Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
Қарори
Атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган асосий талабларни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 8 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3684]
Ўзбекистон Республикасининг «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган асосий талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва Фанлар академияси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 2 сентябрь,
23-сон
Келишилди:
Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ
2025 йил 14 август
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2025 йил 12 август
Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ
2025 йил 11 август
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2025 йил 2 сентябрдаги 23-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган
АСОСИЙ ТАЛАБЛАР
Мазкур асосий талаблар лойиҳалаштирилаётган, барпо этилаётган ва фойдаланилаётган атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу асосий талабларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
атом энергияси — атом ядроларида мавжуд бўлган ва ядровий реакциялар ҳамда радиоактив парчаланиш чоғида ажралиб чиқадиган энергия;
атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлили (бундан буён матнда эҳтимолий хавфсизлик таҳлили деб юритилади) — содир бўлиши мумкин бўлган авариялар ва уларнинг оқибатларини комплекс баҳолаш усули бўлиб, у техник ва статистик маълумотлар асосида турли авариявий ҳолатларни таҳлил қилишни ўз ичига олади;
авариявий ташланмалар — авария, технологик носозлик, оператор хатоси ёки фавқулодда вазиятлар натижасида назоратдан ташқари ва режада кўзда тутилмаган ҳолда атроф-муҳитга чиқиб кетадиган радиоактив моддалар;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи — ядровий реакторнинг фаол зонасидан бутунлай чиқариб ташланган ва техник хусусиятларига кўра ядровий қурилмада фойдаланиш учун мўлжалланмаган ядровий материал;
ҳимоя қобиғи (контейнмент) — ядровий реакторни ва ундаги радиациявий хавф манбаларини ташқи муҳитдан изоляция қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларда радиация тарқалишининг олдини олиш, шунингдек ташқи таъсирлардан (табиий офатлар, портлаш, самолёт қулаши ва бошқалар) ҳимоя қилиш учун мўлжалланган махсус иншоот;
радиоактив моддалар — ионлаштирувчи нурланишни тарқатадиган, ядровий материаллар жумласига кирмайдиган моддалар;
референт атом электр станцияси — технологик, конструктив ва фойдаланиш хусусиятлари бўйича лойиҳалаштирилаётган объектга ўхшаш бўлган, фаолият юритаётган атом электр станцияси;
ядровий ёқилғи — назорат қилинадиган ядровий бўлиниш реакциясини амалга ошириш ҳисобига ядровий қурилмада иссиқлик энергияси ва (ёки) нурланиш оқимларини олиш учун мўлжалланган ядровий материал;
1-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлили — ядровий реактор шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган техник ва инсон омилларини таҳлил қилиш ҳамда ушбу ҳодисанинг эҳтимолини баҳолаш;
2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлили — ядровий реактор шикастланганидан сўнг радиоактив моддаларнинг ҳимоя қобиғидан (контейнментдан) ташқарига чиқиб кетиш эҳтимолини ва ушбу моддаларнинг таркибини баҳолаш.
2. Эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказиш муддати ва кўлами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ва атом электр станциясини эксплуатация қилувчи ташкилот ўртасида тузиладиган лицензия шартномасига мувофиқ белгиланади.
3. Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили қуйидаги мақсадларда ўтказилади:
атом электр станцияси блоки хавфсизлигининг эҳтимолий кўрсаткичларини (бундан буён матнда хавфсизликнинг эҳтимолий кўрсаткичлари деб юритилади) ҳисоблаш;
оғир авариялар ва катта авариявий ташланмалар эҳтимолини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган норматив чегаралар билан таққослаш;
атом электр станцияси блоки хавфсизлиги учун муҳим бўлган бошланғич ҳодисаларни (бундан буён матнда бошланғич ҳодисалар деб юритилади), эҳтимолий авариявий ҳолатлар кетма-кетлигини, атом электр станцияси блоки тизимларини (элементларини), ходимларнинг (персоналнинг) хатти-ҳаракатларини аниқлаш;
атом электр станцияси блоки хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда устуворликларни белгилаш;
атом электр станцияси блоки тизимларини (элементларини) модернизация қилиш тадбирларининг атом электр станцияси блоки хавфсизлигига таъсирини баҳолаш.
4. Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили натижаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:
хавфсизлик учун муҳим бўлган атом электр станцияси блоки тизимларининг (элементларининг) ишончлилигини баҳолаш;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан четга чиқиш ҳолатларининг атом электр станцияси хавфсизлигига таъсирини таҳлил қилиш;
хавфсизликка таъсири бўйича атом электр станцияси блоки тизимларининг (элементларининг) таснифланишини асослаш;
назорат ва текширув ишларини режалаштириш ва баҳолаш;
лойиҳавий авариялар учун бошланғич ҳодисалар рўйхатини асослаш;
лойиҳадан ташқари авариялар рўйхатини асослаш;
лойиҳадан ташқари аварияларни бошқариш бўйича қўлланмаларни асослаш.
5. Эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказиш учун атом электр станциясини эксплуатация қилувчи ташкилот масъул ҳисобланади.
2-боб. Эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган талаблар
6. Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили атом электр станциясининг ҳар бир блоки учун алоҳида ўтказилади.
7. Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили қуйидаги ҳолатларда ўтказилиши лозим:
атом электр станцияси блокини барпо этиш ва фойдаланишда унинг хавфсизлигини асослаш юзасидан ҳисобот тайёрлашда;
атом электр станцияси блокининг хавфсизлигини даврий баҳолашда;
атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг эксплуатация муддатини узайтиришни асослашда;
атом электр станцияси блокидан хавфсиз фойдаланиш чегаралари ва шартларини ўзгартиришни асослашда;
хавфсизлик учун муҳим бўлган атом электр станцияси блокининг тизимлари ва элементларига ўзгартиришлар киритишни асослашда;
лойиҳа ва эксплуатация ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишни асослашда.
8. Хавфсизликнинг эҳтимолий кўрсаткичларига қуйидаги ҳолатларнинг таъсир қилмаслиги таҳлил натижаларига кўра асослантирилган ва ҳужжатлаштирилган бўлса, эҳтимолий хавфсизлик таҳлили ўтказилмаслиги мумкин:
атом электр станцияси блокидан хавфсиз фойдаланиш чегаралари ва шартларини ўзгартириш;
хавфсизлик учун муҳим бўлган атом электр станцияси блокининг тизимлари ва элементларига ўзгартиришлар киритиш;
лойиҳа ва эксплуатация ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш.
9. Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили қуйидаги икки даражада ўтказилади:
1-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлили;
2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлили.
10. 1-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказишда барча бошланғич ҳодисалар, нормал эксплуатациянинг барча режимлари ҳамда атом электр станцияси блокидаги ядровий материаллар (шу жумладан, ядровий ёқилғи ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи) жойлашган барча ҳудудлар бўйича бир йил давомида атом электр станциясининг битта блоки учун юзага келиши мумкин бўлган оғир аварияларнинг умумий эҳтимоли ҳисобланиши лозим.
11. 1-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилида ҳар бир таҳлил қилинаётган эксплуатация ҳолати учун атом электр станцияси блокидаги ядровий материаллар (шу жумладан, ядровий ёқилғи ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи) жойлашган барча ҳудудларни ҳисобга олган ҳолда ички бошланғич ҳодисалар бўйича атом электр станцияси блокининг эҳтимолий модели ишлаб чиқилади.
Бунда, атом электр станцияси блокининг эҳтимолий моделини ишлаб чиқишда қуйидаги вазифалар бажарилиши шарт:
атом электр станцияси блокининг эксплуатация ҳолатларини танлаш ва гуруҳлаш;
бошланғич ҳодисаларни танлаш ва гуруҳлаш;
авариявий ҳолатлар кетма-кетлигини моделлаштириш;
атом электр станцияси блоки тизимларининг (элементларининг) мантиқий моделларини ишлаб чиқиш (тизимларнинг ишончлилик таҳлили);
атом электр станцияси блоки тизимларининг (элементларининг) ишончлилик кўрсаткичлари ва бошланғич ҳодисалар эҳтимоллигини (частоталарини) аниқлаш;
ходимлар (персонал) томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликлар эҳтимолини аниқлаш (ходимларнинг (персоналнинг) ишончлилик таҳлили);
ўзаро боғлиқликларни аниқлаш ва ҳисобга олиш (ўзаро боғлиқликлар таҳлили);
ички бошланғич ҳодисаларда оғир авариялар юз бериши эҳтимолини аниқлаш.
