Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 7 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3639]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 июнь,
12-сон
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 25 июндаги 12-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистрини юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри (бундан буён матнда Регистр деб юритилади) — мазкур Низомда белгиланган вазифа ва функцияларни бажариш учун Регистр оператори томонидан юритиладиган ахборот тизими ва (ёки) дастурий-аппарат воситалар мажмуи;
Регистр оператори — «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор «UZINFOCOM» МЧЖ;
ҳисоб-китоб клиринг палатаси (бундан буён матнда ҲККП деб юритилади) — клиринг, пул маблағларининг ҳисоби ва клиринг иштирокчилари ўртасидаги ҳисоб-китобларни таъминловчи Регистр операторининг таркибий бўлинмаси;
клиринг — клиринг иштирокчиларининг ўзаро мажбуриятларини белгилаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олишга доир операциялар мажмуаси, шунингдек улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар;
ўйинлар ташкилотчиси — Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ва (ёки) букмекерлик фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензия олган Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахс;
виртуал ҳисобварақ — клиринг бўйича операцияларни амалга ошириш учун Регистр операторининг ҲККПда очилган махсус ҳисобварағи;
ҲККП иккиламчи ҳисобварағи — Регистр операторининг хизмат кўрсатувчи банкида очилган, ўйинчилар ва ўйин ташкилотчисининг маблағларини сақлаш ҳамда ставка қилиш мақсадида пул маблағларини қабул қилиш ва ютуқларни тўлаш бўйича операцияларни амалга оширишга мўлжалланган Регистр операторининг иккиламчи депозит ҳисобварақлари;
клиринг иштирокчиси — мазкур Низомда белгиланган тартибда ҲККПда рўйхатдан ўтган ўйинлар ташкилотчилари ва ўйинчилар;
Рўйхат — терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;
чекловлар рўйхати — ваколатли орган томонидан белгиланадиган Интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик гаровларида қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва чет эл фуқароларининг тоифалари рўйхати;
таваккалчиликка асосланган ўйинларга қарам бўлган шахслар рўйхати (бундан буён матнда қарам шахслар рўйхати деб юритилади) — ваколатли орган томонидан ўйинчининг аризасига биноан 6 ойдан 5 йилгача бўлган муддатга ёки унинг яқин қариндошларининг аризасига биноан суд қарорига кўра 5 йил муддатга киритиладиган шахслар рўйхати;
фойдаланувчининг индивидуал рақами (бундан буён матнда ФИР деб юритилади) — клиринг иштирокчисига бериладиган ноёб код;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;
масъулиятли ўйин тамойили — ўйин ташкилотчилари томонидан ўйинчиларнинг Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик гаровларида (бундан буён матнда ўйинлар деб юритилади) иштирок этишининг салбий оқибатларини олдини олиш ва минималлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни, шунингдек ўйинчилар учун ўзини ўзи чеклаш ва назорат қилишга қаратилган чора-тадбирларни, ўйинчиларни ўйинларда иштирок этиш хавфлари ҳақида хабардор қилишни ва ўйин қарамлигининг олдини олиш билан боғлиқ бошқа маълумотларни назарда тутувчи ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишнинг асосий тамойиллари;
ўйинлар ташкилотчисининг платформаси (бундан буён матнда платформа деб юритилади) — ўйинлар ташкилотчиларининг ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун мўлжалланган ахборот тизими ва (ёки) дастурий-аппарат воситалари мажмуи;
ҳодиса — натижаси олдиндан ноаниқ бўлган, ставкалар қабул қилинадиган ва олдиндан белгиланган (тури, жойи, санаси, вақти ва ҳ.к. бўйича) ҳар қандай ҳаракат (ҳолат, вазият);
ставка — маълум бир ҳодисанинг ва (ёки) ўйиннинг натижасига ўйинчи томонидан пул маблағларини жойлаштиришни назарда тутувчи молиявий операция;
ўйинчи — ўйинда иштирок этиш пайтида ўн саккиз ёшга тўлган, Рўйхатга, чекловлар рўйхатига ва (ёки) қарам шахслар рўйхатига киритилмаган жисмоний шахс.
2. Регистрнинг эгаси ваколатли орган ҳисобланади.
