Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (18-сонли БҲС) «Ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар»ни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 29 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3681]
1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (18-сонли БҲС) «Ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Вазир Ж. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 август,
284-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2025 йил 26 августдаги 284-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (18-сонли БҲС) «Ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар»
Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (18-сонли БҲС) «Ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларнинг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар бўйича молиявий ҳисоботларига тузатишлар киритиш зарур бўлган ҳолатлар ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар — ҳисобот санаси ва молиявий ҳисоботни эълон қилиш учун тасдиқланган сана оралиғида содир бўладиган ташкилотга фойда ёки зарар келтирадиган ҳодисалар;
ҳисобот санаси — молиявий ҳисоботлар тегишли бўлган ҳисобот санасининг охирги куни;
ҳаққоний қиймат — баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нарх;
фаолиятнинг узлуксизлиги — ташкилотнинг мунтазам фаолият кўрсатиши;
тасдиқлаш санаси — молиявий ҳисоботларни тасдиқлаш ваколатига эга бўлган шахс ёки орган томонидан молиявий ҳисоботларни эълон қилиш учун белгиланган сана;
рееструктуризация — ташкилотнинг раҳбарияти томонидан режалаштириладиган ва назорат қилинадиган дастур бўлиб, унга кўра ташкилотнинг фаолият доираси ёки ушбу фаолиятни амалга ошириш усулларининг ўзгартирилиши назарда тутилади.
2. Қуйидаги ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар ташкилотнинг узлуксиз фаолиятига таъсир қилиши мумкин:
ҳисобот санасида мавжуд бўлган ҳолатларни кўрсатадиган ҳодисалар (тузатишни талаб этадиган ҳодисалар);
ҳисобот санасидан кейин юзага келган ҳолатларни кўрсатадиган ҳодисалар (тузатишни талаб этмайдиган ҳодисалар);
3. Мазкур Стандарт ташкилотлар томонидан ҳисобот санасидан кейинги ҳодисаларни ҳисобга олиш ва уларни ёритиб бериш учун қўлланилади.
4. Ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар ташкилотнинг фаолияти узлуксиз эмаслигини кўрсатса, бундай ташкилотнинг молиявий ҳисоботи фаолият узлуксизлиги асосида тайёрланмаслигини лозим.
2-боб. Молиявий ҳисоботларни эълон қилиш учун тасдиқлаш
5. Молиявий ҳисоботлар ташкилотнинг раҳбари (ёки у ваколат берган шахс) ва бош ҳисобчиси томонидан, жамланма молиявий ҳисоботлар бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг раҳбари (ёки у ваколат берган шахс) ва бош ҳисобчиси томонидан тасдиқланади.
Консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири (ёки у ваколат берган шахс) ва вазирликнинг бош ҳисобчиси (ёки масъул ходим) томонидан амалга оширилади.
6. Тасдиқланган молиявий ҳисоботларга ўзгартиришлар киритиш ваколатига эга бўлган орган томонидан ҳисоботларни эълон қилиш муддатлари ўзгартирилиши мумкин. Агар тегишли орган молиявий ҳисоботларга ўзгартиришлар киритиш ваколатига эга бўлса, молиявий ҳисоботларга ўзгартиришларни тасдиқлаш санаси ваколатли орган томонидан молиявий ҳисоботларни тасдиқлаш санаси сифатида белгиланади.
3-боб. Ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар бўйича тузатишлар киритиш
7. Ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар ташкилотнинг молиявий ҳисоботида тан олинган суммаларга тузатиш киритишни талаб этадиган ёки тузатиш киритишини талаб этмайдиган ҳодисаларга бўлинади.
8. Ташкилот томонидан тузатиш киритишни талаб этадиган ҳодисаларни акс эттириш учун молиявий ҳисоботда тан олинган суммаларга тузатишлар киритилиши лозим.
