Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи музейи фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида
Мамлакатимизда ривожланиб келаётган кулолчилик анъаналарини асраб-авайлаш, кулоллар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, соҳа вакилларининг нуфузини ошириш, арзон ва сифатли кулолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорларда сотиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ва Савдо-саноат палатасининг Фарғона вилояти Риштон туманининг «М. Топиволдиев» МФЙ Тўқимачи кўчасидаги 20а-уйда жойлашган, Савдо-саноат палатасига тегишли бўлган бинода Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи нодавлат музейини (кейинги ўринларда — музей) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар музейнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
музей ашёлари ва коллекцияларини аниқлаш, тўплаш ва сақлаш;
маданий, маърифий, илмий ва таълим фаолиятини амалга ошириш;
ёшларни «устоз-шогирд» анъаналари асосида кулолчилик ҳунарига ўргатиш;
кулолчиликнинг бой маданий мероси, инсоният тарихидаги ролини ҳаққоний ёритиш;
экспозицияларни ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш;
чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш.
3. Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи музейини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
музей концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
музей фаолиятини йўлга қўйиш;
музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва коллекцияларининг бут сақланишини таъминлаш ҳамда текшириб бориш;
музейнинг аҳоли ва сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш;
музейда маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот, илмий-тадқиқот ишлари савиясини ошириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун ҳомийлар маблағларини жалб этиш;
хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда, доимий равишда музей фаолиятини такомиллаштириб бориш;
музейни замонавий интерфаол ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш;
музейни малакали кадрлар билан тўлдириш.
4. Ишчи гуруҳ:
бир ой муддатда музей концепциясини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Туризм қўмитаси, «Ҳунарманд» уюшмаси ва Савдо-саноат палатасига тасдиқлаш учун киритсин ҳамда музей фаолияти билан боғлиқ барча чора-тадбирларни амалга оширсин;
2025 йил 1 апрелга қадар Фарғона вилоятининг Риштон тумани «М. Топиволдиев» МФЙ Тўқимачи кўчасидаги 20а-уйда жойлашган, Савдо-саноат палатасига тегишли бўлган бинонинг тоифасини музей фаолиятига тўлиқ мослаштирсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига музейни ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш, шу жумладан:
музейнинг моддий-техник базасини (иморатлар, коммуникациялар, жиҳозлар, музей фондининг ашё ва коллекциялари, бошқалар) бойитишга;
музей фондининг ашё ва коллекцияларини аниқлаш, тўплаш ва сақлашга;
музейда маданий, маърифий, илмий ва таълим фаолиятини амалга оширишга;
музейнинг бино ва иншоотларини техника хавфсизлиги ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ жиҳозлашга;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган соҳага доир бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига амалга ошириладиган ажратмалар ҳисобидан зарур маблағларни ажратишга рухсат берилсин.
6. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамкорликда Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи музейи ҳамда Риштон Халқаро кулоллар марказида «Уста-шогирд» анъаналари асосида ёшларга кулолчилик ҳунарини ўргатишни ташкил қилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда «Ҳунарманд» уюшмасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 12 июндаги ПФ-91-сон Фармонига мувофиқ Риштон туманида:
«Уста-шогирд» анъаналари асосида ёшларга кулолчилик ҳунарини ўргатаётган ҳунармандларга — шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида;
кулолчилик ҳунарини ўрганган шогирдларга — мустақил кулолчилик фаолиятини бошлаш ҳамда зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш учун харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда субсидия ажратиш тавсия этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Савдо-саноат палатаси ҳамда «Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда ҳунармандчиликни, жумладан, кулолчиликни ривожлантиришга қаратилган имтиёзлар бериш, шунингдек, мавжуд имтиёзларнинг амал қилиш муддатини узайтиришга қаратилган таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 январь,
41-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 январдаги 41-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи музейини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ
ТАРКИБИ
1. | Х. Бозаров | — | Фарғона вилояти ҳокими — ишчи гуруҳ раҳбари |
2. | Х. Сафаров | — | Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари в.б. |
3. | Б. Абдикаримов | — | Маданий мерос агентлиги директори |
4. | Р. Мирзаахмедов | — | «Ҳунарманд» уюшмаси раиси |
5. | Н. Хусанов | — | Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари |
6. | А. Назиров | — | уста-кулол (Фарғона вилояти) |
7. | Ш. Ахмаджонов | — | «Mingboshi Ceramic» оилавий корхонаси раҳбари (Фарғона вилояти) |
Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 09/25/41/0079-сон)