Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг йиғилишларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 24 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3613]
Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сон «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг йиғилишларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Марказий банк, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 февраль,
13-сон
Келишилди:
Марказий банк раиси Т. ИШМЕТОВ
2025 йил 24 февраль
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ
2025 йил 20 февраль
Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари О. УМАРОВ
2025 йил 17 февраль
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 12 февраль
Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А. ОРТИКОВ
2025 йил 11 февраль
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 25 февралдаги 13-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг йиғилишларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган жамиятлар (бундан буён матнда жамият деб юритилади) бошқарув органларининг умумий йиғилишлари, навбатдан ташқари йиғилишлари ёки мажлисларида (бундан буён матнда йиғилиш деб юритилади) акциядорлар, иштирокчилар, муассислар, кузатув кенгаши аъзолари ҳамда коллегиал ижро этувчи орган аъзолари (бундан буён матнда иштирокчилар деб юритилади) томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
масофадан туриб иштирок этиш — жамият йиғилишида иштирокчиларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда иштирок этиши;
масофадан овоз бериш — жамият йиғилишида кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш ва овозга қўйилган масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирокчиларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда овоз бериши;
платформа — жамият йиғилишида иштирокчиларга масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш имкониятини берадиган махсус электрон платформа.
2. Акциялари фонд биржасининг биржа котировкаси варағига киритилган акциядорлик жамиятлари акциядорлар йиғилишларини бевосита (юзма-юз форматда) ўтказиш билан бир қаторда, акциядорлар учун ушбу йиғилишларда мазкур Низомда белгиланган тартибда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш имкониятини яратиб бериши лозим.
3. Мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилмаган жамиятлар ўз хоҳишига кўра ёки иштирокчиларнинг талабларига асосан масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш имкониятини бериши мумкин. Бунда, жамият томонидан йиғилишлар масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш орқали ўтказилганда, мазкур Низомда белгиланган талабларга риоя этилиши лозим.
4. Йиғилишларда масофадан туриб иштирок этишда барча иштирокчилар тенг ҳуқуқларга эга бўладилар. Бунда, бир иштирокчига масофадан туриб иштирок этиш, бошқа иштирокчига эса бундай ҳуқуқни бермасликка йўл қўйилмайди.
5. Жамият йиғилишларда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз беришни таъминлаш мақсадида ўз платформасини ташкил этиши ёки шартнома асосида платформани тақдим этувчи юридик шахсни (бундан буён матнда платформа эгаси деб юритилади) жалб қилиши мумкин.
2-боб. Масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиби
6. Жамият томонидан йиғилишлар Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги қонунлари ҳамда жамият бошқарув органларининг қарорларида белгиланган тартибда ва муддатларда ўтказилади.
7. Жамият томонидан иштирокчиларга юбориладиган йиғилишни ўтказиш тўғрисидаги хабарда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиби, шунингдек қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
йиғилишда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш амалга ошириладиган платформанинг номи ва унга кириш учун ҳавола;
платформада идентификациядан ўтиш учун тақдим этиладиган маълумотлар;
платформадан фойдаланишни таъминловчи техник ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва телефон рақамлари.
8. Иштирокчи йиғилиш бошлангунга қадар платформадаги авторизация ва идентификациядан ўтишни таъминловчи электрон каналлар орқали рўйхатдан ўтиши керак.
Бунда, акциядорни акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш учун рўйхатга олишда унинг электрон рақамли имзосидан фойдаланилади.
9. Платформада фақат йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган иштирокчи ёки унинг вакили рўйхатдан ўтказилади. Бунда, иштирокчининг йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги жамият томонидан тақдим этилган иштирокчилар рўйхати асосида аниқланади.
Иштирокчининг вакили рўйхатдан ўтиши учун унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатни платформага бириктириши керак.
10. Платформада иштирокчининг вакили томонидан йиғилиш кун тартибида турган масалалар бўйича иштирокчининг кўрсатмасига мувофиқ овоз бериш, шунингдек вакил бир нечта иштирокчи номидан иштирок этганда, ҳар бир иштирокчи номидан алоҳида овоз бериш имконияти яратилади.
