Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссиясини тузиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2025 йил 21 январдаги 353-V-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссиясини тузиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз депутатлик ваколатларини амалга ошириш чоғида депутатлик одоб-ахлоқ қоидаларига ҳамда умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссияси таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг одоб-ахлоқ қоидалари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг:
2020 йил 23 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб комиссиясини тузиш тўғрисида»ги 185-IV-сонли (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 3, 226-модда);
2021 йил 8 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Одоб комиссиясининг янги таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 1016-IV-сонли (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 6, 532-модда);
2022 йил 15 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Одоб комиссиясининг янги таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 1968-IV-сонли (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 3, 261-модда) қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 11 май,
3161-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 11 майда қабул қилинган 3161-IV-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Одоб-ахлоқ комиссиясининг
ТАРКИБИ
|
Салихов Эркин Тагирович |
— |
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Комиссия раиси |
|
Арипов Даврон Рахимович |
— |
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси, Комиссия раиси ўринбосари |
|
Ходжаева Мавлудахон Исламовна |
— |
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси |
|
Бафаев Шухрат Гафурович |
— |
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси |
|
Джураев Қодир Асадович |
— |
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари |
|
Коржикова Инна Ивановна |
— |
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси |
|
Сейтова Лейли Пулатовна |
— |
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси |
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 11 майда қабул қилинган 3161-IV-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) вазифаларини, ваколатларини, фаолиятининг асосий йўналишларини, шунингдек унинг ишини ташкил этиш тартибини белгилаб беради.
2. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси Регламенти деб юритилади) нормаларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг одоб-ахлоқ қоидаларига (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ қоидалари деб юритилади) риоя этилаётганлиги устидан назоратни таъминлаш ва уларга риоя этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун тузилади.
3. Комиссиянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, ушбу Низомга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
4. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) мажлисида салмоқли тажрибага ва Қонунчилик палатасининг депутатлари (бундан буён матнда депутат деб юритилади) ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган депутатлар орасидан Қонунчилик палатаси ваколатлари муддатига Қонунчилик палатасининг қарори билан тузилади ҳамда Комиссия раиси, унинг ўринбосари ва аъзоларини қўшганда етти нафардан иборат бўлади.
5. Комиссия аъзоларининг сони ва таркиби Қонунчилик палатасининг қарорига асосан ўзгартирилиши мумкин.
6. Комиссия ўз фаолиятини қонунийлик, холислик ва адолатлилик тамойилларига асосан олиб боради.
7. Комиссиянинг фаолияти Қонунчилик палатасининг қарори билан муддатидан илгари тўхтатилиши мумкин.
2-боб. Комиссиянинг асосий вазифалари ҳамда ваколатлари
8. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Одоб-ахлоқ қоидалари лойиҳасини ишлаб чиқади ва Қонунчилик палатаси тасдиғига киритади, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
Комиссия фаолиятига доир масалалар юзасидан Қонунчилик палатасининг қарорлари лойиҳаларини тайёрлайди;
депутатлар томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига, шунингдек умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этилиши масалаларини кўриб чиқади;
депутатлар ўртасида қоидабузарликларнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;
Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш бўйича депутатларга маслаҳат ва тавсиялар беради;
депутат мақомини тартибга солувчи нормалар бузилганлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;
депутатнинг Қонунчилик палатасининг, ўзи аъзо бўлган Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида узрли сабабсиз ҳозир бўлмаслиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;
Қонунчилик палатаси топшириқларининг депутат томонидан бажарилмаётганлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;
депутатлар, Қонунчилик палатасининг Спикери ва Спикер ўринбосарлари, фракциялар, комиссиялар раҳбарлари, қўмиталар раисларининг депутат томонидан умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларини, депутатлик Одоб-ахлоқ қоидаларини бузадиган, депутат обрўсини тўкадиган ва Қонунчилик палатаси нуфузига путур етказадиган хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқади;
жисмоний ва юридик шахсларнинг айрим депутатларнинг хатти-ҳаракатларига доир мурожаатларини кўриб чиқади;
депутатларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўз ваколатларини амалга ошириши чоғида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан депутатларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги аризаларини кўриб чиқади;
депутатларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда депутат фаолиятининг бошқа кафолатларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;
Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган депутатга нисбатан таъсир чораларини қўллаш, шунингдек Қонунчилик палатаси Регламенти қоидалари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида Қонунчилик палатаси Кенгашига таклифлар киритади;
Қонунчилик палатаси ёки Қонунчилик палатаси Кенгашининг топшириғига биноан депутатлар томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ҳолатини ўрганиб чиқиб, унинг натижалари ҳақида Қонунчилик палатасини ёки Қонунчилик палатасининг Кенгашини хабардор қилади;
депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ва уни чақириб олиш тўғрисидаги материалларни Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун тайёрлайди.
