Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг банклари ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 6 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1883-2]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2008 йил 22 ноябрдаги 26/6-сон қарори (рўйхат рақами 1883, 2008 йил 23 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 52-сон, 535-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг банклари ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартириш киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 2 май,
10/14-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 2 майдаги 10/14-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг банклари ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгартириш
1. Қуйидаги мазмундаги 51-банд билан тўлдирилсин:
«51. Банк томонидан ушбу Низомда назарда тутилган маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда ёки уларда нотўғри ёхуд бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ушбу Банкка камчиликларни тўлиқ кўрсатган ҳолда, хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун беш иш кунидан кам бўлмаган муддат (имконият) беради.
Бунда, аризани кўриб чиқиш муддати хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш вақтида тўхтатиб турилади.».
2. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига келиб тушган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ўша куннинг ўзида рўйхатдан ўтказилади ва Банкка ариза қабул қилинганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон тасдиқнома юборилади.
Бунда, аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда ариза навбатдаги иш куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига келиб тушган ва қабул қилинган кун ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ваколатхонани аккредитация қилиш (аккредитациянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки аккредитация қилишни рад этиш) тўғрисидаги қарорни ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинган вақтдан бошлаб бир ой муддат ичида қабул қилади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2025 й., 10/25/1883-2/0417-сон)