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетининг Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда — Васийлик кенгаши) томонидан тасдиқланади.
2-боб. Танлов ўтказилишини эълон қилиш ва унда иштирок этиш учун ҳужжатларни қабул қилиш тартиби
7. Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон Васийлик кенгашининг қарорига мувофиқ «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети ва Академиянинг расмий веб-сайтлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилади.
Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
махсус грант ажратиладиган таълим дастурлари рўйхати;
талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати, уларни қабул қилиш тартиби, муддати ва жойи;
танлов иштирокчиларига (ёши, чет тилини билиш даражаси, илмий мақолаларнинг мавжудлиги бўйича) қўйиладиган талаблар;
танлов босқичларини ўтказиш жойи ва муддати;
боғланиш учун телефон рақамлари ва электрон почта манзили.
8. Танлов иштирокчилари Академияга электрон платформа орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
белгиланган намунадаги ариза;
шахсини тасдиқловчи паспорт ёки ID карта нусхаси;
диплом ва сертификатларнинг нусхалари;
инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи IELTS бўйича камида 5,5 балл ва ундан юқори, Common European Framework of Reference for Languages (CEFR) бўйича камида В2 ва ундан юқори, TOEFL IBT бўйича камида 72 ва ундан юқори балл кўрсаткичи билан тан олинган халқаро сертификат нусхаси (инглиз тилида таҳсил олган ёки инглиз тилида сўзлашадиган мамлакатларнинг мутахассислари бундан мустасно);
танлов иштирокчисининг иқтидорини намойиш этувчи қисқа ролик;
Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо хорижий давлатнинг туризм соҳасига масъул бўлган юқори ташкилотининг тавсияномаси.
9. Танловнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган иштирокчилар ҳужжатларни босма шаклда расмийлаштирилган ҳолда Академияга тақдим этади.
3-боб. Танловни ўтказиш тартиби
10. Танлов комиссияси танлов иштирокчилари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади.
11. Тўпланган ҳужжатлар асосида танлов иштирокчилари билан уларнинг касбий билим ва кўникмалари, шахсий-касбий хусусиятлари ва қобилиятлари йўналишида суҳбат ўтказилади, бунда суҳбат жараёни видеотасвирга туширилади.
Васийлик кенгашининг қарорига асосан танлов иштирокчиси билан суҳбат онлайн-видео мулоқот шаклида ўтказилиши мумкин.
12. Суҳбат жараёнидаги номзодга бериладиган саволлар ва уларнинг жавоблари, Танлов комиссияси аъзолари томонидан танлов иштирокчисига қўйиладиган баллар ҳамда суҳбатнинг умумий натижалари қайд этиб борилади.
13. Танлов комиссияси аъзолари танлов иштирокчисининг билими, шунингдек, иш тажрибасини ҳисобга олиб, уни суҳбатдан ўтган ёки ўтмаган деб топиш ҳақида қарор қабул қилади. Бунда ушбу қарор Танлов комиссияси мажлисида ҳозир бўлган аъзоларнинг берган баллари натижаси бўйича қабул қилинади.
14. Танлов комиссияси суҳбат натижаларини умумлаштиради ва Васийлик кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этади.
15. Васийлик кенгаши махсус грант ажратилиши тавсия этилган танлов ғолиблари рўйхатини тасдиқлайди.
16. Академия ўз веб-сайтида танлов ғолиблари рўйхатини эълон қилади.
17. Танлов ғолиби ўқиш жараёнлари бошланганидан кейин бир ой мобайнида ўқув жараёнида иштирок этмаса, яъни Академияга кела олмаса, унга грант ажратилмайди.
18. Танлов ғолиби билан Академия ўртасида ўқув жараёнларини ташкил этиш шартлари, томонларнинг мажбуриятларини кўрсатган ҳолда шартнома тузилади.
4-боб. Апелляция комиссияси
19. Танлов ўтказилиши юзасидан келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш учун Васийлик кенгашининг қарорига асосан Апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
20. Апелляция комиссиясига шикоятлар танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч кун ичида берилади.
21. Апелляция комиссияси шикоят келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши шарт.
22. Танловни ўтказиш тартиби ва Танлов комиссияси аъзолари томонидан суҳбат жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйилган деб топилган тақдирда, Апелляция комиссияси танлов иштирокчилари билан қайта суҳбат ўтказади ёки танлов натижаларни қайта ҳисоблайди.
5-боб. Танлов ғолибларига грантлар ажратиш миқдори ва шартлари
23. Махсус грант миқдори хорижий давлатлар мутахассисларининг (кейинги ўринларда — мутахассислар) қуйидаги харажатларини қамраб олади:
ҳар ойда 500 АҚШ доллари эквивалентидаги стипендия ва яшаш харажатлари;
бир марталик 100 АҚШ доллари эквивалентидаги саёҳат, Ўзбекистон ҳудудлари маданияти ва ҳаёти билан танишиш билан боғлиқ харажатлар;
бир марта эконом классда Ўзбекистонга келиш ва ўз Ватанига қайтиш харажатлари.
24. Танлов ғолиблари билан Академия ўртасида томонларнинг мажбурият ва ваколатларини белгилаб берувчи шартнома тузилади.
Тузилган шартномага мувофиқ махсус грантлар танлов ғолиблари Ўзбекистонга келган ва Академияга ўқишга қабул қилинган жараёндан бошлаб ўтказиб берилади.
25. Танлов ғолиблари шартнома шартларини бажармаган тақдирда, Академия тингловчилари сафидан четлатилади ва уларнинг Академияда бўлиши ҳамда ўқишини таъминлаш учун ажратилган барча молиявий харажатлар белгиланган тартибда Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига қайтарилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
26. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.12.2025 й., 09/25/787/1164-сон)