3. Регистр қуйидаги реестрлардан иборат:
Ўйинчилар ягона реестри;
Чекловлар (тақиқлар), шу жумладан, букмекерлик гаровларида ёки Интернет тармоғидаги ўйинларда сарфлаш (ютқазиш) мумкин бўлган маблағлар бўйича лимитлар ягона реестри (бундан буён матнда чекловлар реестри деб юритилади);
Сотиб олинган лотерея чипталари, букмекерлик гаровлари учун қабул қилинган маблағлар ва Интернет тармоғидаги ўйинларга киритилган маблағлар билан боғлиқ молиявий транзакциялар реестри (бундан буён матнда Транзакциялар реестри деб юритилади);
Ютуқлар бўйича тўловлар реестри (бундан буён матнда Тўловлар реестри деб юритилади).
4. Ўйинчилар ягона реестрида ўйинчиларнинг шахсий маълумотларини йиғиш, тизимлаштириш ва сақлаш амалга оширилади.
5. Чекловлар реестрида қуйидаги маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш ва сақлаш амалга оширилади:
а) ваколатли орган томонидан ўйинда иштирок этишга белгиланадиган лимитлар тўғрисидаги маълумотлар;
б) ўйинчи томонидан мустақил равишда ўйинда иштирок этишга белгиланадиган лимитлар тўғрисидаги маълумотлар;
с) ўйинлардан четлатилган шахслар ва (ёки) шахс тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар:
ўйинчининг ўзини ўзи четлатиш тўғрисида топширган аризалари;
суд қарорига кўра ўйинларда иштирок этиши тақиқланган ёки чекланган ўйинчилар;
Рўйхатга, чекловлар рўйхатига ва қарам шахслар рўйхатига киритилган шахслар;
қонунчиликда белгиланган бошқа маълумотлар.
6. Транзакциялар реестрида ўйинларда иштирок этиш учун пул маблағларини қабул қилиш, чиқариш ва сақлаш ҳисоби юритилади. Бунда, транзакциялар реестри ўйинлар ташкилотчисининг ФИРси, ставкалар, ўйинчиларнинг молиявий операциялари, шунингдек бошқа зарур маълумотларни ўз ичига олади.
7. Тўловлар реестрида ўйинчиларга пул маблағларини чиқариш ва қайтаришнинг ҳисоби юритилади. Бунда, тўловлар реестри ўйинлар ташкилотчисининг ФИРи ва бошқа зарур маълумотларни ўз ичига олади.
8. Ўйинлар ташкилотчилари платформаларини мазкур Низом ва Регистр операторининг ички ҳужжатларида белгиланган тартибда Регистр билан интеграция қилишлари шарт.
2-боб. Регистрнинг асосий вазифалари ва функциялари
9. Регистрнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
ўйинларни ташкил этишда молиявий операцияларни консолидациялашган ҳолда ҳисобга олиш ва назорат қилиш;
ўйинларни ташкил этишда давлат назоратини амалга ошириш мақсадида зарур бўлган маълумотларни йиғиш (шакллантириш), сақлаш, тизимлаштириш ва тақдим этиш;
ўйинларни ташкил этишда ўйинчилар ва инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
ўйинларни ташкил этишда ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш, ўйин қарамлиги кўринишларининг профилактикаси ва уларни камайтиришга кўмаклашиш.
10. Регистрнинг функциялари қуйидагилардан иборат:
жисмоний ва юридик шахсларнинг марказий маълумотлар базалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
ўйинчилар, ўйинлар ташкилотчилари ва ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш;
барча транзакцияларни, шу жумладан маблағларни қабул қилиш, ютуқларни тўлаш, ставкалар, уларнинг натижалари ва қайтаришларнинг ҳисобини юритиш;
ўйинлар бозорининг динамикаси ва ҳажмлари тўғрисида ҳисоботларни шакллантириш;
ўйинчилар ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўриш;
масъулиятли ўйин тамойили механизмларини жорий этиш;
Рўйхатга, чекловлар рўйхатига ва қарам шахслар рўйхатига киритилган шахсларни платформаларга киришининг олдини олиш ва чеклаш.
