Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Букмекерлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 7 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3640]
Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Букмекерлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 июнь,
16-сон
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 25 июндаги 16-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Букмекерлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом букмекерлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
букмекерлик фаолияти — букмекерлик гаровларини тузиш ва ўтказиш фаолияти;
букмекерлик гарови — букмекерлик фаолияти ташкилотчиси ва ўйинчи ўртасида маълум бир ҳодиса (спорт мусобақаси, танлов, табиат ҳодисаси ва бошқалар) содир бўлиши тўғрисидаги келишувни ўз ичига олган таваккалчиликка асосланган ўйин тури бўлиб, унда ютуқнинг ҳажми (миқдори) ўйинчининг олдиндан тузилган кўрсаткич бўйича аниқ бир воқеанинг ҳақиқий натижасига мос келадиган башорати натижасида аниқланади;
келишилган ўйинлар — натижаси олдиндан белгилаб қўйилган ва иштирокчилар ўртасида келишиб олинган спорт тадбири (мусобақаси);
инсайдер ахборот — оммага очиқ бўлмаган ва унга эга бўлганларни бошқа ўйинчилар билан солиштирганда афзал ҳолатга қўядиган маълумот;
коэффициент — букмекерлик фаолияти ташкилотчиси томонидан ҳодисанинг ҳар бир натижаси учун белгиланадиган ва ўйинчининг потенциал ютуқлари миқдорини аниқлайдиган рақамли кўрсаткич;
ҳодисалар қатори (рўйхати) — букмекерлик фаолияти ташкилотчиси томонидан унинг электрон платформасида жойлаштириладиган, букмекерлик гаровини тузиш мумкин бўлган ҳодисаларнинг натижалари ва белгиланган коэффициентларни кўрсатувчи тизимлаштирилган рўйхат;
букмекерлик гаровлари ҳақидаги маълумотларни манипуляция қилиш (бундан буён матнда манипуляция қилиш деб юритилади) — ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳодисалар) таъсир кўрсатадиган, шунингдек ҳодисаларнинг натижаси бўйича чалғитувчи ҳаракатларни амалга ошириш;
букмекерлик фаолияти ташкилотчиси (бундан буён матнда ташкилотчи деб юритилади) — букмекерлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахс;
ташкилотчининг электрон платформаси (бундан буён матнда электрон платформа деб юритилади) — ташкилотчининг Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри билан интеграция қилинган қуйидагилар амалга ошириладиган ахборот тизими ва (ёки) дастурий-аппарат мажмуаси:
ўйинчини рақамли (масофадан) идентификация қилиш;
ўйинчининг шахсий кабинетини яратиш;
букмекерлик гаровларини қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш;
Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри (бундан буён матнда Регистр деб юритилади) орқали депозитни қабул қилишни, битимлар бўйича ютуқларни ҳисоблашни ва тўлашни қайд этиш;
букмекерлик гарови натижасини аниқлаш;
букмекерлик гаровига киришни таъминлаш;
ўйинчига букмекерлик гаровлари ва ҳодисалар ҳақида маълумот бериш ҳамда уни хабардор қилиш;
ташкилотчининг фаолияти тўғрисида ҳисоботларни тайёрлаш ва шакллантириш;
букмекерлик гаровларини тузиш ва бажариш учун зарур бўлган маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва ошкор қилиш;
ташкилотчининг фаолияти билан боғлиқ бошқа функцияларни бажариш;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги.
2. Ташкилотчи ўз фаолиятини фақат тегишли лицензия асосида ва лицензияда кўрсатилган домен номи орқали амалга ошириши мумкин.
3. Ташкилотчи:
ўз фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқ амалга ошириш;
электрон платформанинг зарур даражада ишлашини ва киберхавфсизлигини таъминлаш, шунингдек мазкур электрон платформани ҳимоя қилиш ва унга рухсатсиз киришнинг олдини олиш чораларини кўриш;
ўз фаолиятини амалга ошириш учун Регистр билан интеграция қилишни таъминлаш;
ўйинчиларнинг мурожаатларини ва Регистр операторининг сўровларини қабул қилиш, кўриб чиқиш ва уларга жавоб бериш;
ўйинчиларга улар мажбурий рақамли (масофадан) идентификациядан ўтганидан ҳамда Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳасидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа чоралар қўлланилганидан сўнг букмекерлик гаровларини тузишга рухсат бериш;
электрон платформа фаолияти билан боғлиқ хавфларни баҳолаш ва хавфсизлик аудитини мунтазам равишда ўтказиш;
барча операциялар, шу жумладан идентификация маълумотлари, ўйинчилар билан амалга оширилган ўзаро муносабатлар ҳақидаги маълумотларни беш йил давомида сақлаш;
Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳасидаги қонунчиликда белгиланган реклама талабларига риоя қилиш;
ташкилотчининг ходимлари ва улар томонидан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида бевосита букмекерлик фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилинган шахсларнинг Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини тартибга солувчи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва ташкилотчи томонидан тасдиқланадиган ички ҳужжатларини билиш даражасини доимий ошириб бориш;
электрон платформага Регистр операторининг ички ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мувофиқ ўзгартиришлар киритишга мажбур.