11. Иштирокчи ёки унинг вакили йиғилиш бошлангунга қадар ҳамда йиғилиш давомида платформага жойлаштирилган қуйидаги маълумотлар билан танишиш имкониятига эга бўлади:
йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жой;
йиғилишнинг кун тартиби;
йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда иштирокчиларга тақдим этиладиган ахборот (материаллар);
иштирокчиларнинг йиғилишда иштирок этиш ва овоз бериш, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиби;
қонунчиликка ва жамият бошқарув органининг қарорига мувофиқ бошқа ахборотлар.
12. Иштирокчилар платформанинг видеоконференцалоқа режими орқали масофадан туриб йиғилишда иштирок этадилар.
Йиғилишда масофадан туриб иштирок этаётган иштирокчилар бошқа иштирокчилар билан видеоконференцалоқа орқали видеомулоқот қилиши ҳамда муҳокамаларда қатнашиши мумкин.
13. Иштирокчи йиғилишда овозга қўйилган масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда платформада кун тартибининг хар бир масаласи юзасидан бир вақтнинг ўзида «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деган мазмундаги сўзлар билан ифодаланган овоз бериш вариантларини бирини босиш орқали масофадан туриб овоз беради.
Бунда, йиғилиш иштирокчиларига масофадан туриб овоз бераётган иштирокчиларнинг овоз бериш натижаларини кўриш имконияти яратилиши керак.
14. Акциядорларнинг умумий йиғилишида кун тартибидаги масалалар бўйича ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб овоз берилганда овоз бериш бюллетенларидан фойдаланилмайди.
15. Йиғилишда барча иштирокчилар масофадан туриб иштирок этганда ва овоз берганда, йиғилиш баённомаси платформада электрон шаклда тузилади ҳамда расмийлаштирилади.
16. Йиғилишда иштирокчилар бевосита ва масофадан туриб иштирок этганда ҳамда овоз берганда, йиғилиш баённомаси қоғоз шаклда расмийлаштирилади. Бунда, йиғилиш баённомасида масофадан туриб иштирок этган иштирокчилар ва унинг овоз бериш натижалари кўрсатилади.
17. Масофадан туриб иштирок этган ва овоз берган иштирокчилар томонидан йиғилиш баённомаси платформада матрик штрихли код (QR-код) қўйилган ҳолда имзоланади.
Бунда, платформада масофадан туриб иштирок этган ва овоз берган иштирокчилар томонидан имзоланган йиғилиш баённомасининг электрон файлини юклаб олиш имконияти бўлиши керак.
18. Платформада рўйхатдан ўтиб, йиғилишда масофадан туриб иштирок этган иштирокчилар ва уларнинг вакиллари тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг муҳокамада иштирок этиши ва овоз бериши ҳамда видеоконференцалоқа орқали видеомулоқот қилиши қайд этилган тасвирлар, шунингдек имзоланган ва расмийлаштирилган йиғилиш баённомалар электрон жисмда жамият архивига сақлаш учун топширилади.
3-боб. Платформага қўйиладиган талаблар
19. Платформада мазкур Низомнинг 2-бобида назарда тутилган масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиб-таомилларини бажариш имконияти таъминланиши керак.
20. Жамият масофадан туриб иштирок этиш ва овоз беришни ташкил этиш учун платформа эгасини жалб қилганда, жамият ва платформа эгаси ўртасида тузиладиган шартномада қуйидагилар белгиланиши лозим:
платформанинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
иштирокчиларни авторизация ва идентификациядан ўтишни таъминловчи электрон каналлар орқали рўйхатдан ўтказиш;
маълумотларни сақлашда махфийликни таъминлаш ва уларни рухсатсиз киришдан ҳимоя қилиш;
иштирокчиларни мазкур Низом талаблари асосида йиғилишда иштирок этиш ва овоз бериш имкониятини таъминлаш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.
21. Жамият ва платформа эгаси ўртасида платформанинг қуйидаги талабларга, жумладан:
техник параметрларга оид талабларга;
техник ва технологик имкониятларга оид талабларга;
ахборотни ва тегишли маълумотларни сақловчи асбоб-ускуналарнинг жойлашиш ерига оид талабларга;
ахборот хавфсизлиги усуллари ва шартларига;
бошқа ташқи ахборот тизимлари билан ҳамкорлик имкониятларига;
йиғилишда иштирок этиш ва овоз бериш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга оид талабларга;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа талабларга мос бўлишига оид шартлар белгиланиши мумкин.
4-боб. Якуний қоида
22. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.03.2025 й., 10/25/3613/0267-сон)