3-боб. Регистр оператори
11. Регистр оператори:
ўз фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга ошириш;
Регистрни техник қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни таъминлаш;
Регистрнинг зарур даражада ишлашини ва киберхавфсизлигини таъминлаш, шунингдек Регистрни ҳимоя қилиш ва унга рухсатсиз киришнинг олдини олиш чораларини кўриш;
Регистр функцияларини амалга ошириш мақсадида Регистрни давлат органларининг маълумотлар базалари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
ўйинчилар ва ўйинлар ташкилотчиларининг аризаларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш;
Регистр фаолияти билан боғлиқ хавфларни баҳолаш ва хавфсизлик аудитини мунтазам равишда ўтказиш;
Регистрда амалга оширилган барча операциялар, шу жумладан идентификация маълумотлари, Регистр операторининг ўйинлар ташкилотчилари, ўйинчилар ва ваколатли орган билан ўзаро муносабатлари ҳақидаги маълумотларни беш йил давомида сақланишини таъминлаш;
ваколатли органнинг топшириғи бўйича кўрсатилаётган хизматларни такомиллаштириш, жараёнларни оптималлаштириш ва самарадорликни ошириш мақсадида Регистрга ўзгартиришлар киритишга мажбур.
Регистр оператори зиммасига қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
12. Регистр оператори ваколатли органга Регистрда амалга оширилаётган операцияларни доимий равишда назорат ва мониторинг қилиш учун техник имконият яратади.
Регистр оператори томонидан қонунчилик, мазкур Низом ва ички ҳужжатлар талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик чоралари кўрилиши керак.
Қонунчилик, мазкур Низом ва ички ҳужжатлар талаблари бузилишининг ҳар бир факти тўғрисидаги маълумот Регистр оператори томонидан ушбу факт аниқланган кундан бошлаб камида 5 йил давомида сақланиши керак.
Ваколатли органнинг сўровларига биноан Регистр оператори тегишли сўров олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмасдан ваколатли органга Регистр фаолиятига оид сўралган маълумотни тақдим этиши шарт.
13. Регистр оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўйинлар ташкилотчиларининг платформаларини Регистрга интеграция қилиш ва операцияларни амалга ошириш учун техник талабларни белгилаш;
ўйинлар ташкилотчиларидан Регистр фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни сўраб олиш.
Регистр оператори қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
14. Регистр оператори қуйидагиларни назарда тутувчи ички ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак:
платформаларни Регистр билан интеграция қилишга оид техник талаблар;
масъулиятли ўйин тамойили қоидалари ва тартиби;
Регистр фаолияти билан боғлиқ сўровларни кўриб чиқиш тартиби;
молиявий транзакцияларни, шу жумладан маблағларни қабул қилиш, ютуқларни тўлаш, ставкалар, уларнинг натижалари ва қайтаришларни ҳисобга олиш тартиби.
15. Регистр оператори ўйинлар ташкилотчиси сифатида фаолият юритишга ва (ёки) ўйинлар ташкилотчилари билан аффилланган шахс бўлишга ҳақли эмас.
4-боб. Ўйинлар ташкилотчиси ва ўйинчи билан муносабатларни ўрнатиш тартиби
16. Регистр оператори ўйинлар ташкилотчилари билан муносабатларни шартнома асосида ўрнатади.
Шартномада қуйидаги шартлар назарда тутилиши керак:
мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган маълумотларни ваколатли органга тақдим этиш;
ўйинчилар ва (ёки) ўйинлар ташкилотчилари вакиллари билан музокараларни улар розилиги билан аудио ёки видеоёзуви олиб борилиши, шу жумладан ёзишмаларнинг ёзиб борилиши ҳамда ушбу маълумотларнинг камида беш йил давомида сақланиши;
қонунчилик, мазкур Низом ва ички ҳужжатлар билан назарда тутилган бошқа шартлар.
17. Регистр оператори ва ўйинлар ташкилотчиси ўртасида муносабатлар ўрнатилиши натижасида Регистрда ўйинлар ташкилотчиси учун қуйидагиларни назарда тутувчи шахсий кабинет (аккаунт) яратилади:
ўйинлар ташкилотчисининг аккаунтини бошқариш;
Регистр оператори ва ваколатли орган билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
ҳисоботларни шакллантириш ва юбориш.
5-боб. Ваколатли органнинг шахсий кабинети
18. Ваколатли орган учун Регистрда қуйидагиларни назарда тутувчи шахсий кабинет яратилади:
ваколатли органнинг аккаунтини бошқариш;
ваколатли органнинг масъул ходимлари учун тегишли аккаунтларни яратиш;
Регистрда амалга оширилаётган операцияларни мониторинг ва назорат қилиш;
статистик ва таҳлилий маълумотларни олиш ҳамда кузатиб бориш;
молиявий транзакциялар, ўйинлар ва ставкалар бўйича олинган маълумотларни таҳлил қилиш;
Регистр оператори ва ўйинлар ташкилотчилари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
Регистр оператори ва ўйинлар ташкилотчиларидан ҳисоботларни олиш.
