Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
Кредит бюроларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 23 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3679]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Кредит бюроларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 август,
20/2-сон
Келишилди:
Рақамли технологиялар вазири Ш. ШЕРМАТОВ
2025 йил 6 август
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 31 июль
Давлат хавфсизлик хизмати раиси Б. КУРБАНОВ
2025 йил 30 июль
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 19 августдаги 20/2-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Кредит бюроларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом кредит бюроларининг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашга доир минимал талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
авторизация — маълум шахсга ёки шахслар гуруҳига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш;
аутентификация — фойдаланувчи, дастур, қурилма ёки маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш тартиб-таомили;
идентификация — фойдаланувчиларнинг шахсини аниқлаш мақсадида уларга идентификатор (ноёб номлар) тайинлаш ёки тайинланган идентификаторларни (ноёб номлар) идентификаторлар рўйхати билан солиштириш;
криптографик калит — электрон рақамли имзони ҳисоблаш ёки текшириш, шунингдек шифрлаш ва дастлабки матнга ўгириш учун қўлланиладиган символлар кетма-кетлиги;
ахборот хавфсизлиги — ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланганлик ҳолати;
киберхавфсизлик — кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимояланганлик ҳолати;
кредит ахборотидан фойдаланувчи — кредит битими бўйича тегишинча кредитор, лизинг берувчи, гаровга олувчи ва суғурталовчи сифатида иштирок этувчи юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек қонунчиликка мувофиқ кредит ахборотидан фойдаланиш ваколатига эга бўлган юридик шахс.
2-боб. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш хизмати
2. Кредит бюроларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш хизмати (бундан буён матнда Хизмат деб юритилади) ташкил этилади:
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликнинг таъминланганлик даражасини ошириш, уни баҳолаш, шунингдек авариялар ва ходимлар йўл қўйган хатолар натижасида келиб чиқадиган йўқотишларни камайтириш ва содир этилишини олдини олиш;
ахборот инфратузилмасининг яхлитлиги ва хавфсизлигини назорат қилиш;
серверларда ва тармоқ қурилмалардаги дастурий таъминотларни муҳофаза қилиш;
барча технологик жараёнларда ходимлар ҳаракати, шунингдек ахборот тизимларида амалга оширилган ҳаракатлар бўйича электрон баённомалар рўйхатини юритиш;
ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларини бузиш ҳолатларини олдини олиш чораларини кўриш;
маълумотларнинг учинчи шахсларга ошкор этилишини олдини олиш;
ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасида юзага келган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик ҳодисалари, кибертаҳдидлар, киберҳужумлар аниқланган вақтда бу ҳақидаги маълумотларни зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) тақдим этиш;
ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси, ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликнинг таъминланганлик ҳолатини мазкур Низом талаблари, ички қоида ва тартибларга мувофиқлигини бир йилда камида икки маротаба ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик таваккалчиликларини ҳисобга олган ҳолда ўрганиш ва ўрганиш натижаларини далолатнома билан расмийлаштириш.
3. Хизматнинг вазифалари, ваколатлари ва мажбуриятлари кредит бюросининг ички ҳужжатлари билан белгиланади.
Кредит бюролари Хизматнинг вазифа ва мажбуриятларини тўлақонли бажариши учун зарур бўлган техник ресурслар билан таъминланиши лозим.
4. Хизмат ходимларининг сони юклатилган вазифалар, ахборот тизимлари ва ресурслари сони ҳамда ахборот хавфсизлиги тизимларининг автоматлаштирилганлик даражасидан келиб чиқиб белгиланади.
5. Хизмат ва ахборот технологиялари бўлинмалари кредит бюроси бошқарувининг турли аъзоларига бўйсуниши лозим, бунда Хизмат кредит бюросининг ижро этувчи органи раҳбарига (ёки бош директорга), ахборот технологиялари бўлинмаси эса бош директор ўринбосарига бўйсунади.
6. Кредит бюролари тизимли равишда ҳар йили камида икки маротаба ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасига ихтисослаштирилган ўқув курсларида Хизмат ходимларининг малакасини оширишни таъминлаши керак.
7. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш қонунчиликда белгиланган талаблар ҳамда кредит бюроларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашга оид ички ҳужжатлари асосида таъминланади.
8. Кредит бюролари ахборот хавфсизлигига оид ички сиёсатни ишлаб чиқиши ва Марказий банк билан келишиши лозим.
Ахборот хавфсизлиги сиёсатида кредит бюросида мавжуд бўлган барча ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича талаблар белгиланади.
9. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашга оид ички ҳужжатлар ҳамда уларда белгиланган талаблар кредит бюросининг ҳар бир ходимига таништирилиши ва ушбу талабларга ходимлар қатъий риоя қилишлари керак.
10. Ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ мазкур Низомда белгиланган барча чора-тадбирлар амалга оширилганлиги ёзма ёки электрон шаклда ўз тасдиғига эга бўлиши шарт.
11. Кредит бюролари фаолиятида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликнинг таъминланганлик даражасини баҳолаш бўйича рейтинг ахборот тизими Марказий банк томонидан юритилади.
Рейтинг ахборот тизимига кредит бюролари томонидан ўз вақтида ва тўғри (ҳаққоний) маълумотлар киритилиши лозим.
3-боб. Тармоқда хавфсизликни таъминлаш
12. Кредит бюролари тармоқ ҳамда алоқа каналларини эҳтимоли мавжуд бўлган кибертаҳдидлар ва киберҳужумлардан ҳимоя қилиш учун қуйидаги чораларни кўриши лозим:
компьютер тармоқларини сегментлаш ҳамда янги авлод тармоқлараро экран қурилмаларидан фойдаланиш;
тармоқ орқали қабул қилинган ва узатиладиган маълумотларга рухсатсиз киришни олдини олиш бўйича техник (криптографик ва бошқа) ва (ёки) ташкилий чоралар кўриш ҳамда тармоқ маълумотларини фильтрлашни таъминлаш (янги авлод тармоқлараро экран қурилмаларини қўллаш);
тармоқ қурилмаларидаги ARP (Address Resolution Protocol) жадвалларини электрон архивлаш;
Интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурсларидан ходимларнинг фойдаланишини прокси-сервер орқали амалга ошириш, иш фаолияти учун зарур бўлмаган веб-сайтларга киришни чегаралаш ва кирилган веб-сайтларни қайд этиб бориш;
ахборот тизимларини асосий ва захира алоқа каналлари билан таъминлаш;
серверларда иш фаолияти учун зарур бўлмаган портларни ёпиш ва хизматларни тўхтатиш;
ахборот тизимига кириш объектлари ва ресурсларининг ҳисобини юритиш;
масофавий хизмат кўрсатиш ва бошқа ахборот тизимларида мижозни идентификация ва аутентификация қилиш мақсадида қўлланиладиган (бир марталик ёки кўп марталик) паролларни ишлатиш тартибини белгилаш, тасдиқлаш кодларини қўллаш, бир марталик тасдиқлаш кодларини тизимга шифрланган ҳолда юбориш, коднинг фаол бўлиш вақти ва бошқаларни ёритиш;
ахборот тизимига киришда қўлланилган қурилманинг идентификация маълумотларини (IP-манзил, MAC-манзил ва бошқа идентификаторлар) қайд этиш;
тажовузларни аниқлаш ва олдини олиш тизимларини (IDS/IPS) қўллаш ҳамда базасини актуал ҳолатда бўлишини таъминлаш.
