Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 24 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3301-1]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 30 апрелдаги 8/1-сон қарори (рўйхат рақами 3301, 2021 йил 7 май) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2021 й., 10/21/3301/0451-сон) билан тасдиқланган Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 9 сентябрь,
21/5-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 9 сентябрдаги 21/5-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Қоидалар очиқ валюта позициялари лимитларини, уларни ҳисоблаш ҳамда банклар томонидан очиқ валюта позициялари лимитларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатларини белгилайди.».
2. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
валюта позицияси — банкнинг чет эл валютасидаги ва аффинланган (аффинаж қилинган) қимматбаҳо металлар (бундан буён матнда қимматбаҳо металлар деб юритилади) бўйича талаб ва мажбуриятларининг ўзаро нисбатини ифодаловчи кўрсаткич бўлиб, у банкнинг чет эл валютаси олди-сотди операцияларини ҳамда бошқа операцияларни амалга ошириши натижасида чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича талаблари ва мажбуриятлари миқдори ўзгариши оқибатида юзага келади;
очиқ валюта позицияси — банкнинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича талаблари миқдори унинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича мажбуриятлари миқдорига мос (тенг) бўлмаган ҳолатдаги валюта позицияси;
узун валюта позицияси — банкнинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича талаблари миқдори унинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича мажбуриятлари миқдоридан ортиқ бўлган ҳолатдаги очиқ валюта позицияси;
қисқа валюта позицияси — банкнинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича мажбуриятлари миқдори унинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича талаблари миқдоридан ортиқ бўлган ҳолатдаги очиқ валюта позицияси;
очиқ валюта позициялари жами миқдори — барча турдаги чет эл валюталари ва қимматбаҳо металлар бўйича очиқ валюта позициялари йиғиндиси;
қисқа валюта позициялари жами миқдори — барча турдаги чет эл валюталари ва қимматбаҳо металлар бўйича қисқа валюта позициялари йиғиндиси;
узун валюта позициялари жами миқдори — барча турдаги чет эл валюталари ва қимматбаҳо металлар бўйича узун валюта позициялари йиғиндиси;
банкнинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича талаблари — банкнинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича активлари ҳамда «кўзда тутилмаган ҳолатлар» ҳисобварақларидаги талаблар;
банкнинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича мажбуриятлари — чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича мажбуриятлар ҳамда «кўзда тутилмаган ҳолатлар» ҳисобварақларидаги мажбуриятлар;
очиқ валюта позициялари лимитлари — ҳар бир турдаги чет эл валютаси ва қимматбаҳо металлар бўйича очиқ валюта позициялари ва очиқ валюта позициялари жами миқдорининг банк регулятив капиталига нисбатини ўзида ифодаловчи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан ўрнатиладиган лимитлар;
«кўзда тутилмаган ҳолатлар» ҳисобварақларидаги талаб ва мажбуриятлар — чет эл валютасидаги ва базавий активи қимматбаҳо металл бўлган ҳосилавий (дериватив) молиявий воситалари (фючерс, форвард, своп, опсионлар ва бошқалар) бўйича олди-сотди шартномалари тузилиши натижасида банкда юзага келадиган талаб ва мажбуриятлар.».
3. 2-бандда:
иккинчи хатбоши «чет эл валютасини» деган сўзлардан кейин «ва қимматбаҳо металлни» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ҳисоб-китобларни амалга ошириш усули ва шаклидан қатъий назар чет эл валютасидаги ва базавий активи қимматбаҳо металл бўлган ҳосилавий (дериватив) молиявий воситалари (фючерс, форвард, своп, опсионлар ва бошқалар) билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш натижасида чет эл валютасида ҳамда қимматбаҳо металл бўйича юзага келувчи талаб ва мажбуриятлар;».
4. 3-банд «ҳар бир чет эл валютаси» деган сўзлардан кейин «ва қимматбаҳо металлар» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
5. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Очиқ валюта позициясини ҳисоблашда банкнинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича мажбуриятлари миқдори унинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича талаблари миқдори билан таққосланади. Бунда қисқа валюта позицияси «-» белгиси билан, узун валюта позицияси «+» белгиси билан кўрсатилади.».
6. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Очиқ валюта позицияси ҳисоб-китобида банкнинг чет эл валютасидаги ва қимматбаҳо металлар бўйича талаб ва мажбуриятлари миқдори «Валюталар савдоси ва валюта позициялари» ҳамда «Кўзда тутилмаган ҳолатлар» ҳисобварақларидаги қолдиқ асосида аниқланади. Ушбу ҳисобварақларда валюта ва қимматбаҳо металлар олди-сотдиси ва бошқа валюта қимматликлари билан боғлиқ операцияларга оид битимларда, шу жумладан, битим шартларига кўра, у ёки бу шаклда чет эл валютасини айирбошлаш (конверция) назарда тутилган операциялардаги миқдор ҳисоби юритилади.».
7. 7-банд «чет эл валютасини» деган сўзлардан кейин «ва қимматбаҳо металларни» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
8. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Банкларнинг миллий валютанинг чет эл валюталарига нисбатан қиймати ва қимматбаҳо металларнинг нархи ўзгариши билан боғлиқ бўлган валюта ҳамда бозор таваккалчиликларини чеклаш мақсадида Марказий банк бошқарувининг қарори билан банклар учун очиқ валюта позициясининг қуйидагилар бўйича лимитлари белгиланади:
ҳар бир турдаги чет эл валютаси ва қимматбаҳо металл;
очиқ валюта позицияларининг жами миқдори;
қисқа валюта позициялари жами миқдори;
узун валюта позициялари жами миқдори.
Бунда ҳосилавий (дериватив) молиявий воситалар (фючерс, форвард, своп, опсионлар ва бошқалар) бўйича очиқ валюта позицияларини ҳисоблашда мазкур воситалар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш натижасида юзага келувчи талаб ва мажбуриятлар ўртасидаги фарқ олинади.».
9. 14-банднинг учинчи хатбошиси «чет эл валютаси» деган сўзлардан кейин «ва қимматбаҳо металл» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.09.2025 й., 10/25/3301-1/0866-сон)