Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Сўнгги йилларда ички ишлар органлари тизимида жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда ижобий натижаларга эришилмоқда.
Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, жазо ижроси устидан самарали назорат механизмини ўрнатиш учун янги технологияларни қўллаш талаб этилмоқда.
Уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахсларни масофадан туриб назорат қилиш амалиётини йўлга қўйиш орқали жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва жазо ижроси устидан самарали назоратни ўрнатиш зарурати юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Пробация тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 26 мартдаги ПФ-6196-сон ҳамда «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон фармонлари ижросини таъминлаш, шунингдек, уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахсларни масофадан туриб назорат қилиш тартибини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги ПФ-6196-сон Фармони билан тасдиқланган Ички ишлар органлари тизимини янада такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси»нинг 22-бандига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация бошқармаси тузилмасида ягона электрон мониторинг маркази ташкил этилиб, масофадан туриб назорат қилиш учун замонавий техник воситалар ва сервер қурилмалари билан жиҳозланганлиги, ахборот технологиялари бўйича олий маълумотли кадрлар билан жамланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси асосида амалий илмий-тадқиқот лойиҳаси амалга оширилганлиги, лойиҳа натижасида электрон браслет яратилганлиги, унинг дастурий таъминоти ишлаб чиқилганлиги ҳамда республиканинг 14 та ҳудудида (ички ишлар органлари жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, пробация хизматларида) синовдан ўтказилиб, амалиётга жорий этишга тайёр ҳолатга келтирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш;
электрон браслет тақилиши белгиланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартибини бузиш учун жавобгарлик;
электрон браслетга шикаст етказилганда ёки йўқотилганда моддий зарарни ундириш тартиблари.
3. 2025 йил 1 январдан бошлаб уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 декабрь,
813-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 декабрдаги 813-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартибини белгилайди.
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ижрочи ходимлар — туман (шаҳар) ички ишлар органи жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бўлинмаси ходимлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори ва маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани (таянч пункти) профилактика инспекторлари;
хизмат кўрсатувчи ташкилот — электрон браслет ва унинг дастурий таъминоти шаклидаги илмий фаолият натижаларини қонунчиликда белгиланган тартибда тижоратлаштирган юридик шахс;
электрон браслет — уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахснинг ҳаракатланишини реал вақт режимида автоматик тарзда хабар юбориш орқали масофадан туриб назорат қилишга мўлжалланган, оёққа ёки қўлга тақиладиган электрон қурилма;
ягона электрон мониторинг маркази — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация бошқармасининг ягона электрон мониторинг маркази;
«Elektron braslet» ахборот тизими — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация бошқармасининг мустақил ахборот тизими.
2-боб. Электрон браслетни қўллашда риоя қилинадиган талаблар
3. Электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс оёғининг болдир қисмига тақилади. Шахс оёғининг болдир қисмига электрон браслетни тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар билан тиббий муолажа кўрсатилган ва бошқалар) қўл қисмига тақилишига рухсат этилади.
4. Аёл жинсидаги шахсга электрон браслет у билан бир жинсдаги ходим (ички ишлар органи жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори) томонидан тақилади ҳамда ечиб олинади.
5. Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга носоз ёки электр қуввати тўлиқ бўлмаган электрон браслетни тақишга йўл қўйилмайди.
6. Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган қуйидаги шахсларга электрон браслет қўллаш мумкин эмас:
ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
ҳомиладор аёллар;
уч ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
тиббий кўрсатмага кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган шахслар (имплант қилинган кардиостимулятор ўрнатилган шахслар, юқумли тери касаллиги (аллерго контакт дерматит, тери замбуруғи ёки қичима касаллиги) бўлган шахслар).
3-боб. Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби
7. Суднинг уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрими нусхаси «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ахборот тизими орқали «Elektron braslet» ахборот тизимига юборилади.
Суднинг ажрими нусхаси келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғининг ёзма топшириғи асосида «Elektron braslet» ахборот тизимида ижрочи ходимлар белгиланади.
8. Озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётган ёки жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) ички ишлар органи пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида электрон браслет қўлланилади.
9. Туман (шаҳар) ички ишлар органи пробация бўлинмаси бошлиғининг озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тўғрисидаги қарори «Elektron braslet» ахборот тизимида расмийлаштирилади.
Қарор расмийлаштирилган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида «Elektron braslet» ахборот тизимида ижрочи ходимлар белгиланади.
10. Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, жинси, туғилган йили, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), электрон браслет тақилган вақт, электрон браслетнинг индивидуал рақами, ижрочи ходимларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва телефон рақами «Elektron braslet» ахборот тизимида қайд этилади.
11. Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга ижрочи ходимлар томонидан ушбу Низомда белгиланган ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилади ҳамда бу ҳақида ундан тилхат олинади.
12. Ягона электрон мониторинг маркази:
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга электрон браслет тақилганлиги ҳақидаги маълумотлар «Elektron braslet» ахборот тизимига киритилган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида электрон браслетни фаоллаштиради;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларга тақилган электрон браслетларнинг техник созлигини (фаол ҳолатда турганлигини) «Elektron braslet» ахборот тизимидаги маълумотларни реал вақт режимида таҳлил қилиб бориш орқали масофадан туриб назорат қилади;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга тақилган электрон браслетнинг электр қуввати тугаганлиги, ушбу шахс электрон браслетни ечганлиги ёки электрон браслетнинг техник топшириғида белгиланган радиус оралиғидан ташқарига чиққанлиги ҳақидаги онлайн хабар келиб тушганда, дарҳол ижрочи ходимларни бу ҳақида хабардор этади ва ушбу хабарни «Elektron braslet» ахборот тизимида қайд этади.
4-боб. Электрон браслетлар билан таъминлаш ва уларни сақлаш
13. Хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси асосида:
туман (шаҳар) ички ишлар органларини зарур миқдордаги электрон браслетлар билан таъминлайди;
туман (шаҳар) ички ишлар органларида сақланаётган носоз ҳолатдаги электрон браслетларни соз ҳолатдаги электрон браслетларга алмаштиради;
ижрочи ходимларнинг электрон браслетни қўллаш ва унинг дастурий таъминотини ишлатиш кўникмасини мустаҳкамлаш бўйича ўқув-амалий семинарлар ўтказади;
электрон браслетларнинг дастурий таъминотида юзага келадиган техник носозликларни бартараф этади;
электрон браслетлар ва уларнинг дастурий таъминотини тизимли равишда такомиллаштириб боради.
14. Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси хизмат кўрсатувчи ташкилот (ижрочи) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ва Пробация бошқармаси (буюртмачилар) ўртасида қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади.
Ушбу шартномада белгиланган ҳақ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Пробация бошқармасининг пробация хизматини ривожлантириш жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.
15. Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш бўйича техник топшириқ шахсга оид маълумотларни ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар акс эттирилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ҳамда Пробация бошқармаси томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи томонидан тасдиқланади.
16. Электрон браслетлар ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларидаги махсус воситаларни сақлаш хоналарида сақланади.
Электрон браслетларни махсус воситаларни сақлаш хонасида сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
17. Туман (шаҳар) ички ишлар органи навбатчилик қисми:
хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан тақдим этилган электрон браслетларни қабул қилиб олади;
электрон браслетларни туман (шаҳар) ички ишлар органининг махсус воситаларни сақлаш хонасида белгиланган тартибда сақланишини таъминлайди;
электрон браслетларнинг ҳаракатини (ижрочи ходимларга топшириш ва улардан қабул қилиб олишни) «Elektron braslet» ахборот тизимида юритади.
18. «Elektron braslet» ахборот тизимининг электрон браслетлар ҳаракатини қайд этиш бўлимида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
электрон браслет берилган ижрочи ходим фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда лавозими;
берилган электрон браслетнинг индивидуал рақамлари;
электрон браслет берилган ҳамда қабул қилиб олинган сана ва вақт;
электрон браслетнинг топшириш вақтидаги ҳолати (соз ёки носозлиги);
электрон браслетни қабул қилиб олган ва топширган ижрочи ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми.
19. Электрон браслетларнинг техник созлиги, электр қувватининг тўлиқлиги туман (шаҳар) ички ишлар органи навбатчилик қисми масъул ходимлари томонидан доимий равишда назорат қилиб борилади. Ижрочи ходимларга носоз ёки электр қуввати тўлиқ бўлмаган электрон браслетлар берилишига йўл қўйилмайди.
20. Электрон браслетни қабул қилиб олган ижрочи ходим электрон браслетнинг созлигини ва электр қуввати тўлалигини, «GPS» сигнали ишлаётганлигини ҳамда махсус тасмаси бутлигини текширади.
