Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини ажратиш тартибини янада такомиллаштириш, ер участкаларидан оқилона ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маъмурий биноларини барпо этиш, кутубхоналар ташкил этиш, диний ташкилотларга бино қуриш мақсадида ер участкалари ажратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар иловага мувофиқ киритилсин.
2. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 октябрь,
641-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 октябрдаги 641-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-банднинг олтинчи хатбошиси «корхонасига» сўзидан кейин «фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига» сўзлари билан тўлдирилсин.
2. 3-бандда:
еттинчи хатбоши «ҳудудий бўлинмаларининг» сўзларидан кейин «шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг» сўзлари билан тўлдирилсин;
ўн биринчи хатбоши «давлат таълим ва даволаш муассасалари» сўзларидан кейин «кутубхоналар» сўзи билан тўлдирилсин;
қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«диний ташкилотлар учун бино қуриш мақсадида бериш»;
ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошилар тегишлича ўн учинчи ва ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
3. Қуйидаги мазмундаги 52-банд билан тўлдирилсин:
«52. Диний ташкилот учун бино қуриш мақсадида ер участкасига эҳтиёж мавжуд бўлган тақдирда диний ташкилотнинг ташаббускорлари (таъсисчилари) бу ҳақда тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилади.
Диний ташкилотлар учун бино қуриш мақсадида ер участкаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ваколатли орган билан келишувга мувофиқ мазкур Регламентда белгиланган тартиб асосида ажратилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ажратилган ер участкасини диний ташкилотга бепул асосда ижарага беради.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкасини ажратиш билан боғлиқ барча харажатлар диний ташкилотнинг ташаббускорлари (таъсисчилари) томонидан қопланади».
4. 23-банднинг «б» кичик бандида:
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасига — диний ташкилотлар қуриш мақсадида ер участкаси ажратиш бўйича»;
бешинчи ва олтинчи хатбошилар тегишлича олтинчи ва еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда бошқа давлат органлари ва ташкилотлардан қўшимча равишда хулоса олиниши ёки уларга келишиш учун юборилиши мумкин.»
5. 1-илованинг I бўлими номидан «давлат ва» сўзлари чиқариб ташлансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.10.2024 й., 09/24/641/0788-сон)