Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қўшма қарори
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонаси фаолиятини ташкил этишнинг айрим масалалари тўғрисида
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонаси ҳаммуассислигидан чиққанлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонасининг янги таҳрирдаги Устави 1-иловага* мувофиқ;
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонасининг Таҳрир ҳайъати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
3. «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти бош муҳаррири (Ў. Раҳматов) «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонасининг янги таҳрирдаги Уставини ҳамда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарини ўрнатилган тартибда қайта давлат рўйхатидан ўтказишни таъминласин.
4. Абилов Фазлиддин Ибрагимович «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонаси «Халқ сўзи» газетаси масъул котиби этиб тайинлансин.
5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонасини (бундан буён матнда Таҳририят деб юритади) Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш юзасидан зарур чораларни кўрсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Таҳририятнинг ҳудудлардаги минтақавий мухбирлик пунктларини Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларидаги зарур шарт-шароитга эга бўлган бинолардан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жой билан таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан Таҳририятни юқори тезликдаги интернет ахборот тармоғи билан белгиланган тартибда таъминлаш чораларини кўриш сўралсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А.К. Кадиров ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари З.М. Низомходжаевга муассислар билан Таҳририят ўртасида шартнома тузиш топширилсин.
8. Таҳририят Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда расмий статистик тўпламлари, мажбурий равишда юборилувчи ташкилотлар рўйхатига киритилсин.
9. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 29 ноябрдаги «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонасининг Устави тўғрисида»ги 674-I/402-I/248-сонли Қўшма қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 11, 589-модда);
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонаси фаолиятини ташкил этишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 2964-III/КҚ-649-III/1013-сонли Қўшма қарорининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 12, 945-модда) 1-банди.
10. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
11. Мазкур Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 27 февраль,
150-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2020 йил 27 февраль,
КҚ-17-IV-сон