Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида» 2024 йил 24 майдаги ПФ-80-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ-80-сон Фармони билан тасдиқланган Адлия органлари фаолиятини трансформация қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш ва норма ижодкорлигини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасининг 18-бандида ихтиро ва фойдали модель ҳамда саноат намуналарини рўйхатдан ўтказиш талабномалари бўйича ўтказиладиган давлат экспертизаси жараёнларига аутсорсинг усулларини жорий қилиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказишни аутсорсинг асосида ташкил этишда:
жисмоний ва юридик шахслар энг яхши таклифларни танлаш орқали жалб этилади;
аутсорсинг шартномаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — буюртмачи) ва жисмоний ёки юридик шахс (кейинги ўринларда — аутсорсер) ўртасида тузилади;
аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш бўйича шартнома буюртмачи ва аутсорсер ўртасида патент бериш ҳақидаги ҳар бир талабнома учун алоҳида тузилади;
аутсорсинг асосида хизмат нархи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган иш юкламалари ва вақт сарфи меъёрлари ҳамда патент бериш ҳақидаги талабнома экспертизаси мураккаблигидан келиб чиқиб, буюртмачи томонидан шакллантирилади ҳамда бошланғич нархнинг асослиги учун буюртмачи жавобгар ҳисобланади;
аутсорсинг асосида кўрсатиладиган хизматлар буюртмачи ҳисобидан молиялаштирилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
аутсорсинг татбиқ этиладиган ҳолатлар;
аутсорсерни танлаш, у билан шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш тартиби.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 март,
185-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 мартдаги 185-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси томонидан фойдали модель ҳақидаги талабнома экспертизаси ҳамда ихтиро ҳақидаги талабноманинг ёки саноат намунаси ҳақидаги талабноманинг моҳияти бўйича илмий-техника экспертизасини (кейинги ўринларда — моҳияти бўйича экспертиза) аутсорсинг асосида ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аутсорсинг — буюртмачининг айрим функцияларини ёки функцияларининг бир қисмини шартнома асосида аутсорсерга ўтказиш;
аутсорсер — шартнома асосида буюртмачига хизмат кўрсатувчи жисмоний ёки юридик шахс;
буюртмачи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси;
саноат мулки объектлари — ихтиро, фойдали модель ва саноат намунаси;
талабгор — буюртмачига аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш ҳамда ушбу Низомга мувофиқ танлашда иштирок этиш истагини билдирган жисмоний ёки юридик шахс.
3. Мазкур Низомнинг амал қилиши саноат мулки объектларига патент бериш ҳақидаги талабнома бўйича расмий экспертизадан ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Буюртмачи иш ҳажми ҳаддан ортиб кетганда ёки штат бирлигида тегишли соҳа бўйича мутахассис мавжуд бўлмаганда, саноат мулки объектларига патент бериш ҳақидаги талабноманинг моҳияти бўйича экспертизани аутсорсинг асосида ўтказиш бўйича қарор қабул қилади.
5. Аутсорсинг асосида кўрсатилган хизматлар буюртмачи ҳисобидан молиялаштирилади.
6. Буюртмачи айрим функцияларини ёки функцияларининг бир қисмини аутсорсингга ўтказишда қуйидаги шартларга риоя қилиши шарт:
аутсорсерни давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари асосида танлаб олиш;
коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўймаслик;
аутсорсерга ўтказиладиган функциялар ёки функцияларнинг бир қисми сифатли бажарилишини назорат қилиш.
7. Аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш жараёнида махфийлик тартибига риоя этиш буюртмачи томонидан таъминланади.
2-боб. Аутсорсерни танлаш, у билан шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш
8. Аутсорсерни танлаш, у билан шартнома тузиш ва унга ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
9. Жисмоний шахс ҳисобланган талабгорларга нисбатан қуйидаги шартлар қўйилади:
олий маълумотли бўлиши (илмий даражага эга бўлганларга устунлик берилади);
интеллектуал мулк соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлиши (Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг тегишли ўқув курсларида малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки/ва талабнома топшириш тажрибасига эга бўлиши);
келиб тушган талабнома соҳасида камида беш йил фаолият юритган бўлиши.
10. Талабгор юридик шахс бўлганда, у илмий-тадқиқот муассасаси бўлиши ёки фаолиятида келиб тушган талабнома соҳаси бўйича тадқиқот ишлари ва (ёки) ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги ҳамда унда мазкур Низомнинг 9-бандида белгиланган талабларга жавоб берадиган ходимлар меҳнат шартномаси асосида ишлаётган бўлиши керак.
11. Аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш бўйича шартнома буюртмачи ва аутсорсер ўртасида патент бериш ҳақидаги ҳар бир талабнома учун алоҳида тузилади.
12. Аутсорсинг шартномаси бўйича хизматлар кўрсатиш муддати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига патент бериш ҳақидаги талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказиш муддати доирасида белгиланади.
13. Аутсорсинг асосида кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш тартиби ва миқдори буюртмачи ҳамда аутсорсер ўртасида расмийлаштириладиган шартномада белгиланади.
3-боб. Аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
14. Аутсорсер қуйидаги ҳуқуқларга эга:
буюртмачидан талабномага оид ҳужжатлар, намуналар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
моҳияти бўйича экспертизани ўтказиш учун зарур бўладиган, буюртмачига тегишли ахборот тизимлари, асбоб-ускуналардан ва буюртмачидаги мавжуд услубий қўлланмалардан фойдаланиш;
буюртмачи орқали талабнома берувчи билан талабнома бўйича ёзишмаларни амалга ошириш;
хизматлар учун тўловни шартномада белгиланган миқдор ва муддатда талаб қилиш;
буюртмачидан шартнома шартларининг бажарилишини талаб қилиш.
Аутсорсер қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
15. Аутсорсер қуйидагиларга мажбур:
аутсорсинг хизматини кўрсатишда интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларга қатъий риоя этиш;
моҳияти бўйича экспертизани услубий қўлланмалар асосида ўтказиш;
талабномага оид ҳужжатлар, намуналар ва бошқа материалларни буюртмачи рухсатисиз унинг биносидан олиб чиқмаслик;
хизматларнинг сифатли кўрсатилишини ва буюртмачига етказилишини таъминлаш;
шартномага амал қилиш муддати ва ундан кейинги давр мобайнида махфийлик тартибига қатъий риоя қилиш ва саноат мулки объекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни расмий равишда эълон қилингунга қадар ошкор этмаслик;
шартнома шартлари бажарилмагани ёки лозим даражада бажарилмагани натижасида буюртмачига етказилган зарар ўрнини қоплаш;
шартномани бекор қилиш ҳақида буюртмачини икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириш, ушбу муддат тугагунига қадар эса буюртмачининг тегишли хизматларини узлуксиз ташкил этишни таъминлаш.
Аутсорсер зиммасига қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
16. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
хизматлар сифатли кўрсатилишини;
шартномада белгиланган муддатларда хизматларнинг кўрсатилишини;
аутсорсернинг фаолиятига аралашмаган ҳолда, шартнома шартларининг бажарилишини;
талабнома ва унга алоқадор ёзишмалар аутсорсер томонидан ўз вақтида кўриб чиқилишини;
аутсорсер томонидан шартнома шартлари бажарилмагани ёки лозим даражада бажарилмагани натижасида ўзига етказилган зарар ўрни қопланишини талаб қилиш.
Буюртмачи қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
17. Буюртмачи қуйидагиларга мажбур:
талабномага оид ҳужжатлар, намуналар ва бошқа маълумотларни аутсорсерга бериш;
моҳияти бўйича экспертизани ўтказиш учун аутсорсерга зарур бўладиган тегишли ахборот тизимлари, асбоб-ускуналардан ва ўзидаги мавжуд услубий қўлланмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш;
аутсорсер ва талабнома берувчи ўртасида талабнома бўйича ёзишмалар ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш;
шартномага мувофиқ белгиланган муддат ва шартлар асосида аутсорсерга кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга оширишни таъминлаш.
Буюртмачи зиммасига қонунчилик ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
4-боб. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан назорат ва мониторингни амалга ошириш
18. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан назорат ва мониторинг буюртмачи томонидан шартномада белгиланган шартларда ва муддатларда амалга оширилади.
19. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторинг буюртмачининг тегишли таркибий бўлинмаси раҳбари томонидан амалга оширилади.
20. Буюртмачининг тегишли таркибий бўлинмаси раҳбари:
аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан доимий мониторингни амалга оширади;
мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, буюртмачи ва аутсорсерга тегишли таклиф ва тавсиялар киритади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ушбу Низомда назарда тутилган талабларнинг бузилиши буюртмачи ва аутсорсер ўртасида тузилган шартноманинг белгиланган тартибда бекор қилинишига асос бўлади.
22. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.03.2025 й., 09/25/185/0284-сон)