19. Ваколатли орган шахсий кабинети орқали ўйинчилар учун лимитлар белгилаши, Регистр оператори ва ўйинлар ташкилотчиларига улар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган сўровлар, огоҳлантиришлар ва кўрсатмалар юбориши мумкин.
6-боб. Регистрда ҳисоб-китоб клиринг операцияларини амалга ошириш тартиби
1-§. ҲККПнинг мақоми, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари
20. ҲККП Регистр операторининг таркибий бўлинмаси бўлиб, юридик шахс мақомига эга эмас ва Регистр оператори номидан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳар қандай мустақил операциялар ва ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқисиз иш олиб боради.
21. ҲККП қуйидаги асосий функцияларни бажаради:
клиринг иштирокчиларини рўйхатга олади;
клиринг иштирокчиларига ҳисобварақларнинг очилиши ва юритилишини таъминлайди;
битимлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминлайди;
ўзаро мажбуриятларини белгилайди, аниқлаштиради ва ҳисобга олади, шунингдек клиринг иштирокчиларининг тузилган битимлар бўйича мажбуриятлари ҳисобини алоҳида-алоҳида юритади;
клиринг якунларига кўра, зарур ахборотни шакллантиради ва клиринг иштирокчиларига тақдим этади;
клиринг амалга оширилаётган битимлар, клиринг натижалари тўғрисидаги ахборотнинг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ сақланишини таъминлайди;
тузилган битимлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;
пул маблағларини ваколатли орган, ўйинлар ташкилотчиси ва (ёки) ўйинчининг ҳисобварағига ўтказилишини таъминлайди.
22. ҲККП қуйидаги ҳуқуқларга эга:
клиринг ўтказиш усулини мустақил танлаш;
клиринг иштирокчиси битим бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган, шунингдек қоидалар ёки шартнома мажбуриятларини бузганлиги учун клиринг иштирокчисига жарима солиш тўғрисида ваколатли органнинг қарори мавжуд бўлганда, айбдор клиринг иштирокчисининг виртуал ҳисобварағидан жарима суммасини акцептсиз тартибда ҳисобдан чиқариш;
битимлар қайд этилиши билан Регистрнинг воситачилик йиғимларини ҳисобдан чиқариш;
клиринг иштирокчиларидан ҳисоб-китоб-клиринг операциялари учун зарур ахборот олиш.
23. ҲККП қуйидагиларга мажбур:
фақат рўйхатга олинган битимлар ва улар билан боғлиқ операциялар (воситачилик йиғимлари ва қонунчиликка мувофиқ бошқа харажатлар) бўйича ҳисоб-китоб ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
ҳар бир клиринг иштирокчиси мажбуриятларининг ҳисоби алоҳида юритилишини таъминлаш;
битим мазмуни тўғрисидаги ахборотнинг махфийлигини таъминлаш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, ушбу ахборотни клиринг иштирокчиларининг розилигисиз учинчи шахсларга тақдим этмаслик.
24. Регистрда ва (ёки) платформада амалга оширилаётган операциялар бўйича барча ҳаракатлар, шу жумладан клиринг иштирокчиларининг виртуал ҳисобварағидаги маблағлар ҳисоби ҲККП томонидан олиб борилиши лозим.
25. ҲККП ва клиринг иштирокчиларига ҲККП ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланган ҳолда, пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича операцияларни амалга ошириш тақиқланади.
2-§. Клиринг иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш
26. ҲККП клиринг иштирокчилари билан муносабатлар ўрнатганидан сўнг клиринг иштирокчисига ФИРни шакллантиради ҳамда ставкалар бўйича мажбуриятлар ва талаб қилиш ҳуқуқларини амалга ошириш учун зарур бўлган виртуал ҳисобварақ очади.
27. ҲККП мазкур Низомнинг 46-бандида назарда тутилган ҳолатларда клиринг иштирокчисига хизмат кўрсатишни тўхтатади.
3-§. ҲККПда ҳисобварақларни юритиш тартиби
28. Регистр оператори ўз фаолияти доирасида хизмат кўрсатувчи банкда клиринг иштирокчиларининг пул маблағлари ҳисоби учун мўлжалланган ҲККП иккиламчи ҳисобварағини очади ва уларнинг ҳисоби ҲККПда алоҳида виртуал ҳисобварақларда юритилади.
