Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш ва фаол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида солиқ тўлаш маданиятини юксалтириш, мазкур жараёнларда маҳалла институтининг фаол иштирокини рағбатлантириш ҳамда солиқ органларининг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини ва фаолиятининг очиқлигини янада ошириш мақсадида қарор қиламан:
I. Асосий мақсадлар
1. Ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) фуқароларда «солиқ тўлаш бурчим» деган фикрни шакллантириш, «солиқ — маҳалла тараққиёти гарови» тамойили асосида солиқ маданиятини янада юксалтириш;
(б) солиқларни тўлашда маҳалла институтининг фаол иштирокини рағбатлантириш;
(в) солиқ маъмурчилигининг бизнесни жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанглигини таъминлаш.
II. Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларни рағбатлантириш
2. Белгилансинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб «Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла» номинацияси жорий этилади. Бунда ғолибларни аниқлаш бўйича мезонлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
(а) ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони;
(б) ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари томонидан тўланган солиқлар миқдори;
(в) ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилар сони;
(г) ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони ва улар томонидан тўланган солиқлар миқдори;
(д) маҳалла фуқаролари томонидан мол-мулк ва ер солиқларининг тўланганлик даражаси.
3. Белгилансинки, «Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла» номинацияси ғолиблари учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари жорий этилади:
(а) ташаббусли бюджет доирасида кетма-кет икки маротаба ғолиб деб топилган маҳаллалар учун навбатдаги иккита мавсум доирасида лойиҳа киритиш имкониятини чеклаш қоидаси қўлланмайди;
(б) лойиҳаларни шериклик асосида молиялаштиришда ушбу маҳаллалар аҳолиси томонидан лойиҳа қийматининг 25 фоизи молиялаштирилган тақдирда, лойиҳа ғолиб деб топилади ҳамда қолган 75 фоизи Давлат бюджетидан молиялаштирилади;
(в) белгиланган мезонлар асосида ҳар йили биринчи 100 таликка кирган энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларнинг ҳар бирига Давлат бюджетидан 2 миллиард сўм миқдорида маблағ тегишлича Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига ажратилади.
Бунда ажратилган маблағлар тегишли фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида фақат ушбу маҳалла ҳудуди инфратузилмасини (ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ва электр таъминотини яхшилаш, кўча чироқларини ўрнатиш ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини) яхшилаш учун йўналтирилади.
4. 2026 йил 1 январдан бошлаб «Очиқ бюджет» ахборот порталида жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқлар ҳисобидан амалга ошириладиган бюджет харажатлари маълумотларини ўзида акс эттирувчи «Жисмоний шахсларнинг солиқлари ҳисобидан харажатлар» модули ишга туширилсин. Бунда:
(i) жисмоний шахс томонидан муайян даврда тўланган даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўғрисидаги маълумот;
(ii) тўланган солиқлар эвазига Давлат бюджетидан амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар (харажатлар йўналишлари кесимида) доимий равишда эълон қилиб борилади.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:
(а) бир ой муддатда фуқаролар учун жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқлар ҳисобидан амалга ошириладиган бюджет харажатлари маълумотларини ёритувчи «Жисмоний шахсларнинг солиқлари ҳисобидан харажатлар» модулини ишлаб чиқсин ва унга «Рақамли ҳукумат» тизими фойдаланувчиларининг ягона идентификация тизими (OneID) орқали кириш имкониятини яратсин;
(б) 2026 йил 1 февралдан бошлаб «Очиқ бюджет» ахборот порталида овоз берувчилар портретини ўз ичига олган маълумотлар базасини шакллантириш чораларини кўрсин.
6. Солиқ қўмитаси:
(а) бир ой муддатда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг техник талабномаси асосида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар томонидан тўланган солиқ маълумотларининг «Очиқ бюджет» ахборот порталида фуқаронинг ўзи учун кўринадиган шаклда тўғридан-тўғри шаклланишини;
(б) ҳар йили 1 февралга қадар энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар рўйхати шакллантирилишини ҳамда 10 февралга қадар расмий веб-сайтда эълон қилинишини таъминласин.
7. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларни аниқлаш мезонлари ва тартибини тасдиқласин.
III. Солиқ муносабатларини ташкил этишда янгича ёндашув
8. Солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026 йил 1 январдан бошлаб Наманган вилоятида янги солиқ бошқаруви моделини жорий этиш бўйича қуйидагиларни назарда тутган ҳолда эксперимент ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
(а) жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва (ёки) ер солиғи бўйича умумий суммаси бир миллион сўмдан ошган солиқ қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизмидан фойдаланишни жорий этиш;
(б) солиқ органлари фаолиятини баҳолашда инсон омили таъсирисиз автоматик шаклланадиган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини жорий этишни тизимли давом эттириш.
