Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришни янги тизим доирасида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 3 февралдаги ПФ-18-сон Фармонига мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланишнинг самарали тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида «Қишлоқ хўжалигида ер ислоҳотларини амалга ошириш лойиҳа офиси» (кейинги ўринларда — Лойиҳа офиси);
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида «Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси» ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бошқарув ходимлари штат бирликлари доирасида юридик шахс бўлмаган ҳолда Лойиҳа офиси ташкил этилади.
Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ҳамда лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартлари бўйича Лойиҳа офиси раҳбари — Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бўлим бошлиғига, мутахассис ходимлари — вазирликнинг тегишли мутахассисларига тенглаштирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ҳафта муддатда Лойиҳа офиси тўғрисидаги низомни ҳамда унинг тузилмаси ва штат бирликларини тасдиқласин.
3. Қуйидагилар Лойиҳа офисининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
«Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси» масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда янги тизим самарадорлигини таҳлил қилиб бориш;
давлат дастурлари доирасида ажратилиши белгиланган имтиёзли кредитлардан фойдаланишда ижарачиларга ҳар томонлама кўмаклашиш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини сотишдан ҳақиқатда тушган маблағлар ҳисобини юритиш ва уларнинг белгиланган тартибда мақсадли сарфланишини таъминлаш;
заруратга кўра 2025 йилнинг кузги экиш мавсуми ва ундан кейинги даврларда бошқа ҳудудларда янги тизим жорий этиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари рўйхатини шакллантириш;
хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион савдода сотишдан тушган маблағлардан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Лойиҳа офиси тўғрисидаги низомда белгиланадиган мақсадларда фойдаланиш;
ер ислоҳотларини давом эттириш, ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, хусусан, соҳада инновацияларни жорий қилиш мақсадида хорижий экспертларни жалб қилиш.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари муассислигида ташкил этиладиган «Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси» масъулияти чекланган жамиятининг намунавий тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда:
2025 йил 10 июнга қадар «Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси» масъулияти чекланган жамиятлари (кейинги ўринларда — Дирекция) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
2025 йил 15 июнга қадар Лойиҳа офиси томонидан ишлаб чиқилган намунавий низом асосида Дирекциялар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомларни тасдиқласин;
2025 йил 1 июлга қадар 5 та штат бирлигидан иборат Дирекция фаолиятини йўлга қўйсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Дирекция директори тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод қилинади;
Дирекциялар фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа офисига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарига ҳисобдор ҳисобланади;
Дирекцияга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ва экспертларни жалб қилиш ваколати берилади.
7. Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага олувчиларнинг ижара шартномасида белгиланган ҳуқуқлардан амалда фойдаланишини кафолатлаш;
сув етказиб бериш лимитларига риоя қилинмаслиги натижасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага олувчиларга етказилган зарарни дарҳол қоплаб бериш ва кейинчалик ушбу маблағларни сув етказиб берувчи ташкилотлардан регресс тартибда ундириб олиш;
ўз танловига кўра ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг суғориш тизимларини яхшилаш, электр энергияси таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, техникалар ҳаракати учун ички хўжалик йўлларининг ҳолатини яхшилаш каби ишларга маблағ ажратиш, ушбу тадбирларда буюртмачи вазифасини бажариш;
Дирекцияга ижара ҳуқуқи асосида берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ёки унинг бир қисмини маҳаллий ва чет эллик инвесторлар, шу жумладан, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда иккиламчи ижарага бериш (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз);
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага олувчиларга ердан фойдаланиш бўйича кўмаклашиш ва уларнинг фаолиятини доимий таҳлил қилиб бориш ҳамда самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
2025 йилнинг кузги экиш мавсумини ва ундан кейинги даврларни янги тизим доирасида ташкил қилиш истаги бўлган қишлоқ хўжалиги субъектлари ҳамда туман ҳокимликлари захирасидаги бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари рўйхатини шакллантириш ва электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш учун таклифлар киритиш;
соҳага илғор инновация технологияларини фаол жорий этиш мақсадида инвестицияларни, шунингдек, хорижий ҳамда маҳаллий мутахассислар ва экспертларни жалб қилиш.
8. Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион савдоларида сотишдан тушган маблағларнинг 25 фоизи (оператор харажатлари чегириб қолинган ҳолда);
сув етказиб бериш лимитларига риоя қилинмаслиги натижасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага олувчиларга етказилган зарарни қоплаб бериш учун регресс тартибда ундириб олинган маблағлар;
ҳисобварақда вақтинча бўш турган маблағларни депозитга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари ҳамда техник кўмак маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
9. Дирекциянинг шахсий ғазна ҳисобварағидаги маблағлари Лойиҳа офиси билан келишилган ҳолда қуйидаги мақсадларга сарфланади:
сув етказиб бериш лимитларига риоя қилинмаслиги натижасида ер участкасини ижарага олувчига етказилган зарарни қоплаб бериш;
ижарага берилган ерларнинг суғориш тизимларини яхшилаш, электр энергияси таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, техникалар ҳаракати учун ички хўжалик йўллари ҳолатини яхшилаш ишларини молиялаштириш;
жалб қилинган хорижий ҳамда маҳаллий мутахассислар ва экспертларнинг меҳнатига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўлаш;
Дирекциянинг жорий фаолиятини молиялаштириш, шу жумладан, уларга тегишли бино ва иншоотларни сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек, мебель, алоқа воситалари, компьютер техникалари ва бошқа зарур инвентарлар билан таъминлаш.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорда назарда тутилган тизим доирасида амалга оширилган ишлар натижаларига кўра ушбу тизимни республиканинг бошқа ҳудудларида жорий қилиш тўғрисида 2026 йил 1 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳамда Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 27 май,
332-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 майдаги 332-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси» масъулияти чекланган жамиятининг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Изоҳ. Бошқарув ходимларининг умумий сони 5 нафар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.05.2025 й., 09/25/332/0475-сон)