Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига «маҳалла еттилиги» имкониятларидан фойдаланган ҳолда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни жадаллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 4 декабрдаги ПҚ-421-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимчалар киритилсин:
«маҳалла еттилиги» имкониятларидан фойдаланган ҳолда аҳолини жамоавий спорт турларига жалб қилиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;
энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI)га эришиш бўйича иш режаларини ишлаб чиқишда аҳолини жамоавий спорт турларига жалб қилиш мезонларига алоҳида эътибор қаратиш;
аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда фаоллик кўрсатган шахсларни ҳар томонлама рағбатлантириш.
2. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасига Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда «маҳалла еттилиги» аъзолари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш методикасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тавсия этилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Б. Махкамова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 ноябрь,
714-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 ноябрдаги 714-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2016 йил 27 апрелдаги 123-сон қарорида:
а) 1-илованинг 6-банди қуйидаги мазмундаги ўн олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ҳудудда аҳолини жамоавий спорт турларига жалб қилиш, ушбу соҳада фаоллик кўрсатган шахсларни ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни ташкил этиш»;
б) 2-илованинг 6-банди қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ҳудудда аҳолини жамоавий спорт турларига жалб қилиш, ушбу соҳада фаоллик кўрсатган шахсларни ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни ташкил этиш»;
в) 3-илованинг 6-банди қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ҳудудда аҳолини жамоавий спорт турларига жалб қилиш, ушбу соҳада фаоллик кўрсатган шахсларни ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни ташкил этиш».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 июлдаги 463-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда ҳудуднинг жамоавий спорт турлари бўйича спорт мусобақаларидаги натижалари ва аҳолини жамоавий спорт турларига жалб қилиш мезонларига алоҳида эътибор қаратилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.11.2025 й., 09/25/714/1032-сон)