Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
[Кўчирма]
Қишлоқ хўжалигида ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, бўш турган ер участкаларини тезроқ иқтисодий оборотга киритиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хўжаликлар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) туман ҳокимликлари тасарруфидаги бўш турган қишлоқ хўжалиги ерларида экин экиш ва маҳсулот етиштиришни ташкил этиш;
(б) чорвачилик учун озуқа экинлар етиштириш ҳажмини ошириш орқали гўшт ва сут маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш;
(в) ердан самарали фойдаланишни иқтисодий механизмлар орқали рағбатлантириш, аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини ошириш.
II. Электрон онлайн аукционлар ўтказиш бўйича янги тартиб-таомиллар
2. Белгилансинки, барча турдаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришда 2025 йил 11 мартдан жорий этилган тартибга мувофиқ:
(а) электрон онлайн аукцион савдосини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани эълон қилиш муддати 15 кундан 5 кунга, такрорий савдоларда — 5 кундан 1 кунга қисқартирилади;
(б) такрорий савдоларда фақат бир нафар талабгордан ариза келиб тушган тақдирда, унга ушбу савдода эълон қилинган нархда лотни ихтиёрий сотиб олиш таклиф этилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(в) ҳар такрорий савдода лот нархи 10 фоиздан босқичма-босқич бошланғич нархнинг 10 фоизига тушганига қадар пасайтирилади.
(2-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 апрелдаги ПФ-68-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.05.2026 й., 06/26/68/0435-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. 2025 йил 1 апрелдан бошлаб барча ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган барча турдаги ерларни ижарага бериш бўйича ўтказиладиган электрон онлайн аукцион савдоларида ер участкасига ижара ҳуқуқини олиш учун тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш ва тўлов тўлиқ тўланганда чегирма бериш тартиби бекор қилинсин, ушбу тўловлар 15 иш куни ичида тўлиқ тўланиши шартлиги белгилансин (Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно).
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПҚ-334-сонли қарори таҳририда)
4. 2025-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудуди доирасида электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар жами майдонининг ўртача 10 — 20 фоизи чорва учун озуқа экинларини экиш шарти билан савдога чиқарилсин.
III. Қайта ижара
5. Ушбу қарор кучга киргунига қадар ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича ижара муддатига тенг тақсимланадиган қўшимча тўловлар ёки ижарага олиш ҳуқуқини бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича тўловлардан муддати ўтган қарздорлиги бўлган ижарачиларга:
(а) ер участкасидан ўзи фойдаланган муддатдан қатъи назар, туман ҳокими иштирокида уч томонлама шартнома асосида ерга бўлган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шу жумладан, қўшимча тўловлар ва бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича тўловларни тўлаб бориш мажбуриятини бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) ҳуқуқи берилсин;
(б) агар улар деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини олиш бўйича 2022 йил 1 январдан 2023 йил 15 апрелга қадар ўтказилган очиқ электрон танловларда ғолиб бўлган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ва меҳнат мигрантлари бўлса, ижара муддатига тенг тақсимланадиган қўшимча тўловлар миқдори ушбу ер участкаси норматив қийматининг бир баробарига ва бошқа шахслар учун ушбу ер участкаси норматив қийматининг тўрт баробарига тенг миқдорда белгилансин.
6. Суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш жараёнида ундирувни қарздорнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини узоқ муддатга ижарага олиш ҳуқуқига қаратишда қуйидаги соддалаштирилган тартиб жорий этилсин:
(а) ундирувни ижара ҳуқуқига қаратиш учун туман (шаҳар) ҳокимининг — ижарага берувчининг розилиги талаб этилмайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(б) ижара ҳуқуқини баҳолаш талаб этилмайди, давлат ижрочиси Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва реализация қилиш навбатига риоя қилган ҳолда ваколатли ташкилотлардан ер участкасининг норматив қийматини аниқлаб, унга тенг бўлган бошланғич нарх миқдорини мулкий ҳуқуқни хатлаш далолатномасида кўрсатади. Мулкий ҳуқуқни хатлаш далолатномаси давлат ижрочиси ва қарздор ўртасида ёзма равишда холислар иштирокида тузилади ва ушбу далолатнома электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказиш учун буюртмага илова қилинади;
(2-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 апрелдаги ПФ-68-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.05.2026 й., 06/26/68/0435-сон)
(в) электрон онлайн аукцион савдолари ушбу қарорнинг 2-банди талабларини инобатга олган ҳолда ўтказилади;
(г) электрон онлайн аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги баённома ер ижараси шартномаси бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятлар қолган муддатга қарздордан аукцион ғолибига ўтганлигини — қайта ижарани давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.
IV. Фермерларга имтиёзлар
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2025 йил ҳосилидан бошлаб ҳар йили пахтадан 50 центнер/гектар, ғалладан 80 центнер/гектардан юқори ҳосил олганини солиқ ҳисоботларида акс эттирган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига келгуси йилда:
(а) ижарага олинган жами ер майдонининг 25 фоизига алмашлаб экиш усулида чорва учун озуқа, сабзавот, полиз, картошка, мойли ва дуккакли экинларни экиш (жойлаштириш) кафолатланади;
(б) Ўзбекистон фермерлари кенгашига аъзолик бадали пахта хомашёси бўйича биржада эълон қилинадиган бошланғич нархдан ва доннинг шаклланган ўртача нархидан 0,3 фоиз миқдорида белгиланади;
(в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 февралдаги ПФ-18-сон Фармонининг 15-бандига мувофиқ ер солиғини ҳисоблашда базавий ставкага нисбатан мутаносиб равишда уч каррагача камайтирувчи коэффициентлар қўлланади.
