Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ядровий қурилмани жойлаштириш учун майдонча танлаш тўғрисида
Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш орқали мамлакатимиз энергетика соҳасини диверсификация қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддасига мувофиқ атом электр станциясини жойлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 13 октябрдаги ПҚ-3969-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамда Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом электр станциясини қуриш борасидаги ҳамкорлик тўғрисида 2018 йил 7 сентябрь куни Москва шаҳрида (Россия Федерацияси) имзоланган Битим тасдиқлангани;
Жиззах вилоятининг Фориш тумани «Қизилқум» МФЙ ҳудудидаги «Айдар-Арнасой» кўллар тизимига кирувчи «Тузкон» кўли яқинидаги 1 105,2 га ер майдони ўтказилган муҳандислик-қидирув ишлари натижасига асосан атом электр станциясини жойлаштириш учун устувор майдонча этиб белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Атом электр станциясини қуриш лойиҳаси (кейинги ўринларда — Лойиҳа) амалга ошириладиган ҳудуднинг чегаралари иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги Лойиҳани амалга оширишда:
белгиланган ҳудуд чегараларидан чиқмасликни;
2026 йил 1 июлга қадар қўшимча муҳандислик тадқиқотлар ўтказилишини;
ҳудуддаги табиий муҳит компонентларини комплекс режимли кузатув (мониторинг) ишлари амалга оширилишини таъминласин.
4. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан биргаликда Лойиҳани амалга ошириш даврида лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан белгиланган тартибда, зарур ҳолларда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўтказилишини таъминласин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори А.И. Ахмедхаджаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 4 декабрь,
764-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.12.2025 й., 09/25/764/1125-сон)