9. Тузатишлар киритишни талаб этадиган ҳисобот санасидан кейинги ҳодисаларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
а) ҳисобот даврида бошланиб, ҳисобот санасидан кейин якунланган суд иши бўйича ташкилотнинг мажбурияти мавжудлигини тасдиқловчи суд ҳужжатининг қабул қилиниши. Бунда, ташкилот ушбу суд иши юзасидан олдин тан олинган ҳар қандай баҳоланган мажбуриятга Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар»га (рўйхат рақами 3562, 2024 йил 22 октябрь) мувофиқ тузатиш киритади ва янгидан баҳоланган мажбуриятни тан олади;
б) ҳисобот санасидан кейин активнинг ҳисобот даври охирида қадрсизланганлиги ёки бундай актив бўйича олдин тан олинган қадрсизланиш суммасига тузатиш киритилиши лозимлиги тўғрисида маълумот олиниши (масалан, ҳисобот санасидан кейин харидорнинг банкротликка учраши, ҳисобот санасидан олдин харид қилинган активларнинг харажатлари ёки сотилган активлардан олинган даромадлар ҳисобот санасидан кейин аниқланиши);
д) ҳисобот давридаги даромадларни тақсимлаш тўғрисидаги ҳужжатларга мувофиқ бошқа давлат органлари билан тақсимланиши керак бўлган даромад миқдори ҳисобот санасидан кейин аниқланиши;
э) ҳисобот санасидан кейин ҳисобот даври учун ходимларга тўланиши лозим бўлган мукофот пулларининг аниқланиши (агар ҳисобот санаси билан молиявий ҳисоботни тасдиқлаш санаси оралиғида содир бўладиган ҳодисалар натижасида бундай тўловларни амалга ошириш бўйича юридик ёки конструктив мажбуриятга эга бўлса);
ф) молиявий ҳисоботда хатоликлар мавжуд эканлигини кўрсатувчи ҳолатларнинг аниқланиши.
10. Ташкилот тузатишлар киритишни талаб этмайдиган ҳисобот санасидан кейинги ҳодисаларни акс эттириш учун молиявий ҳисоботда тан олинган суммаларга тузатишлар киритмаслиги лозим.
11. Тузатишлар киритишни талаб этмайдиган ҳисобот санасидан кейинги ҳодисаларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
а) ҳисобот санасидан молиявий ҳисоботни эълон қилиш санасигача бўлган даврда мулкнинг ҳаққоний қийматининг пасайиши (агар ташкилот мулкни мунтазам равишда ҳаққоний қийматга қайта баҳолаш сиёсатини қабул қилган бўлса). Бунда, ҳаққоний қиймат пасайиши ҳисобот санасидаги мулк ҳолатига эмас, балки кейинги даврда юзага келган вазиятларга боғлиқ бўлади ҳамда мунтазам қайта баҳолаш натижаларига қарамай, ташкилот ўз молиявий ҳисоботида кўрсатилган мулкнинг ҳаққоний қийматларига ўзгартириш киритмаслиги лозим.
б) ҳисобот санасидан молиявий ҳисоботни эълон қилиш санасигача бўлган даврда мулкнинг ҳаққоний қийматининг сезиларли даражада пасайиши (агар бу пасайиш ҳисобот санасидаги мулкнинг ҳолатига боғлиқ бўлмасдан, ҳисобот санасидан кейин юзага келган ҳолат билан боғлиқ бўлса);
д) муайян давлат хизматини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи ушбу хизматдан фойдаланаётган шахсларга ҳисобот санасидан тасдиқлаш санасигача бўлган даврда қўшимча имтиёзлар бериши.
12. Қуйидагилар молиявий ҳисоботда маълумотларнинг ёритиб берилиши талаб этиладиган ва тузатишни талаб этмайдиган ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар ҳисобланади:
ҳаққоний қиймат бўйича ҳисобга олинган мулк қийматининг сезиларли даражада пасайиши (агар бу пасайиш ҳисобот санасидаги мулкнинг ҳолатига боғлиқ бўлмасдан, ҳисобот санасидан кейин юзага келган ҳолат билан боғлиқ бўлса);
ташкилотнинг ҳисобот санасидан кейин ўз фаолиятининг иштирокчиларига келгусида қўшимча имтиёзлар беришга қарор қабул қилиши;
ҳисобот санасидан кейин тизимидаги ташкилотнинг тугатилиши ёки ташкилот томонидан амалга ошириладиган фаолиятнинг тўлиқ ёхуд асосий қисми аутсорсингга берилиши;
ташкилотнинг фаолияти ёки асосий ривожлантириш дастурларини тугатиш режасини эълон қилиши натижасида тегишли активларни сотиш, мажбуриятларни бажариш ёхуд буларни амалга ошириш юзасидан мажбурий шартномалар тузиши;
ташкилотни фаолият учун муҳим бўлган активларни харид қилиши ёки ҳисобдан чиқариши;
ҳисобот санасидан кейин мулкнинг фавқулодда ҳолатлар натижасида вайрон бўлиши;
ташкилот фаолиятининг қайта ташкил этилиши ёки уни амалга оширишнинг бошланиши;
ривожлантириш дастурлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларга берилган кредитлардан воз кечилиши бўйича қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши;
ҳисобот санасидан кейин активлар қийматининг ёки валюта курсларининг сезиларли даражада ўзгариши;
ҳисобот санасидан кейин ташкилотнинг шартли мажбуриятларни қабул қилиши;
ҳисобот санасидан кейин содир бўлган ҳодисалар туфайли юзага келган суд жараёнининг бошланиши.