9. Комиссия ўз ваколатлари доирасида:
депутатлар Қонунчилик палатаси Регламенти нормаларига ва Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этаётганлиги, шу жумладан, Қонунчилик палатаси ва унинг органлари мажлисларида доимий иштирок этаётганлиги юзасидан мониторинг олиб боради;
Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан хулосалар тайёрлайди;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномаси бўйича депутатни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш тўғрисидаги материалларни Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун тайёрлайди;
депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги материалларни Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун тайёрлайди;
Қонунчилик палатаси, фракциялар ва қўмиталарнинг мажлисларида ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан Комиссия хулосасини тақдим этади;
депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган тақдирда, депутатдан ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслардан зарур ахборотни сўраб олади;
ўзи кўриб чиқиши учун киритилган масалаларни ҳал этишда Комиссия мажлисларига экспертлар ва мутахассисларни таклиф қилади.
Комиссия Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши қарорларига, шунингдек ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Комиссия Қонунчилик палатасидаги фракциялар, қўмиталар, Қонунчилик палатаси Девонининг таркибий бўлинмалари, бошқа органлар, мансабдор шахслар ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилади.
11. Комиссия масалаларни Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг топшириғига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан кўриб чиқади.
3-боб. Комиссия ишини ташкил этиш
12. Комиссия ўз ишини мажлис шаклида ташкил этади. Комиссия мажлислари заруриятга қараб ўтказилади.
Комиссия мажлислари очиқ тарзда ўтказилади. Зарур ҳолларда Комиссия ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
13. Комиссия мажлисларида унга таклиф этилган манфаатдор шахслар иштирок этишлари мумкин. Комиссия сайёр мажлислар ўтказишга ҳақли.
14. Комиссия мажлисини Комиссия раиси, у йўқлигида эса, унинг топшириғига биноан унинг ўринбосари ёки Комиссия аъзоларидан бири олиб боради. Комиссия мажлисида баённома юритилади, уни раислик қилувчи имзолайди.
15. Комиссия мажлислари, агар уларда Комиссия аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
16. Комиссиянинг навбатдаги келгуси мажлиси тўғрисида унинг раиси Комиссия аъзоларига ёзма равишда, қоида тариқасида, камида икки кун олдин хабар қилади, шунингдек мажлиснинг бошқа иштирокчиларини олдиндан хабардор этади.
17. Комиссия қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Комиссия қарори, агар унга мажлисда ҳозир бўлган Комиссия аъзоларининг кўпчилиги овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Қарорни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Комиссия мажлисига раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Комиссия қарори раислик қилувчи томонидан мажлиснинг ўзида имзоланади.
18. Комиссия раиси:
Комиссия ишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
Комиссия мажлисларини чақиради ва олиб боради;
Комиссия аъзоларига топшириқлар беради;
Фракциялар, қўмиталар, Қонунчилик палатаси Девонининг таркибий бўлинмалари, бошқа органлар, мансабдор шахслар ва жамоатчилик билан муносабатларда Комиссия номидан иш кўради;
Комиссия томонидан тайёрланган қарорлар, хулоса ва таклифларни Қонунчилик палатасига, Қонунчилик палатаси Кенгашига тақдим этади;
Комиссия аъзоларини Комиссияга келиб тушаётган барча ҳужжатлар ва материаллардан хабардор қилади;
Комиссия мажлисларида иштирок этиш учун манфаатдор шахсларни таклиф этади;
Комиссия аъзоларини Комиссия қарорларининг бажарилиши ҳақида хабардор қилади.