13. Тармоқлараро экран қурилмаларининг созланишлари тасдиқланиши ва рухсат берилган ахборот алмашинуви протоколлари асосланган бўлиши лозим. Созланишларга киритиладиган ўзгартиришлар кредит бюроси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
14. Асосий ва захира тармоқлараро экран қурилмаларининг созламалари бир хил бўлиши лозим. Кредит бюросида тармоқлараро экран қурилмаларининг ҳар бир созланишлари актуал ҳолда электрон архивда камида 1 йил мобайнида сақланиши керак.
15. Тармоқлараро экран қурилмалари ва прокси-сервернинг электрон баённомалари Хизмат томонидан таҳлил қилинади ва ташқи ҳужумлар аниқланганида шу куннинг ўзида Марказий банкка хабар берилади.
16. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш чораларини кучайтириш мақсадида тармоқ протоколида (TCP/IP) тармоқ транзит пакетларининг IP манзилларини ўзгартириш имконини берувчи (NAT) протоколи қўлланилиши мумкин. Бунда тармоқ орқали барча уланишларнинг электрон журналлари асл IP манзиллар кўрсатилган ҳолда юритилиши ва белгиланган тартибда электрон архивга олиниши лозим.
17. Кредит бюролари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича ички ҳужжатларида қуйидагиларни белгилашлари лозим:
тармоқни хавфсиз ва ишончли алоқа каналлари билан таъминлаш тартиби;
тизим иштирокчилари бўлган кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг ходимларини идентификация ва аутентификация қилиш тартиби;
ахборот тизимига кириш ва ундан чиқиш жараёни тартиби;
фойдаланувчини ахборот тизимига улашда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш тартиби;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик ҳодисалари, кибертаҳдидлар ҳамда киберҳужумлар билан боғлиқ таваккалчиликларни баҳолаш ва бошқариш тартиби;
таваккалчиликларни бошқариш чоралари ва усуллари;
ахборот тизимларида фойдаланувчиларнинг ягона идентификаторини ҳосил қилиш тартиби;
қайд этиладиган ҳаракатлар рўйхати;
маълумотларни рўйхатга олиш ва сақлаш тартиби;
электрон архивни юритиш (ҳажми, сақлаш муддати, йўқ қилиш) тартиби.
Кредит бюролари ахборот тизимлари ва ресурсларини йилда камида бир маротаба инвентаризациядан ўтказиши лозим.
18. Кредит бюроларида барча имтиёзли фойдаланувчиларнинг ҳаракатларини назорат қилиш ва текшириш имконини берувчи PAM (Priviliged Account Management) тизими жорий этилиши лозим. Бунда фойдаланувчиларнинг ҳаракатларини назорат қилиш Хизмат томонидан амалга оширилади. Ушбу ҳаракатлар фаол тизимда камида уч ой, электрон архивда эса бир йилгача сақланиши лозим.
4-боб. Ахборот тизимларида маълумотларни ҳимоя қилиш
19. Кредит бюролари кредит ахборотини шакллантириш, узатиш, сақлаш ва унга ишлов беришнинг барча босқичларида узлуксиз ҳимояни таъминлаш учун қуйидаги чораларни кўришлари шарт:
идентификация, аутентификация ва авторизация қилиш тизимини жорий этиш;
тизимга рухсатсиз киришнинг олдини олиш усулларини (логин, парол, кўп факторли аутентификация ва бошқа) қўллаш;
идентификация маълумотларини қалбакилаштириш, уларни рухсатсиз ўзгартириш ҳамда учинчи шахсларга тақдим этишдан ҳимоялаш;
кредит ахборотини узатишда унинг асл эгасига етказилишини таъминлаш ҳамда бошқа шахсларга жўнатилишининг олдини олиш;
кредит ахборотини сақлашда уларни рухсатсиз кўчириш, ўзгартириш, ўчириш ҳамда учинчи шахсларга жўнатилишининг олдини олиш чораларини кўриш;
ташқи сақловчига кўчирилган маълумотларни сейфда (темир шкафда) сақланишини таъминлаш ҳамда маълумотларни сақлаш учун масъул ходим (ходимлар) тайинлаш;
ахборот тизимларидаги дастурий таъминотларнинг назоратини ва ҳисобини юритиш ҳамда дастурий таъминот талқинларининг, аппарат-дастурий қурилмаларининг ва дастурий воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
ахборот тизимларининг актуал ҳолатда (охирги версияда) бўлишини таъминлаш, бунда дастурий таъминотнинг янги талқинини амалиётда ишлаб турган ахборот тизимининг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмасдан тест-синов майдонларида текширувдан ўтказиш ва ижобий натижага эришилганидан сўнг амалиётга жорий этиш;
кредит ахборотини узатиш, сақлаш жараёнларини электрон баённомаларда (log) автоматик тарзда шакллантириб бориш ва сақланишини таъминлаш;
Хизматни ташкил этиш ҳамда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ишларни назорат қилиш;
ҳисоблаш тармоғининг хавфсизлиги ва криптографик муҳофазасини таъминлаш, компьютер вирусларидан ҳимоялаш, ахборот тизимларига киришни бошқариш, техник воситаларини созлаш ва бошқа чораларни қўллаш;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашда ускуна, қурилма, аппарат-дастурий ва дастурий техник воситалар қўлланишини таъминлаш ҳамда уларни мунтазам такомиллаштириб бориш, фойдаланиш тартибларини белгилаш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва бошқа ҳолатларда улардан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш;
қўлланилаётган техник воситаларга барча телекоммуникация тармоқларидан рухсатсиз кириш, маълумотларни ўзгартириш, ўчириш ва кўчириб олишдан ҳимоялаш;
ахборотларни чиқиб кетишини (йўқолишини) олдини олиш;
ахборот тизимига рухсатсиз кириш ёки киберхавфсизлик ҳодисалари содир бўлганда, таҳлил қилиш асосида ҳимоя тизимларини мустаҳкамлаб бориш чораларини кўриш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
191. Кредит бюролари томонидан мижозларни идентификация ва аутентификация қилиш жараёнида фойдаланилган жисмоний шахсларнинг биометрик маълумотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақланиши шарт.
Мижозга тегишли биометрик бўлмаган бошқа турдаги шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон Республикаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунининг 271-моддаси учинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида сақланиши ва уларга ишлов берилиши мумкин.
