Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги ободонлаштириш муассасаларини мақбуллаштириш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри ҳудудидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш майдонларини сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш ишларини самарали ташкил этиш, бошқариш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хоразм вилояти ҳокимлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Шовот» маданият ва истироҳат боги» давлат унитар корхонасини Шовот канали ҳудудларини ободонлаштириш участкаси сифатида Хоразм вилояти ҳокимлигининг Урганч шаҳар ободонлаштириш бошқармасига (кейинги ўринларда — Урганч ободонлаштириш бошқармаси) қўшиб олиш орқали қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Урганч ободонлаштириш бошқармаси Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Шовот» маданият ва истироҳат боги» давлат унитар корхонасининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
3. Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Шовот» маданият ва истироҳат боги» давлат унитар корхонасининг қуйидаги вазифалари Урганч ободонлаштириш бошқармасига юклансин:
Шовот канали соҳилида жойлашган объектларни ҳамда ҳудудларнинг шаҳарсозлик ва санитария нормалари ҳамда қоидаларига мувофиқ сифатли сақланиши ва улардан оқилона фойдаланишини таъминлаш;
Шовот каналининг боғ ҳудудини кўкаламзорлаштириш, дов-дарахтларни сақлаш (парвариш қилиш)га доир агротехник тадбирларни амалга ошириш, уларнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш;
электр энергиясини тежаш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда, бириктирилган ҳудуднинг ташқи ёритиш тармоқларини сақлаш, жорий таъмирлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш ҳамда бошқа ишларни амалга ошириш;
мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда, ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатидан тозалаш.
4. Хоразм вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:
хатлов ўтказган ҳолда, «Шовот» маданият ва истироҳат боғи» давлат унитар корхонасининг мол-мулки, асосий воситалари, анжомлари ва транспорт воситаларини ҳамда дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлари топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан Урганч ободонлаштириш бошқармасига ўтказилишини;
Урганч ободонлаштириш бошқармасининг ташкилий тузилмаси ва штатлар жадвалининг қайта шакллантирилишини;
«Шовот» маданият ва истироҳат боги» давлат унитар корхонасининг ишлаб келаётган ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари меҳнат қонунчилигига мувофиқ Урганч ободонлаштириш бошқармаси билан қайта расмийлаштирилишини таъминласин.
5. Белгилансинки, Шовот канали ҳудудларини ободонлаштириш участкаси бўлими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг «Ободонлаштириш ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 1 апрелдаги 91-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.
6. Хоразм вилояти ҳокимлиги:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2024 йил учун белгиланган тегишли штат жадваллари ҳамда харажатлар сметаларига ўзгартиришлар киритилишини таъминласин;
2025 йилдан бошлаб Хоразм вилояти маҳаллий бюджети параметрларини шакллантиришда Шовот канали ҳудудларини ободонлаштириш объектларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Урганч шаҳрида «Шовот» маданият ва истироҳат боғи» давлат унитар корхонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 20 сентябрдаги 260-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 7 сентябрь,
552-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.09.2024 й., 09/24/552/0695-сон)