Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Автомототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишни (қайд этишни) ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 8 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2050-5]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2009 йил 13 октябрдаги 107-сон буйруғи (рўйхат рақами 2050, 2009 йил 30 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 50-51-сон, 545-модда) билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишни (қайд этишни) ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШПУЛАТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 5 сентябрь,
445-сон
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2025 йил 5 сентябрдаги 445-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Автомототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишни (қайд этишни) ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу Йўриқнома автомототранспорт воситаларини (тиркамаларини, ярим тиркамаларини) (бундан буён матнда транспорт воситаси деб юритилади) қайта рўйхатдан ўтказиш (қайд этиш), шунингдек, уларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш ва алмаштириш тартибини белгилайди.».
2. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Транспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш (қайд этиш) Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари Жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимлари, туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари ёки туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш гуруҳлари (бундан буён матнда РЎваИОБ деб юритилади) томонидан амалга оширилади.».
4. 6-банддаги «РИБ (ТРИБ)лар» деган сўз «РЎваИОБлар» деган сўз билан алмаштирилсин.
5. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. РЎваИОБ томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш бўйича мурожаатлари умумлаштирилади ҳамда бир ойда бир марта Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига (бундан буён матнда ИИВ ЖХД ЙҲХХ деб юритилади) буюртма расмийлаштирилади.
Бунда, РЎваИОБ томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш учун ариза берганлигини тасдиқловчи маълумотлар ИИВ ЖХД ЙҲХХнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.».
6. 10-бандда:
иккинчи ва учинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишли равишда иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
7. 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Буюртмалар асосида яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ИИВ ЖХД ЙҲХХ қошидаги «Ўзавтомотобелги» давлат унитар корхонасида (бундан буён матнда Давлат унитар корхона деб юритилади) қайта ишлаб чиқарилади. Буюртмалар Давлат унитар корхонасига келиб тушгандан кейин мазкур Йўриқноманинг 10-бандида кўрсатилган ҳужжатлар текширилади.».
8. 14-банддаги «ИИВ ЙҲХББ» деган сўзлар «ИИВ ЖХД ЙҲХХ» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
9. Қуйидаги мазмундаги 141 ва 142-бандлар билан тўлдирилсин:
«141. Қайта тикланган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари транспорт воситаларининг эгаларига топширилаётганда яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари РЎваИОБларга қайтарилади ҳамда қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилади.
142. РЎваИОБлар қабул қилиб олинган яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ва қабул қилиш-топшириш далолатномасини Давлат унитар корхонасига юборади.
Давлат унитар корхонасида яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг ҳақиқий ҳолати кўриб чиқилади.
Яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари йўқ қилинади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.».
10. 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Янги рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари топширилган кундан бошлаб ўттиз кун ичида механик равишдаги деформация таъсири натижасида юзага келмаган ишлаб чиқариш камчиликлари оқибатида қуйидаги яроқсиз ҳолатларга келса, бундай рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш бепул амалга оширилади:
рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари кўринмайдиган даражага келиб қолганда;
ҳимоя элементлари ва ёруғлик қайтарувчи қопламалари ўз хусусиятини йўқотганда;
рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг жойлашувидаги ўзгаришлар (силжишлар) кузатилганда.
Бошқа ҳолатларда рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш тўлов асосида амалга оширилади.».
11. 16 ва 17-бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин.
12. 171-банднинг биринчи хатбошисидаги «ИИВ ЙҲХББга» деган сўзлар «ИИВ ЖХД ЙҲХХга» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
13. 172-банднинг биринчи хатбошидаги «ИИВ ЙҲХББ» деган сўзлар «ИИВ ЖХД ЙҲХХ» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.10.2025 й., 10/25/2050-5/0920-сон)