(191-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 22 июлдаги 21/4-сонли қарорига (рўйхат рақами 3914, 01.08.2026 й.) асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2026 й., 10/26/3914/0809-сон)
20. Кредит бюролари ахборот тизимларидан маълумотларнинг рухсатсиз узатилиши ва тарқалишидан ҳимоялаш бўйича DLP (Data Loss Prevention) тизими жорий этилиши шарт. Маълумотларни ҳимоя қилишда:
муҳофазаланадиган маълумотларни рухсатсиз турли тармоқ каналлари орқали узатилиши, ҳисобга олинмаган ташқи ташувчига кўчирилиши, рухсатсиз чоп этилиши аниқланиши ва бу ҳақида кредит бюро раҳбариятига маълумот бериш ва келгусида шу каби салбий ҳолатлар бўлмаслигини олдини олиш чоралари кўрилиши;
муҳофазаланадиган маълумотларни сервер ва компьютерларда сақланиши назорат қилиниши лозим.
21. Кредит бюролари дастурлар ва операцион тизимларга зарар келтирувчи зарарли кодлар (компьютер вируслари) ва уларнинг салбий таъсирини олдини олиш учун қуйидаги чораларни кўриши шарт:
ҳисоблаш техникаси қурилмалари (серверлар, компьютерлар ва бошқалар), иш фаолиятига зарар етказувчи кодларни (компьютер вирусларини) аниқлаш ва уларнинг салбий таъсирини олдини олиш чораларини кўриши;
ахборот тизимларида фақат лицензияланган антивирус дастуридан фойдаланиш, уларнинг русумлари ва базалари актуаллиги ҳамда янгиланиб борилишини таъминлаши;
антивирус дастурларининг ўрнатилиши ҳамда унинг ишлаши Хизмат томонидан назорат қилиниши;
антивирус дастурларининг автоматик тарзда ишлашини таъминлаши;
тармоқ орқали келган барча ахборотларни антивирус дастури орқали текшириши;
антивирус дастурининг созламалари бунга масъул бўлмаган кредит бюроси ходимлари томонидан ўзгартириш имконияти бўлмаслигини таъминлаши;
компьютер вируси аниқланганда, ходимлар томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар тартиби белгиланиши.
22. Кредит бюроларида антивирус дастурларини марказлашган ҳолда бошқариш тизими жорий этилиши, антивирус дастурининг базаси ҳар куни янгиланиб борилиши ва версияси актуал (маънан эскирмаган) бўлиши таъминланиши лозим.
23. Антивирус дастурлари серверлар, компьютерлар ва бошқа барча антивирус дастурлари ўрнатилиши мумкин бўлган ҳисоблаш воситаларига ҳамда қурилмаларга ўрнатилган бўлиши лозим.
Антивирус дастурлари Марказий банкнинг мониторинг тизимига уланиши шарт.
24. Ахборот тизимларида ахборотни муҳофаза қилишнинг криптографик усуллари қўлланилишида қуйидагилар белгилаб олиниши лозим:
криптографик муҳофаза воситаларини автоматлаштирилган тизимларга боғлаш, ишга тушириш, ишлатиш ва фойдаланишдан чиқариш тартиби;
криптографик муҳофаза воситаларининг тўхтаб қолиши, ишдан чиқиши ва бошқа фавқулодда ҳолатларда уларни қайта тиклаш тартиби;
криптографик муҳофаза дастурларига ва техник ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тартиби;
криптографик калитларни бошқариш тартиби;
криптографик калитларни ташувчи қурилмаларни қўллаш, сақлаш, ўзгартириш ва бошқалар бўйича ташкилий ҳамда техникавий усулларни қўллаш тартиби.
25. Кредит бюролари Марказий банк ва кредит ташкилотлари билан электрон ахборот алмашинувини Марказий банкнинг «Ахборотлаштириш бош маркази» давлат унитар корхонаси билан тузилган шартнома асосида банк телекоммуникация тармоғи орқали амалга оширади. Бунда, қуйидаги хавфсизлик чоралари кўрилиши керак:
а) кредит ахбороти билан ишлаш учун фақат тегишли рухсатга эга бўлган ходимлар қўйилиши;
б) фойдаланувчиларнинг тизимга кириши учун аутентификация қилиш логин ва парол ҳамда аппарат-дастурий воситалар (токен-махсус қурилма) ёрдамида амалга оширилиши. Бунда, парол 12 та белгидан кам бўлмаган рақам ва символлар комбинациясидан иборат бўлиши ҳамда парол ва логинларни муддати тугашига қараб ўзгартириш имконияти бўлиши лозим. Паролнинг амал қилиш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим;
в) кредит ахбороти алмашинувида қатнашувчи ходимларнинг сервер ва компьютерлари телекоммуникация тармоқлари орқали ишлаши учун аппарат-дастурий воситалар билан жиҳозланиши;
г) ахборотларни қайта ишлаш, узатиш ва қабул қилиш учун ажратилган серверлар ва компьютерларга умумий локал тармоққа уланган бошқа компьютерлардан кириш имконияти бўлмаслиги;
д) кредит бюроси томонидан узатиладиган ва қабул қилинадиган ҳар қандай ахборот электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши ҳамда бажарилган ишлар бўйича маълумот автоматик равишда электрон журналга киритилиши. Бунда, электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаси қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланиш устидан назоратни таъминлаши;
электрон рақамли имзо калити сертификатини берган электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказига электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланиш режими бузилганлиги ёки бузилиши эҳтимоли борлиги тўғрисида хабар қилиши ва электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришни ёхуд мазкур сертификатни бекор қилишни талаб қилиши;
ўзи вакил бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда ва тугатилганда, бу ҳақда электрон рақамли имзо калити сертификатини берган электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказига хабар қилиши;
э) электрон рақамли имзо очиқ калитининг фойдаланувчиси электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган ҳолларда электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгасига хабар бериши;
ж) кредит бюроларининг тизимларида кредит ахборотига тегишли бўлмаган ахборотларнинг узатилиши тақиқланиши;
з) электрон ахборот алмашинувида виртуал тармоқлар (VPN) асосида ташкил этилган ва ҳимояланган алоқа каналлари қўлланилиши.
Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қўшимча ахборотни муҳофаза қилиш воситалари қўлланилиши мумкин.