12. 1-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилида атом электр станцияси блокининг эҳтимолий моделини ишлаб чиқишда тизимлараро боғлиқликлар, ходимларнинг (персоналнинг) ҳаракатлари ўртасидаги боғлиқликлар, хавфсизликка таъсир кўрсатувчи атом электр станцияси блоки тизимларининг (элементларининг) ва бир майдончада жойлашган бошқа атом электр станцияси блокларининг ишлаши ҳисобга олиниши лозим.
13. 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказишда барча бошланғич ҳодисалар, нормал эксплуатациянинг барча режимлари ҳамда атом электр станцияси блокидаги ядровий материаллар (шу жумладан, ядровий ёқилғи ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи), радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндилар жойлашган барча ҳудудлар бўйича бир йил давомида атом электр станциясининг битта блоки учун юзага келиши мумкин бўлган катта авариявий ташланмаларнинг умумий эҳтимоли ҳисобланиши лозим.
14. 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилида ички бошланғич ҳодисалар, шунингдек ички ва ташқи таъсир туфайли юзага келадиган бошланғич ҳодисалар учун атом электр станцияси блокининг эҳтимолий моделлари ишлаб чиқилиши лозим. Бу моделлар эҳтимолий хавфсизлик таҳлилида ўрганилаётган ҳар бир эксплуатация ҳолати учун тузилиши керак.
Бунда, атом электр станцияси блокидаги барча ядровий материаллар (шу жумладан, ядровий ёқилғи ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи), радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндилар жойлашган ҳудудлар инобатга олиниши шарт.
15. 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилида атом электр станцияси блокининг эҳтимолий моделларини ишлаб чиқишда қуйидаги вазифалар бажарилиши лозим:
1-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлили натижаларини 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилининг бошланғич маълумотлари сифатида қабул қилиш;
атом электр станцияси блоки тизимларининг (элементларининг) эҳтимолий моделларини ишлаб чиқиш (тизимларнинг таҳлили);
ҳимоя қобиғига (контейнментга) тушадиган юкламаларни аниқлаш;
авариявий ҳолатлар кетма-кетлигини моделлаштириш;
радиациявий ташланмалар миқдорини аниқлаш;
авария оқибатларини аниқлаш;
катта авариявий ташланмалар эҳтимоллигини аниқлаш.
16. 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилида атом электр станцияси блокининг эҳтимолий моделини ишлаб чиқишда оғир авариялар пайтида содир бўладиган физик ҳодисалар ҳамда физик ҳодисалар билан атом электр станцияси блокининг тизимлари ва элементлари ҳолати ўртасидаги боғлиқлик ҳисобга олиниши керак.
17. Атом электр станцияси блокини жисман ва (ёки) энергетик ишга тушириш ҳамда атом электр станцияси блокининг саноат синовлари натижалари бўйича хавфсизликни асослаш юзасидан ҳисоботга киритилган ўзгартиришлар хавфсизликнинг эҳтимолий кўрсаткичларига таъсир кўрсатса, 1 ва 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлиллари мазкур ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда қайта ишланиши керак.
18. Хавфсизликнинг эҳтимолий кўрсаткичларини аниқлашда қуйидаги омиллар инобатга олиниши керак:
атом электр станцияси блоки тизимларининг (элементларининг) ишончлилик кўрсаткичларининг эҳтимолий хусусиятлари;
бошланғич ҳодисаларнинг юзага келиш эҳтимоли;
ходимлар (персонал) томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган хатолар;
таҳлил натижасига таъсир қилувчи ноаниқликлар.
Хавфсизликнинг эҳтимолий кўрсаткичлари учун уларнинг ўртача қийматлари ҳамда 90 фоиз ишончли оралиқнинг юқори ва пастки чегара қийматлари ҳисобланиши шарт.
