Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (Женева, 1999 йил 2 июль) мувофиқ саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказишда якка тартибдаги божларнинг ставкаларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (Женева, 1999 йил 2 июль) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (Женева, 1999 йил 2 июль) мувофиқ саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказишда ундириладиган якка тартибдаги божлар ставкалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулкни ривожлантириш жамғармасига тушадиган якка тартибдаги бож маблағлари қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Ўзбекистон Республикасининг норезидентларидан келиб тушадиган маблағларнинг:
78 фоизи — Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига;
2 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли ҳисобварағига ўтказилади;
20 фоизи — Адлия вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда ҳамда саноат намунаси ва интеллектуал мулкнинг бошқа турларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ташкилотларда қатнашганлик учун аъзолик бадалларини тўлашда улардан фойдаланиш (камида 50 фоизи), шунингдек, ходимларни моддий рағбатлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулкни ривожлантириш жамғармасида қолдирилади;
б) Ўзбекистон Республикасининг резидентларидан келиб тушадиган маблағларнинг:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли ҳисобварағига ўтказилади;
80 фоизи — Адлия вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда ҳамда саноат намунаси ва интеллектуал мулкнинг бошқа турларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ташкилотларда қатнашганлик учун аъзолик бадалларини тўлашда улардан фойдаланиш (камида 50 фоизи), шунингдек ходимларни моддий рағбатлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулкни ривожлантириш жамғармасида қолдирилади.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 апрель,
238-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 апрелдаги 238-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (Женева, 1999 йил 2 июль) мувофиқ саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказишда ундириладиган якка тартибдаги божлар
СТАВКАЛАРИ
Бож коди | Юридик аҳамиятга эга ҳаракат | Ставкалар (АҚШ долларида) |
1. | Саноат намунасини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада Ўзбекистон Республикаси кўрсатилганлиги учун: | |
1.1 | Саноат намунасининг битта вариантига | 322 |
1.2 | Саноат намунасининг ҳар бир қўшимча вариантига | 53 |
2. | Саноат намунасининг амал қилишини биринчи беш йиллик муддатга узайтирганлик учун | 349 |
3. | Саноат намунасининг амал қилишини иккинчи беш йиллик муддатга узайтирганлик учун | 537 |
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2025 й., 09/25/238/0362-сон)