26. Мазкур Низомнинг 25-бандида кўрсатилганлардан ташқари тизим иштирокчилари кредит ахбороти алмашинуви учун умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидан тегишли шартномалар асосида фойдаланишлари мумкин. Бунда:
фойдаланувчиларни тизимга киришида аутентификация қилиш логин ва парол (12 та белгидан кам бўлмаган рақам ва символлар комбинацияси) ёки аппарат-дастурий воситалар ёрдамида амалга оширилиши. Аутентификация натижаси уч марта нотўғри бўлган ҳолда, тизим беркитилиши лозим;
кредит бюроларининг фойдаланувчилар, ахборотни етказиб берувчилар ва бошқа кредит бюролари билан электрон ахборот алмашинуви криптографик ҳимоялаш ва хавфсиз узатишни кўзда тутадиган протокол (ССЛ протокол) орқали амалга оширилиши. Бунда, виртуал хусусий тармоқлар (VPN) асосида ташкил этилган ва ҳимояланган алоқа каналлари қўлланилиши керак;
серверлар орқали узатиладиган ва қабул қилинадиган маълумотлар янгиланган базали антивирус дастури билан текширилиши зарур.
27. Кредит бюролари тизим иштирокчилари билан тузилган шартномаларда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда конфиденциал, жумладан банк сирини ташкил этувчи ва шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларни белгилаши шарт.
28. Кредит бюролари ахборотлаштириш объектларига рухсатсиз кириш ҳамда фойдаланишни чегаралаш мақсадида қуйидаги чораларни кўриши керак:
ахборотлаштириш объектларига жисмонан таъсир этишни ҳамда техник жиҳозлар мавжуд бўлган бино ва хоналарга киришни назорат қилиш;
ходимларнинг ахборотлаштириш объектларига киришини назорат қилиш ва маълумотларнинг рухсатсиз тарқалишидан ҳимоялаш тизимларини жорий қилиш;
серверлар ва телекоммуникация қурилмалари жойлашган хоналарда ишлаш жараёнларини видеокузатув тизимлари ёрдамида назорат қилиш.
29. Кредит бюролари барча турдаги маълумотларни (шу жумладан, банк сирини ташкил этувчи, шахсга доир ва бошқа қонун билан муҳофаза қилинадиган маълумотларни) сақловчи ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигини таъминлашлари шарт.
30. Кредит бюролари масофадан хизмат кўрсатувчи ахборот тизимларини амалиётга жорий этиш ҳамда уларга ўзгартириш киритишдан аввал қуйидагиларни таъминлашлари шарт:
масофавий ахборот тизимларининг барча функцияларини синов (тест) тарзида тўлиқ текширувдан ўтказиш;
масофавий ахборот тизимларини техник топшириқлар, уларнинг техник топшириққа ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг натижалари бўйича олинган экспертиза хулосаларини Марказий банкка тақдим этиш;
дастурларни ишлатиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва уларнинг актуаллигини таъминлаган ҳолда мижозларга тақдим этиш;
аниқланган заифликларни бартараф этиш учун ўзгаришлар киритилишини таъминлаш;
мижозлар қўллаётган дастурларнинг актуаллигини назорат қилиш.
Кредит бюролари масофавий ахборот тизимларининг янги талқинини (версиясини) жорий этганидан сўнг эски талқиндан (версиядан) фойдаланишни чеклаши ва янги талқинга (версияга) ўтиши (янгилаши) лозим.
31. Кредит бюролари кредит ахборотидан фойдаланувчилар билан тузилган шартномаларда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича томонларнинг мажбуриятларини белгилаган бўлиши керак.
32. Кредит бюролари ахборотнинг конфиденциаллиги ва яхлитлигини, шу жумладан шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилишда ҳамда хавфсизликни таъминлашда қуйидаги чораларни кўришлари лозим:
ахборот тизимлари орқали ишлов бериладиган конфиденциал ва шахсга доир маълумотларнинг яхлитлиги ва дахлсизлигини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ички ҳужжатлар билан тартибга солинадиган ҳимояланадиган маълумотлар билан ишлашда хавфсизлик ва конфиденциалликни таъминлаш қоидалари ва талабларини ишлаб чиқиш;
конфиденциал ва шахсга доир маълумотлар билан ишловчи ходимлар сонини имкон даражасида камайтириш, ходимлар билан конфиденциал ва шахсга доир маълумотлар ошкор этилишининг олдини олиш бўйича мажбуриятномалар (шартнома) тузиш ва ушбу маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқларини ходимларнинг лавозим мажбуриятларидан келиб чиқиб белгилаш;
конфиденциал маълумотлар рўйхатини юритиш бўйича комиссия таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш;
конфиденциал маълумотлар рўйхати ва ҳажмини аниқлаш ҳамда тасдиқлаш;
конфиденциал маълумотлар билан ишлашга рухсат берилган ходимлар рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш;
ахборотлаштириш объектининг техник паспортини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
конфиденциал маълумотларни ташувчи воситаларни рўйхатга олиш, йўқ қилиш ҳамда ташқарига олиб чиқиш ва кириш журналларини юритиш;
маълумотлар яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланиш ҳамда шифрланган маълумотларни сақлаш тартибини белгилаш;
конфиденциал ва шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот ресурсларига киришда идентификация, аутентификация ва авторизация қилинишини таъминлаш;
конфиденциал ва шахсга доир маълумотлар билан ишлаш ҳуқуқларининг рухсатсиз берилишини олдини олиш;
ахборот тизимлари фойдаланувчиларининг муҳофазаланган маълумотларига кириш, ишлов бериш, уларни сақлаш ҳамда тақдим этиш жараёнидаги амалга оширилган ҳаракатларни электрон баённомаларда қайд этиб бориш;
ташқи сақловчи қурилмалар ва техник воситаларнинг бинодан ташқарига олиб чиқилишини назорат қилиш;
маълумотларни узатиш, сақлаш, ишлов бериш, ўчириш ҳамда рухсатсиз четга чиқиб кетишини олдини олиш чоралари таъминлаш.
33. Ахборот тизимлари ва ресурслари ҳамда мобил иловаларнинг дастур кодида мавжуд заифликлар дастурчилар ёрдамида ва (ёки) махсус дастурий таъминотда текширилиши, аниқланган заифликлар бартараф этилиши ҳамда ҳар бир текширув натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилиши лозим.
5-боб. Маълумотлар базасини бошқариш тизими
34. Кредит бюролари ахборот тизимининг маълумотлар базаси созланишларида хатоликларнинг олдини олиши ва тажовузкорнинг қуйидаги ҳаракатларини чеклашлари шарт:
маълумотлар базасига кириш;
маълумотлар базасининг махсус интерфейсини қўллаш, буйруқлар киритиш ва дастурларни ишлатиш;
администратор ва фойдаланувчилар паролларини билиб олиш;
маълумотлар базасининг тизим файлларига кириш;
зарарли дастурлар ўрнатиш;
сервернинг илова дастурларига эгалик қилиш;
маълумотлар базаси ва серверга масофадан ҳужум қилиш.
Кредит бюролари ахборот тизимининг маълумотлар базасига киритиладиган барча дастурий ўзгартиришларни ҳужжатлаштириши ва ўзгартиришларнинг ҳисобини юритиши шарт.