19. Комиссия раисининг ўринбосари:
Комиссия иш юритувини таъминлайди;
Комиссия мажлислари учун материалларни тайёрлаш бўйича ишларни ташкил этади;
Комиссия аъзоларини мажлислар вақти ва кун тартиби тўғрисида хабардор этиш бўйича ишларни ташкил қилади;
раис бўлмаганида унинг вазифаларини бажариб туради.
20. Комиссия аъзоси Комиссия мажлисида ҳозир бўлиши ва ўзига юклатилган топшириқларни, мажбуриятларни бажариши шарт.
Комиссия аъзосининг Комиссия мажлисида ҳозир бўлиши имкони бўлмаганда, Комиссия раисини олдиндан хабардор этиши лозим.
21. Комиссия аъзоси:
Комиссия томонидан кўриб чиқиладиган барча масалалар бўйича овоз беришга;
Комиссия кўриб чиқиши учун масалалар ва таклифлар киритишга;
қарорлар тайёрланишида, муҳокамасида, қабул қилинишида, шунингдек уларнинг амалга оширилишини ташкил этиш ҳамда бажарилишини назорат қилишда иштирок этишга;
кўриб чиқилаётган масалага доир ҳужжатлар, маълумотномалар ва бошқа зарур ахборот билан танишишга;
Комиссия қарорига рози бўлмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.
Комиссия аъзоси ушбу Низомга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
4-боб. Одоб-ахлоқ қоидалари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ва Комиссия мажлисларини ўтказиш тартиби
22. Депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ ўрганишни дастлабки тарзда ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:
юридик ва жисмоний шахслардан депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ шикоятларнинг келиб тушиши;
оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган депутатнинг ножўя ҳаракатларига доир хабарлар;
депутат томонидан қонун ҳужжатлари, ахлоқ нормалари ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш фактлари бўйича материалларни кўриб чиқиш ҳақида Қонунчилик палатасининг, унинг Кенгашининг топшириғи ёки Қонунчилик палатаси Спикерининг таклифи;
депутат деган номга доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги ҳақидаги корхона, ташкилот, муассаса ва жамоат бирлашмалари ҳамда мансабдор шахслар берган хабарлар;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий хабарлари.
23. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ ўрганишлар Комиссия томонидан бундай ахборот келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида ўрганиб чиқилади.
Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган айрим ҳолларда юқоридаги муддат Қонунчилик палатаси Спикери томонидан кўпи билан яна ўн беш кунга узайтирилиши мумкин.
24. Депутат ўзининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига дахл қиладиган мурожаат бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзини ҳимоя қилишга ҳақли.
25. Комиссия мажлисига, ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва холисона қарор қабул қилиш мақсадида, ўзига нисбатан масала кўриб чиқилаётган депутат, зарур бўлган ҳолларда эса, мурожаат қилувчи ва бошқа шахслар таклиф этилади. Комиссия мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг келмаслиги мурожаатни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
26. Комиссия мажлисида:
кун тартибидаги масала ўқиб эшиттирилади;
Қонунчилик палатасининг, унинг Кенгашининг топшириғи, Қонунчилик палатаси Спикерининг таклифи ёки депутат томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаат ўқиб эшиттирилади;
Одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги тўғрисида ўзига нисбатан мурожаат келиб тушган депутат, зарур бўлган ҳолларда эса, мурожаат қилувчи эшитилади.
27. Ўзига нисбатан ўрганиш ўтказилаётган депутат қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўрганиш тайинланганлиги ва унга асос бўлган ҳужжат мазмуни билан танишиб чиқиш;
ўрганиш ўтказиш бўйича Комиссия аъзолари юзасидан эътирози бўлган тақдирда Қонунчилик палатаси Спикерига асослантирилган раддия бериш;
ҳужжатлар, маълумотномалар ва бошқа далилларни тақдим этиш;
ўрганиш натижасидан норози бўлган тақдирда Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда шикоят қилиш.
28. Депутатнинг кўрилаётган иш юзасидан айбсизлигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаши мажбурияти зиммасига юклатилиши мумкин эмас.
29. Депутат ўрганиш юзасидан сўралган зарур ҳужжатларни ва бошқа ахборотларни Комиссияга тақдим этиши лозим. Бунда ўрганишни ўтказишга тўсқинлик қилишга, Комиссия аъзоларига ўз вазифаларини амалга оширишга халақит қилишга ва уларга таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди.