8. Қуйидагилар:
(а) қишлоқ хўжалиги кооперативларига аъзо бўлган фермер хўжаликларининг 50 фоизидан ошмаган қисмига пахта етиштириш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ресурслари ҳисобидан 50 фоизлик мол-мулк гарови, хусусан, ерга ижара ҳуқуқи гарови билан имтиёзли кредит ажратишга рухсат этилсин, бунда ушбу кредит пахта хомашёсининг эълон қилинган бошланғич нархидан келиб чиқиб ажратилсин;
(б) қишлоқ хўжалиги кооперативларига аъзо бўлган фермер хўжаликлари етиштирган пахта хомашёсини тўғридан-тўғри харид қилишга рухсат берилсин, бунда тўғридан-тўғри шартномалар «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг ахборот порталида тузилиши ва улар бўйича тўловлар биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш (тўлов ҳужжатларига мувофиқ пул ўтказиш) қоидалари асосида амалга оширилиши белгилансин.
9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда бир ой муддатда Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлашда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари учун ер участкасига бўлган ҳуқуқ тури, ишчилар сони, норматив ҳосилдорликка нисбатан етиштирилган ҳосил миқдори каби қўшимча мезонларни белгиласин.
10. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда самарали фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарини рағбатлантириш чоралари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
V. Қарор ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш
11. Кадастр агентлиги:
(а) ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бўш турган ер участкаларининг номма-ном рўйхатини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига тақдим этиб борсин;
(б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 декабрга қадар Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш («Uzkad»), «Yer hisobot», «Agroplatforma.uz», «E-ijara» ахборот тизимларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида онлайн алмашинишини ва ўзаро мувофиқ бўлишини таъминласин.
12. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси:
(а) чорвачилик хўжаликларининг чорва учун озуқа экиладиган ер майдонларига бўлган эҳтиёжларини ўрганиб, бир ҳафта ичида, кейинчалик ҳар чоракда бу ҳақдаги маълумотни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этиб борсин;
(б) ўтказиладиган электрон онлайн аукцион савдолари ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда чорвачилик хўжаликларини дарҳол хабардор қилиб борсин.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда:
(а) қўшимча тўловлар ва бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича тўловлардан муддати ўтган қарздорлиги бўлган ҳамда ердан самарали фойдаланмаётган ер ижарачилари рўйхатини шакллантирсин;
(б) самарали фойдаланилмаётган ерларни мазкур қарорда белгиланган тартибда қайтариб, электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш ёки қайта ижарага бериш чораларини кўрсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(13-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 апрелдаги ПФ-68-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.05.2026 й., 06/26/68/0435-сон)
14. Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси:
(а) икки ҳафта муддатда қарздор қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачилари иштирокидаги ижро ишлари рўйхатини шакллантирсин;
(б) бир ой муддатда ушбу ишлар бўйича бошқа мулк ва мулкий ҳуқуқлар бўлмаган ҳолларда ер участкасига ижара ҳуқуқи хатланиши ва электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
16. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.
18. Қарор ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 март,
ПҚ-131-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги ПҚ-131-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган
ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3680-сон қарори 4-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари томонидан етиштириладиган пахта хомашёси бўйича биржада эълон қилинадиган бошланғич нархдан ҳамда доннинг шаклланган ўртача нархидан 0,6 фоиз миқдорида, бунда 2025 йил ҳосилидан бошлаб пахтадан гектарига 50 центнердан ва ғалладан 80 центнердан юқори ҳосил олган фермер хўжаликлари учун 0,3 фоиз миқдорида».
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Uzagrostar xolding» компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-57-сон қарорига 1-иловада:
(а) 11-позициянинг «Қамраб олинадиган туманлар» устуни «, Янгибозор, Гурлан» сўзлари билан тўлдирилсин;
(б) 14-позициянинг «Қамраб олинадиган туманлар» устуни «, Ҳазорасп, Янгиариқ» сўзлари билан тўлдирилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сон қарори билан тасдиқланган Бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун электрон онлайн-аукцион савдо орқали ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомда:
(а) 16-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«16. Оператор буюртмани олган кундан икки иш кунидан кечиктирмай, электрон онлайн аукцион савдо ўтказилиши тўғрисида хабарномани савдо платформасида эълон қилади. Бунда:
электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказиш тўғрисидаги хабарномалар савдолар ўтказилишидан беш календарь куни ва такрорий савдоларда бир календарь куни олдин эълон қилинади;
такрорий савдоларда бир нафар талабгордан ариза келиб тушган тақдирда, унга ушбу савдода эълон қилинган нархда лотни ихтиёрий сотиб олиш таклиф этилади;
сотилмаган лот нархи ҳар такрорий савдода 10 фоиздан босқичма-босқич бошланғич нархнинг 20 фоизига тушганига қадар пасайтирилади»;
(б) 18-бандда:
биринчи хатбошидаги «Икки ёки ундан ортиқ» сўзлари «Деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун икки ёки ундан ортиқ» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбошидаги «Электрон онлайн-аукцион савдода» сўзлари «Деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун электрон онлайн-аукцион савдода» сўзлари билан алмаштирилсин;
(в) 19-бандда:
биринчи хатбошидаги «қийматининг дастлабки 15 фоиз миқдори 10 иш куни ичида» сўзлари «қиймати 15 иш куни ичида» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбошидан «ҳамда электрон онлайн-аукцион савдо ғолиби томонидан «бўлиб-бўлиб тўлаш» танланган тақдирда, тўлов графигига асосан тенг тақсимланади» сўзлари чиқариб ташлансин;
(г) 27-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Бунда мазкур маблағларнинг жами миқдори бир календарь йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараваридан ошмаслиги лозим»;
(д) 28 ва 29-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.03.2025 й., 07/25/131/0288-сон; 01.05.2026 й., 06/26/68/0435-сон)