Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида кенг қамровли амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли орасида тобора оммалашаётган ва электр қувватида ҳаракатланадиган транспорт воситаларида йўлларда ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини ишончли таъминлашда қатор муаммолар юзага келмоқда.
Хусусан, Йўл ҳаракати қоидалари бўйича бошланғич билимларга эга бўлмаган шахслар томонидан бундай транспорт воситалари бошқарилаётганлиги йўлларда турли салбий ҳолатларни келтириб чиқариш эҳтимолини оширмоқда. Бундай омиллар электр қувватида ҳаракатланадиган транспорт воситаларидан ўз билганича фойдаланишга, йўлларда тартибсиз, Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан бошқаришга, йўл ҳаракати иштирокчилари билан боғлиқ нохуш ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Юқоридаги салбий оқибатларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки:
двигателининг иш ҳажми 25 см3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, шунингдек, электр двигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, бироқ 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситалари (мопед ва скутер) учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади ҳамда бу турдаги транспорт воситалари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган транспорт воситаларини бошқариш учун тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб этилади.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 апрелдаги 224-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.04.2025 й., 09/25/224/0338-сон)
2. Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ички ишлар вазирлиги 2024 йил 1 октябрга қадар:
мопед ва скутерларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи махсус савдо ташкилотларини (ишлаб чиқарувчи, унинг вакили ёки воситачи (дистрибьюторлик, дилерлик) ташкилотларини) ЙҲХХнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими «Транспорт воситалари ҳисоб маълумотномалари» модулига интеграция қилсин ва бундай транспорт воситалари учун счёт-маълумотлар электрон шаклда берилишини таъминласин;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган мопед ва скутер тўғрисидаги маълумотлар билан алмашишни жорий этсин.
4. Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида кенг тушунтирилишини таъминласин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 8 июль,
393-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 июлдаги 393-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида вақтинчалик
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Вақтинчалик низом фойдаланишда бўлган двигателининг иш ҳажми 25 см3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, шунингдек, электр двигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситаларини (кейинги ўринларда — мопед ёки скутерлар) давлат рўйхатидан ўтказишнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.
Ушбу Вақтинчалик низом талаблари у кучга киргунга қадар янги, фойдаланишда бўлмаган мопед ва скутерларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Янги мопед ёки скутерлар Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади.
2. Мопед ёки скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда — ЙҲХХ) ҳудудий бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) томонидан амалга оширилади.
3. Мопед ёки скутерларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш учун ундириладиган тўловлар миқдори Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Мазкур Вақтинчалик низом 2025 йил 30 сентябрга қадар амал қилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 апрелдаги 224-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.04.2025 й., 09/25/224/0338-сон)
2-боб. Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби
5. Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларнинг техник тавсифлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги меъёрлар талабларига мос келиши керак.
6. Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерлар эгалари ёки вакиллари томонидан ҳудудий бошқармаларга олиб келинади ва улар соддалаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
7. Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун эгалари ёки вакиллари ҳудудий бошқармаларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
мопед ёки скутер эгаси ёки вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва унга тақдим этилган ишончнома;
мопед ёки скутер эгаси ёки вакилининг белгиланган намунадаги аризаси;
мопед ёки скутернинг техник тавсифлари акс эттирилган савдо ташкилотлари (ишлаб чиқарувчи, унинг вакили ёки воситачи (дистрибьюторлик, дилерлик) ташкилотлар) томонидан берилган ҳужжат (русуми, идентификацияловчи рама ва двигателлар рақамлари, двигателининг қуввати, тўлиқ вазн ва бошқалар акс эттирилган ҳужжат), агар мавжуд бўлса;
мопед ёки скутерга бўлган мулкий ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат ёки харид қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат, агар мавжуд бўлса;
мопед ёки скутерни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш учун тўловлар тўланганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати (электрон тўлов тизимлар орқали тўлов амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно).
8. Агар фойдаланишда бўлган мопед ёки скутер учун 7-банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, ҳақиқатдан ҳам ушбу мопед ёки скутер шу шахсга тегишли эканлиги, уни қаердан, қачон олганлиги тўғрисида эркин шаклдаги тушунтириш хати ёзиб беради.
9. Ҳудудий бошқармалар томонидан мопед ёки скутерларнинг русуми, идентификацияловчи рама ва двигателлар рақамларининг (кейинги ўринларда — техник кўрсаткичлари) тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга тўғри келиши юзасидан техник кўрикдан ўтказилади.
Мопед ёки скутерга тегишли маълумотлар олиб қочилган ва ўғирланган автомототранспорт воситалари бўйича маълумотлар базаси билан таққосланади.
Агар маълумотлар базасида мопед ёки скутернинг қидирувда эканлиги бўйича материаллар мавжуд бўлса, тўпланган ҳужжатлар 24 соат ичида суриштирув ёки тергов органларига юборилади.
10. Қидирувда бўлмаган мопед ёки скутерлар:
двигателининг иш ҳажми 25 см3дан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган ҳолатда мопед сифатида;
электр двигателининг қуввати 0,25 киловаттдан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган ҳолатда скутер сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади.
11. Давлат рўйхатидан ўтказилган мопед ёки скутерга белгиланган тартибда автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси берилади.
12. Агрегат рақамларининг ҳаққонийлигига шубҳа туғдирган мопед ёки скутер экспертизага юборилади.
Экспертиза натижалари салбий чиққан ҳолатларда масъул ходимлар томонидан суриштирув ёки тергов органларига дарҳол мурожаат қилинади.
Экспертиза якунлари ижобий бўлганда, ушбу мопед ёки скутер мазкур Вақтинчалик низомда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатлари амалга оширилади.
3-боб. Якунловчи қоида
13. Ушбу Вақтинчалик низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.07.2024 й., 09/24/393/0516-сон; 15.04.2025 й., 09/25/224/0338-сон)