Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
Қарори
Атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтириш бўйича асосий талабларни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 8 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3685]
Ўзбекистон Республикасининг «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтириш бўйича асосий талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва Фанлар академияси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 2 сентябрь,
22-сон
Келишилди:
Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ
2025 йил 14 август
Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2025 йил 12 август
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2025 йил 2 сентябрдаги 22-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтириш бўйича
АСОСИЙ ТАЛАБЛАР
Мазкур асосий талаблар лойиҳалаштирилаётган, барпо этилаётган ва фойдаланилаётган атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтириш бўйича талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу асосий талабларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
атом электр станцияси блоки элементининг қолдиқ ресурси — атом электр станцияси блоки элементи ресурсининг эксплуатация бошланган даврдаги ҳолати билан амалда фойдаланилган ҳолати ўртасидаги фарқ;
атом электр станцияси блоки элементининг ресурси — атом электр станцияси блоки элементининг эксплуатация бошланган даврдан то атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларда белгиланган мустаҳкамлиги ёки ишлаш қобилияти қайтариб бўлмайдиган тарзда бузилиши юзага келадиган вақтгача бўлган жами ишлаш вақти;
атом электр станцияси блоки элементлари ресурсини бошқариш дастури — атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларда назарда тутилган атом электр станцияси блоки элементлари ресурсини бошқариш бўйича ҳужжатлар тўплами;
атом электр станцияси блокининг белгиланган эксплуатация муддати (бундан буён матнда белгиланган эксплуатация муддати деб юритилади) — атом электр станцияси блокининг атом электр станцияси ва реактор қурилмасининг лойиҳаларида белгиланган ва асосланган эксплуатация муддати;
атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтириш — атом электр станцияси блокини қўшимча ёки такрорий қўшимча эксплуатация муддатида атом электр станцияси блокини эксплуатацияга тайёрлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш;
атом электр станцияси блокининг қўшимча эксплуатация муддати (бундан буён матнда қўшимча эксплуатация муддати деб юритилади) — атом электр станцияси блокининг белгиланган эксплуатация муддатидан ортиқча эксплуатация муддати;
атом электр станцияси блокининг такрорий қўшимча эксплуатация муддати (бундан буён матнда такрорий қўшимча эксплуатация муддати деб юритилади) — атом электр станцияси блокининг аввал узайтирилган эксплуатация муддатидан кейинги қўшимча эксплуатация даври;
атом электр станцияси блокининг техник ҳолати — атом электр станцияси блоки элементларининг атом электр станцияси лойиҳаларида белгиланган функцияларини бажара олиш ёки бажара олмаслигини тавсифловчи хусусиятлари йиғиндиси;
ҳимоя хусусиятлари — кабеллар, электротехник ускуналар ва асбобларнинг функционал сифатларини йўқотмаган ҳолда механик, иссиқлик ва (ёки) радиациявий таъсирларга қаршилик кўрсатиш қобилиятини тавсифловчи параметрлар.
2. Атом электр станциясини эксплуатация қилувчи ташкилот (бундан буён матнда эксплуатация қилувчи ташкилот деб юритилади) белгиланган ёки қўшимча эксплуатация муддати тугашидан камида 5 йил олдин унинг хавфсизлигини баҳолаши, баҳолаш натижалари бўйича атом электр станцияси блокидан фойдаланишни давом эттириш ёки уни фойдаланишдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим.
Атом электр станцияси блокидан фойдаланишни давом эттириш ёки уни фойдаланишдан чиқариш тўғрисидаги қарор атом электр станцияси ва реактор қурилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқувчилар иштирокида қабул қилиниши керак.