35. Кредит бюролари ахборот тизимининг маълумотлар базасига киритилган дастурий ўзгартиришларни тестдан (синовдан) ўтказиш, ижобий натижага эришилганидан кейин базага киритиш ҳамда киритилган ўзгартиришларни ҳужжатлаштириш ва ҳисобини юритиш Хизмат томонидан ахборотлаштириш бўйича масъул ходим билан биргаликда амалга оширилади.
36. Маълумотлар базасида ўрнатилган сервернинг иш жараёни учун зарур бўлмаган хизматлар тўхтатилиши ва ахборот портлари ёпиб қўйилиши лозим. Ишлатиладиган ахборот портларининг рўйхати ва фойдаланиш мақсади кўрсатилган ҳолда кредит бюроси директори томонидан тасдиқланади.
37. Маълумотлар базасининг администратори ва маълумотлар базасида ахборот хавфсизлигини таъминловчи ходимларнинг вазифа ва ваколатлари кредит бюросининг ички ҳужжатлари билан белгиланади.
38. Маълумотлар базаси администраторининг пароли 12 та белгидан кам бўлмаслиги лозим, бунда паролнинг белгилари сифатида пастки ва юқори регистр ҳарфлари, рақамлар ва махсус белгилардан (@,#, $, &, % ва ҳ.к.) қўлланилади.
6-боб. Ахборот тизимларида ваколатларни чеклаш ва рўйхатга олишда хавфсизликни таъминлаш
39. Кредит бюролари ахборот тизимларида ишлаш жараёнида, шу жумладан ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш жараёнида ваколатларни чегаралаш учун қуйидаги чораларни кўришлари лозим:
ахборот тизимларида ишлаш ҳуқуқларини белгиловчи тартиб ва қоидаларни ишлаб чиқиш ва уларни лавозим йўриқномаларида акс эттириш ҳамда тегишли ҳужжатга (ариза, талабнома ёки бошқа шаклга) асосан тизимдан фойдаланиш тартибини таъминлаш;
ахборот тизимларида ишлаш ҳуқуқи берилган масъул ходимлар рўйхатини шакллантириш;
ахборот тизимларида ишлаш ҳуқуқларини белгилаш ва тақсимлаш билан боғлиқ ҳаракатларни рўйхатга олиш;
ахборот тизимларида ишлаш ҳуқуқлари мантиқан ва иш вазифасидан келиб чиқиб тўғри белгиланганлигини даврий (ҳар чоракда бир маротаба) текшириб туриш;
ахборот тизимларининг ишлаши ва синовдан ўтказилиш даврида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда берилган ахборот тизимларида ишлаш ҳуқуқлари тўғрилигини назорат қилиш;
ахборот тизими фойдаланувчилари ахборот тизими томонидан берилган ҳуқуқларни ўзгартириш имкониятига эга бўлмаслигини таъминлаш ҳамда бу ҳуқуқларни бегона шахсларга беришни чеклаш чораларини кўриш.
40. Кредит бюролари ўзларининг ахборот тизимларига ўзгартириш киритиш учун бошқа ташкилотларни жалб қилганда қуйидагиларни амалга оширишлари зарур:
конфиденциал ва шахсга доир маълумотларни ошкор этмаслик бўйича битим тузиш;
ахборот тизимларида муҳофаза қилинадиган маълумотлар билан ишлашни белгиланган тартибда рухсат бериш асосида амалга ошириш;
тегишли лицензия ва (ёки) бошқа рухсатномага эга бўлган (агар ушбу фаолият лицензия ёки тегишли рухсатнома асосида амалга оширилса) ташкилотларни жалб қилиш;
ахборот тизимларини лойиҳалаш босқичида маълумотларнинг конфиденциаллигини таъминлаш чораларини ишлаб чиқиш;
кўриладиган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича чоралар (амалга ошириладиган ишлар, ўрнатиладиган дастурлар, қурилмалар ва бошқалар) ва аниқ кўрсатилган техник топшириқни қабул қилиш (тест синовларини амалга ошириш режаси) ҳамда бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш;
дастурий таъминотни ишлаб чиққан ва унга ўзгартириш киритган (киритадиган) ташкилотлар рўйхатини тузиш;
ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг тахминий муддатларини ҳамда шартларини белгилаб олиш;
жалб қилинган ташкилот ходимлари томонидан ахборот тизимларига киритиладиган ўзгартиришларнинг асослилигини, мавжуд техник топшириқларга мослигини, ахборот тизимига алоқадор бўлмаган дастурлар (тизим функциялари) киритилмаслиги ва тест синовлари натижаларининг ижобийлигини Хизмат ҳамда ахборотлаштириш бўйича масъул ходим томонидан назоратга олиш.
41. Ахборот тизимларига ўзгартириш киритган ташкилот ўз вазифасини амалга оширганидан сўнг ёки у билан тузилган шартнома муддати тугаганида, унга маълум бўлган барча конфиденциал маълумотлар (идентификатор, пароллар ва бошқалар) ҳамда тизимга кириш имкониятлари Хизмат томонидан ўзгартирилиши лозим.
42. Ахборот тизимларига кириш ҳуқуқи мавжуд бўлган фойдаланувчиларни ҳар йили камида бир маротаба хатловдан (инвентаризациядан) ўтказиш ва ҳуқуқларини қайта кўриб чиқиш лозим.
43. Ахборот тизимидан банк сирини ташкил этувчи ва шахсга доир маълумотларни олиш жараёнида аномал (фрод) ҳолатларни аниқлаш механизми жорий этилиши лозим.
7-боб Интернет тармоғидан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш
44. Кредит бюролари электрон почта тизими серверини ўзининг локал ҳисоблаш тармоғида яратади.
Кредит бюролари интернет тармоғи ва электрон почта тизимларидан фойдаланишда ахборот муҳофазасини таъминлаш, ходимларни тизимга киритиш, уларга чекловлар қўйиш, ходимлар ҳаракати ва тизим ахборот хавфсизлиги устидан назорат қилишни ўзининг ички ҳужжатларида белгилайди.
45. Кредит бюролари томонидан конфиденциал ва шахсга доир маълумотлар рухсат берилган ахборот тизимлари орқали юборилиши шарт.
46. Файлларни узатиш протоколи (FTP) серверида ташкил қилинган умумий каталог орқали файл алмашинувини амалга ошириш ва банк сири маълумотларини тармоқда эркин ўқиш учун жойлаштириш тақиқланади.
47. Кредит бюролари томонидан интернет ва электрон почта орқали юборишга тайёрланган ёки қабул қилинган ҳар бир электрон маълумот антивирус дастури ёрдамида текширилиши шарт. Электрон почта орқали қабул қилинган маълумотлар зарар келтирмаслиги учун қумдонда (Sandbox тизими) текширилиши лозим.
