Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
«Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлаш учун пуллик хизматлар кўрсатиш, шунингдек наслчилик питомнигида етиштирилган ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни сотиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 17 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3480-1]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги 432-сон «Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг кинология хизматлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 сентябрдаги 750-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2023 йил 2 ноябрдаги 602-сон «Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлаш учун пуллик хизматлар кўрсатиш, шунингдек наслчилик питомнигида етиштирилган ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни сотиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3480, 2023 йил 5 декабрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.12.2023 й., 10/23/3480/0922-сон) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир П. БОБОЖОНОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 17 декабрь,
700-сон
Келишилди:
Қишлоқ хўжалиги вазири И. АБДУРАХМОНОВ
2024 йил 17 декабрь
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2024 йил 17 декабрдаги 700-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлаш учун пуллик хизматлар кўрсатиш, шунингдек наслчилик питомнигида етиштирилган ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни сотиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Буйруқнинг номи ва 1-бандидаги «тайёрлаш учун» деган сўзлар «тайёрлаш, ветеринария даволаш-профилактика ҳамда лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш ва итларни кинология бўлинмаларида вақтинча сақлаш бўйича» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2. Низомда:
1) номи ва муқаддимадаги «тайёрлаш учун» деган сўзлар «тайёрлаш, ветеринария даволаш-профилактика ҳамда лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш ва итларни кинология бўлинмаларида вақтинча сақлаш бўйича» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 1-бандда:
иккинчи хатбошидаги «кўникмалари бўйича тайёрлаш,» деган сўзлар «тайёрлаш, ветеринария даволаш-профилактика ҳамда лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш ва итларни кинология бўлинмаларида вақтинча сақлаш бўйича» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошидаги «кўникмаларига тайёрлаш» деган сўзлар «кўникмаларига тайёрлаш, ветеринария даволаш-профилактика ҳамда лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш ва итларни кинология бўлинмаларида вақтинча сақлаш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«ветеринария блоклари — кинология бўлинмалари ҳудудида ташкил этилган ва ветеринария клиникаси, ветеринария пункти, ветеринария-профилактика нуқтаси, ветеринария лабораторияси, махсус текширув (рентген, ультратовуш) хоналари, жарроҳлик хонаси, стационар, карантин биноси (хонаси), изолятор, дезинфекцияловчи тўсиқларни ўз ичига олган иншоотлар;
ветеринария хизмати — итларга нисбатан амалга ошириладиган ветеринария даволаш (диагностик, терапевтик, жарроҳлик), профилактика (актив ва пассив иммунизация-эмлаш, дезинфекция, дезинсекция, дератизация) ва лаборатория-диагностика (рентген, ультратовуш, биохимик, микроскопия, генетик текширув) ишлари;»;
бешинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
3) 2-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2-боб. Кинология бўлинмаларида итларни умумий бўйсунувчанлик ҳамда ҳимоя-қоровул кўникмаларига тайёрлаш бўйича пуллик хизмат кўрсатиш»;
4) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Буюртмачи итларни умумий бўйсунувчанлик ҳамда ҳимоя-қоровул кўникмаларига тайёрлаш бўйича пуллик хизматлардан фойдаланиш учун кинология бўлинмаларига бевосита ёки ахборот-коммуникация технологиялари воситасида электрон тарзда мурожаат қилади.»;
5) қуйидаги мазмундаги 21 ва 22-боблар билан тўлдирилсин:
«21-боб. Ветеринария даволаш-профилактика ҳамда лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш бўйича пуллик хизмат кўрсатиш
131. Буюртмачи ветеринария даволаш-профилактика ҳамда лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш бўйича пуллик хизмат кўрсатиш юзасидан мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ кинология бўлинмаларига мурожаат қилади.
132. Мурожаат кинология бўлинмаси томонидан қабул қилинади, рўйхатдан ўтказилади ва ветеринария хизмати юзасидан шартнома тузилади.
133. Кинология бўлинмалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга (шартнома асосида) ветеринария хизматлари кинология бўлинмалари ҳудудида мавжуд ёки янги барпо этилган ветеринария блокларида, шунингдек, буюртмачиларнинг мурожаатига кўра уларнинг турар жойида ёки тегишли ҳудудда амалга оширилади.
134. Ветеринария блокларида кинология бўлинмаларининг ветеринария хизмати ходимлари фаолият кўрсатади.
135. Ветеринария блокларига қабул қилишда:
итлар клиник кўрик ва заруратга кўра лаборатория-ташхис текширувларидан ўтказилади;
итларни сақлаш, парваришлаш, озиқлантириш ҳамда кўпайтириш масалалари бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилади;
итларга буюртмачининг розилиги асосида касаллик ҳолатининг оғирлиги даражасидан келиб чиққан ҳолда изоляторда даволаш муолажалари ўтказилади;
хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда итларнинг соғлиғини тиклаш бўйича ветеринария тадбирлари кўрсатилади.
136. Ветеринария хизматлари кўрсатилаётган вақтда буюртмачиларнинг итига уларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлмаган ҳолда зарар етказилса, етказилган зарар кинология бўлинмалари томонидан қопланади.
Бунда буюртмачиларнинг итига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ харажатлар айбдор шахсдан регресс тартибида ундирилади.
137. Кинология бўлинмалари томонидан итларни профилактика қилиш, диагностика ва даволашда соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган восита ва усуллар қўлланилмайди.