30. Мурожаат материаллари, Қонунчилик палатаси ёки унинг Кенгашининг топшириғи ёхуд Қонунчилик палатаси Спикерининг таклифи билан танишиб чиқиш якунлари бўйича Комиссия депутатнинг ҳаракатларида Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши фактининг мавжудлигини, депутатга нисбатан аниқ таъсир чораларини кўрсатган ҳолда ёки депутатнинг Одоб-ахлоқ қоидалари бузилиши фактининг мавжуд эмаслигини белгилайди.
31. Одоб-ахлоқ қоидаларининг депутат томонидан бузилганлиги факти аниқланган тақдирда, Комиссия:
депутатга нисбатан огоҳлантириш тарзидаги таъсир чорасини қўллаш тўғрисида;
депутатнинг Комиссия ёки Қонунчилик палатаси мажлисида узр сўраши тўғрисида;
Қонунчилик палатасига депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ва уни чақириб олиш ҳақида таклиф киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга;
Комиссия Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган депутатга нисбатан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган таъсир чораларини қўллаш ёхуд Қонунчилик палатасига таклиф киритишга ҳақли.
32. Депутатлар хатти-ҳаракатига доир қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:
комиссияда олдин кўриб чиқилган мурожаат ва айнан шу мазмундаги такрорий мурожаатлар;
аноним мурожаатлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатига оид ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.
33. Комиссия қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат қилувчига, ўзига нисбатан масала кўриб чиқилган депутатга ва Қонунчилик палатаси Кенгашига ёзма равишда маълум қилади.
Қонунчилик палатаси қарорининг лойиҳаси Комиссия томонидан Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилганда, унга қисқа тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.
34. Комиссия қарори устидан Қонунчилик палатасига шикоят қилиш мумкин. Қонунчилик палатаси Комиссия қарорини бекор қилишга ва ўз ваколати доирасида бошқа қарор қабул қилишга ҳақли.
35. Депутат томонидан Қонунчилик палатасининг мажлиси жараёнида Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ чоралар кўради, шунингдек Комиссияга депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидалари талаблари бузилганлиги масаласини кўриб чиқишни таклиф этишга ҳақли.
36. Мурожаат унинг ташаббускори томонидан Комиссия қарори қабул қилингунига қадар қайтариб олиниши мумкин.
37. Тарафлар ярашуви, шунингдек депутат ўз хоҳиши билан ошкора узр сўраган ҳолларда, депутат таъсир чоралари қўлланилишидан озод этилиши мумкин.
5-боб. Якунловчи қоидалар
38. Комиссия фаолиятига моддий-техник, ахборот ва бошқа хизматларнинг кўрсатилиши Қонунчилик палатасининг Девони томонидан таъминланади.
39. Мазкур Низом талабларини бузиш тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 11 майда қабул қилинган 3161-IV-сонли қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг одоб-ахлоқ
ҚОИДАЛАРИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг Одоб-ахлоқ қоидалари (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ қоидалари деб юритилади) «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, умум қабул қилинган одоб нормаларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати (бундан буён матнда депутат деб юритилади) учун унинг ўз депутатлик ваколатларини амалга ошириши чоғида мажбурий бўлган хулқ-атворнинг маънавий-ахлоқий принциплари ва қоидаларини белгилайди.
2. Одоб-ахлоқ қоидалари депутатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди.
3. Депутат ўз ваколатларини амалга ошириши чоғида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, бошқа қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига, шунингдек ушбу Қоидаларга амал қилади.
4. Депутат ўз фаолиятида жамиятда умум қабул қилинган одоб-ахлоқ принципларига қатъий риоя этиши, фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, шунингдек депутат номига доғ туширадиган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) нуфузига, умуман давлат манфаатларига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим.
5. Депутат ўз вазифаларини виждонан ва ҳалол бажариши, ўзи аъзо бўлган сиёсий партия, фракция ва қўмитанинг (комиссиянинг) иш режаларида, қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаши, ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориши, назарий билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириб бориши керак.
6. Депутат ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас. Депутатнинг илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиши унинг асосий касбий вазифаларини бажаришга зарар етказмаслиги керак.
7. Депутат ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга ошириши керак:
инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги;
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларига риоя этиш;
сайловчиларнинг, ўзини депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партиянинг манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш;
депутатлик фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги, ўз фаолияти тўғрисида сайловчиларини доимий хабардор қилиб бориш.
