Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (15-сонли БҲС) «Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувлари»ни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 22 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3532]
1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (15-сонли БҲС) «Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувлари» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ 2025 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 июнь,
129-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 4 июндаги 129-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (15-сонли БҲС) «Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувлари»
Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (15-сонли БҲС) «Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувлари» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) томонидан хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувлари ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
активлар — ташкилот томонидан бошқариладиган ва келгусида иқтисодий манфаат ёки фойдали потенциал келтириши кутилаётган ресурслар;
конседент — операторга хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувига асосан ўз активидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ташкилот;
оператор — хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувига асосан конседентнинг активидан фойдаланиш ҳуқуқини олувчи хусусий шерик;
хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви — конседент ва оператор ўртасидаги келишув ҳисобланиб, унга кўра конседентнинг активларидан оператор муайян давр мобайнида конседент номидан хизматларини кўрсатиш учун хизмат кўрсатиш концессияси активларидан фойдаланади.
2. Мазкур Стандартнинг мақсади конседент томонидан хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувларини ҳисобга олиш тартибини белгилашдан иборат.
3. Ташкилотлар хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувларини ҳисобга олишда ва молиявий ҳисоботларни тайёрлашда ушбу Стандарт талабларига амал қилиши керак.
2-боб. Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувидаги активларни ҳисобга олиш ва баҳолаш
4. Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувидаги активлар қуйидаги ҳолларда ҳисобга олинади:
конседент оператор томонидан кўрсатиладиган хизматларни бажаришни, кимга ва қандай нархларда хизматлар кўрсатишни назорат қилганда ёки тартибга солганда;
конседент хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви тугаган тақдирда активларнинг қолдиқ қийматига эгалик ҳуқуқини амалга оширганда.
5. Мазкур Стандартнинг 4-банди иккинчи хатбошиси хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувида фойдаланиладиган активга унинг тўлиқ фойдали муддати давомида татбиқ этилади.
6. Конседент ушбу Стандартнинг 4-бандига асосан хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувидаги активларни ҳисобга олишда уларни ҳаққоний қиймати бўйича баҳолайди.
7. Конседент ўзининг мавжуд активларини мазкур Стандартнинг 4-бандига мувофиқ, ҳисобга олганда, уларни хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви активи сифатида қайта таснифлайди.
Қайта таснифланган активлар моддий активлар бўлганда, улар Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар» (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март) стандарти, номоддий активлар бўлганда эса Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (9-сонли БҲС) «Номоддий активлар» (рўйхат рақами 3169, 2019 йил 24 июнь) талабларига мувофиқ ҳисобга олинади.
3-боб. Мажбуриятларни молиявий ҳисоботда тан олиш
8. Конседент хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувида мажбуриятларни молиявий ҳисоботда тан олиши керак.
Бунда, конседент мавжуд активларини ушбу Стандартнинг 7-бандига мувофиқ, хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви активлари сифатида қайта таснифлаганда, мажбуриятларни молиявий ҳисоботда тан олмайди.
9. Конседентнинг молиявий ҳисоботда тан олинган мажбуриятлари баҳоланади ҳамда конседентдан операторга ёки оператордан конседентга амалга оширилган қўшимча тўлов миқдорини ҳисобга олган ҳолда молиявий ҳисоботда акс эттирилади.
10. Молиявий ҳисоботда тан олинган мажбуриятлар конседент ва оператор ўртасидаги хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви мазмунига асосланади.
11. Конседент операторга хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувидан келиб чиқиб қуйидаги имкониятларни яратиб бериши мумкин:
а) учинчи шахслардан фойда олиш;
б) активлардан бошқа фойда келтирувчи активлар сифатида фойдаланиш (масалан, поликлиника биносида аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиладиган қисми билан бир вақтда пуллик хизматларни ташкил этиш);
д) тўловларни амалга ошириш.
4-боб. Молиявий мажбурият ва ҳуқуқларни операторга бериш
12. Конседент хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви активини қуриш, сотиб олиш ёки модернизация қилиш учун операторга пул кўринишида ёки бошқа молиявий активларни бериш кўринишида мажбуриятга эга бўлса, конседент мажбуриятни мазкур Стандартнинг 9-бандига мувофиқ, молиявий мажбурият сифатида молиявий ҳисоботда тан олади.