Ташкилотчи зиммасига қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
4. Ташкилотчи:
кўрсатиладиган хизматлар учун мукофот олиш;
ўйинчи томонидан қонунчилик ёки ташкилотчининг ички ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уни рақамли (масофадан) идентификация қилишни рад этиш, у билан ўзаро муносабатларни тугатиш ва (ёки) унинг электрон платформага киришини чеклаш;
Регистр операторига ва (ёки) ваколатли органга сўровлар юбориш ва улар юзасидан тушунтиришлар олиш ҳуқуқига эга.
Ташкилотчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
5. Ташкилотчи қуйидагиларни назарда тутувчи ички ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак:
ўйинчиларни рақамли (масофадан) идентификация қилиш тартиби;
ўйинчи билан муносабатлар ўрнатиш, шунингдек уни электрон платформага киритиш (чиқариш) тартиби;
букмекерлик гаровларини тузиш ва ўтказиш тартиби;
ютуқларни тўлаш ва пул маблағларини қайтариш тартиби;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари;
масъулиятли ўйин тамойили қоидалари ва тартиби;
ўйинчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби.
Ички ҳужжатлар давлат тилида ишлаб чиқилиши ва ташкилотчининг раҳбари томонидан имзоланиши (тасдиқланиши) керак.
Ички ҳужжатлар бошқа тилларда ҳам қабул қилиниши мумкин.
6. Ташкилотчи электрон платформада амалга оширилаётган операцияларни доимий равишда назорат қилади.
Ташкилотчи томонидан қонунчилик, мазкур Низом ва ички ҳужжатлар талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик чоралари кўрилиши керак.
Қонунчилик, мазкур Низом ва ички ҳужжатлар талаблари бузилишининг ҳар бир факти тўғрисидаги маълумот ташкилотчи томонидан ушбу факт аниқланган кундан бошлаб камида 5 йил давомида сақланиши керак.
Ваколатли орган ва (ёки) Регистр операторининг сўровларига биноан ташкилотчи тегишли сўров олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмасдан ваколатли орган ва (ёки) Регистр операторига маълумотни тақдим этиши шарт.
Жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, ташкилотчи дарҳол Регистр операторига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёзма ва (ёки) электрон шаклда хабар беришга мажбур.
7. Ташкилотчига:
а) лицензияда кўрсатилмаган домен номи орқали ўз хизматларини кўрсатиш;
б) букмекерлик гаровларини қуйидаги бўйича тузиш ва (ёки) ўтказиш:
келишилган ўйинлар;
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида ҳодисаларга (спорт ўйинлари (шу жумладан киберспорт) ва мусобақалари, сиёсий жараёнлар, танловлар ва бошқалар), бундан халқаро федерациялар қоидалар асосида тегишли даражада тайёргарлик, назорат ва ҳакамликни таъминланган ҳолда, томошабинлар иштирокида ўтказиладиган спорт ўйинлари ва халқаро даражадаги ҳодисалар мустасно;
болалар ва ўсмирлар спорт мусобақалари;
лотерея ўйинлари натижалари;
в) айланмаси лицензиялаш, рухсат бериш ва (ёки) хабардор қилиш тартиб-қоидалари талаб қилинадиган товарларни (ишларни, хизматларни) ютуқ сифатида ёки ютуқни тўлаш эвазига таклиф қилиш;
г) лотереялар ва (ёки) Интернет тармоғидаги ўйинларнинг белгиларига эга бўлган ҳодисалар ва (ёки) ўйинлар бўйича битимлар тузиш;
д) ўйинчиларга кредит, бўлиб тўлаш ва (ёки) қарз маблағлари тақдим этиш орқали, шу жумладан учинчи шахсларнинг маблағларидан фойдаланган ҳолда кейинчалик тўлаш шарти билан битимларни тузиш ва (ёки) таклиф этиш;
е) депозитларни қабул қилиш, битимларни тузиш ва ютуқларни тўлашда қонунчилик ва Регистр операторининг ички ҳужжатлари билан тақиқланган нақд шаклдаги ва (ёки) бошқа шакллардаги пул маблағларидан фойдаланиш тақиқланади.