2-боб. Қонунчилик палатаси, унинг Кенгаши, сиёсий партия фракцияси, қўмита ва комиссия мажлисларида ўзини тутиш қоидалари
8. Депутат Қонунчилик палатаси, сиёсий партия фракциясининг (бундан буён матнда фракция деб юритилади), ўзи таркибига сайланган қўмита ва комиссиянинг мажлисларида иштирок этиши шарт.
Мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, депутат бу ҳақда тегишинча Қонунчилик палатаси Спикерига, фракция, қўмита ва комиссия раҳбарига камида бир кун олдин (мажлисда иштирок этиш имкониятига тўсқинлик қилувчи тўсатдан юзага келган вазият бўйича мажлис бошланишидан олдин) хабар қилиши шарт.
9. Қонунчилик палатаси, унинг Кенгаши, сиёсий партия фракцияси, қўмита ва комиссиянинг мажлисларида депутат:
ўз нутқида депутатларнинг ёки бошқа шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни, имо-ишораларни қўлламаслиги;
мажлисларни ўтказишга халақит берадиган ҳаракатларга йўл қўймаслиги — сўзга чиққанларнинг сўзини бўлмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг 81 ва 82-моддаларида назарда тутилган тартибга зид равишда ўз фикрини баён қилишга уринмаслиги;
ўтирган жойидан бақирмаслиги, муҳокама этилаётган масала юзасидан сўзга чиққанларнинг ўз нуқтаи назарини эркин баён этишига тўсиқлар вужудга келтирмаслиги;
турли узрсиз сабабларга кўра мажлислар залидан намойишкорона чиқиб кетмаслиги;
кун тартибидаги муҳокама қилинаётган масаладан имкон қадар четга чиқиб сўзламаслиги, бирор шахснинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи асоссиз айбловга йўл қўймаслиги;
сўзга чиқишлар, депутатлик фаолиятининг бошқа шаклларини амалга ошириш чоғида била туриб ёлғон ва нотўғри ахборотдан фойдаланмаслиги;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг ва ушбу Қоидаларнинг талабларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этмаслиги керак.
10. Депутат ушбу Қоидаларнинг 9-бандида кўрсатилган хатти-ҳаракатларни содир этган тақдирда, мажлисда раислик қилувчи:
бундай қоидабузарликларга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида депутатни огоҳлантиришга;
депутатни сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга;
депутатдан мажлислар залини тарк этишни талаб қилишга;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссиясидан (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тегишли депутатнинг хатти-ҳаракатига баҳо беришни сўрашга ҳақли.
11. Депутат мажлисда шахсан овоз бериши ҳамда овоз бериш карточкасининг лозим даражада сақланишини таъминлаши шарт.
Овоз беришни бошқа депутатга ёки ўзга шахсга берган депутатнинг хатти-ҳаракатлари бўйича Комиссия ёки унинг таклифи билан палата томонидан ушбу Қоидаларда ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.
3-боб. Депутатнинг бошқа депутатлар, сайловчилар, сиёсий партия ва унинг фракцияси, Қонунчилик палатаси Девони ходимлари ҳамда ёрдамчилари билан ўзаро муносабатлари
12. Депутатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси, ижтимоий мавқеи ва сиёсий мансублигидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилик, бир-бирини ўзаро ҳурмат қилиш асосида йўлга қўйилади.
13. Депутатлар танқидга сабр-тоқат билан ёндашиши, ўзига нисбатан билдирилган танқидий фикрларга қўполлик билан муносабат билдиришга йўл қўймаслиги керак.
14. Депутатлар ўз ишида ҳар қандай масалани эркин жамоавий муҳокама қилиши, фикрлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиши, низоларга йўл қўймаслиги, келишмовчиликларни очиқ фикр алмашиш орқали бартараф этиш йўлларини биргаликда излаши керак.
15. Депутат ўз округидаги сайловчилар билан доимий алоқада бўлиб туради. Депутатнинг сайловчилар билан ўзаро муносабатлари ўзаро ҳурмат қилиш, сайловчилар томонидан кўтариладиган муаммолар ва масалаларга депутатнинг эътибор билан муносабатда бўлишига асосланади.
