Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Хоразм вилоятида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Хоразм вилоятида кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажмларини кенгайтириш орқали устувор йўналишларда, шу жумладан саноат, хизматлар ва туризм, қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга беш йил муддатга 14 фоиз ставкада 30 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит ресурсларини ажратсин.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 декабрдаги ПФ-263-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 06/25/263/1239-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда, ушбу маблағлар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги «Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-306-сон ва 2023 йил 15 ноябрдаги «Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-366-сон қарорларида белгиланган тартиб ва механизмлар асосида:
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 апрелдаги ПҚ-149-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.04.2024 й., 07/24/149/0262-сон)
Хоразм вилоятида ҳар бир маҳалланинг саноат, хизматлар, савдо ва умумий овқатланиш, туризм, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, заргарлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш йўналишларидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, камида 10 та лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида;
Хива ва Урганч шаҳарлари, Ҳазорасп, Хива, Шовот, Боғот ва Урганч туманларида замонавий савдо марказлари ва бозорлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда ишлаб чиқариш бинолари (ангар ва цехлар)ни қуриш, туристик ва гастрономик кўчаларни ривожлантириш мақсадида тадбиркорларга узоқ муддатли кредит, ижара ва лизингга бериш учун йўналтирилади.
2. Белгилансинки, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга мазкур қарор доирасида кичик ва ўрта бизнес субъектлари лойиҳаларини амалга оширишда тижорат банклари ҳамда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖга ресурсларни жойлаштиришга рухсат берилади.
3. Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Хоразм вилоятидаги 531 та маҳаллада амалга ошириладиган лойиҳалар дастурини ишлаб чиқсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Хоразм вилоятида жойлашган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиш жараёнларини жадаллаштириш ва тадбиркорлик субъектларига қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида, шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олган харидор олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб уч ой ичида сотиб олиш тўловларини тўлиқ амалга оширса, сотиб олиш тўловлари суммасидан 25 фоиз миқдорида чегирма берилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат активлари бўйича тўловлар, уларнинг миқдоридан қатъи назар, 5 йил ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўланади.
(31-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 6 сентябрдаги ПФ-135-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.09.2024 й., 06/24/135/0696-сон)
4. Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш бўйича республика комиссияси (Ж.А. Қўчқоров) Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов билан биргаликда:
мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган дастурларни тасдиқласин ҳамда ҳар ой якуни билан уларнинг амалга оширилишини муҳокама қилиб борсин;
ҳар чорак якуни билан Ўзбекистон Республикаси Президентига амалга оширилаётган ишлар самараси ва натижадорлиги тўғрисида ахборот бериб борсин.
5. Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 28 февраль,
ПҚ-89-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.02.2024 й., 07/24/89/0163-сон; 03.04.2024 й., 07/24/149/0262-сон, 27.04.2024 й., 06/24/67/0307-сон; 10.09.2024 й., 06/24/135/0696-сон; 28.12.2024 й., 06/24/229/1090-сон; 30.12.2025 й., 06/25/263/1239-сон)