Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжат айланиши тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 27 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1297-6]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 143-сонли «Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3538, 30.07.2024 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2003 йил 23 декабрдаги 131-сон буйруғи (рўйхат рақами 1297, 2004 йил 14 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 1-2-сон, 24-модда) билан тасдиқланган Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжат айланиши тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мазкур буйруқ иловасининг 4-банди 2023 йилнинг 30 апрелидан кучга киради.
Вазир Ш. КУДБИЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 6 март,
3-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 мартдаги 3-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжат айланиши тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банддаги «бошқа» деган сўз «нобанк» деган сўз билан алмаштирилсин.
2. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Тегишли техник воситалар мавжуд бўлганда, бошланғич ҳужжатларни ва регистрларни, шунингдек товар-моддий захиралар, пул маблағлари ҳамда иш берувчининг ходимлари билан боғлиқ бўлган ички хўжалик операциялари бўйича қатнашчиларни идентификациялашни таъминлаган ҳолда тузилган ҳисоб ҳужжатларини ахборот тизимлари хизматлари ва ахборот технологиялари орқали юритишга йўл қўйилади. Бунда, мазкур Низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши лозим.».
3. 25 ва 26-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«25. Бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ҳамда юритиш билан боғлиқ ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган муддатлар мобайнида, бироқ ҳисобот йилидан кейин камида беш йил бухгалтерия ҳисоби субъекти томонидан сақланади.
Бунда:
2022 йил 1 январдан кейин ҳисобланган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган солиқ суммалари тўғрисидаги ҳужжатлар;
давлат солиқ хизмати ва статистика органларига электрон тарзда топширилган молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботлар;
солиқ органининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатлар мажбурий сақланмайди ва архивга топширилмайди.
26. Бошланғич ҳужжатлар, ҳисоб регистрлари, молиявий ҳисоботларни бут сақланиши корхона раҳбари томонидан таъминланиши шарт.».
4. 34-банднинг биринчи хатбошисидаги «Меҳнат кодексининг 203-моддасида» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 343-моддасида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.03.2023 й., 10/23/1297-6/0174-сон)