Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг
буйруғи
Давлат ижрочиларини ижро йиғими ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 19 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3624]
Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сон «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Давлат ижрочиларини ижро йиғими ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Бош прокурор Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 май,
26-Б-сон
Келишилди:
Иқтисодиёт ва молия вазири Д. КУЧКАРОВ
2025 йил 14 май
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2025 йил 14 майдаги 26-Б-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат ижрочиларини ижро йиғими ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг (бундан буён матнда Бюро деб юритилади) давлат ижрочилари ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимларини ижро йиғими ҳисобидан моддий рағбатлантириш (бундан буён матнда моддий рағбатлантириш деб юритилади) тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Моддий рағбатлантириш суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этишни таъминлаш самарадорлигини ошириш мақсадида қарздордан ундирилган ижро йиғимининг бир қисмини давлат ижрочилари ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимларга ажратма сифатида қолдириш орқали амалга оширилади.
2. Моддий рағбатлантириш қонунийлик, адолатлилик, холисоналик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилади.
2-боб. Моддий рағбатлантириш асослари
3. Давлат ижрочилари ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимларга бериладиган моддий рағбатлантириш миқдорлари Ижро иши юритувлари ягона электрон базаси (бундан буён матнда дастурий таъминот деб юритилади) орқали автоматик тарзда ҳар ой якуни бўйича ҳисоблаб борилади.
4. Моддий рағбатлантириш тўловлари давлат ижрочиси ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимларнинг иш юритувида бўлган тамомланган ижро ишларидан ой давомида тўлов тизимлари орқали ундирилган ижро йиғимининг бир қисмини ажратиш орқали амалга оширилади.
Бунда, ижро йиғимининг тўғри ва ҳаққоний қўлланилиши, тақсимланиши ва ўтказилишига давлат ижрочиси ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходим масъул ҳисобланади.
5. Моддий рағбатлантириш қисман ёки соддалаштирилган тартибда ундирув амалга оширилган, ижроси тўхтатилган ёхуд кечиктирилган, шунингдек бошқа ҳудудга юборилган ҳамда ижросиз қайтарилган ижро ишларига нисбатан татбиқ этилмайди.
6. Айрим тоифадаги қарздорлардан ундириладиган ижро йиғими ажратма сифатида қолдирилмайди ёки ажратилмайди. Бундай тоифадаги қарздорлар рўйхати Бюро директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
7. Хизмат сафаридаги ёки ротация қилинган давлат ижрочилари ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимларга моддий рағбатлантириш тўловлари ишлаб турган ҳудуд ҳамда муқаддам ишлаган ҳудуддаги иш юритувидаги ижро ишларининг натижалари инобатга олган ҳолда ҳисобланади.
Бунда, хизмат сафаридаги ёки ротация қилинган давлат ижрочилари ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимларнинг ишлаб турган ҳудуд ҳамда муқаддам ишлаган ҳудуддаги амалга оширган ижро ишлари дастурий таъминотда ҳисоблаб борилади.
3-боб. Моддий рағбатлантириш тартиби
8. Моддий рағбатлантириш ҳар ой якуни бўйича Бюро директори ва ҳудудий бошқарма бошлиғининг буйруғига асосан кейинги ойнинг 10 санасига қадар амалга оширилади.
9. Моддий рағбатлантириш учун харажатлар Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига келиб тушган ижро йиғими маблағларининг 10 фоизи миқдоридаги ажратма ҳисобидан амалга оширилади.
10. Моддий рағбатлантириш харажатлари учун ажратма мулкий характерга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича қуйидаги миқдорларда тақсимланади:
1) Бюронинг марказий аппаратида:
ажратманинг 80 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч бараваридан ошмаган миқдорда бевосита ижро йиғимини ундирган давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимга;
ажратманинг 20 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч бараваридан ошмаган миқдорда давлат ижрочиси мақомига эга бўлган бошқа ходимларга;
2) Бюронинг ҳудудий бошқармаларида:
ажратманинг 80 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч бараваридан ошмаган миқдорда бевосита ижро йиғимини ундирган давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимга;
ажратманинг 20 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч бараваридан ошмаган миқдорда бошқа давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимларга;
3) Бюронинг туман (шаҳар) бўлимларида:
ажратманинг 80 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг тўрт бараваридан ошмаган миқдорда бевосита ижро йиғимини ундирган давлат ижрочисига;
ажратманинг 20 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг тўрт бараваридан ошмаган миқдорда Бюронинг туман (шаҳар) бўлимлари бошқа давлат ижрочилари ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимларига.
Мазкур бандда кўрсатилган ходимларни рағбатлантиришнинг умумий миқдори 1 ва 2-кичик бандлари бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч бараваридан, 3-кичик банди бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг тўрт бараваридан ошмайди.
Моддий рағбатлантириш харажатлари учун ажратманинг 20 фоизи қўлланиладиган бошқа давлат ижрочилари ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходимларнинг лавозимлари рўйхати Бюро директори томонидан тасдиқланади.
11. Мулкий характерга эга бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган ижро йиғимидан ажратма давлат ижрочисига тўлиқ миқдорда, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг тўрт бараваридан ошмаган миқдорда йўналтирилади.
12. Ижро йиғимини қўллаш тўғрисидаги қарор бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, ижро йиғимини қайтариш харажатлари кейинги давр учун тўланадиган ажратма ҳисобидан қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Давлат ижрочиси ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходим прокуратура органлари тизимидан бўшатилган ва у билан якуний ҳисоб-китоб амалга оширилмаган бўлса, ижро йиғимини қайтариш харажатлари якуний ҳисоб-китоб даврида ушлаб қолинади ҳамда агар у билан якуний ҳисоб-китоб амалга оширилган бўлса, харажатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилади.
13. Моддий рағбатлантириш тўловлари меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган тўловлар жумласига киради ва интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ҳам қўлланилади.
14. Моддий рағбатлантириш тўловлари давлат ижрочиси ва давлат ижрочиси мақомига эга бўлган ходим дастурий таъминотга нотўғри маълумотлар киритганлиги аниқланганда ёки бир ойдан ортиқ вақт мобайнида асосий вазифасига киришмаганда (ўқув муассасасида таҳсил олаётган, ҳомиладорлик, туғиш ва бола парваришлаш таътилида бўлган, касаллиги сабабли даволанаётган ёки бошқа ҳолларда) қўлланилмайди.
4-боб. Якуний қоида
15. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.05.2025 й., 10/25/3624/0452-сон)