13. Конседентнинг хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви активининг қурилиши, модернизацияси, сотиб олиниши учун операторга пул тўловини ёки бошқа молиявий активни бериш бўйича мажбурияти бўлмаса, шунингдек, операторга хизматлардан фойдаланувчи учинчи шахслардан ёки даромад келтирувчи активлардан фойда олиш ҳуқуқини берса, конседент мажбуриятни мазкур Стандартнинг 9-бандига мувофиқ, конседент ва оператор ўртасида активлар алмашишдан ҳосил бўлувчи даромад сифатида ҳисобга олади.
14. Конседент хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви активининг қурилиши, модернизацияси, унинг сотиб олиниши бўйича қарздорликни молиявий мажбурият ва операторга ҳуқуқни бериш орқали қисман тўласа, умумий қарздорликнинг ҳар бир қисми 8-бандга мувофиқ, алоҳида ҳисобга олинади. Мажбуриятнинг дастлаб ҳисобга олинган умумий суммаси мазкур Стандартнинг 9-бандида назарда тутилган миқдорга тенг бўлиши керак.
15. Агар конседент хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувида белгиланган ёки ҳисобланган тўловларни ҳамда хизматдан фойдаланувчилар томонидан операторга тўланадиган тўловларни кафолатлаган бўлса, конседент тўловлар бўйича мажбуриятни олган бўлади.
16. Конседент томонидан операторга тўловларнинг амалга оширилиши мазкур Стандартнинг 8-бандига мувофиқ тан олинган мажбуриятни камайтирса, у ҳолда тўловлар молиявий харажат ва оператор томонидан кўрсатилган хизматлар учун харажат сифатида тақсимланади.
17. Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувига кўра, оператор томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар мазкур Стандартнинг 8-бандига мувофиқ, молиявий харажатлар сифатида ҳисобга олади.
18. Конседент активларни молиялаштириш ва хизмат кўрсатиш тўловларини алоҳида қисмларга ажрата олиш имкониятига эга бўлса, улар билан боғлиқ харажатларни хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувида назарда тутилган миқдорга мос равишда ҳисобга олади.
Агарда конседент активларни молиялаштириш ва хизмат кўрсатиш тўловларини алоҳида қисмларга ажрата олиш имкониятига эга бўлмаса, улар билан боғлиқ харажатларни таҳлил қилиш орқали аниқлаб ҳисобга олади.
19. Конседент хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувининг иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда даромадларни молиявий ҳисоботда акс эттиради ва мазкур Стандартнинг 14-бандига мувофиқ, молиявий ҳисоботда тан олинган мажбуриятни камайтиради.
20. Конседент операторга хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви бўйича учинчи шахслардан ёки активлардан фойда олиш ҳуқуқини тақдим қилиши мазкур келишувни фойда келтирувчи келишув сифатида қаралишини англатади.
Конседент томонидан операторга берилган ҳуқуқлар хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви даври мобайнида амал қилишини инобатга олиб, ушбу ҳуқуқлардан тушган даромадлар молиявий ҳисоботларда мажбуриятлар сифатида акс эттирилади.
Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувига кўра даромадлар тан олиниши билан мажбурият камаяди.
5-боб. Ахборотни очиб бериш
21. Конседент хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувига оид маълумотларни Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг (3-сонли БҲС) «Бюджет ҳисоботи» (рўйхат рақами 3124, 2019 йил 18 январь) стандартига мувофиқ, молиявий ҳисоботларда тақдим этади.
22. Конседент молиявий ҳисобот даврида хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувининг қуйидаги маълумотларини ошкор қилиши лозим:
а) предмети ҳақидаги;
б) қиймати тўғрисидаги;
д) тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги;
э) тарафларнинг ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш усуллари, миқдорлари ва муддатлари ҳақидаги;
ф) келишувга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги;
г) келишувнинг муддати, бу муддатни белгилаш тартиби ҳақидаги;
ҳ) келишувни тугатиш асослари, тартиби ва шартлари, муддатидан олдин тугатиш тартиби ҳақидаги.
23. Мазкур Стандартнинг 22-бандида белгиланган ошкор қилиниши лозим бўлган маълумотлар ҳар бир хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишуви бўйича алоҳида кўрсатилади.
Агар, хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувлари ўхшаш хизматларни ўз ичига олса улар бир гуруҳда кўрсатилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2024 й., 10/24/3532/0537-сон)