Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Йўл ҳаракати қоидаларига жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида
Сўнгги йилларда аҳолига сифатли автотранспорт хизматини кўрсатиш ва жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш орқали йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши қатнов мунтазамлиги ва жамоат транспортининг эркин ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жамоат транспортида аҳолига сифатли ва қулай хизмат кўрсатилишини самарали ташкил этиш, жамоат транспорти ҳаракати устуворлигини ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига иловага мувофиқ йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан йўналишли жамоат транспорти воситаларидан ташқари бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишини тақиқлашга қаратилган қўшимча киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида кенг тушунтирилишини таъминласин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 10 октябрь,
658-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 октябрдаги 658-сон қарорига
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган қўшимча
Қуйидаги мазмундаги 171-боб билан тўлдирилсин:
«171-боб. Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўл орқали ҳаракатланиш
1151. Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан йўналишли жамоат транспорти воситалари ҳаракатланиши мумкин ва бошқа транспорт воситалари ушбу йўлакда ҳаракатланиши тақиқланади, бундан тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари мустасно.
1152. Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлда ҳаракатланиши тақиқланган транспорт воситалари ушбу йўлдан фақат ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш мақсадида ёндош ҳудуднинг кириш ёки чиқиш жойидан 50 метр масофада узуқ-узуқ чизиқли жойгача ёхуд яқин масофадаги узуқ-узуқ чизиқли жойгача ҳаракатланиши мумкин.
Бунда транспорт воситаси мазкур йўлакда ҳаракатланиб келаётган йўналишли транспорт воситаси ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги ва унга йўл бергандан сўнг ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш ҳаракатини амалга оширишига рухсат этилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.10.2024 й., 09/24/658/0807-сон)