16. Депутат:
ўз сайловчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш чора-тадбирларини кўриши;
сайловчилардан тушган таклифлар, аризалар, шикоятларни кўриб чиқиши, уларда кўрсатилган масалаларнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишига ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши;
жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини олдиндан белгиланган график асосида шахсан қабул қилиши лозим.
17. Депутат сайловчилар билан ишлашга виждонан ва ҳалол ёндашиши, улар билан бўладиган учрашувларда шахсан иштирок этиши, бу жараёнда расмиятчиликка йўл қўймаслиги ҳамда сохта ҳисоботлар тақдим этмаслиги шарт.
18. Депутат ўз иши ҳақида сайловчиларни белгиланган тартибда вақти-вақти билан, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилади.
Депутат томонидан сайловчиларга тақдим этиладиган ахборот тўлиқ, тўғри ва холисона бўлиши керак.
19. Депутат уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия ва унинг фракцияси билан алоқа боғлаб туради ҳамда уларнинг уставида (низомида) белгиланган одоб-ахлоқ ва интизом қоидаларига амал қилади.
Депутат Қонунчилик палатасида уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия манфаатларини ифода этади.
20. Депутатнинг Қонунчилик палатаси Девони ходимлари ҳамда ёрдамчилари билан ўзаро муносабати ҳурмат, профессионаллик асосида амалга оширилади.
Депутат Қонунчилик палатаси Девони ходимлари ҳамда ёрдамчилари учун ўрнак бўлиши, уларга хушмуомалалик билан муносабатда бўлиши, уларни жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди ва ижтимоий мавқеи бўйича камситишга йўл қўймаслиги лозим.
Депутат Қонунчилик палатаси Девони ходимлари ҳамда ёрдамчиларидан шахсий манфаатлари йўлида ёки уларнинг хизмат мажбуриятларига кирмайдиган вазифаларда фойдаланиши мумкин эмас.
Депутат яқин қариндошлари (ота-она, ака-ука, опа-сингил, фарзанд, эр-хотин, шунингдек эр-хотинларнинг ота-онаси, ака-укаси ва опа-синглиси) унинг ёрдамчиси бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қонун талабига қатъий риоя этиши лозим.
4-боб. Қонунчилик палатаси депутати томонидан жойлардаги ишларнинг ҳолатини ўрганишда депутатлик одоби
21. Депутат жойларга чиқиб, аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар ва соҳаларни ўрганиш жараёнида олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажариши, ўрганилаётган масаланинг туб моҳиятига етиб бориши, учрашувларда шахсан иштирок этиши лозим.
22. Жойларга чиққанда расмиятчилик ва кўз бўямачиликка йўл қўймаслиги ҳамда холис ва ҳаққоний ҳисоботлар тақдим этиши керак.
23. Жойлардаги ишларнинг ҳолатини ўрганишда депутатнинг давлат органларига, шу жумладан маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига тазйиқ ўтказишига, улар фаолиятига аралашишига ёки уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилишига, ўз фаолиятини қонунчиликка зид равишда амалга оширишга ундашига, бундай ҳаракатни бажармаганлик учун дўқ-пўписа ва босим ўтказишига йўл қўйилмайди.
5-боб. Оммавий чиқишлар чоғидаги депутатлик одоби
24. Депутат оммавий ахборот воситалари, матбуот конференциялари, бошқа жамоат тадбирлари ва омма олдидаги баёнотларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида очилган шахсий саҳифаларида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида (блог, пост, изоҳлар қолдиришда):
Қонунчилик палатасининг, уни номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия ва унинг фракциясининг нуфузини туширишга олиб келиши ёки ўз ваколатларини виждонан амалга оширишига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши;
ўзининг хатти-ҳаракати, ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслиги ҳамда асосли ва конструктив танқидни тўғри қабул қилиши;
давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг фаолиятига нисбатан эътирозлари бўлса, уларни асосланган, аниқ муаммога қаратилган ҳолда баён этиши, текширилмаган, исботланмаган маълумот ва далиллардан фойдаланмаслиги;
юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсига, жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган асоссиз, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тарқатмаслиги;
фуқаролар билан мулоқот қилишда уларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўлламаслиги ҳамда асоссиз айбловларга йўл қўймаслиги, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга даъват этмаслиги ҳамда била туриб ёлғон ва нотўғри ахборотдан фойдаланмаслиги керак.