Электрон браслетда носозликлар аниқланганда носоз электрон браслет топширилиб, соз электрон браслетга алмаштирилади.
Электрон браслетдан фойдаланишдан олдин ижрочи ходим томонидан унинг махсус тасмасига дезинфекция воситалари (антисептик, спирт) ёрдамида ишлов берилади.
21. Электрон браслетдан фойдаланиш якунлангандан сўнг ижрочи ходим томонидан махсус тасмага дезинфекция воситалари (антисептик, спирт) ёрдамида ишлов берилган ҳолда, электрон браслетлар тегишлича туман (шаҳар) ички ишлар органи навбатчилик қисмига топширилади.
22. Топширилаётган электрон браслетлар туман (шаҳар) ички ишлар органи навбатчилик қисми масъул ходимлари томонидан ташқи кўрикдан ўтказилгандан сўнг «Elektron braslet» ахборот тизимида қайд этиш йўли билан қабул қилиб олинади.
5-боб. Электрон браслетларни қўллашда ижрочи ходимларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
23. Электрон браслетларни қўллашда ижрочи ходимлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсдан зудлик билан туман (шаҳар) ички ишлар органи маъмурий биносига етиб келишини сўраш;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга ушбу Низомда белгиланган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириш, бу ҳақида ундан тилхат олиш;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга электрон браслетни туман (шаҳар) ички ишлар органи маъмурий биносида тақиш;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахснинг ёзма мурожаати асосида электрон браслетни жароҳат мавжуд бўлган оёқдан ечиб, соғ оёққа ёки қўлга тақиш;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга тиббий кўрсатма асосида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ёки тиббий текширувдан ўтказиш давомида ундан электрон браслетни вақтинча ечиб олиш ва тиббий ёрдам кўрсатилганидан (тиббий текширув ўтказилганидан) кейин ушбу шахсга электрон браслетни тақиш.
Ижрочи ходимлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
24. Электрон браслетларни қўллашда ижрочи ходимлар:
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга электрон браслетни тақишдан олдин унинг созлигини, электр қуввати тўлалигини ва махсус тасмаси бутлигини текшириши, электрон браслетнинг махсус тасмасига дезинфекция воситалари (антисептик, спирт) ёрдамида ишлов бериши;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга тақилган электрон браслетда носозликлар аниқланганда (электрон браслет тақилган шахс уни носоз ҳолатга келтирганда), зудлик билан носоз электрон браслетни соз электрон браслетга алмаштириши ва бу ҳақда туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғига ёзма ахборот бериши;
уй қамоғи эҳтиёт чорасини ижро этиш муддати якунланганда ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс пробация ҳисобидан чиқарилаётган вақтда ёхуд жазони ўташ тартибига риоя этган ва жамоат тартибини бузишга йўл қўймаган тақдирда, электрон браслет қўлланилган кундан эътиборан уч ой ўтгач, ушбу шахсдан туман (шаҳар) ички ишлар органи маъмурий биносида электрон браслетни ечиб олиши;
ечиб олинган электрон браслетни унинг махсус тасмасига дезинфекция воситалари (антисептик, спирт) ёрдамида ишлов берган ҳолда, туман (шаҳар) ички ишлар органининг махсус воситаларни сақлаш хонасига топшириши;
ягона электрон мониторинг марказининг электрон браслет онлайн сигнали ишга тушганлиги ҳақидаги хабарини олган вақтдан бошлаб дарҳол ушбу Низомнинг 28 — 30-бандларида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.
Ижрочи ходимларнинг зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар юкланиши мумкин.
6-боб. Электрон браслет қўлланиладиган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
25. Электрон браслет қўлланиладиган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
электрон браслет қўлланилишидан олдин ушбу Низомда белгиланган ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотларни ижрочи ходимлардан олиш;
электрон браслетни жароҳат мавжуд бўлган оёқдан ечиб, соғ оёққа ёки қўлга тақиш бўйича ижрочи ходимларга ёзма мурожаат қилиш;
тиббий кўрсатма асосида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ёки тиббий текширувдан ўтказиш давомида электрон браслетни вақтинча ечиб туришни сўраш (тиббий текширувлар тугагунга қадар);
электрон браслетда носозлик юзага келганда, уни соз электрон браслетга алмаштириш бўйича ижрочи ходимларга мурожаат қилиш.
