Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 11 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3294-3]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 апрелдаги ПҚ-153-сон «Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 897-сон «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда «ижтимоий карта» тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 10 мартдаги 28/21-сон қарори (рўйхат рақами 3294, 2021 йил 3 апрель) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.04.2021 й., 10/21/3294/0285-сон) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 октябрь,
25/3-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 24 октябрдаги 25/3-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом банклар томонидан банк карталарининг чиқарилиши, уларнинг муомалада бўлиши ва ўтказилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидаларини белгилайди.».
2. 1-банднинг ўн иккинчи хатбошисидаги «жисмоний шахс;» деган сўзлар «жисмоний шахс ва (ёки) ўзини ўзи банд қилган шахс;» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 6-банднинг «а» кичик бандида:
учинчи хатбошидаги «ходими ёки якка тартибдаги тадбиркорга» деган сўзлар «ходимига» деган сўз билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«бизнес банк картаси — ўз сақловчисига, яъни якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахсга карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради;
ижтимоий банк картаси — ўз сақловчисига карта ҳисобварағидаги ижтимоий ва бошқа тўловлар орқали келиб тушган пул маблағларини бошқариш имкониятини беради;».
4. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Бирон бир тўлов тизимига тегишли бўлган банк карталарини, жумладан олдиндан эмиссия қилинадиган шахсий банк карталарини эмиссия қилиш, сертификатланган дастурий-техник воситалардан фойдаланган ҳолда, тегишли тўлов тизими оператори томонидан ўрнатилган қоидаларга асосан эмитент томонидан амалга оширилади.
Олдиндан эмиссия қилинадиган шахсий банк карталарини активлаштириш эмитент томонидан ушбу картанинг сақловчисини ўрнатилган тартибда идентификация қилгандан сўнг амалга оширилади.».
5. 9-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«банк картаси сақловчисининг фамилияси ва исми (шахсий банк карталари учун), бунда олдиндан эмиссия қилинадиган шахсий банк картасида банк картаси сақловчисининг фамилияси ва исми жисмонан акс эттирилиши талаб этилмайди;».
6. 11-бандда:
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«жисмоний ва юридик шахсларга, шунингдек ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларга уларнинг аризалари асосида ўзаро тузиладиган шартнома ёки офертани қабул қилиш йўли билан Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май) мувофиқ мижозни ўрнатилган тартибда идентификациялаган ҳолда банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш;»;
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларга уларнинг ота-онасидан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (қонуний вакилининг) ёзма розилиги ва аризаси асосида ўзаро тузиладиган шартнома ёки офертани қабул қилиш йўли билан Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май) мувофиқ мижозни ўрнатилган тартибда идентификациялаган ҳолда банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш;»;
учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишли равишда тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
7. 18-банддаги «депозит ҳисобварағидан» деган сўзлар «депозит, кредит (ссуда) ёки транзит ҳисобварағидан» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
8. 19-банднинг биринчи хатбошисидаги «мобил иловалар орқали» ва «электр энергияси ва табиий газ учун» деган сўзлар тегишли равишда «жойида ёки мобил иловалар орқали» ва «электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув хизматлари учун» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
9. 20-банднинг биринчи хатбошисидаги «Якка тартибдаги тадбиркор» ва «миллий валютадаги банк карталаридан» деган сўзлар тегишли равишда «Якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс» ва «миллий валютадаги бизнес банк карталаридан нақд пул олиш,» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.11.2025 й., 10/25/3294-3/1040-сон)