Депутат оммавий чиқишлари чоғида суд тизими ва судьялар ҳақида танқидий фикр билдиришда уларнинг мустақиллиги ва холислигига таъсир кўрсатмаслиги, танқидий фикр далиллар билан асосланган ва аниқ бўлиши ҳамда судга ҳурматсизликни ифода этмаслиги лозим. Депутат судлар сиёсатдан холи эканлиги ва танқидларга жавоб бериши унинг холислигини шубҳа остига қўйиши мумкинлигини инобатга олиши зарур.
25. Агар депутатнинг омма олдидаги баёнотларида фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига, юридик шахснинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган фикрлар мавжуд бўлса, депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ҳамда шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига дахл қилинган фуқаро ва (ёки) юридик шахсдан узр сўраши керак.
26. Депутат бошқа депутатларнинг касбий ва шахсий сифатларини ошкора шубҳа остига қўймаслиги лозим.
27. Депутат ўзига расман ваколат берилган ҳоллардагина Қонунчилик палатаси номидан сўзлаши мумкин.
6-боб. Депутатнинг мақомидан ғайриқонуний равишда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги
28. Депутат ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган тарзда фойдаланиши мумкин эмас.
Депутатнинг ўз мақомидан, шу жумладан, назорат ваколатларидан:
ўзи, қариндошлари ва ўзига яқин бошқа шахслар учун манфаат, хизматлар, тижоратга оид ёки бошқа наф олиш;
суд ҳокимияти органлари фаолиятига аралашиш, шахсий масалалар бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, давлат хизматчилари ва бошқа шахсларга таъсир ўтказиш;
ижроия ҳокимияти органларининг кадрлар сиёсатига аралашиш, муайян шахсларни ишга қабул қилиш, лавозимини кўтариш ёки моддий ёхуд маънавий рағбатлантиришга ундаш;
қонунчиликда назарда тутилмаган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликларни олишига ёхуд бошқа қонунчиликка зид мақсадларда фойдаланишига йўл қўйилмайди.
29. Депутат моддий манфаатдорлик эвазига палата, фракция, қўмита (комиссия) мажлисида бирор масалани олиб чиқиши ёки уни қўллаб-қувватлаб овоз бериши мумкин эмас.
30. Депутат депутатлик бланкаларидан фақат депутатлик ваколатларини амалга ошириш учун зарур бўлган расмий хат, сўровлар ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда фойдаланиши шарт.
Депутат давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши ҳамда ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши лозим.
7-боб. Депутатлик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан депутат томонидан олинган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги
31. Депутат депутатлик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни, агар ушбу маълумотлар:
Қонунчилик палатаси, унинг Кенгашининг, фракция, қўмита ва комиссиянинг ёпиқ мажлисларида кўриб чиқилган масалаларга тааллуқли бўлса;
давлат сирига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли бўлса;
депутатнинг дахлсизлигини чеклашга ёки депутат томонидан ушбу Қоидаларнинг бузилганлиги билан боғлиқ бўлса;
сайловчининг ёки бошқа шахснинг шахсий ҳаётига оид сири бўлса ва депутатга уларни ошкор этмаслик шарти билан ишониб маълум қилинган бўлса, ошкор этмаслиги лозим.
32. Депутат давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан ўзига тақдим этилган расмий хизматга оид маълумотдан шахсий наф кўриш учун фойдаланишга ҳақли эмас.
8-боб. Хорижга хизмат сафари даврида, чет эллик фуқаролар билан учрашувларда депутатлик одоб-ахлоқ қоидалари
33. Депутат расмий делегациялар таркибида ва чет эллик фуқаролар билан учрашувларда олий давлат вакиллик органининг вакили эканлигини намойиш эта олиши лозим.
34. Депутат расмий делегациялар таркибида чет давлатларда бўлган пайтида хизмат сафарининг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришга, Қонунчилик палатаси нуфузини ва умуман Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиши, ўзи борган мамлакатнинг қонун ҳужжатлари талабларига ҳамда расмий ва норасмий тадбирларни ўтказиш чоғида умум қабул қилинган одоб нормаларига риоя этиши керак.
