Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент метрополитенининг ер усти йўли бекатларига ном бериш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ маҳаллий аҳоли ва жамоатчиликнинг фикрлари, таклифларини инобатга олган ҳолда ҳамда Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича республика комиссиясининг хулосасига кўра Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тошкент метрополитени «Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги» ер усти метро ҳалқа йўлининг «Дўстлик-Қўйлиқ» йўналиши 1 — 14 бекатларига, «Чилонзор» йўлининг «Олмазор-Сергели» йўналиши 1 — 5 бекатларига жами 19 та бекат) иловадаги рўйхат асосида ном берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, «Тошкент метрополитени» ДУК билан биргаликда бир ой муддатда:
Тошкент метрополитени «Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги» ер усти метро ҳалқа йўлининг 14 та, «Чилонзор» йўлининг 5 та бекати номларининг тасдиқланиши муносабати билан амалга оширилиши лозим бўлган барча зарур чоралари кўрсин;
Тошкент метрополитенининг барча бекатларида ўрнатилган пешлавҳалар ва ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминласин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти кенг ёритилишини ташкил этсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р. Маҳкамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 9 август,
349-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 августдаги 349-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тошкент метрополитени ер усти йўли бекатлари номлари
РЎЙХАТИ
| Т/р | Бекатлар | Бекат номи |
| I. «Дўстлик-Қўйлиқ» ер усти метро йўналиши | ||
| 1. | 1-бекат | Технопарк |
| 2. | 2-бекат | Яшнобод |
| 3. | 3-бекат | Тузел |
| 4. | 4-бекат | Олмос |
| 5. | 5-бекат | Роҳат |
| 6. | 6-бекат | Янгиобод |
| 7. | 7-бекат | Қўйлиқ |
| 8. | 8-бекат | Матонат |
| 9. | 9-бекат | Қиёт |
| 10. | 10-бекат | Толариқ |
| 11. | 11-бекат | Хонобод |
| 12. | 12-бекат | Қурувчилар |
| 13. | 13-бекат | Турон |
| 14. | 14-бекат | Қипчоқ |
| II. «Олмазор-Сергели» ер усти метро йўналиши | ||
| 15. | 1-бекат | Чоштепа |
| 16. | 2-бекат | Ўзгариш |
| 17. | 3-бекат | Сергели |
| 18. | 4-бекат | Янгиҳаёт |
| 19. | 5-бекат | Чинор |
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2023 й., 09/23/349/0583-сон)