Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 28 февралдаги ПҚ-91-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомга қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимчалар киритилсин:
стандартларни тарқатиш нархларни шакллантиришда хизматлар гуруҳларининг (стандартларни ишлаб чиқиш) таннархини ҳосил қилувчи харажатларнинг гуруҳларга ажратилиши;
халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг стандартларини тарқатиш нархларини Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро ёки минтақавий ташкилот белгилаган тартибда ва шартлар асосида Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан шакллантирилиш тартиби;
стандартларни тарқатишдаги нархларни шакллантиришда хорижий мамлакатларнинг тажрибалари ҳамда стандартларнинг саҳифалари сонига нисбатан камайиб борувчи нархларни қўллаш мезонлари.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 16 август,
509-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 августдаги 509-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчалар
1. Қуйидаги мазмундаги 19-банд билан тўлдирилсин:
«19. Стандартлар нархларини шакллантириш тартиби ва мезонлари иловага мувофиқ белгиланади».
2. Қуйидаги мазмундаги илова билан тўлдирилсин:
«Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Стандартлар нархларини шакллантириш тартиби ва мезонлари
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу тартиб ва мезонлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) «Ўзбекистон стандартлар институти» давлат муассасасида (кейинги ўринларда — Стандартлаштириш бўйича миллий орган) миллий стандартларни тарқатиш нархларини шакллантириш тартиби ва мезонларини белгилайди.
2. Мазкур тартиб миллий, халқаро (минтақавий) ва хорижий мамлакатларнинг стандартларини тарқатиш хизматларини кўрсатувчи Стандартлаштириш бўйича миллий органга нисбатан татбиқ этилади.
3. Мазкур тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
стандартларнинг ягона ахборот базаси — «Маълумотнома излаш» ахборот тизими билан биргаликда қоғоз ва электрон шаклдаги миллий, халқаро (минтақавий) ҳамда хорижий мамлакатлар стандартларининг тизимлаштирилган фонди;
манфаатдор томонлар — стандартларни қабул қилиш ва (ёки) қўллашдан манфаатдор бўлган, маҳсулотларнинг (хизматлар) тегишли турларини ишлаб чиқарувчи ёки истеъмол қилувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар;
2-боб. Стандартларни тарқатиш нархларини шакллантириш тартиби
4. Стандартларни тарқатиш нархлари хизматлар гуруҳларининг (стандартларнинг ишлаб чиқариш) таннархи, шунингдек, халқаро (минтақавий) ва хорижий мамлакатларнинг стандартлаштириш ташкилотлари билан тузилган келишувларда белгиланган тартибда ва шартлар асосида белгиланади.
5. Стандартларни тарқатиш нархларни шакллантиришда хизматлар гуруҳларининг (стандартларни ишлаб чиқиш) таннархини ҳосил қилувчи харажатлар уларнинг иқтисодий мазмунига кўра қуйидаги элементлар билан гуруҳларга ажратилади:
ишлаб чиқариш моддий харажатлари;
ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;
бошқарув ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари;
ягона ижтимоий тўлов;
асосий фондлар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси;
муассасани сақлаш харажатлари;
ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар.
Мазкур хизмат нархи қуйидаги формула орқали шакллантирилади:
СТН=ИЧХ+МҲТХ+БХМИХ+ЯИТ+АХ+МСХ+БХ,
бунда:
СТН — стандартни тарқатиш нархи;
ИЧХ — ишлаб чиқариш билан боғлиқ моддий харажатлар;
МҲТХ — ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;
БХМИХ — бошқарув ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари;
ЯИТ — иш ҳақи фондидан ягона ижтимоий тўлов;
АХ — асосий фондлар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси;
МСХ — муассасани сақлаш харажатлари;
БХ — ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар.
6. Халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг стандартларини тарқатиш нархлари Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро ёки минтақавий ташкилот белгилаган тартибда ва шартлар асосида Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан шакллантирилади.
7. Хорижий мамлакатларнинг стандартларини нашр этиш ва тарқатиш мазкур давлатларнинг стандартлаштириш бўйича миллий органлари билан тузилган шартномаларга мувофиқ Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан амалга оширилади.
8. Стандартлар маъмурий ва жиноий ишлар доирасида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси учун уларнинг ёзма сўровига асосан бепул тақдим этилади.
Маъмурий ва жиноий ишлар доирасида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси учун тақдим этилган стандартларга сарфланган харажатлар стандартларни аниқлаш, актуаллаштириш, экспертиза қилиш, давлат тилига таржима қилиш хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлар ҳисобидан қопланади.
3-боб. Стандартларни тарқатиш нархларини шакллантиришнинг мезонлари
9. Қуйидагилар стандартларни тарқатиш нархларини шакллантиришнинг асосий мезонлари ҳисобланади:
стандартларни тарқатишдаги нархларни шакллантиришда хорижий мамлакатларнинг тажрибалари;
тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида стандартларнинг саҳифалари сонига нисбатан камайиб борувчи нархларни қўллаш.
10. Халқаро, хорижий ва минтақавий ташкилотларнинг стандартларини нашр этиш ҳамда тарқатиш нархлари Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро, хорижий ёки минтақавий ташкилот белгилаган тартибда ва шартлар асосида Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан тасдиқланади.
11. Миллий стандартларни тарқатиш нархлари Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан тасдиқланади.
4-боб. Якунловчи қоида
12. Ушбу тартиб талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.08.2024 й., 09/24/509/0620-сон)