2-боб. Ўйинчи билан муносабатларни ўрнатиш тартиби
8. Ташкилотчи ўйинчилар билан муносабатларни шартнома асосида ўрнатади.
Шартномада қуйидаги шартлар назарда тутилиши керак:
мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган маълумотларни ваколатли орган ва (ёки) Регистр операторига тақдим этиш;
ўйинчилар билан музокараларни уларнинг розилиги билан аудио ёки видеоёзувга олиш, шу жумладан ёзишмаларни ёзиб бориш ҳамда ушбу маълумотларнинг камида беш йил давомида сақлаш;
букмекерлик гаровларида иштирок этиш хавфлари, шу жумладан киритилган маблағларни тўлиқ (қисман) йўқотиш ҳақида огоҳлантириш;
ўйинга кириши тақиқланган (чекланган) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тоифалари ва чет эл давлатлари (юрисдикциялар) резидентлари рўйхатини келтириш;
шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш талабларига риоя қилиш;
рағбатлантириш чораларини амалга ошириш;
қонунчилик ҳужжатлари, мазкур Низом ва ташкилотчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартларни белгилаш.
9. Ўйинчиларни рақамли (масофадан) идентификация қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон қарори билан тасдиқланган Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш фаолияти ташкилотчиларининг мижозларини рақамли (масофадан) идентификация қилиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
10. Ташкилотчи вояга етмаган шахслар ва қуйидаги рўйхатларга киритилган шахслар билан муносабатлар ўрнатишга ҳақли эмас:
Терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;
Интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик гаровларида қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва чет эл фуқароларининг тоифалари рўйхати;
таваккалчиликка асосланган ўйинларга қарам бўлган шахслар рўйхати.
Ташкилотчи ички ҳужжатлари билан ўйинга кириши тақиқланган (чекланган) бошқа шахслар тоифаларини белгилашга ҳақли.
11. Муносабатлар ўрнатилиши натижасида ўйинчи учун электрон платформада қуйидагиларни назарда тутувчи шахсий кабинет (аккаунт) яратилади:
ўйинчининг аккаунтини бошқариш;
масъулиятли ўйин тамойили қоидалари ва тартиби билан таништириш ҳамда мазкур хизматни тақдим этиш;
Регистр орқали депозитларни киритиш, ютуқларни қабул қилиш ва маблағларни қайтариб олиш бўйича операцияларни амалга ошириш;
депозитлар, букмекерлик гаровлари ва бонусларни кузатиб бориш;
ташкилотчи билан ўзаро алоқа қилиш;
мурожаатларни юбориш ва улар бўйича жавобларни қабул қилиш.
Бир ўйинчига ташкилотчининг электрон платформасида икки ва ундан ортиқ шахсий кабинет (аккаунт) яратиш тақиқланади.
12. Ташкилотчи мазкур Низом ва ички ҳужжатларга мувофиқ манипуляция қилиш ҳамда инсайдер ахборотларни аниқлаш, олдини олиш, тўхтатиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган чораларни кўриши шарт.
Инсайдер ахборотга эга бўлган шахсларга куйидагилар киради:
ташкилотнинг бошқарув органлари аъзолари ва бошқа ходимлари;
электрон платформанинг ишлаб чиқарувчилари ва (ёки) ҳодисалар қатори (рўйхати)ни етказиб берувчилар;
ўзининг хизмат мавқеи, меҳнат мажбуриятлари ёки ташкилотчи билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида мазкур маълумотга эга бўлган бошқа шахслар.
3-боб. Букмекерлик гаровини тузиш
13. Ташкилотчи ўз электрон платформаси орқали қонунчилик, ташкилотчи ва Регистр операторининг ички ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўйинчига букмекерлик гаровларига (ставкаларига) кириш имкониятини тақдим этади.
Электрон платформага кириш шартнома асосида тақдим этилади.
Ўйинчи томонидан мазкур Низом, шартнома ёки ички ҳужжатлар билан белгиланган талаблар ва шартлар бузилган тақдирда, ташкилотчи томонидан ушбу ўйинчи бундай бузилиш аниқланган пайтдан бошлаб уч ойга четлаштирилади.
Ўйинчини электрон платформага киритиш ва (ёки) уни четлатиш тартиби ташкилотчининг ички ҳужжатлари билан белгиланади.
