Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Шоли етиштирувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш ва республикада озиқ-овқат нархлари барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг кенгайиши сувни кўп истеъмол қиладиган экинларни етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллаш заруратини юзага келтирмоқда.
Республикада шоли етиштириш, сақлаш, қайта ишлашнинг узлуксиз ва самарали тизимини жорий этиш, ички истеъмол бозорини гуруч маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, шунингдек, соҳада илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга шоли етиштириш ва харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-52-сон қарорида белгиланган шартларда имтиёзли кредитлар ажратилади.
Бунда шоли харид қилиш бўйича шартномалар шоличилик кластерлари билан фермер хўжаликлари ўртасида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агроплатформа» ахборот тизими орқали тузилади;
б) 2025-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан шоли экиш учун харид қилинган ва ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошмаган янги уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизи Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади;
в) Хоразм вилоятида шоли етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан уларга қуйидаги қўшимча субсидиялар ажратилади:
шоли етиштириш учун ҳар бир гектар лазерли текисланган майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажатларининг 100 фоизини, бироқ бир гектар учун умумий харажат миқдорининг 1 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисмини қоплаш учун;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-144-сон қарорида белгиланган миқдорларда замонавий сув тежовчи технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун.
2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда Корея Республикасининг «KOPIA» маркази билан ҳамкорликда Гурлан туманида масъулияти чекланган жамиятлар шаклида шоли элита уруғчилик марказлари (кейинги ўринларда — уруғчилик марказлари) ташкил этилишини таъминласин.
Белгилансинки:
Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда уруғчилик марказларида юқори авлодли уруғликни кўпайтириш йўлга қўйилади;
уруғчилик марказлари юқори авлодли уруғликларни карантин назоратидан ўтказилган хорижий компаниялардан ёки Шоличилик илмий-тадқиқот институтидан қабул қилади ва кўпайтиришни ташкил этади;
уруғчилик марказларига шолининг элита авлодли уруғчилигини етиштириш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилади;
уруғчилик марказлари томонидан уруғлик шолини тозалаш, саралаш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади.
3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уч ой муддатда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази билан Филиппин Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институти ўртасида доимий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган ҳолда, шолининг шўрга, қурғоқчиликка чидамли эртапишар линиялар ва халқаро стандартларга мос навлар уруғларини олиб келиб, Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида мунтазам синовлар ўтказилишини йўлга қўйсин. Бунда:
хорижий ва маҳаллий генофонддан самарали фойдаланган ҳолда, шолининг янги навларини яратиш тизими янада такомиллаштирилиб, ушбу соҳага илғор халқаро тажрибалар жорий этилади;
хорижий шоли навлари бўйича икки йил давомида синовлар ўтказилиб, тезпишар, кам сув талаб қиладиган, юқори ҳосилли навлар танлаб олинади ҳамда 2027 йилга қадар танлаб олинган навларнинг бирламчи уруғчилиги йўлга қўйилади;
шоличилик йўналишидаги халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, уруғчилик хўжаликлари мутахассисларининг малакаси ошириб борилади.
4. 2024 йил ҳосилидан бошлаб, истисно тариқасида, Хоразм вилоятидаги 120 центнер ва ундан юқори ҳосил олган қишлоқ хўжалиги корхоналарига етиштирилган шолининг 50 фоиздан ошмаган гуруч маҳсулотини экспортга йўналтиришга рухсат берилсин.
Бунда олинган ҳосил миқдори шолини ўриб-йиғиб олувчи комбайнларга ўрнатилган GPS ускуналари маълумоти асосида аниқланади.
5. Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси шоли майдонларида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши, давлат эҳтиёжлари учун етиштирилган шолини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш устидан доимий назорат ўрнатсин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритсин:
Хоразм вилоятида шоли етиштириш учун ҳар бир гектар лазерли текисланган майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажатларининг 100 фоизи, бироқ бир гектар учун умумий харажат миқдорининг 1 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисмини қоплаб бериш тартиби;
2025-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги корхоналарига шоли экиш учун харид қилинган замонавий уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизини қоплаб беришнинг вақтинчалик тартиби.
7. Белгилансинки, ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар:
2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
2025 йилдан бошлаб бюджет қонунчилигида белгиланган тартибда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев ва қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 15 август,
ПҚ-290-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 августдаги ПҚ-290-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-52-сон қарори 1-бандининг «а» кичик бандидаги «ва мойли» сўзлари «, мойли ва шоли» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-144-сон қарорига 2-илованинг III бўлим 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Субсидияларнинг базавий ҳисоблаш миқдорлари тизим жорий этилган экин майдонининг ҳар бир гектари учун қуйидагича белгиланади:
|
минг сўм |
||||||||
|
Сувни тежайдиган суғориш тизими тури |
Пахта |
Донли экинлар |
Сабзавот экинлари ва картошка |
Полиз экинлари |
Озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар |
Мевали экинлар |
Узум |
Шоли |
|
Томчилатиб суғориш |
8 000 * |
х |
8 000 |
1 300 |
2 500 *** |
6 000 |
8 000 |
х |
|
Кенг қамровли ва мобиль суғориш тизими |
х |
8 000 ** |
8 000 |
х |
2 500 *** |
х |
х |
8 000 **** |
|
«Спринклер» тизими |
х |
8 000 ** |
8 000 |
х |
2 500 *** |
х |
х |
8 000 **** |
|
Дискретли суғориш |
4 000 |
х |
х |
х |
х |
х |
х |
х |
* Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун 12 000 минг сўм этиб белгиланади.
** Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги донли экинлар етиштириш майдонларида жорий этилган кенг қамровли ҳамда «спринклер» тизимлари учун 9 000 минг сўм этиб белгиланади.
*** Озуқа экин ер майдонларида томчилатиб суғориш, кенг қамровли ва мобиль суғориш ҳамда «спринклер» тизимларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига 8 000 минг сўм этиб белгиланади.
**** Субсидиялар фақат Хоразм вилоятидаги шоли етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига ажратилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.08.2024 й., 07/24/290/0625-сон)