3. Белгиланган ёки қўшимча эксплуатация муддати тугагандан сўнг атом электр станцияси блокидан фойдаланишни давом эттириш тўғрисидаги қарор эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан қуйидагилар асосида қабул қилиниши лозим:
атом электр станцияси блокининг алмаштирилмайдиган элементлари, шунингдек, қурилиш конструкциялари, бинолар, иншоотлар ва уларнинг асослари ҳолатининг қолдиқ ресурсини баҳолаш натижалари;
атом электр станцияси блоки хавфсизлигини баҳолаш натижалари, шу жумладан хавфсизликни даврий баҳолаш натижалари;
атом электр станцияси блокини комплекс текшириш натижалари;
аввалги эксплуатация даврида атом электр станцияси жойлашган майдонча тавсифларининг ўзгариши тўғрисидаги маълумотлар (шу жумладан, сейсмикликнинг ўзгариши тўғрисидаги маълумотлар);
эксплуатация тажрибаси таҳлили;
атом электр станцияси блокининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларига, шунингдек, хавфсизликни баҳолаш пайтида амалда бўлган хавфсизликни таъминлашни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги;
қўшимча эксплуатация муддатида ҳосил бўладиган ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини вақтинча сақлашда хавфсизликни таъминлаш имконияти;
қўшимча эксплуатация муддатида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда хавфсизликни таъминлаш имконияти;
атом электр станцияси блокини фойдаланишдан чиқаришда унинг хавфсизлигини таъминлаш имконияти.
4. Атом электр станцияси блокидан фойдаланишни давом эттириш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг эксплуатация қилувчи ташкилот комплекс текшириш натижалари асосида қуйидагиларни назарда тутувчи атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтиришга тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиши лозим:
атом электр станцияси блоки хавфсизлигининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;
хавфсизлик учун муҳим бўлган қурилиш конструкциялари, бинолар ва иншоотларнинг қолдиқ ресурсини асослаш ҳамда уларнинг асослари ҳолатини баҳолаш;
қўшимча эксплуатация муддатида атом электр станцияси блоки элементларининг қолдиқ ресурсини асослаш ва баҳолаш;
ресурслари ишлатиб бўлинган ёки қолдиқ ресурсларини аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаган элементларни алмаштириш;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига зид келувчи номувофиқликларни бартараф этиш (ёки атом электр станцияси блоки хавфсизлигига салбий таъсирни компенсация қилиш);
атом электр станцияси блокидан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уни модернизация қилиш;
хоналар, асбоб-ускуналар ва қувурларни радиациявий текшириш;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ атом электр станцияси блокининг тизимлари ва элементларини синовдан ўтказиш;
атом электр станцияси блокининг тизимлари ва элементларини алмаштириш ва (ёки) модернизация қилиш бўйича режалаштирилган тадбирларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча эксплуатация муддатида атом электр станцияси блокининг қурилиш конструкциялари, бинолари, иншоотлари, тизимлари ва элементлари ресурсини бошқариш дастурини ишлаб чиқиш;
қўшимча эксплуатация муддатида қурилиш конструкциялари, бинолар, иншоотлар ва уларнинг асослари, шунингдек атом электр станцияси блоки тизимлари ва элементлари ҳолатини мониторинг қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш;
қўшимча эксплуатация муддатида атом электр станцияси блокининг асбоб-ускуналари, қувурлари ва бошқа элементларидан фойдаланишда асосий металл, пайвандланган бирикмалар ва пайвандланган юзаларни назорат қилиш бўйича талабларни белгиловчи атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни ҳисобга олган ҳолда металл, қувурлар ва бошқа элементларни эксплуатация давомида путур етказмасдан назорат қилишнинг алоҳида намунавий дастурини ишлаб чиқиш;
қўшимча эксплуатация муддатининг бутун даври учун атом электр станцияси блоки хавфсизлигини асослаш бўйича ҳисоботни ишлаб чиқиш;
эксплуатация ҳужжатларига тузатишлар киритиш.
5. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атом электр станцияси хавфсизлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш натижасида қўшимча эксплуатация муддатида унинг хавфсиз ишлашига тўсқинлик қилувчи ва бартараф этиб бўлмайдиган омиллар аниқланган ҳолларда атом электр станцияси блокини фойдаланишдан чиқаришга тайёрлаш ишлари бажарилиши лозим.
2-боб. Атом электр станцияси блокини комплекс текшириш
6. Атом электр станцияси блокининг ҳақиқий ҳолатини баҳолаш, унинг элементларининг қолдиқ ресурсини аниқлаш, шунингдек атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтиришга тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш мақсадида эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атом электр станцияси блокини комплекс текширувдан ўтказиш ташкил этилиши лозим.
7. Атом электр станцияси блокини комплекс текшириш ишлари эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атом электр станцияси ва реактор қурилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқувчилар иштирокида белгиланган тартибда ва муддатларда бажарилиши керак.