29. ҲККП клиринг иштирокчиларининг виртуал ҳисобварақлари ҳисобини юритади.
30. Клиринг иштирокчисининг виртуал ҳисобварағини ёпиш ҲККП томонидан ҳисобварақ эгаси (ёки унинг ҳуқуқий вориси) топшириғи бўйича амалга оширилади, мазкур Низомнинг 48-бандидаги ҳоллар бундан мустасно.
31. Виртуал ҳисобварақни ёпишдан олдин ундаги қолдиқ пул маблағлари банкдаги ҳисобварақ эгасининг ҳисобварақларига унинг топшириғига кўра ўтказилади.
Виртуал ҳисобварақни ёпиш фақат ҳисобварақда қолдиқ пул маблағлари бўлмаганда амалга оширилади.
32. Виртуал ҳисобварақ эгаси ҲККПга виртуал ҳисобварақдан ўз банк ҳисобварағига пул маблағларини (пул маблағларининг бир қисмини) қайтариш тўғрисида фармойиш беришга ҳақли, бундан қонунчилик талаблари, Регистр операторининг ички ҳужжатлари ёки шартномавий мажбуриятларда белгиланган ҳоллар мустасно.
33. ҲККП фақат битимлар тузилиши ва бажарилиши билан боғлиқ операциялар бўйича виртуал ҳисобварақлар орқали пул маблағлари ўтказмаларини амалга ошириши мумкин.
4-§. Клиринг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
34. Клиринг иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Регистр оператори томонидан рўйхатга олинган битимлар бўйича клирингда иштирок этиш;
виртуал ҳисобварақнинг ҳолати, мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисида зарур ахборотни олиш;
ўз виртуал ҳисобварағидаги бўш пул маблағларини ўзининг хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисобварағига чиқариш.
35. Клиринг иштирокчисининг мажбуриятлари:
ҲККПга мазкур Низомга мувофиқ ишончли ахборотни бериш;
шартнома бекор қилинган тақдирда, шартнома бекор бўлгунга қадар юзага келган мажбуриятларни бажариш;
ахборот махфийлиги тартибига риоя қилиш;
мазкур Низом ва Регистр операторининг ички ҳужжатлари билан белгиланган талабларга риоя қилиш.
36. ҲККПнинг клиринг иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари мазкур Низом ва Регистр операторининг ички ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
37. Регистр оператори ва клиринг иштирокчилари ўртасидаги клиринг ва ҳисоб-китоб бўйича, шунингдек клиринг иштирокчиларининг шартномавий мажбуриятлари бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар алмашинуви ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
5-§. Клиринг ўтказиш тартиби
38. Ўйинчи ва ўйинлар ташкилотчиси рўйхатдан ўтганидан сўнг шартномавий мажбуриятларини бажариш учун ҲККПнинг иккиламчи ҳисобварағига пул маблағларини ўтказадилар.
39. Ўйинчи ўйинларда иштирок этиш мақсадида депозит сифатида виртуал ҳисобвараққа кирим қилиш учун ҲККПнинг иккиламчи ҳисобварағига пул маблағларини ўтказади.
40. Ўйинлар ташкилотчиси ютуқларни тўлаш ва (ёки) қайтаришларни амалга ошириш бўйича ўз мажбуриятларини бажариш мақсадида виртуал ҳисобвараққа кирим қилиш учун ҲККП иккиламчи ҳисобварағига пул маблағларини ўтказади.
41. ҲККП ҳар бир клиринг иштирокчисининг пул маблағлари ва мажбуриятларини уларнинг виртуал ҳисобварақларида алоҳида-алоҳида ҳисобга олади.
42. Клиринг иштирокчиларининг ҲККП виртуал ҳисобварақларидаги маблағлари қуйидаги мақсадларда ишлатилади:
битимлар бўйича мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб учун;
ўйинларда иштирок этиш учун депозит сифатида;
ўйинчининг топшириғига кўра унга хизмат кўрсатувчи банкдаги ўйинчининг ҳисобварағига қайтариш учун;
ютуқларни тўлаш учун;
битимларни тузиш ва бажариш билан боғлиқ бошқа мақсадлар учун.
43. Ставкалар тўғрисидаги маълумотлар асосида Регистр оператори клиринг иштирокчиларининг мажбуриятларини аниқлайди ва уларни виртуал ҳисобварақларда акс эттиради.
44. Амалга оширилган ставкалар тўғрисидаги маълумот ўйинлар ташкилотчилари томонидан реал вақтга яқин режимда Регистр операторига узатилиши керак.