4-боб. Фаолият узлуксизлиги ва реструктуризация
13. Молиявий ҳисоботни тузиш давомида ташкилотнинг узлуксиз фаолият кўрсатишини аниқлаш ҳар бир ташкилот томонидан кўриб чиқилиши лозим. Бунда, ташкилотнинг узлуксизлигини баҳолаш давлатга эмас, ташкилотларга тааллуқли бўлади.
14. Агар ҳисобот санасидан кейин молиявий ҳисоботларни тайёрлашга масъуллар ёки бошқарув органи ташкилотни тугатиш ёки унинг бюджетдан ташқари фаолиятини тўхтатиш (тугатиш) қарорига келса, ташкилот молиявий ҳисоботни фаолият узлуксизлиги асосида тайёрламаслиги лозим.
15. Ташкилотларда фаолият узлуксизлиги билан боғлиқ масалалар, қоида тариқасида давлат томонидан ташкилотларнинг фаолиятини тўхтатиш (тугатиш) ҳақида қарорлар эълон қилинган тақдирдагина юзага келади.
16. Тўлиқ ёки сезиларли даражада ўзини ўзи молиялаштирадиган ташкилотлар молиявий ҳисоботни тайёрлашда узлуксиз фаолият кўрсатишини аниқлаши зарур.
17. Агар ташкилотнинг фаолиятини узлуксиз давом эттириш имкони мавжуд бўлмаса, мазкур ҳолат молиявий ҳисоботларда мажбурий равишда акс эттирилиши лозим. Бундай ўзгаришларнинг таъсири ташкилотнинг аниқ шароитларига, жумладан, фаолиятнинг бошқа ташкилотга ўтказилиши ёки ташкилот тугатилишига қараб белгиланади.
Бунда, активлар ва мажбуриятларнинг қолдиқ (баланс) қийматини ўзгартириш зарурлигини аниқлаш талаб этилади.
Фаолиятнинг узлуксизлиги давом эттирилмаганда, вазиятнинг ўзгариши қўшимча мажбуриятларни пайдо бўлишига олиб келиши ёки қарз шартномаларида муайян қарзларни жорий мажбурият сифатида қайта таснифлашга олиб келишини (олиб келмаслигини) ҳам ҳисобга олиш лозим.
18. Ҳисобот санасидан кейин эълон қилинган реструктуризация тузатиш киритишни талаб этмайдиган ҳисобот санасидан кейинги ҳодиса сифатида таснифланган тақдирда, мазкур Стандарт талаблари асосида тегишли маълумотлар ёритилиши лозим. Реструктуризация бўйича баҳоланган мажбуриятни тан олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар»га (рўйхат рақами 3562, 2024 йил 22 октябрь) мувофиқ белгиланади.
5-боб. Маълумотларни ёритиб бериш
19. Ташкилот молиявий ҳисоботларни тасдиқлаш санаси ва ким томонидан тасдиқланганлиги тўғрисидаги маълумотни молиявий ҳисоботга тушунтиришларда ёритиб бериши лозим. Молиявий ҳисоботларнинг тасдиқлаш санаси фойдаланувчилар учун муҳим ҳисобланиб, ҳисоботларда мазкур санадан кейин содир бўлган ҳодисалар акс эттирилмайди.
20. Агар ташкилот ҳисобот санасидан кейин, бироқ молиявий ҳисобот эълон қилинишидан олдин ҳисобот санасида мавжуд бўлган шартларнинг ўзгаришига оид маълумотларни олса, ушбу шартлар янги олинган маълумотлар асосида тегишли равишда ўзгартирилиши лозим.
21. Ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар бўйича маълумотларнинг ёритиб берилиши ташкилотнинг молиявий ҳисоботларида тан олинган суммаларини аниқ акс эттирмаслиги мумкин (масалан, Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар»га (рўйхат рақами 3562, 2024 йил 22 октябрь) асосан ҳисобот санасидан кейин ҳисобот даврида мавжуд бўлган шартли мажбурият бўйича далиллар пайдо бўлиши).
22. Агар тузатишни талаб этмайдиган ҳисобот санасидан кейинги ҳодисалар муҳим аҳамиятга эга бўлса, мазкур маълумотларни ёритиб бермаслик фойдаланувчиларнинг молиявий ҳисоботлар асосида қабул қиладиган иқтисодий қарорларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин ҳамда ташкилот тузатишни талаб этмайдиган ҳисобот санасидан кейинги ҳодисаларнинг ҳар бир муҳим тоифаси учун ҳодисанинг тавсифи ва молиявий таъсирига баҳо бериш ёки бундай баҳолашни ўтказиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.09.2025 й., 10/25/3681/0881-сон)