8. Атом электр станцияси блокини комплекс текширишдан олдин бутун атом электр станцияси блокини, шунингдек унинг тизимлари ва элементлари, қурилиш конструкциялари, бинолари, иншоотлари ва уларнинг асосларини комплекс текшириш дастури ишлаб чиқилиши шарт.
9. Атом электр станцияси блокини комплекс текшириш дастури қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
хавфсизлик учун муҳим бўлган текширилиши лозим бўлган тизимлар ва элементлар, қурилиш конструкциялари, бинолар, иншоотлар ва уларнинг асослари рўйхати;
комплекс текширувни ўтказиш босқичлари;
комплекс текширувни ўтказиш усуллари ва шакллари;
тайёргарлик ишлари таркиби.
10. Атом электр станцияси блокини комплекс текшириш дастури эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланиши ҳамда атом электр станцияси ва реактор қурилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқувчилар билан келишилиши керак.
11. Атом электр станцияси блокини комплекс текширувдан ўтказиш жараёнида қуйидагилар аниқланиши керак:
атом электр станцияси блокининг хавфсизлиги учун муҳим бўлган қурилиш конструкциялари, бинолари, иншоотлари, тизимлари ва элементларининг техник ҳолати;
ресурси ишлатиб бўлинган ва алмаштирилиши керак бўлган элементлар;
ресурси тугамаган ва муайян вақт давомида фойдаланишни давом эттириш мумкин бўлган элементлар;
ресурси тугамаган, лекин алмаштириш жадвалига мувофиқ белгиланган ёки қўшимча эксплуатация муддатида алмаштирилиши талаб этиладиган элементлар;
қолдиқ ресурси аниқланмаган ва қолдиқ ресурсини аниқлаш зарур бўлган ёки алмаштирилиши талаб этиладиган элементлар;
атом электр станцияси блоки хоналарида, унинг майдончасида ва санитария-муҳофаза зонасидаги радиациявий вазият;
дезактивация қилиниши лозим бўлган хоналар, асбоб-ускуналар ва қувурлар;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи ва қўшимча эксплуатация муддатида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндиларни сақлаш хавфсизлиги;
радиоактив чиқиндиларнинг хавфсиз муомаласи.
12. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланган атом электр станцияси блокини комплекс текшириш натижалари бўйича ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
текширилган тизимлар ва элементлар, қурилиш конструкциялари, бинолар, иншоотлар ва уларнинг асослари рўйхати, шунингдек улар ҳақида қисқача маълумотлар;
атом электр станцияси блокининг алмаштириладиган тизимлари ва (ёки) элементлари рўйхати;
атом электр станцияси блокининг техник ҳолати ва қолдиқ ресурсини аниқлаш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар зарур бўлган тизимлар ва (ёки) элементлар, қурилиш конструкциялари, бинолари, иншоотлари рўйхати;
қўшимча эксплуатация муддатида фойдаланишни давом эттириш мумкин бўлган атом электр станцияси блокининг тизимлари ва (ёки) элементлари рўйхати;
атом электр станцияси блокини комплекс текшириш ишларининг таркиби, усуллари ва ҳажмлари, шу жумладан атом электр станцияси блоки элементлари ҳолатини назорат қилишни ташкил этиш, назорат қилиш усуллари ва ҳажмлари (эксплуатация режимларини ва элементлар ресурсларини назорат қилиш, металл ҳолатини назорат қилиш, техник кўрикдан ўтказиш, текшириш, синаш, намуналар олиш, қиёслаш, калибрлаш);
ўтказилган назорат натижалари;
қурилиш конструкциялари, бинолар, иншоотлар ва улар асосларининг техник ҳолатини баҳолаш натижалари;
атом электр станцияси блоки элементини алмаштириш ёки ундан фойдаланишни давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилиш мезонлари;
атом электр станцияси блокининг ҳақиқий техник ҳолати тўғрисида умумий хулосалар.