14. Ташкилотчи электрон платформада қуйидагиларни назарда тутувчи ҳодисалар қатори (рўйхати)ни жойлаштиради:
а) букмекерлик гаровлари (ставкалари)нинг рўйхати;
б) ҳодисалар ҳақидаги умумий маълумотлар:
ҳодисанинг тўлиқ номи, тури (кўриниши) ва қисқача тавсифи;
ҳодиса бошланган сана ва вақт;
ҳодиса ўтказиладиган жой ва (ёки) ҳодисанинг реал вақт режимида трансляция қилиш тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
в) коэффициентлар ва букмекерлик гаровлари (ставкалар)ни қабул қилишнинг охирги муддати тўғрисидаги маълумотлар;
г) ҳодисаларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар;
д) букмекерлик гаровларини тузиш қоидалари;
е) қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Низом ва ички ҳужжатлар билан тақиқланмаган бошқа маълумотлар.
15. Ҳодисаларнинг коэффициентларига ўзгартириш киритиш шартнома шартлари ва (ёки) ташкилотчининг ички ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Коэффициент букмекерлик гаровини тузиш вақтида қайд этилади ва қабул қилинганлиги тасдиқлангандан кейин ўзгартирилмайди.
16. Ўйинчиларни букмекерлик гаровларини амалга оширишга ундайдиган, ҳодисаларнинг самарадорлиги (даромади) ҳақидаги ваъда ва (ёки) кафолатларни ўз ичига олган ҳодисаларнинг прогнозларини эълон қилишга йўл қўйилмайди.
17. Ўйинчи ҳодисани танлайди, букмекерлик гарови (ставкаси) миқдорини белгилайди ва букмекерлик гаровида иштирок этишини тасдиқлайди ҳамда пул маблағларини Регистр операторининг ҳисоб-китоб-клиринг палатасига ўтказади.
18. Ташкилотчи букмекерлик гарови тузилган сана, вақт, коэффициент ва ягона гаров идентификатори белгиланишини таъминлаганидан сўнг букмекерлик гарови қабул қилинган ҳисобланади.
19. Ташкилотчининг ички ҳужжатлари ва (ёки) шартнома шартларида белгиланган тақдирда, ўйинчи букмекерлик гаровини тузишнинг охирги муддатидан олдин букмекерлик гаровини бекор қилишга ҳақли.
Букмекерлик гарови бекор қилинган тақдирда, ташкилотчи уни алоҳида қайд этилишини ва гаров суммасини ўйинчининг балансига қайтарилишини таъминлайди.
20. Ташкилотчи:
ҳодиса бекор қилинганда, гаров суммасини ўйинчининг балансига қайтаради;
ҳодисани ўтказиш муддати кўчирилганида, ўйинчига гаровни ўтказиш ёки гаров суммасини унинг балансига қайтариш имкониятини тақдим этади.
21. Ютуқ ҳодиса натижаси аниқланганидан сўнг автоматик равишда ҳисобланади ва дарҳол ўйинчига ўтказилади.
4-боб. Масъулиятли ўйин тамойилини амалга ошириш
22. Букмекерлик гаровларида иштирок этишнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида ташкилотчи:
масъулиятли ўйин тамойилига амал қилиши;
қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этиш билан боғлиқ бўлган хавф-хатарлар ҳақида мунтазам равишда маълумот бериш ва хабардор қилиши;
ўйинчининг Интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик гаровларида қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва чет эл фуқароларининг тоифалари рўйхатига киритилганлиги тўғрисида хабарнома олинганда, хабарномада кўрсатилган сана ва вақтдан бошлаб ушбу ўйинчи билан битимлар тузишни тўхтатиши;
букмекерлик гаровларида иштирок этиш билан боғлиқ салбий оқибатларни камайтириш бўйича бошқа ҳаракатларни амалга ошириши керак.
5-боб. Электрон платформада жойлаштириладиган маълумотлар
23. Ташкилотчининг электрон платформасида:
ташкилотчи ҳақидаги умумий маълумотлар, шу жумладан юридик шахс тўғрисидаги маълумотлар, унинг жойлашган манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили;
лицензия нусхаси;
ўйинчининг букмекерлик гаровларида иштирок этиши, ютуқларни тўлаш тартиби ва муддатларини белгиловчи ички ҳужжатлар;
вояга етмаган шахсларнинг букмекерлик гаровларида иштирок этиши тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантиришлар;
букмекерлик гаровларида иштирок этиш билан боғлиқ хавфлар ҳақидаги маълумотлар;
қонунчиликда белгиланган бошқа маълумотлар жойлаштирилиши керак.
6-боб. Якуний қоида
24. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2025 й., 10/25/3640/0579-сон)