Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Андижон вилояти Асака туманидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида» 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-132-сон қарорига мувофиқ Андижон вилояти Асака туманидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланиш, саноатлашган интенсив боғ ва узумзорлар барпо қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, аграр соҳадаги тадбиркорлик субъектларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада агросаноат соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ҳамда саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 30 сентябрдаги ПФ-151-сон Фармонига мувофиқ республикада саноатлашган янги интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш ҳамда молиялаштириш бўйича янги тизим жорий этилгани, захирадаги ер участкалари янги боғларни барпо этиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) ёки у томонидан танланган тадбиркорлик субъектига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўғридан-тўғри ижара ҳуқуқи билан ажратилиши;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида» 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-132-сон қарорида Агентликка ер майдонлари ажратиб, интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этиш ҳамда лизинг орқали аҳолига бериш белгилангани;
в) Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2025 йил 23 апрелдаги 255-сон қарори билан Республика ҳудудларида саноатлашган янги интенсив (сермаҳсул) боғ ва токзорларни барпо этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқлангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Андижон вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Андижон вилояти Асака туманининг «Янгиобод» маҳалла фуқаролари йиғинидаги «Бобур» массиви ҳудудида жойлашган ва туман ҳокимлиги захирасида бўлган иловага мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 54,3 гектар ер участкасини саноатлашган интенсив боғ ва узумзор барпо қилиш учун Агентликка 30 (ўттиз) йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
3. Андижон вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:
ушбу қарорда назарда тутилган ер участкаларини хатловдан ўтказиб, Асака тумани ҳокимлиги ва Агентлик ўртасида ер ижара шартномаси тузилишини;
белгиланган тартибда ер участкасига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилишини;
ер участкаларининг чегаралари натурада (жойнинг ўзида) белгиланиши таъминласин.
4. Агентлик:
ажратилган ер майдонларида саноатлашган интенсив боғ ва узумзор барпо қилиш учун ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда мева ва узум навлари танланишини таъминласин;
лойиҳанинг тасдиқланган техник-иқтисодий асосларига мувофиқ 2025 йил якунига қадар интенсив мевали боғ ва узумзорларни барпо қилиб, уларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда 100 нафар фуқарога лизинг асосида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали беришни ташкил этсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 5 сентябрь,
567-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 567-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Саноатлашган боғ ва узумзорлар барпо қилиш учун Андижон вилояти Асака тумани ҳокимлиги захирасида бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобидан Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ажратиладиган ер участкалари
Т/р | Ердан фойдаланувчи номи | Ер участкаси манзили | Контур рақами | Умумий ер майдони, гектар | Шундан: | |||||
туман (шаҳар) номи | маҳалла номи | суғориладиган экин ерлари | кўп йиллик дарахтзор | сув ости ерлари | йўллар | бошқа ерлар | ||||
1. | Асака тумани ҳокимлиги | Асака тумани | «Янгиобод» МФЙ, «Бобур» массиви | 14 | 7 | 6,4 | 0,2 | 0,2 | 0,2 | |
2. | 19қ | 2,6 | 2,6 | |||||||
3. | 26 | 4,7 | 3,9 | 0,3 | 0,1 | 0,2 | 0,2 | |||
4. | 27 | 1,8 | 1,1 | 0,2 | 0,2 | 0,3 | ||||
5. | 28 | 1 | 1 | 0 | ||||||
6. | 29 | 1,4 | 1,4 | 0 | ||||||
7. | 30 | 7,7 | 7,3 | 0,2 | 0,2 | |||||
8. | 31 | 4,8 | 4,4 | 0,1 | 0,1 | 0,2 | ||||
9. | 33 | 16,8 | 15,9 | 0,3 | 0,3 | 0,3 | ||||
10. | 21қ | 0,3 | 0,3 | |||||||
11. | 22қ | 6,2 | 6,2 | |||||||
Жами: | 54,3 | 50,2 | 1,1 | 1,1 | 0,6 | 1,3 | ||||
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.09.2025 й., 09/25/567/0808-сон)