48. Кредит бюролари ўзининг электрон почта тизими ҳамда интернет тармоғидан фойдаланиш тартибини ички ҳужжатлари билан белгилайди ҳамда электрон почта орқали юборилган ва қабул қилинган маълумотларни Хизмат томонидан назорат қилинишини таъминлайди. Бунда фақат рухсат берилган фойдаланувчилар интернет тармоғидан фойдаланиши ва интернет тармоғидан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилиши керак.
49. Интернет тармоғи ва банк телекоммуникация тармоғи алоҳида маршрутизатор (router) ва алоҳида тармоқлараро экран (firewall) қурилмалари орқали жисмонан уланиши шарт.
50. Ахборот муҳофазасини кучайтириш мақсадида тармоқ протоколида (TCP/IP) тармоқ транзит пакетларининг IP манзилларини ўзгартириш имконини берувчи тармоқ адресларини ўзгартириш протоколи (NAT) қўлланилиши мумкин. Бунда тармоқ орқали барча уланишларнинг электрон журналлари асл IP манзиллар кўрсатилган ҳолда юритилиши ва белгиланган тартибда электрон архивга олиниши шарт.
51. Интернет тармоғидан фойдаланиш тартиби назоратга олинган бўлиши ва кредит бюроси ходимларининг интернет тармоғидан фойдаланишлари уларнинг лавозим йўриқномасига асосан белгиланади.
Интернет тармоғидан фойдаланган ходимнинг логини, фойдаланиш вақти, ресурс номи ва бошқа маълумотлар акс эттирилган электрон баённомалар юритилиши керак. Хизмат ушбу электрон баённомаларни таҳлил қилиб боради.
52. Интернет тармоғидан фойдаланишда ахборот муҳофазасини таъминлаш янги авлод тармоқлараро экран қурилмалари, прокси-сервер, антивирус, тажовузларни аниқлаш ва олдини олиш (IDS/IPS), anti-spam, anti-bot ва бошқа ахборот хавфсизлиги тизимларини қўллаш йўли билан амалга оширилади.
8-боб. Ахборот тизимлари ва ресурслари мониторинги
53. Кредит бюролари конфиденциал маълумотлардан ва ўта муҳим мантиқий ҳамда жисмоний ресурслардан (ахборот тизимлари, маълумотлар базаларидан, ахборотни ҳимоя қилиш модулларидан) фойдаланиш мониторингини амалга оширади. Бунда мониторинг қилишда қуйидагилар белгиланади:
ахборот инфратузилмасининг ахборотга ишлов бериш, уларни сақлаш ва тармоқда узатиш учун қўлланиладиган дастур ва қурилмалар ҳисобини юритиш;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик ҳодисаларини таҳлил қилиш, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда огоҳлантириш имконини берувчи SIEM (Security Information and Event Management) ёки бошқа тизимларни жорий қилиш;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлиги ҳолатини мониторинг қилишни амалга оширувчи тизим маълумотларини таҳлил қилиб бориш ва аниқланган ҳолатларни (тармоққа рухсатсиз кириш ва киришга уриниш, тизимдаги тўхталишлар, ахборот ресурсларининг етишмовчилиги, тармоқдаги узилишлар, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигини таъминлашдаги чекланишлар ва бошқа ҳодисалар) бартараф этиш ва (ёки) уларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриш;
конфиденциал маълумотлардан ва ўта муҳим мантиқий ҳамда жисмоний ресурслардан (тармоқлар, ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва ахборотни ҳимоя қилиш модулларидан) рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриш;
фойдаланувчи операцияни амалга оширган сана (кун, ой, йил) ва вақт (соат, дақиқа, сония), унинг амалга оширган операцияси фойдаланувчига автоматлаштирилган тизимларда ҳамда ахборот дастурларида берилган идентификация рақами, тизимларга киришда мавжуд бўлган идентификация маълумотлари (IP-манзил, MAC-манзил ва бошқа), автоматлаштирилган тизимлар томонидан фойдаланувчига ҳуқуқ берилиши билан боғлиқ ҳаракатларни қайд этиш;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик ҳолатини мониторинг қилиш тизимларини Марказий банк «CERT-CBU» киберхавфсизлик марказининг мониторинг тизимига боғланишини таъминлаш;
ахборот дастурлари ва автоматлаштирилган тизимлар ишлатилиши билан боғлиқ фойдаланувчиларнинг ҳаракатини (операция) қайд этиш.
9-боб Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик ҳодисаларини бошқариш
54. Кредит бюролари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашга доир талабларнинг бузилиши билан боғлиқ бўлган ҳодисаларни аниқлаш мақсадида қуйидаги ишларни ташкил этиши шарт:
қўлланилиши зарур бўлган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик бўйича ташкилий чораларни аниқлаш;
мавжуд техник қурилмаларни ишлатиш, созлаш ҳамда улардаги маълумотларни қайд этиш;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни аниқлаш чораларини кўриш ҳамда ушбу ҳолатлар кредит бюроси ходимлари томонидан аниқланганда Хизматни хабардор қилиш;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар юзага келганда, уларни бартараф этиш, юзага келиш сабабларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда аниқланган ҳодисалар юзага келмаслиги бўйича тегишли чоралар кўриш;
аниқланган ҳодисаларни рўйхатга олиб бориш (реестрини юритиш);
аниқланган ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни сақлаш тартибини белгилаш;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашнинг бошқа чораларини кўриш.
Кредит бюролари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар тўғрисида Марказий банкка зудлик билан ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши шарт.
55. Кредит бюролари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича талабларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қуйидагиларни белгилаши шарт:
ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик таваккалчиликларини бошқариш тартиби ва уларни баҳолаш мезонлари;
ахборот тизимида нохуш ҳодисалар юзага келганда ўзаро ҳаракатланиш тартиби;
содир бўлган нохуш ҳодисаларга нисбатан таъсир чораларини кўриш бўйича амалга ошириладиган ҳаракатлар рўйхати;
ишнинг узлуксизлигини таъминлаш, ахборотни қайта тиклаш ҳамда бошқа салбий ҳолатларни бартараф этиш чоралари;
ходимлар томонидан мавжуд ахборот тизимларида ишлашда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талаблари;
юзага келган ҳодисаларнинг келиб чиқиш омилларини аниқлаш мақсадида тармоқ қурилмалари ва ахборот тизимларининг электрон баённомаларини расмийлаштириш, йиғиш, таҳлил қилиш ҳамда уларга асосан тегишли кўрсатмалар.
56. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашга доир талабларнинг бузилиши билан боғлиқ аниқланган ҳодисалар сабабларини таҳлил қилиш ҳамда уларга таъсир кўрсатиш натижаларини баҳолаш лозим. Бунда аниқланган ҳодисалар сабабларини таҳлил қилиш ҳамда уларга таъсир кўрсатиш натижаларини баҳолаш тизими қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:
аниқланган ҳодисаларга нисбатан таъсир чоралари кўрилгандан кейин ушбу ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларини Хизмат томонидан тегишли бўлинмалар билан биргаликда таҳлил қилиш тартиби;
ахборот тизимларининг тегишли электрон баённомаларини ўрганиш ҳамда аниқланган ҳодисанинг юзага келишига сабабчи бўлган ходимлардан тушунтиришлар олиш;
ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларига ойдинлик киритиб, бундай ҳолатлар юзага келмаслиги ёки юзага келганда унинг зарар келтириш имкониятларини камайтириш чораларини кўриш (шу жумладан, тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда);
ҳодисаларнинг салбий таъсир кўрсатиш даражасига қараб таснифлаш ва баҳолаш мезонига асосан уларни баҳолаш.
Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашга доир талабларнинг бузилиши билан боғлиқ аниқланган ҳодисаларга нисбатан кўрилган таъсир чоралари, уларни баҳолаш натижалари ва бошқа қўшимча маълумотлар чоп этилиши ҳамда алоҳида йиғмажилдда сақланиши зарур.
10-боб. Ахборот тизимининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш ва электрон архив юритиш
57. Ахборот тизимларининг узлуксиз ишлаши ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилиши шарт:
асосий ахборот тизимлари ишдан чиққан ҳолатларда хизматлардан фойдаланишни камида 99,9 фоиз даражада таъминлай олиш имкониятига эга захира сервер қувватларига эга бўлиши;
реал вақт режимида маълумотларни қайта ишловчи ахборот инфратузилмасида камида 30 фоизгача захира жой бўлиши;
ахборот тизими билан боғлиқ тармоқ ва бошқа қурилмалар носоз ҳолатга келганда, уни иш жараёнига келтириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш;
операцион тизим, дастурий таъминотлар, ахборот тизимларининг дастурлари, маълумотлар (маълумотлар базаси, созламалари, электрон баённомалар) нусхаларини захирага (backup) олиш ва электрон архивда сақлаш ҳамда уларни қайта тиклаш тартибини (механизмини) ишлаб чиқиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва назоратини олиб бориш;
захира тикланиш режаси, техник қурилма ва ускуналарга эга бўлиш;
маълумотларнинг захирага олинган (backup) нусхаларини техник носозликларда ва фавқулодда вазиятларда қайта тиклаш режасини ишлаб чиқиш ва даврий (бир йилда бир маротаба) равишда ахборот тизимини қайта тиклаб текшириш;
захира нусхаларини сақлаш муддати, тартиби ва захирадан ечиш қоидаларига риоя қилиш;
дастурларга ўзгартириш киритишни синов (тест) учун мўлжалланган серверларда текшириш;
тизимдаги қурилма ва ускуналарнинг ишлашини назорат қилиш;
ахборот тизимининг узлуксизлигига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ҳолатларни олдини олиш ва ахборот муҳофазасини таъминлаш;
дизел электр станцияси ва (ёки) бошқа электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш воситаларидан (UPS ва бошқалар) фойдаланиш;
ишлов берилган маълумотларни сақлаш ва уларнинг электрон архивда юритилишини таъминлаш;
мижозларнинг ҳаракатига тегишли бўлган маълумотларни камида беш йил сақланишини таъминлаш;
электрон архив юритишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашга доир талабларга риоя этилиши бўйича ишчи гуруҳ тузган ҳолда бир йилда камида икки маротаба текшириш ва натижалари тўғрисида Марказий банкка маълумот бериш;
ахборот узатиш захира тармоқларига эга бўлиш.
58. Кредит бюролари асосий ахборот тизимлари жойлашган жойдан 50 километрдан кам бўлмаган масофада жойлашган ҳудудлардаги шаҳар марказларида захира ахборот тизимларини ташкил этиши лозим. Бунда асосий ва захира ахборот тизимлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилади.
Ахборот тизимларидаги маълумотлар (электрон баённомалар ва ҳ.к) электрон архивларда камида икки нусхада (хусусан, асосий ва захира ахборот тизимларининг ҳар бирида битта нусхадан) сақланиши мумкин.
59. Кредит бюроси ўз фаолияти давомида шаклланадиган барча ахборот ва ҳужжатларни рақамли шаклда тартибли равишда сақлаш мақсадида электрон архив тизимини ташкил этиши ва юритиши шарт.
Электрон архивда қуйидаги маълумотлар мажбурий равишда сақланиши лозим:
фойдаланувчиларнинг тизимга кириш ва чиқиш журналлари (баённомалари);
ёзувлар устида амалга оширилган ҳаракатлар (яратиш, ўзгартириш, ўчириш) бўйича баённомалар (логлар);
кредит тарихига оид барча кирувчи ва чиқувчи сўровлар;
кредит тарихини тузатиш ёки рад этиш бўйича ариза ва қарорлар;
электрон почта орқали қабул қилинган ва юборилган ҳужжатлар;
ARP (Address Resolution Protocol) жадваллари, тизим хатоликлари ва рухсатсиз кириш уринишлари ҳақида техник баённомалар (loglar);
захиралаш ва тиклаш бўйича амалиётлар журнали.
60. Захира нусхаларни сақлаш, юритиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ талаблар қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) захира нусхаларни сақлаш муддати:
тизим конфигурацияси, электрон баённомалар ва лог файллар — бир йил;
молиявий ва мижозларга оид операцион маълумотлар — беш йил;
ички хизматлар фаолиятига тегишли жорий маълумотлар — олти ойни ташкил этади;
б) захира нусхаларини тиклаш ва ўчириш фақат ваколатга эга бўлган масъул ходимлар томонидан амалга оширилиши лозим. Бунда, барча ҳаракатлар расмийлаштирилиши ва электрон баённомалар (лог)да қайд этилиши керак;
с) сақлаш муддати якунига етган захира нусхалар уларнинг махфийлик даражаси ва ахборот хавфсизлиги талаблари инобатга олинган ҳолда қайта тиклаб бўлмайдиган қилиб йўқ қилинади. Бунда, барча жараёнлар электрон баённомалар (log)да қайд этилади.
61. Кредит бюроларининг фаолияти тугатилганда, улардаги мавжуд электрон архивнинг ахборот ресурслари қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли давлат ёки нодавлат архивларига топширилади.
Кредит бюролари қайта ташкил этилганда, уларнинг электрон архив маълумотлари тегишли давлат архивлари билан келишилган ҳолда мазкур ташкилотнинг ҳуқуқий ворислари электрон архивига топширилади.
11-боб. Сервер хоналарининг хавфсизлик талаблари
62. Кредит бюролари ҳудудидаги сервер хонасида бюронинг ахборот тизимлари, маълумотлар базаси, веб-серверлари ва бошқа серверлар жойлаштирилади.
Агар серверлар Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳамда банк телекоммуникация тармоғига уланган маълумотларни қайта ишлаш марказларида жойлаштирилса, маълумотларни қайта ишлаш марказлари сервер жойлашган хоналарнинг хавфсизлигини халқаро талаблар доирасида таъминлаши лозим.