6-§. Битимларнинг бажарилишини таъминлаш тартиби
45. Тузилган битимларни ёпиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
ўйинчилар ва ўйин ташкилотчилари томонидан битим бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилганда;
шартномада белгиланган мажбуриятлар ўйинлар ташкилотчиси томонидан бажарилмаганда;
ўйинчи ва ўйинлар ташкилотчисининг битимни ёпиш тўғрисидаги ўзаро розилиги мавжуд бўлганда;
ваколатли органнинг қарори мавжуд бўлганда;
битим предмети бўлган ҳодиса бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда;
ҳодиса форматининг ўзгариши битим натижаларини аниқлаш имкониятини йўққа чиқарганда.
7-§. Клиринг хизматини тўхтатиш
46. Қуйидаги ҳолатларда ҲККП клиринг иштирокчисига клиринг хизмати кўрсатишни тўхтатади ва унинг виртуал ҳисобварағини ёпади:
қонунчилик ва (ёки) Регистр операторининг ички ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома бекор қилинганда;
клиринг иштирокчиси тугатилганда;
суд ва бошқа ваколатли органларнинг қарорига кўра;
ўйинчи ўзини ўзи четлатган ва унинг виртуал ҳисобварағи баланси нолга тенг бўлганда.
47. Регистр оператори қуйидаги ҳолатларда пул маблағларини ўйинчи ва (ёки) ўйинлар ташкилотчисининг хизмат кўрсатувчи банкидаги банк ҳисобварағига ўтказилишини таъминлайди:
ўйинчининг талабига кўра унинг фойдасига ютуқларни тўлаш ва депозитни қайтаришда;
ўйинлар ташкилотчисининг талабига асосан тушумни унинг фойдасига ўтказишда.
48. Пул маблағлари ўйинлар ташкилотчисига тушум сифатида битимнинг натижаси аниқлангунига қадар ўтказилиши мумкин эмас.
49. Шубҳали операция аниқланган тақдирда, пул маблағларини ўтказиш Регистр оператори ва (ёки) ўйинлар ташкилотчиси томонидан фирибгарлик операциялари, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг олдини олиш чоралари кўрилганидан кейин амалга оширилади.
7-боб. Масъулиятли ўйин тамойилини амалга ошириш
50. Ваколатли орган ўйинчи ўйинда иштирок этиш учун депозитга киритиши мумкин бўлган пул маблағлари суммасига ойлик лимитлар белгилашга ҳақли.
Лимитлар сонли ифодада ва (ёки) ҳисоблаш формуласи кўринишида белгиланиши мумкин.
51. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ўйинчининг аризасига кўра ойлик лимит оширилиши мумкин. Бунда, лимитнинг максимал миқдори ўйинчининг ўртача ойлик даромадининг 10 фоизидан ошмаслиги керак.
52. Ўйинчининг даромадлари тўғрисидаги маълумотни текшириш Регистр оператори томонидан мустақил равишда «Электрон ҳукумат» ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
53. Ўйинчи ўзини ўзи четлатганда, Регистр оператори:
ўйинчига депозитга пул маблағларини киритиш имкониятини чеклайди;
ўйинчини Чекловлар реестрига киритади;
ўйинчининг виртуал ҳисобварақлари мавжуд бўлган ўйинлар ташкилотчиларига Чекловлар реестрига киритилганлиги тўғрисида хабарнома юборади ҳамда унда ўйинлар ташкилотчиси ушбу ўйинчидан ставкаларни қабул қилишни тўхтатиши шарт бўлган сана ва вақт кўрсатилади;
ўйинчининг сўровига биноан маблағларни ўйинчининг хизмат кўрсатувчи банкидаги банк ҳисобварағига чиқариб беришни ва ўтказишни амалга оширади.
Ўйинчи томонидан ўйинлар ташкилотчисига юборилган хабарномада кўрсатилган сана ва вақтгача тузилган битимлар бўйича мажбуриятлар ўйинчи Чекловлар реестрига киритилгунга қадар қабул қилинган ҳисобланади.
54. Ўйинчи Чекловлар реестрига киритилганидан кейин тузилган битимлар бекор қилиниши ҳамда пул маблағлари ўйинчининг унга хизмат кўрсатувчи банкдаги банк ҳисобварағига қайтарилиши лозим.
8-боб. Якуний қоида
55. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2025 й., 10/25/3639/0578-сон)