19. Хавфсизликнинг эҳтимолий кўрсаткичларини ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга олиш зарур:
атом электр станцияси блоки тизимларидаги (элементларидаги) носозликлар ва ходимларнинг (персоналнинг) хатолари билан боғлиқ ички бошланғич ҳодисалар;
ички таъсирлардан келиб чиқадиган бошланғич ҳодисалар;
табиий ва техноген хусусиятли ташқи таъсирлардан келиб чиқадиган бошланғич ҳодисалар.
20. Хавфсизликнинг эҳтимолий кўрсаткичларини ҳисоблашда атом электр станцияси блокининг барча нормал эксплуатация режимлари (бундан буён матнда эксплуатация ҳолатлари деб юритилади), жумладан қуйидагилар инобатга олиниши шарт:
қувватда ишлаш;
тўхташ режимлари;
совутиш жараёнлари;
ёқилғи юклаш;
техник хизмат кўрсатиш;
атом электр станцияси блоки тизимларини (элементларини) таъмирлаш ва қайта ишга тушириш.
21. Атом электр станцияси блокини барпо этишда ва ундан фойдаланишда 1 ва 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилларини ўтказиш учун соддалаштирилган (баҳоловчи) ҳисоб-китоблар ва усуллардан фойдаланишга йўл қўйилади.
Бунда, мазкур ҳисоб-китоблар ва усуллар атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар ҳамда халқаро стандартлар талабларига мувофиқ илмий-техник жиҳатдан асослантирилган бўлиши шарт.
22. Барпо этилаётган атом электр станцияси блокларининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказиш учун бошланғич маълумотлар сифатида уларнинг лойиҳа ҳужжатлари ҳамда референт атом электр станцияси блокининг эксплуатация ҳужжатларидан фойдаланилади.
23. Фойдаланилаётган атом электр станцияси блокларининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказиш учун бошланғич маълумотлар сифатида уларнинг лойиҳа ва эксплуатация ҳужжатлари, шунингдек улардан фойдаланиш тажрибаси (бошланғич ҳодисалар, атом электр станцияси блоки тизимларининг (элементларининг) ишдан чиқиши, ишлаш режимлари) ҳамда референт атом электр станцияси блокининг эксплуатация маълумотларидан фойдаланилади.
24. 1 ва 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилларининг натижалари қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
а) атом электр станцияси блоки хавфсизлигининг эҳтимолий баҳоси;
б) эҳтимолий хавфсизлик таҳлили асосида ишлаб чиқилган атом электр станцияси блоки хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар;
в) қуйидагиларга нисбатан ноаниқлик, сезгирлик ва аҳамиятлилик таҳлили натижалари:
хавфсизликнинг эҳтимолий кўрсаткичлари;
атом электр станцияси блоки эҳтимолий моделининг тахминлари;
бошланғич ҳодисалар;
авариявий ҳолатларнинг кетма-кетликлари;
атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилида кўриб чиқиладиган тизимлар (элементлар) носозликлари, шу жумладан умумий сабабга кўра юз берадиган носозликлар;
ходимларнинг (персоналнинг) хатолари;
эҳтимолий хавфсизлик таҳлили асосида ишлаб чиқилган атом электр станцияси блоки хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар.
25. 1 ва 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилларининг натижалари атом электр станцияси блокининг ҳақиқий ҳолатига мос бўлиши шарт.
26. Авариявий ҳолатларнинг кетма-кетлиги моделлари, хавфсизлик функцияларини таъминлайдиган тизимларнинг (элементларнинг) минимал тўпламига қўйиладиган талаблар ҳамда 1 ва 2-даражали эҳтимолий хавфсизлик таҳлилларида моделлаштириладиган ва қўлланиладиган аварияларнинг физик параметрлари детерминистик ҳисоб-китоблар билан асослантирилиши лозим.
3-боб. Якуний қоидалар
27. Ушбу асосий талабларга риоя этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари томонидан амалга оширилади.
28. Мазкур асосий талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.10.2025 й., 10/25/3684/0907-сон)