Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлик даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ««Ўзбекистон-2030» стратегиясини Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон ҳамда «Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сон фармонлари ижросини таъминлаш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлик даражасини ошириш орқали сифатини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ««Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармонида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда манфаатдор шахслар таклифларини ўрганиш механизмларини жорий қилиш белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сон Фармонида:
давлат органлари томонидан қонун лойиҳалари бўйича ушбу соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари хулосалари олиниши;
давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари хулосалари ва муҳокама натижалари бўйича материаллар лойиҳани Адлия вазирлиги ҳамда ҳужжатни қабул қилувчи органларга киритишда илова қилиниши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
а) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари:
қонун лойиҳалари бўйича — тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари томонидан беғараз асосда;
қонуности ҳужжатлари лойиҳалари бўйича — тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасалари томонидан келишув асосида илмий экспертизадан ўтказилади;
б) норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини илмий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулоса тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, хулоса лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан кўриб чиқилади;
в) лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот илмий экспертиза хулосасида кўрсатилган таклиф, эътироз ва фикр-мулоҳазалар ёки уларнинг бир қисмини инобатга олмаган тақдирда, улар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган ҳолда келишмовчиликлар жадвалини тайёрлайди.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Адлия вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказувчи тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасаларининг электрон реестри юритилади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий экспертизаси натижалари бўйича хулоса Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали тақдим этилади.
Адлия вазирлиги икки ой муддатда электрон реестрни юритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этиш ва натижалари бўйича хулоса тақдим қилишни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида жорий этиш чораларини кўрсин.
4. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда манфаатдор шахслар таклифларини ўрганиш механизмларини жорий қилиш мақсадида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бир ой муддатда:
ишлаб чиқилаётган ёки ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни, лойиҳа бўйича таклифларни юбориш манзили, муддатларини, олинган таклифлар юзасидан тўлдирилган жадвални ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириб борсин (давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир билан боғлиқ бўлган, шунингдек, хизмат доирасида фойдаланиш учун грифига эга лойиҳалар бундан мустасно);
зарур ҳолларда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини манфаатдор томонларни таклиф этган ҳолда, улар иштирокида муҳокама қилиш ҳамда уларнинг таклиф ва тавсияларини кўриб чиқиш амалиётини жорий этсин.
Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритишда лойиҳа ишлаб чиқувчиларининг расмий веб-сайтларида расмий эълон қилинганлиги, манфаатдор томонлар иштирокида муҳокама қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳамда олинган таклифлар юзасидан тегишли таҳлилий жадваллар тақдим қилинади.
5. Адлия вазирлиги:
уч ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш бўйича намунавий услубиётни тасдиқласин;
вазирлик ва идоралар билан биргаликда илмий экспертиза институтини ривожлантириш, фаол илмий экспертларни рағбатлантириш бўйича чораларни кўрсин ҳамда лойиҳани илмий экспертизадан ўтказиш бўйича амалий семинарларни мунтазам ташкил этсин.
6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 22 январь,
29-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 январдаги 29-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (кейинги ўринларда — лойиҳалар) илмий экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Лойиҳаларнинг илмий экспертизаси қуйидаги мақсадларда ўтказилади:
ижтимоий муносабатларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган нормаларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгилаш зарурати, унинг самарадорлиги, атроф-муҳит, инсон ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларига таъсирини замонавий илм-фан ютуқлари нуқтаи назаридан илмий асосланганлигини ўрганиш;
ижтимоий муносабатлардан келиб чиқаётган муаммоларга лойиҳада таклиф этилаётган ечимларнинг шаклан ва мазмунан илмий услубларга мувофиқ ишлаб чиқилганлигини атрофлича баҳолаш;
қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш жараёнларининг самарадорлигини ошириш ва илмий жиҳатдан асосланганлигини таъминлаш.
3. Лойиҳаларнинг илмий экспертизаси қонунийлик, мустақиллик, холислик ва комплекслик каби асосий принципларни ҳисобга олган ҳолда ўтказилади.
4. Лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказишни таъминлаш лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотга (кейинги ўринларда — ишлаб чиқувчи) юкланади.
2-боб. Лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказувчи ташкилотлар ва уларнинг электрон реестри
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказиш:
қонун лойиҳалари бўйича — тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари томонидан беғараз ҳамда давлат олий таълим муассасалари томонидан келишув асосида;
қонуности ҳужжатлари лойиҳалари бўйича — тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасалари томонидан келишув асосида амалга оширилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 350-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2026 й., 09/26/350/0667-сон)
6. Адлия вазирлиги томонидан лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказувчи давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасаларининг электрон реестри (кейинги ўринларда — реестр) юритилади.
Реестр Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига (кейинги ўринларда — электрон тизим) интеграция қилинади.
7. Лойиҳани илмий экспертизадан ўтказувчи ташкилотлар аризасига (сўровига) кўра Адлия вазирлиги томонидан реестрга киритилади.
Аризада (сўровда) лойиҳани илмий экспертизадан ўтказувчи ташкилотнинг асосий илмий фаолият йўналиши, ташкилот таркибидаги экспертлар тўғрисидаги маълумотлар (исми, фамилияси, отасининг исми, маълумот даражаси, илмий фаолиятдаги стажи, илмий-публицистик фаолияти натижалари) кўрсатилади.
Ариза (сўров) Адлия вазирлиги томонидан етти кун ичида кўриб чиқилади.
8. Мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган маълумотлар тақдим этилмаган тақдирда, ариза (сўров) рад қилинади. Лойиҳани илмий экспертизадан ўтказувчи ташкилотлар зарур маълумотларни аризада (сўровда) кўрсатган ҳолда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
3-боб. Лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказиш
9. Лойиҳанинг илмий экспертизаси қоида тариқасида лойиҳа ишлаб чиқувчи томонидан манфаатдор ташкилотлар билан келишилгандан ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилгандан сўнг амалга оширилади.
10. Ишлаб чиқувчи лойиҳани илмий экспертизадан ўтказиш мақсадида реестрга киритилган ташкилотга электрон тизим орқали юборади.
11. Лойиҳанинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш предмети биттадан ортиқ соҳаларни қамраб олган тақдирда, лойиҳа унда белгиланаётган асосий соҳага мос йўналишда илмий фаолият олиб борадиган ташкилотга илмий экспертизадан ўтказиш учун юборилади.
Ишлаб чиқувчи лойиҳанинг мураккаблиги ва комплекслигини инобатга олиб, бир нечта илмий ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузган ҳолда илмий экспертизани ташкил этиши мумкин.
12. Лойиҳани илмий экспертизадан ўтказувчи ташкилот лойиҳа келиб тушган кундан бошлаб етти кун ичида лойиҳа юзасидан илмий асосланган хулосасини ишлаб чиқувчига электрон тизим орқали тақдим этади.
13. Лойиҳани илмий экспертизадан ўтказувчи ташкилот:
лойиҳани замонавий, инновацион илмий услублар ва ёндашувга асосланган ҳолда, бетарафлик асосида илмий экспертизадан ўтказади;
илмий экспертиза натижалари бўйича лойиҳа юзасидан тўлиқ, холис ва илмий жиҳатдан асосланган хулоса беради;
лойиҳани ўз фикр-мулоҳазалари асосида ишлаб чиқувчи билан биргаликда маромига етказиш чораларини кўради;
илмий экспертизани ўтказиш давомида ўзига маълум бўлган маълумотнинг ошкор этилмаслигини таъминлайди.
14. Лойиҳани илмий экспертизадан ўтказувчи ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ишлаб чиқувчидан илмий экспертизани ўтказиш учун барча зарур ахборот ва материалларни, шу жумладан, илмий экспертизани ўтказиш жараёнида юзага келадиган масалалар бўйича материалларни сўраб олиш;
илмий экспертиза объекти бўлган лойиҳа бўйича илмий экспертиза буюртмачиси бўлган давлат органидан маслаҳатлар ва зарур услубий ёрдам олиш;
лойиҳанинг сифатли илмий экспертизадан ўтказилишини таъминлаш мақсадида зарур ҳолларда илмий экспертизани ўтказиш давомида учинчи шахсларни жалб этиш.
15. Илмий экспертиза натижалари бўйича хулоса илмий экспертизани ўтказган ташкилотнинг расмий бланкасида расмийлаштирилади.
16. Илмий экспертиза натижалари бўйича хулосада қуйидагилар акс эттирилади:
лойиҳада келтирилган масалаларнинг назарий ва илмий асосларга мувофиқлигини ўрганиш натижалари;
лойиҳада назарда тутилаётган масалаларнинг тегишли соҳада мамлакатни ривожлантириш концепция ва стратегиялари, замонавий ёндашувларга мослигини ўрганиш натижалари;
лойиҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар;
лойиҳани кўриб чиқиш давомида аниқланган муаммолар ҳамда уларнинг ечимларини аниқлаш учун қўлланилган илмий услуб, ёндашув ва механизмлар;
илмий экспертизани ўтказган, шу жумладан, қўшимча жалб этилган экспертлар тўғрисидаги маълумотлар;
хулоса беришда фойдаланилган манбалар;
илмий экспертизани ўтказиш давомида аниқланган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган бошқа масалалар таҳлили.
17. Илмий экспертиза натижаларига кўра қуйидаги хулосалардан бири тайёрланади:
лойиҳа илмий асосланган;
лойиҳа етарли даражада илмий асосланмаган;
лойиҳа илмий асосланмаган.
18. Илмий экспертиза натижалари бўйича хулоса экспертизани ўтказган ташкилот раҳбари (истисно ҳолларда — унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.
19. Лойиҳани илмий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулоса тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, хулоса ишлаб чиқувчи томонидан кўриб чиқилади.
20. Ишлаб чиқувчи томонидан илмий экспертиза хулосасида кўрсатилган таклиф, эътироз ва фикр-мулоҳазалар ёки уларнинг бир қисми инобатга олинмаган тақдирда, улар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган ҳолда келишмовчиликлар жадвали тайёрланади.
21. Қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасасининг хулосаси лойиҳани Адлия вазирлиги ҳамда ҳужжатни қабул қилувчи органларга киритишда мажбурий тартибда илова қилинади.
22. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг қарорига кўра лойиҳа қайта ёки қўшимча илмий экспертизадан ўтказилиши мумкин.
23. Адлия вазирлиги ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган илмий экспертизани ўтказган ташкилотга хулосада берилган таклиф, эътироз, фикр-мулоҳазаларга аниқлик киритиш мақсадида сўров юбориши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоида
24. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.01.2025 й., 09/25/29/0060-сон; 01.07.2026 й., 09/26/350/0667-сон)