9. Солиқ қўмитаси 2026 йил 1 октябрга қадар эксперимент натижалари асосида уни бошқа ҳудудларда жорий этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб:
(а) жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулкларни ижарага беришдан олинган даромад бўйича тўланган солиқ тўлиқ миқдорда мулк жойлашган туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига йўналтирилади;
(б) солиқлар ҳақидаги ҳуқуқий билимни ошириш ва солиқларни ўз вақтида тўлашни тарғиб қилувчи ахборотлар ижтимоий ахборот ҳисобланади ва улар белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларида бепул жойлаштирилади;
(в) ҳар чоракда аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва жамоатчилик вакилларининг солиқ органлари фаолияти юзасидан фикрларини ўрганиб бориш ҳамда натижаларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш тизими жорий этилади.
11. Давлат хизматчиларининг солиқ тўлаш интизомини кучайтириш орқали аҳолига намуна бўлишини таъминлаш мақсадида республика ижро этувчи ҳокимият органларида ходимларнинг солиқдан мавжуд қарздорликлари тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотлар фақатгина вазирликлар ва идоралар (таркибидаги ташкилотларни инобатга олган ҳолда) кесимида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 25-санасига қадар Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилиши йўлга қўйилсин.
12. Солиқ қўмитаси аҳолининг солиқ саводхонлиги ва солиқ тўлаш маданиятини ошириш мақсадида:
(а) 2026 йил 1 мартга қадар қуйидагиларни ўз ичига олган портални ишга туширсин:
(i) ёш тоифаси бўйича мослаштирилган маълумотлар;
(ii) ўйинлар, электрон таълим материаллари ва қисқа ўқув видеолари;
(iii) солиқлар бўйича ресурслар, маслаҳатлар ва лайфхаклар;
(б) график асосида мунтазам равишда ўрта махсус, касбий ва олий таълим муассасалари ва жамоат жойларида «Солиқ тўла — келажакка ҳисса қўш», «Солиқ — маҳалла тараққиётининг гарови» ва «Тўланган солиқ — бизнес равнақи» каби қисқа шиорлар орқали тарғибот тадбирларини йўлга қўйсин.
13. Марказий банк ҳар ойда жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи тўғрисидаги маълумотлар тижорат банклари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари фойдаланувчиларига илованинг асосий саҳифасида акс эттириб борилиши юзасидан Солиқ қўмитасига амалий ёрдам кўрсатсин.
14. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти негизида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлиллар институти ташкил этилсин ва унга қуйидаги қўшимча устувор вазифалар юклатилсин:
(а) яширин иқтисодиётнинг ижтимоий-иқтисодий сабаб ва омилларини чуқур таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;
(б) аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ тўлаш маданиятини ошириш, уларга соҳада қонуний фаолият юритишнинг афзалликларини етказиш ҳамда фискал шаффофликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
(в) солиқ ва божхона маъмурчилиги самарадорлигини ошириш, соҳадаги тизимли муаммо ва тўсиқларни таҳлил қилиш ва аниқлаш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда уларни бартараф қилиш бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш;
(г) бюджет-солиқ ва божхона-тариф сиёсатининг миллий иқтисодиёт ва фискал барқарорликка таъсирини баҳолаш, илғор хорижий тажриба асосида соҳадаги тизимли муаммоларга илмий ечим топишга қаратилган тадқиқотларни ташкил қилиш ва олиб бориш;
(д) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромад ва харажатларини прогнозлаштириш ҳамда режалаштириш соҳасини таҳлил қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини ошириш ва мустаҳкамлаш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш.
15. Белгилансинки, Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлиллар институти Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
16. Солиқ қўмитаси:
(а) Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда мунтазам равишда:
(i) маҳаллаларда учрашувлар ўтказиб, мазкур қарорнинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни ҳамда «Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла» номинацияси мезонларини тушунтириш, кўрсаткичларни яхшилаш бўйича тизимли равишда амалий ёрдам кўрсатиб борсин;
(ii) энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти тўғрисида видеороликлар ва ташвиқот материалларини тайёрлаб, уларнинг оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва ташқи реклама воситалари орқали кенг ёритиб борилишини ташкил этсин;
(б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартириш киритилсин.
18. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
(а) Солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғининг йиғилувчанлик даражасини ошириш ва ушбу солиқларни ундириш учун сарф этилаётган ресурсларни мақбуллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
(б) ушбу қарорни амалга ошириш доирасидаги сарф-харажатлар учун ҳар йили Давлат бюджети параметрларида маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
19. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Солиқ қўмитаси раиси Ф.Ж. Пулатов белгилансин.
20. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 ноябрь,
ПҚ-364-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 ноябрдаги ПҚ-364-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартириш
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 18 августдаги «Балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш ҳамда балиқ овлаш ва сув бўйи туризми масканларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-281-сон қарорининг 1-банди тўртинчи хатбошиси «Айдар-Арнасой кўллар тизимига» сўзларидан кейин «ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги «Орол артемия саноати» давлат муассасасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилган Орол денгизининг 227 минг гектар сув ости ер майдонларига» сўзлари билан тўлдирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-343-сон қарори 3-бандининг «ж» кичик бандидаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми» сўзлари «мақоми, лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш шартлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2025 й., 07/25/364/1113-сон)