Электрон браслет қўлланиладиган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
26. Электрон браслет қўлланиладиган шахслар қуйидагиларни:
электрон браслетни белгиланган вақт ичида қувватлаб бориш орқали унинг электр қуввати тугамаслигини таъминлаши;
электрон браслетни ўзбошимчалик билан ечмаслиги;
электрон браслетга зарар етказиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширмаслиги шарт.
Электрон браслет қўлланиладиган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга.
7-боб. Электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартибини бузиш учун жавобгарлик
27. Қуйидагилар шахснинг уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазосини ижро этиш жойида бўлишини электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартибини бузиш деб ҳисобланади:
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс ўзига электрон браслет тақилишини рад этса;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс электрон браслетни белгиланган вақт ичида қувватлаб бормаганлиги (электр қуввати тугаганлиги) сабабли ягона электрон мониторинг маркази томонидан электрон браслет онлайн сигнали ишга тушганлиги ҳақида хабар берилган бўлса;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс электрон браслетни ўзбошимчалик билан ечса;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс ижрочи ходимларнинг ёзма рухсатисиз электрон браслетнинг техник топшириғида белгиланган радиус оралиғидан ташқарига чиқса;
уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс электрон браслетга зарар етказиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширса.
28. Ушбу Низом 27-бандининг иккинчи — олтинчи хатбошиларида белгиланган ҳолатлардан бири содир этилганда, ижрочи ходимлар томонидан шахснинг уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазосини ижро этиш жойида бўлишини электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартибини бузганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади (далолатнома ижрочи ходимлар ва холислар томонидан имзоланади).
29. Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган шахс ушбу Низом 27-бандининг иккинчи — олтинчи хатбошиларида белгиланган ҳолатлардан бирини биринчи маротаба содир этганда, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда расмий огоҳлантириш тарзидаги профилактика чораси қўлланилади.
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган шахс ўзига расмий огоҳлантириш тарзидаги профилактика чораси қўлланилганидан кейин ушбу Низом 27-бандининг иккинчи — олтинчи хатбошиларида белгиланган ҳолатлардан бирини такроран содир этса, ижрочи ходимлар томонидан ушбу шахс ўтаётган эҳтиёт чорасини бошқа эҳтиёт чорасига алмаштириш ҳақида тегишли тергов органига (судга) тақдимнома киритилади.
30. Озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс ушбу Низом 27-бандининг иккинчи — олтинчи хатбошиларида белгиланган ҳолатлардан бирини биринчи маротаба содир этганда, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чораси қўлланилади.
Озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс ўзига огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чораси қўлланилганидан кейин ушбу Низом 27-бандининг иккинчи — олтинчи хатбошиларида белгиланган ҳолатлардан бирини такроран содир этса, ижрочи ходимлар томонидан ушбу шахс ўтаётган жазони бошқа жазога алмаштириш ҳақида тегишли судга тақдимнома киритилади.
8-боб. Электрон браслетга шикаст етказилганда ёки йўқотилганда моддий зарарни ундириш тартиби
31. Электрон браслетнинг корпусида шикастланиш ёки носозлик аниқланганда ёки электрон браслет йўқотилганда, ижрочи ходимлар зудлик билан туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғига бу ҳақда ёзма ахборот беради.
32. Туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғининг ёзма топшириғи асосида электрон браслетнинг шикастланганлиги, носоз ҳолатга келганлиги ёки йўқотилганлиги сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш бўйича текширув ўтказилади.
Текширув натижасига мувофиқ:
ижрочи ходимлар томонидан электрон браслетга шикаст етказилганлиги ёки йўқотилганлиги ҳолати аниқланган тақдирда, уларга нисбатан моддий жавобгарлик чоралари қўлланилади;
электрон браслетга уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс қасддан шикаст етказганлиги аниқланган ҳолларда, етказилган моддий зарарнинг ўрни ушбу шахс томонидан қопланиши таъминланади.
Етказилган моддий зарарнинг миқдори текширув хулосасида белгиланади. Текширув хулосаси ижрочи ходимлар ва уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга тилхат олиш йўли билан эълон қилинади.
33. Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс моддий зарарнинг ўрнини бир ой муддат ичида қопламаса, ушбу зарар суд тартибида ундирилади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
34. Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс эҳтиёт чораси ёки жазони ижро этиш жойини тарк этиб, қочган ҳолларда туман (шаҳар) ички ишлар органи ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда уни ушлашга қаратилган чораларни кўради.
35. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.12.2024 й., 09/24/813/1006-сон)