9-боб. Хизматдан ташқари вақтдаги ва кийиниш одоби қоидалари
35. Депутат хизматдан ташқари вақтда депутатнинг юксак номига доғ туширадиган, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига, Қонунчилик палатасининг нуфузига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиши, шу жумладан:
жамоат жойларида (кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда) ўзини тутиш қоидаларига риоя этиши, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймаслиги;
дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслиги;
жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этмаслиги ҳамда бошқаларни ноқонуний ҳаракатларга даъват қилмаслиги шарт.
Шахсий ўзаро муносабатларда депутат камтар, ҳалол, хушмуомала бўлиши ва ҳеч кимга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслиги лозим.
36. Кундалик турмушда одоб нормаларига риоя этиш ушбу Қоидаларнинг ажралмас қисмидир. Депутат кийиниши услубининг сиполиги ва камтароналиги билан ажралиб туришига ҳаракат қилиши лозим.
Депутат, айниқса, депутатлик ваколатларини амалга ошириш чоғида ўта дабдабали кийим-бош киймаслиги, ортиқча безаклар ва бошқа аксессуарлар тақмаслиги керак.
Сиёсий партияга аъзолиги тўхтатилган Қонунчилик палатаси раҳбарияти палата, сиёсий партия фракцияси ва қўмиталар йиғилишларида қатнашганда кийим-бошида бирор-бир сиёсий партиянинг шиори ёки рамзи бўлмаслиги лозим.
10-боб. Манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши чоралар
37. Депутат ўз фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиши керак. Башарти, Қонунчилик палатаси, унинг Кенгаши, сиёсий партия фракцияси, қўмита (комиссия) мажлисида депутат бевосита ёхуд яқин қариндошлари орқали шахсий манфаатдорликка эга бўлган масала кўриб чиқилаётган бўлса, у бу ҳақда раислик қилувчини хабардор қилиши шарт.
Раислик қилувчи манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида шахсий манфаатдорлиги бўлган депутатнинг муҳокамаларда сўз олиш ҳуқуқини чеклаши мумкин.
38. Депутат ўз ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совға олиши тақиқланади.
Депутат алоҳида хизматлари учун Қонунчилик палатаси ёки унинг Кенгашининг қарори асосида олинган совғалар, шунингдек мусобақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида ёхуд хизмат сафарлари, хорижлик делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совғалар олиши мумкин.
Хизмат сафарлари, хорижлик делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олинган совға қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваридан ошмаслиги лозим, ушбу миқдордан ошадиган совғалар Қонунчилик палатаси музейига топширилади.
39. Депутат ўз ваколатларини амалга ошириши чоғида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) олдини олиши шарт.
Агар депутат коррупция фактлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлса, у коррупциянинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши, шу жумладан Қонунчилик палатаси ёки унинг органлари раҳбарларини ёки коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органини дарҳол хабар қилиши ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этиши керак.
11-боб. Якунловчи қоидалар
40. Ушбу Қоидалар бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала Комиссия томонидан кўриб чиқилиши ёки Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилиши мумкин.
Комиссия ушбу Қоидаларни бузган депутатга нисбатан қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини қўллашга ҳақли:
депутатга ушбу Қоидаларни бузишга йўл қўйилмаслигини кўрсатиб ўтган ҳолда огоҳлантириш бериш;
депутатдан Комиссия ёки Қонунчилик палатаси мажлисида узр сўрашни талаб этиш;
Қонунчилик палатасига депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ва уни чақириб олиш ҳақида таклиф киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш.
Комиссия Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган депутатга нисбатан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган таъсир чораларини қўллашга ёхуд Қонунчилик палатасига таклиф киритишга ҳақли.
41. Депутат томонидан ушбу Қоидалар бузилган тақдирда, алоҳида ҳолларда, Қонунчилик палатаси депутатни «адолатли депутат», «халқпарвар депутат» ёки «меҳнаткаш депутат» мақомидан маҳрум қилиши мумкин.
42. Депутат томонидан умум қабул қилинган одоб нормаларини, депутатлик одобини қўпол тарзда бузадиган, депутатнинг юксак номига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлар содир этилган тақдирда, у қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши ёхуд Қонунчилик палатаси қарори билан ваколати муддатидан олдин тугатилиши мумкин.