Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига соҳалар ва тармоқларда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Республика иқтисодиёти тармоқларида экологик вазиятни яхшилаш, муқобил энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, «Экологик транспорт» тизимини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
қуёш фотоэлектр станцияларини биноларнинг том ва фасад қисмига ўрнатиш бўйича лойиҳа ҳужжатларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш талабини бекор қилиш;
атроф-муҳитга юқори ва ўрта даражадаги таъсир кўрсатувчи саноат корхоналари ва уларга туташ ҳудудларда «яшил белбоғлар» барпо этиш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга оширишни белгилаш;
«Экологик транспорт» тизимини босқичма-босқич жорий этишнинг муддатларини белгилаш.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 3 июль,
381-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 3 июлдаги 381-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон қарорида:
а) 1-илованинг «Атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг III тоифасига кирадиган (паст даражада хавфли) фаолият турлари» бўлими 52-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«52. Қуввати 100 МВтгача бўлган иссиқлик, шунингдек, фото, шамол электр станциялари (биноларнинг том ва фасад қисмида ўрнатишга мўлжалланган қуёш фотоэлектр станциялари бундан мустасно) ва бошқа ёндириш қурилмалари»;
б) 2-илованинг 43-банди қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб саноат корхоналари лойиҳа ҳужжатларида ўз ва туташ ҳудудларида «яшил белбоғ»лар барпо этилиши ва кўкаламзорлаштириш тадбирларининг назарда тутилганлиги»;
бешинчи — олтинчи хатбошилар тегишлича олтинчи — еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 29 мартдаги 166-сон қарорида:
а) 1-бандда:
«а» кичик банддаги «2024 йил 1 июндан» сўзлари «2025 йил 1 мартдан» сўзлари билан алмаштирилсин;
«б» кичик банднинг иккинчи хатбошисидаги «2024» рақами «2025» рақами билан алмаштирилсин;
б) 2-банднинг «а» кичик бандидаги «2024 йил 1 июндан» сўзлари «2025 йил 1 мартдан» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 5-бандда:
«а» кичик банддаги «2024 йил 1 июнга» сўзлари «2025 йил 1 апрелга» сўзлари билан алмаштирилсин;
«в» кичик банддаги «икки ой муддатда» сўзлари «2025 йил 1 январга қадар» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.07.2024 й., 09/24/381/0474-сон)