3-боб. Қўшимча ёки такрорий қўшимча эксплуатация муддатида атом электр станцияси блокидан фойдаланиш
13. Қўшимча ёки такрорий қўшимча эксплуатация муддатида қуйидаги талаблар тўлиқ бажарилган тақдирда атом электр станцияси блокидан фойдаланишни давом эттиришга йўл қўйилади:
атом электр станцияси блоки атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ бўлса ёки атом электр станцияси блокидан фойдаланиш хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётган ёки кўрсатиши мумкин бўлган номувофиқликларни бартараф этишга ёки компенсация қилишга қаратилган зарур техник ва (ёки) ташкилий чоралар кўрилганда;
эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атом электр станцияси блоки хавфсизлиги учун муҳим бўлган қурилиш конструкциялари, бинолар, иншоотлар, тизимлар ва элементларнинг ресурсларини бошқариш дастурлари ишлаб чиқилганда;
атом электр станцияси блокининг алмаштирилмайдиган элементларининг ресурси тугамаган ҳамда қўшимча ёки такрорий қўшимча эксплуатация муддати учун етарли бўлганда;
атом электр станцияси блоки хавфсизлиги учун муҳим бўлган қурилиш конструкциялари, бинолар, иншоотлар, тизимлар ва элементларнинг ресурсларини бошқариш дастурларида уларнинг қолдиқ ресурсини мониторинг қилишнинг техник воситалари ва усуллари назарда тутилганда;
қўшимча эксплуатация муддатида атом электр станциясининг ускуналари, қувурлари ва бошқа элементларининг металини путур етказмасдан назорат қилишнинг алоҳида намунавий дастури ишлаб чиқилганда;
қўшимча эксплуатация муддатида атом электр станцияси блокининг техник ҳолати атом электр станцияси ва реактор қурилмаси лойиҳаларига мос келганда;
атом электр станцияси блоки хоналарида, унинг майдончасида ва санитария-муҳофаза зонасида радиациявий вазият норматив талабларга жавоб берганда;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини вақтинча хавфсиз сақлаш ва қўшимча эксплуатация муддатида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндилар билан ишлашда хавфсизликни таъминлаш имконияти назарда тутилганда;
қўшимча эксплуатация муддати учун атом электр станцияси блоки хавфсизлигини асослаш бўйича ҳисобот ишлаб чиқилганда.
14. Атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтиришда (такрорий узайтиришда) ҳамда атом электр станцияси элементларининг қолдиқ ресурсини асослашда қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:
алмаштириб бўлмайдиган тизимлар ва элементлардаги металл қисмларининг, қурилиш конструкциялари, бино ва иншоотлардаги бетон ҳамда арматураларнинг, шу жумладан, атом электр станцияси ва реактор қурилмаси лойиҳаларида ҳисобга олинмаган емирилиш хусусиятлари;
алмаштирилмайдиган кабеллар, электротехника ускуналари, назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика ускуналарининг стационар қурилмалари, радиациявий назорат тизимларининг изоляциявий ва ҳимоя хусусиятларининг емирилиши;
реакторлар корпуслари, асбоб-ускуналар ва қувурларнинг коррозияга қарши қопламалари металининг емирилиши;
хавфсизлик учун муҳим бўлган ускуналар ва қувурлар деворларининг коррозия ва эрозия ҳисобига емирилиши.
16. Атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтиришда атом электр станцияси блокини комплекс текшириш натижаларига кўра назорат ҳудудлари кўрсатилган ҳолда конструкция материалларининг ҳолати ва техник ҳолатни қўшимча назорат қилишни ташкил этиш учун атом электр станцияси блокининг хавфсизлик учун муҳим бўлган қурилиш конструкциялари, бинолари, иншоотлари, тизимлари ҳамда элементларининг рўйхати аниқланиши ва асосланиши лозим.
Такрорий қўшимча эксплуатация муддатида мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган рўйхат атом электр станцияси блокини комплекс текшириш натижасида аниқланган элементларнинг ҳақиқий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда янгилаб борилиши шарт.
17. Хавфсизлик учун муҳим бўлган қурилиш конструкциялари, бинолар, иншоотлар ва улар асосларининг техник ҳолатини текшириш ва мониторинг қилиш, шунингдек атом электр станцияси блокининг тизимлари ва элементларидаги металл ҳолатини путур етказмасдан назорат қилиш ҳажми ва даврийлиги уларнинг ҳақиқий ҳолати ва қолдиқ ресурсидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим. Назоратнинг ҳажми ва даврийлиги асослантирилган бўлиши керак.