138. Кинология бўлинмалари ветеринария хизматини кўрсатишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
итларнинг касаллигини аниқлаб, ташхис қўйиш ва уларни даволаш билан шуғулланиш;
ўзига тегишли бўлган асбоб-ускуна ва бошқа жиҳозлардан фойдаланиш;
ўзига тегишли бўлган дори воситаларидан фойдаланилган ҳолда ветеринария хизматларини кўрсатиш;
шартномада назарда тутилган ҳолда кинология бўлинмалари ихтиёрида мавжуд бўлмаган дори воситалари буюртмачи томонидан олиб келинишини талаб қилиш;
итларни касалланишдан сақлаш мақсадида эмлаш тадбирларини ўтказиш (бундан қутуриш касаллигига эмлаш мустасно), шунингдек итларнинг эгаларига маслаҳат бериш;
хизмат кўрсатиш давомида ветеринария хизматлари мутахассисларини жалб этиш;
кинология бўлинмаларининг ветеринария соҳасидаги мутахассисларининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси (бундан буён матнда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси деб юритилади) ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачилик соҳасида педагог ҳамда мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида малакасини ошириш.
139. Кинология бўлинмалари:
пуллик хизматдан фойдаланиш юзасидан буюртмачилар мурожаатларини кўриб чиқиши;
буюртмачиларга сифатли ветеринария хизматларини кўрсатиши;
юқумли касаллик мавжудлиги хусусида шубҳа мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига зудлик билан хабар бериши ҳамда касаллик доираси кенгайиб кетмаслиги юзасидан барча зарур чораларни кўриши;
ветеринария блокларининг доимий фаолият олиб боришини таъминлаши;
хизмат кўрсатиш давомида йўл қўйилган камчиликларни қўшимча тўловларсиз бартараф этиши;
буюртмачиларни ветеринария хизматлари рўйхати ва прейскуранти (нархлари) билан таништириши;
шартномада белгилаб олинган хизматлардан ташқари зарур бўлмаган бошқа хизматларни таклиф этмаслиги ва улар учун ҳақ олмаслиги;
даволаш учун изоляторда олиб қолинган ҳайвонларни кинология бўлинмаларига қарашли хизмат итларидан алоҳида сақлаши ва хавфсизлигини таъминлаши;
буюртмачиларга кўрсатилган ветеринария хизматлари бўйича маълумот тақдим этиши;
ветеринария хизмати кўрсатишда фаолиятга алоқадор бўлмаган вазиятда итнинг умумий клиник аҳволи оғирлашганда кўрилган чоралар тўғрисида буюртмачиларни ўз вақтида хабардор қилиши;
эпизоотия юзага келган тақдирда, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларининг кўрсатмаларига биноан ветеринария тадбирларини ўтказиши;
тақдим этилган ит нобуд бўлганда буюртмачини хабардор қилган ҳолда ит жасадини Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига топшириши шарт.
1310. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
кинология бўлинмаларига ветеринария хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат қилиш;
ветеринария хизмати кўрсатилиши тўғрисида кинология бўлинмалари билан шартнома тузиш;
ветеринария хизматларини ветеринария блокларида олиш;
ветеринария блокларида яратилган мавжуд шароитлар билан танишиш;
кўрсатилаётган ветеринария хизматлари турлари ва прейскуранти (нархи) тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш;
итнинг ҳолати, касаллиги ва ўтказилган муолажалар ҳақида маълумот олиш;
итнинг касаллиги ҳолатидан келиб чиқиб уни изоляторда даволашга қолдириш;
белгиланган тартибда шикоят қилиш.
1311. Буюртмачи:
ветеринария блокларига итни кўрикдан ўтказиш учун тақдим этиши;
ит ўтказган касалликлар, унинг эмланганлиги ҳамда саломатлиги билан боғлиқ зарур маълумотларни тақдим этиши;
кўрсатилган ветеринария хизматлари учун прейскурант (нарх) бўйича тўловларни амалга ошириши;
изоляторда даволанаётган итни сақлаш ва озиқлантириш харажатларини қоплаши;
ветеринария хизмати ходимларининг тавсиялари асосида зоогигиеник талабларга мувофиқ итларни сақлаш ва озиқлантириш ҳамда даволаш-профилактика тадбирларини ўз вақтида амалга ошириши;
ветеринария-санитария қоидаларига тўлиқ риоя этиши шарт.
1312. Итларни даволаш жараёнида бошқа касалликлар аниқланганда, уларни бартараф этиш ва соғломлаштириш харажатлари қўшимча равишда буюртмачи ҳисобидан амалга оширилади.
1313. Буюртмачилар томонидан ветеринария хизматлари кўрсатишдан фойдаланиш рад этилган тақдирда, хизмат кўрсатилмаган қисми учун тўланган маблағлар қайтариб берилади.
1314. Зарур ҳолларда кинология бўлинмалари ветеринария хизмати кўрсатишни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда амалга оширади.
22-боб. Кинология бўлинмаларида буюртмачиларнинг итларини вақтинча сақлаш бўйича пуллик хизмат кўрсатиш
1315. Буюртмачи итларини вақтинча сақлаш юзасидан пуллик хизмат кўрсатиш бўйича мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ кинология бўлинмаларига мурожаат қилади.
1316. Мурожаат кинология бўлинмаси томонидан қабул қилинади, рўйхатдан ўтказилади ва ветеринария хизмати юзасидан шартнома ҳамда «қабул қилиш ва топшириш» далолатномаси тузилади.
1317. Итларни вақтинчалик сақлаш муддати шартномада белгиланади.
1318. Буюртмачининг ихтиёрига кўра итни зарурий анжомлари ва озуқалари кинология бўлинмаларига тақдим этилиши мумкин.
1319. Буюртмачи кинология бўлинмаларидаги вақтинча сақлаш жойларининг шарт-шароитлари билан танишиш ҳуқуқига эга.
1320. Кинология бўлинмалари ходимлари итларни вақтинча сақлаш давомида уларни озиқлантириш, сайр қилдириш ва ветеринария назоратини амалга оширишга масъул ҳисобланади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2025 й., 10/25/3480-1/0049-сон)