63. Кредит бюролари сервер хонанинг кафолатли электр таъминоти тизимини жорий этиши лозим, бунда турли электр подстанциялардан электр таъминотининг иккита киришлари ва битта автоматик тарзда ишга тушувчи дизел электр станцияси мавжуд бўлиши керак. Электр энергиясининг барча учта манбаи электр таъминотининг асосий (захира) фидерига автоматик тарзда қайта уланиши таъминланиши керак.
64. Электр таъминоти линияларининг, автоматик дизел электр станцияси ва унинг захираси автоматик киришининг параметрлари ускуна ва сервер хонаси тизимларининг истеъмол қилинадиган умумий қувватидан келиб чиқиб аниқланиши ва қувват бўйича захиранинг камида 10 фоизини таъминлаши керак.
65. Кредит бюролари узлуксиз ишлаши учун камида бир суткага етадиган ёқилғи захирасига эга бўлган дизел электр станцияси билан таъминланиши лозим, бунда кредит бюросида электр қуввати бўлмаганда дизел электр станцияси автоматик равишда ишга тушиши керак.
66. Кредит бюролари сервер хонасини узлуксиз электр таъминоти манбаи (UPS) билан жиҳозлашлари лозим.
Бунда электр таъминоти манбаи (UPS) қуввати барча таъминланадиган ускуна ва келажакдаги эҳтиёж учун захира ҳисобга олинган ҳолда жорий қилинган бўлиши керак. Электр таъминоти манбаи (UPS) орқали автоном ишлаш вақтини аниқлашда эҳтиёжлар, шунингдек захира линияларга ёки автоматик дизел электр станциясига ўтиш ва қайта ўтиш учун керак бўладиган вақт ҳисобга олинади.
67. Сервер хонасига кириш фақат тасдиқланган рўйхатга мувофиқ амалга оширилади.
Сервер хонасига киришга рухсат берилган ходимлар рўйхатида бўлмаган шахслар сервер хонасига кириш зарурати пайдо бўлган ҳолларда уларнинг кириши асосланган ҳолда талабнома билан расмийлаштирилиши лозим. Ушбу талабнома ахборот технологиялари бўлинмаси раҳбари томонидан кўриб чиқилиши ва имзоланиши, шунингдек Хизмат раҳбари билан келишилиши зарур. Сервер хонасига кириш сервер администратори кузатуви остида амалга оширилади.
68. Сервер хонасига ходимлар киришни назорат қилиш тизими орқали назоратдан ўтган ҳолда (биометрик ёки бошқа усуллардан) кириши керак.
69. Сервер хонасига ахборот тизимларига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ходимлари киритилганда, бу ҳақда рўйхатга олиш журналига сервер хоналарига кириш ва чиқиш санаси, вақти, амалга оширилган ишлар номи, бажарувчининг фамилияси, исми, лавозими, ташкилот номи ёзилиши ҳамда ушбу ходимнинг имзоси қўйилиши керак.
70. Сервер хонаси қуйидаги жиҳозланиш талабларига жавоб бериши шарт:
мустаҳкам деворлар ва ишончли тўсиқларга эга бўлиши;
ишончли (кодли) қулфлар ўрнатилган мустаҳкам эшиклар билан жиҳозланиши;
деразалар хонага киришдан ҳимоя қилиш воситаларига эга бўлиши, шунингдек бегона шахсларнинг кўз ёки махсус қурилмалар билан кузатишидан ҳимоя қилувчи дераза пардалари, қўриқлаш ва огоҳлантириш қурилмалари билан жиҳозланиши;
ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлиши.
71. Сервер хонасига ўрнатилган видеокузатув тизими қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
серверлар билан бевосита жисмоний контактлар ёзиб борилиши;
узлуксиз видеокузатув амалга оширилиши;
серверларнинг (сервер шкафларининг) олди ва орқа тарафини кеча-ю кундуз назорат қилиш имконияти бўлиши;
видеокамераларнинг тасвирга олиш имкониятлари технологик қурилмаларга хизмат кўрсатаётган ходимларнинг юзларини ишонч билан фарқлашига етарли бўлиши.
72. Сервер хонасининг видеокузатув қурилмалари маълумотлари ахборот тизими локал тармоқлардан ажратилган ва ташқи таъсирлардан ҳимоя қилинган бўлиши ҳамда электр таъминоти узилган вақтдан бошлаб 12 соат ичида энергияга боғлиқ бўлмаган ҳолда автоном равишда ишлаш имкониятига эга бўлиши, шунингдек видеоархив 2 ойдан кам бўлмаслиги лозим.
73. Сервер хонасининг видеоархив маълумотларини юритиш ва ундан фойдаланиш Хизмат томонидан амалга оширилади.
74. Сервер хонаси ёнғинга қарши қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
75. Совитиш ва вентиляция қуйи тизимига қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:
а) сервер хонасида қуйидаги иқлим шароитларига риоя қилиниши керак:
хонадаги ҳаво ҳарорати: 18 — 24°C;
ҳароратнинг йўл қўйиладиган оғишлари: ± 2°C;
ҳавонинг нисбий намлиги 40 — 50 фоиз.
Ҳавони совитиш тизимининг ҳақиқий совитиш қуввати сервер хонасида жойлашган барча ускуналар ва тизимларнинг умумий иссиқлик чиқаришидан ортиқ бўлиши керак;
б) сервер хонасининг ҳавосини совитиш тизими 100 фоиз захиралашдан фойдаланган ҳолда бажарилади (ҳар бири мустақил равишда хонанинг ҳаво режимини таъминлай оладиган иккита мустақил кондиционер).
76. Кредит бюроларининг бинолари ҳимоя қилинишида улар зарурий ускуналар, ташкилий-техник воситалар билан жиҳозланиши ва тегишли дастурий таъминотлардан фойдаланилиши лозим.
12-боб. Кредит ахбороти фойдаланувчиларига қўйиладиган талаблар
77. Кредит ахборотидан фойдаланувчилар кредит бюроларининг ахборот тизимларига рухсат этилмаган ҳолда кириш, кредит ахборотини йўқ қилиб юбориш, ўзгартириш, ундан бошқа шахслар фойдаланиши ёки уни ошкор этилишини олдини олиш учун ташкилий ва техник чоралар кўриши лозим.
78. Кредит бюролари кредит ахборотидан фойдаланувчилар учун ахборот тизимида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича талабларни белгилаши ҳамда ижросини назорат ва мониторинг қилиши лозим.
Мониторинг натижасида салбий ҳолатлар аниқланганда, ушбу фойдаланувчига нисбатан чоралар кўради, жумладан уни ахборот тизимига киришини чеклайди.
13-боб. Якуний қоида
79. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.09.2025 й., 10/25/3679/0865-сон; 03.08.2026 й., 10/26/3914/0809-сон)