18. Атом электр станциясининг 1 ва 2-хавфсизлик синфларига киритилган элементлари учун қурилиш конструкциялари, бинолар, иншоотлар ва улар асосларининг техник ҳолатини текшириш ва мониторинг қилиш, шунингдек атом электр станцияси блокининг тизимлари ва элементларидаги металл ҳолатини путур етказмасдан назорат қилиш даврийлиги уларнинг ҳақиқий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши ва тўрт йилда камида бир марта ўтказилиши керак.
4-боб. Атом электр станцияси блокининг хавфсизлик учун муҳим бўлган элементларининг эксплуатация муддатини узайтиришга қўйиладиган талаблар
19. Атом электр станцияси блокининг хавфсизлик учун муҳим бўлган элементларининг қолдиқ ресурсини аниқлаш атом электр станцияси блокидан фойдаланишнинг ҳақиқий шароитларини ва текшириш санасидаги атом электр станцияси блоки элементларининг ҳақиқий техник ҳолатини ҳисобга олган ҳолда бажарилиши керак.
20. Атом электр станцияси блокининг 1, 2 ва 3-хавфсизлик синфларига киритилган элементларининг қолдиқ ресурси қуйидагилар асосида тасдиқланиши керак:
атом электр станцияси ускуналари ва қувурларининг мустаҳкамлигини асослаш ва ресурсини бошқаришга қўйиладиган талабларни белгиловчи атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар;
атом электр станцияси ускуналари ва қувурларининг мустаҳкамлиги ва ресурсини асослашга қўйиладиган талабларни белгиловчи атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига риоя этиш мақсадида қўлланилиши мажбурий бўлган миллий стандартлар;
атом электр станцияси блокининг тизимлари ва элементлари ресурсларини бошқариш дастурларида қўлланиладиган стандартлар (қўшимча эксплуатация муддатида уларни қўллаш имконияти асослантирилган ҳолда).
21. Атом электр станцияси ва реактор қурилмалари корпуси (реакторнинг фаол зонаси) учун қўшимча эксплуатация муддатининг давомийлиги асосий металл ва нурланиш зонасида жойлашган пайванд чоклари ҳолати, емирилиши, қовушқоқлиги қийматлари ҳамда реактор корпуси ичига совуқ сув кириши билан боғлиқ барча эксплуатация ва авариявий ҳолат юкламалари, шунингдек гидравлик синовлар пайтидаги юкламаларга бардош бериш имконини беришини асослаш билан тасдиқланиши лозим. Асосий металл ва пайванд чокларидаги металнинг бузилиши, қовушқоқлигининг минимал қийматларини тасдиқлаш кузатув намуналари ёки темплетларда олинган маълумотлар билан асослантирилган бўлиши керак.
22. Радиация ва иссиқлик таъсирида реактор корпусининг мўртлашиш жараёнига қаршилик кўрсатишни таъминлаш имконияти бўлмаганда, эксплуатация қилувчи ташкилот асосий металл ва реактор корпуслари пайванд чоклари металининг механик хоссалари қийматларини тиклашни ташкил этиши ёки қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатини реактор корпусининг мўртлашиш жараёнига қаршилик кўрсатиш таъминланадиган вақт билан чеклаши шарт.
23. Реактор корпусининг асосий металл ва пайванд чоклари металининг механик хусусиятлари қийматларини тиклаш бўйича тадбирларнинг самарадорлиги атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар асослантирилган бўлиши лозим.
24. Реактор корпусининг мўртлашишга қаршилигини асослашда қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:
эксплуатациянинг бутун даврида, шу жумладан қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатида асосий металл ва пайванд чоклар металининг радиациявий ва иссиқлик таъсирида мўртлашиши;
реакторнинг фаол зонасининг авариявий совитиш тизимини модернизация қилишнинг асосий металл ва пайванд чоклар металининг критик мўртлик ҳароратининг рухсат этилган қийматига таъсири;
асосий металл ва пайванд чоклар металининг кузатув намуналарини ёки темплетларини назорат қилиш натижалари;
комплекс текширув ўтказишда реактор корпуси металини назорат қилиш натижалари;
қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатида аниқланган нуқсонларнинг ортиши;
реактор корпуси металининг коррозиявий шикастланиши (коррозияга қарши қоплама билан ҳимояланмаган юзалар учун).
