Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида картошка уруғчилигига ихтисослашган илмий-таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 2 декабрдаги ПҚ-414-сон қарорига мувофиқ қишлоқ хўжалиги соҳасида малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлашда дуал таълим тизимини жорий қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда картошка уруғчилигига ихтисослашган илмий-таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 2 декабрдаги ПҚ-414-сон қарорида:
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида картошка уруғчилигига ихтисослашган илмий-таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш;
Янгиқўрғон касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўрнида қишлоқ хўжалиги техникумини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт) Наманган илмий-тажриба станциясини ташкил этиш;
ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги техникумининг бўш турган биноларига Наманган илмий-тажриба станциясини жойлаштириш;
Наманган илмий-тажриба станциясининг ўқув-тажриба хўжалигини ташкил этиш учун ер майдони ажратиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази негизида Янгиқўрғон агротехнологиялар техникуми (кейинги ўринларда — Техникум) ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар Техникумнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
қишлоқ хўжалиги соҳаси учун меҳнат бозорида рақобатбардош ҳамда юқори малакага эга ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ва ўқув жараёнига дуал таълим тизимини жорий қилиш;
иш берувчи ташкилотлардаги етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассисларни таълим жараёнларига жалб этиш орқали ўқув жараёни сифатини таъминлаш;
битирувчиларнинг касбий кўникмалари иш берувчилар ва холис экспертлар томонидан баҳоланишини йўлга қўйиш;
хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, илғор хорижий агротехнологияларни тадқиқ қилиш, бу борада хорижий лабораторияларни жалб қилиш ва консалтинг-маслаҳатлар бериш, методик семинар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш;
халқаро ташкилотларнинг грантларини жалб қилган ҳолда ўқувчиларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор хорижий ишлаб чиқариш ташкилотларида малакасини ошириш.
4. Белгилансинки:
Техникум Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги касбий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда амалдаги касбий таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби асосида фаолият кўрсатади;
Техникумни сақлаш харажатлари 2025 йилда Наманган вилоятининг тасдиқланган маҳаллий бюджети маблағларини қайта тақсимлаш ҳисобидан молиялаштирилади, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;
Техникумда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича икки йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва дуал таълим шаклларида давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
Техникумнинг ўқув жараёнида дуал таълим тизимини жорий қилиш ва методик ёрдам кўрсатишга Институт бириктирилади;
тасдиқланган намунавий ўқув режаси доирасида Техникумда Германия давлатининг тажрибаси асосида тадбиркорлик кўникмалари ўқитилиши жорий этилади;
Техникумда таълим жараёнини бошқариш, шу жумладан, дарс жадвали, ўқувчилар баҳоларини қайд қилиш, педагог кадрлар ўқув юкламаларини белгилаш ва гуруҳ журналларини юритиш рақамлаштирилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги:
бир ой муддатда Техникумнинг уставини тасдиқласин ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;
ҳар йили 1 мартга қадар белгиланган тартибда Техникумга ўқувчиларни қабул қилиш параметрларини шакллантириб борсин ва тасдиқласин;
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Техникумда ўқитиладиган фанлар бўйича ўқув адабиётлари ва ўқитиш материаллари тўплами билан таъминлаб борсин;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги бўйича йирик иш берувчиларни шартнома асосида Техникумга саноат ҳамкори сифатида бириктирсин ҳамда Техникумнинг қабул қилиш параметрларига мос равишда битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида йирик иш берувчилар томонидан ишга қабул қилинишига ҳар томонлама кўмаклашсин;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда доимий равишда умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9 — 11-синф ўқувчиларини Техникумда тайёрланадиган касб ва мутахассисликлар бўйича касбга йўналтириш ишларини ташкил қилиб борсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги муассасалар, шу жумладан, Институт ва унинг ҳудудий тузилмаларидаги штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига юридик шахс мақомига эга бўлган илмий ташкилот шаклидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Наманган илмий-тажриба станцияси (кейинги ўринларда — Наманган илмий-тажриба станцияси) давлат муассасаси ташкил этилсин.
Бунда Наманган вилояти илмий-тажриба станцияси фаолияти Институт томонидан услубий жиҳатдан мувофиқлаштириб борилади.
7. Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Бекобод маҳалласи Олтинводий кўчаси 73-уй манзилда жойлашган Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли бино ва иншоотлар Техникумга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул берилсин.
Наманган илмий-тажриба станцияси ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган бинонинг умумий фойдаланиш майдони 145 метр квадратдан кам бўлмаган қисмига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда:
Наманган илмий-тажриба станцияси уставини тасдиқласин ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Наманган илмий-тажриба станциясининг моддий-техник базасини яратиш ва мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.
9. Наманган илмий-тажриба станциясининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
илмий фаолиятга оид дастурларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ажратиладиган грантлар;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари грантлари;
хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан тушадиган тушумлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Наманган илмий-тажриба станциясини сақлаш харажатлари 2025 йилда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Наманган вилояти ҳокимлигининг Янгиқўрғон тумани «Поромон Шохрухмирзо» ҳудуди 511-контурдаги 7,5 гектар, «Тикланиш Нанай боғбони» ҳудуди 75-контурдаги 5,7 гектар туман ҳокимлиги захирасида бўлган, бўш турган жами 13,2 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер участкаларини Наманган илмий-тажриба станциясига тажриба хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
11. Белгилансинки:
ушбу қарорнинг 10-бандида кўрсатилган ер участкалари Наманган илмий-тажриба станциясига 30 йил муддатга, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига асосан ижара шартномаси муддати тугагандан кейин узайтириш ҳуқуқи билан ижарага берилади;
Наманган илмий-тажриба станциясига ажратиладиган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилади ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида эришилган илмий натижалар, илғор тажрибалар, замонавий технология ва усуллар синовдан ўтказилади;
Наманган илмий-тажриба станцияси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага ёки иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқига эга эмас.
12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ўн кун муддатда Наманган илмий-тажриба станциясига ажратиладиган ер майдонлари бўйича ижара шартномаси тузилишини ташкил этсин;
Наманган илмий-тажриба станциясининг ер майдонига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг нав синаш станциялари ва участкаларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назоратини ўрнатсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда Наманган илмий-тажриба станциясида 2025-2026 йилларда:
«in-vitro» лабораториясини ташкил этиш;
иссиқхона комплексини барпо этиш;
томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш;
қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш;
уруғликларни қайта ишловчи цехларни ташкил этиш;
уруғликларни сақлаш учун музлаткичли омборларни қуриш;
тупроқ ва сув таҳлиллари ўтказишда зарур жиҳозларни харид қилиш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларнинг грантларини жалб қилсин.
14. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 август,
516-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2025 й., 09/25/516/0739-сон)