25. Реакторлар металл конструкцияларининг қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддати давомийлиги қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатининг охирига келиб эксплуатациявий ва сейсмик юкламаларнинг энг ноқулай комбинациясида металл конструкцияларнинг емирилишга чидамлилигини тасдиқловчи натижалар билан асослантирилган бўлиши керак.
26. Реактор металл конструкцияларининг емирилишга қаршилигини асослашда қуйидагиларни ҳисобга олиш зарур:
асосий металлнинг ва металл конструкцияларнинг пайванд чоклари металининг мавжуд кузатув намуналарини, шунингдек атом электр станцияси блоки ёки унинг аналогининг металл конструкцияларидан бевосита кесиб олинган металл намуналарини назорат қилиш натижалари;
комплекс текширувни ўтказишда металл конструкцияларни назорат қилиш натижалари;
қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатида аниқланган нуқсонларнинг ортиши;
эксплуатациянинг бутун даврида, шу жумладан қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатида асосий металл ва металл конструкцияларнинг пайванд чокларининг радиациявий ва иссиқлик таъсирида мўртлашуви;
эксплуатациянинг бутун даврида, шу жумладан қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатида металл конструкциялар деворларининг коррозиявий юпқалашуви.
27. Назорат ўтказиш имконияти мавжуд бўлган жойларда реактор корпуси ва ҳимоя корпусининг асосий метали ҳамда пайванд бирикмаларининг ҳолати текширилиши, назорат ўтказиладиган жойлар ва ҳажмлар асослантирилган бўлиши, реактор корпуси ва ҳимоя корпусини назорат қилиш натижалари қўшимча эксплуатация муддатини асослашда ҳисобга олиниши керак.
28. Реакторларнинг хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимлари ва элементларининг қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддати давомийлиги эксплуатациявий ва сейсмик юкламаларнинг энг ноқулай комбинациясида қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддати даврининг охирига келиб ушбу тизимлар ва элементларнинг мустаҳкамлиги ва узоқ муддатли мустаҳкамлиги таъминланишини асослаш билан тасдиқланиши керак. Бунда, қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:
нейтрон нурланиш, юқори ҳарорат ва сирпанувчанлик жараёнларининг комплекс таъсирида реактор метали ва реактор ичидаги конструкциялар хоссаларининг бузилиши;
реактор метали ва реактор ичидаги конструкцияларнинг деформацияланиш қобилиятининг йўқолиши;
ректор қурилмаси ускуналари ва қувурлари металининг узоқ муддатли мустаҳкамлиги ва узоқ муддатли пластиклик хусусиятларининг асосланган прогноз қийматлари.
29. Атом электр станцияси блокининг қурилиш конструкциялари, бинолари ва иншоотларининг, шунингдек улар асосларининг қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддати уларнинг механик хавфсизлиги таъминланиши керак бўлган бинолар ёки иншоотларнинг функционал вазифаси ва конструктив ечимига мос келадиган барча турдаги юкламаларнинг энг ноқулай комбинациясини ҳисобга олган ҳолда қуйидагилар билан тасдиқланиши керак:
конструкцияларнинг геометрик ўлчамлари ва уларнинг кесимлари, чўкиши, эгилишларининг ҳақиқий қийматлари;
конструкциянинг дастлабки таранглаш тизимининг ҳақиқий ҳолати (мавжуд бўлганда);
ёриқлар, синишлар ва маҳаллий бузилишлар мавжудлиги;
мониторинг натижаларига кўра ёриқларнинг жойлашуви, табиати ва уларнинг очилиш кенглиги;
ҳимоя қопламаларининг ҳолати;
конструкциялар ва уларнинг пойдеворлари эгилишлари ва деформациялари;
арматуранинг бетон билан илашишининг бузилиш белгилари;
арматура узилишининг мавжудлиги;
бўйлама ва кўндаланг арматураларнинг анкерланиш ҳолати;
бетон ва арматуранинг коррозия даражаси.
30. Атом электр станцияси блоки элементларининг қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддати ушбу асосий талабларнинг 20-бандига мувофиқ аниқланган элементларнинг қолдиқ ресурсидан ошмаслиги керак.
31. Қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатининг давомийлиги қуйидагиларга асосланган бўлиши керак:
атом электр станцияси блокининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқлигини ва (ёки) атом электр станцияси блокидан фойдаланиш хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётган ёки кўрсатиши мумкин бўлган номувофиқликларни бартараф этишга ёки компенсация қилишга қаратилган техник ва ташкилий чора-тадбирларнинг етарлилигини тасдиқлаш;
атом электр станцияси блокининг хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимлари ва элементлари жойлашган бинолар, иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларининг қўшимча эксплуатация муддатида техник ҳолатини баҳолаш, шунингдек, ушбу бинолар ва иншоотлар асосларининг техник ҳолатини баҳолаш;
атом электр станцияси блокининг алмаштирилмайдиган элементлари қолдиқ ресурсининг қийматлари;
комплекс текширув даврида ресурси аниқланмаган, атом электр станцияси блокининг хавфсизлик учун муҳим бўлган алмаштириладиган элементларининг қолдиқ ресурси қийматлари;
амалга оширилган модернизация ва (ёки) тизимлар ва элементларни алмаштиришни ҳисобга олган ҳолда реактор қурилмаси ва атом электр станцияси лойиҳаларида асосланган фойдаланиш чегаралари ва хавфсиз фойдаланиш шартларига риоя қилиш;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи ва қўшимча эксплуатация муддатида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндиларни хавфсиз сақлаш имкониятини тасдиқлаш.
5-боб. Қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатида атом электр станцияси блокини эксплуатацияга тайёрлаш бўйича талаблар
32. Қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатида атом электр станцияси блокини эксплуатацияга тайёрлаш жараёнида эксплуатация қилувчи ташкилот қуйидагиларни бажариши шарт:
ушбу асосий талабларнинг 4-бандида кўрсатилган атом электр станцияси блокини қўшимча муддат даврида эксплуатацияга тайёрлаш дастурида назарда тутилган тадбирларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш;
амалга оширилган модернизация ёки тизимлар ва элементларнинг бир қисмини алмаштиришни ҳисобга олган ҳолда атом электр станцияси блоки тизимлари ва элементлари ресурсини бошқариш дастури ва эксплуатация ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритиш;
атом электр станцияси блоки ходимларини қўшимча (такрорий қўшимча) эксплуатация муддатида блокдан фойдаланишнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш учун қайта тайёрлаш.
33. Атом электр станцияси блоки тизимлари ва элементларини алмаштириш ёки модернизация қилиш лойиҳа ва конструкторлик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
34. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блоки хавфсизлигини асослашни атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ, тизимлар ва элементларнинг бир қисмини модернизация қилиш ёки алмаштиришни ҳисобга олган ҳолда бажариши керак.
35. Қўшимча эксплуатация муддатида атом электр станцияси блокидан фойдаланиш бошланишидан олдин эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блокининг алмаштирилган ва модернизация қилинган тизимлари ва элементларининг лойиҳа мезонлари ва хусусиятларига мувофиқ ишлашини тасдиқлаш учун зарур ишга тушириш-созлаш ишларини ва синовларни ўтказиши шарт.
36. Атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтиришга тайёрлаш бўйича ишларни бажариш атом электр станцияси блоки тизимлари ва элементларининг шикастланишига ёки ишлаш қобилияти йўқолишига, уларнинг ресурслари камайишига ёки атом электр станцияси блокидан фойдаланиш хавфсизлиги даражаси пасайишига олиб келмаслиги лозим.
37. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блоки ва реактор қурилмаси лойиҳаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш асосида атом электр станцияси блокидан хавфсиз фойдаланишнинг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига, тизимлардан (элементлардан) фойдаланиш бўйича қўлланмаларга (йўриқномаларга), лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари аварияларда ходимлар (персонал)нинг ҳаракатларини белгиловчи йўриқномалар ва қўлланмаларга тузатишлар киритиши, шунингдек тизимлар ва элементларнинг паспортларига тегишли ўзгартиришлар киритиши шарт.
38. Атом электр станцияси блокини қўшимча эксплуатация муддатида эксплуатацияга тайёрлаш ишлари тугаллангандан кейин эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддатини узайтиришга тайёрлиги тўғрисидаги далолатномани тузади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан келишади.
6-боб. Якуний қоидалар
39. Ушбу асосий талабларга риоя этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан амалга оширилади.
40. Мазкур асосий талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.10.2025 й., 10/25/3685/0906-сон)