Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг
буйруғи
ШНҚ 2.04.15-22 «Фотоэлектрик станциялар (тизимлар)» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 30 декабрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 131]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2023 йил 1 декабрдаги 404-сонли «ШНҚ 2.04.15-23 «Фотоэлектрик станциялар (тизимлар)» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига (ҳисоб рақами 228, 03.01.2024 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексига асосан буюраман:
1. ШНҚ 2.04.15-22 «Фотоэлектрик станциялар (тизимлар)» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. ЗАКИРОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 7 декабрь,
234-сон
Келишилди:
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б. ЮСУПАЛИЕВ
2022 йил 16 ноябрь
Фавқулодда вазиятлар вазири А. КУЛДАШЕВ
2022 йил 26 ноябрь
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2022 йил 24 ноябрь
Энергетика вазири Ж. МИРЗАМАҲМУДОВ
2022 йил 7 декабрь
Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг 2022 йил 7 декабрдаги 234-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
ШНҚ 2.04.15-22 «Фотоэлектрик станциялар (тизимлар)» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари
Ушбу шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (бундан буён матнда ШНҚ деб юритилади) қуёш фотоэлектрик модуллари ва батареяларидан фойдаланган ҳолда янги қурилаётган ҳамда лойиҳа қуввати 10 кВт гача бўлган фотоэлектрик станцияларни лойиҳалаштириш қоидаларини белгилайди.
1-боб. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳаволалар
1. Ушбу ШНҚда қуйидаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳаволалар келтирилган:
СанҚваН 0350-17 «Ўзбекистон Республикасининг аҳоли яшаш ҳудудларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитария меъёрлари ва қоидалари»;
ШНҚ 2.01.02-04 «Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги»;
ШНҚ 3.01.04-04 «Тугалланган қурилиш лойиҳаларини қабул қилиш. Асосий қоидалар»;
ҚМҚ 2.01.03-96 «Сейсмик ҳудудларда қурилиш»;
ҚМҚ 2.01.01-94 «Лойиҳалаш учун иқлим ва физик-геологик маълумотлар»;
OʻzDSt 3182:2017 «Автоном фотоэлектр тизимлари. Ишлаш қобилиятини назорат қилиш. Назорат усуллари»;
OʻzDSt 3076:2016 «Электр тармоқларига уланадиган қуёш фотоэлектрик станциялари. Станцияларга, ҳужжатларга, қабул қилиш ва текшириш бўйича минимал талаблар»;
OʻzDSt 3075:2016 «Фотоэлектр тизимлари. Атамалар ва таърифлар»;
OʻzDSt 61853-1:2018 «Фотоэлектрик модуллар. Ишчи характеристикаларини аниқлаш ва энергетик баҳолаш. Ишчи характеристикаларини ҳарорат ва энергия ёритилганликка боғлиқликда ўлчаш. Номинал қувват»;
OʻzDSt 61215-1:2018 «Ер усти фотоэлектрик модуллар. Тузилишини баҳолаш ва турини тасдиқлаш. 1-қисм. Синов талаблари»;
OʻzDSt 61215-2:2021 «Ер усти фотоэлектрик модуллар. Конструкцияни баҳолаш ва турини тасдиқлаш. 2-қисм. Синов жараёни»;
OʻzDSt 61215-1-1:2018 «Ер усти фотоэлектрик модуллар. Тузилишини баҳолаш ва турини тасдиқлаш. Кристалл кремнийдан тайёрланган фотоэлектрик модулларини синаш учун махсус талаблар»;
IEC 61215:2005 «Кремний кристаллидан тайёрланган ер усти фотоэлектрик модуллар. Тузилишини ва намунага биноан тасдиқлаш»;
IEC 60364-7-712:2002 «Паст кучланишли электр қурилмалар. Махсус электр қурилмаларига ёки уларнинг жойлашган нуқталарига қўйиладиган талаблар. Фотоэлектрик қуёш батареяларидан фойдаланадиган энергия тизимлар»;
IEC 61683:1999 «Фотоэлектрик тизимлар. Инверторлар. Самарадорликни ўлчаш тартиби»;
IEC 62109-1:2010 «Фотоэлектрик энергия тизимларида фойдаланиш учун инверторларнинг хавфсизлиги. Умумий талаблар»;
IEC/TS 62548:2013 «Фотоэлектрик батареялар. Техник шартлар»;
IEC 60364-5-54:2011 «Паст кучланишли электр қурилмалари. Ерга уланувчи ҳимоя қурилмалари, ҳимоя ўтказгичлари ва потенциалларни тенглаштирувчи ҳимояловчи ўтказгичлар».
2-боб. Атамалар ва таърифлар
2. Ушбу ШНҚда қуйидаги атама ва таърифлардан фойдаланилган:
фотоэлемент (бундан буён матнда ФЭ деб юритилади) — қуёш нурланиш энергиясини электр энергиясига айлантирувчи энг содда фотоэлектрик қурилма;
фотоэлектрик модуль (бундан буён матнда ФЭМ деб юритилади) — махсус тузилишга эга бўлган, тобланган ойнадан ва икки томонидан плёнка ёрдамида герметик ёпиштирилган қуёш фотоэлементларидан ташкил топган монолит панель;
фотоэлектрик батарея (бундан буён матнда ФЭБ деб юритилади) — кетма-кет ёки параллель уланган ФЭМлардан ташкил топган қуёш нурланиш энергиясини электр энергиясига айлантирадиган қаттиқ тузилишга эга қурилма;
фотоэлектрик станция (бундан буён матнда ФЭС деб юритилади) — қуёш нурланишини электр энергиясига айлантириш орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш учун бир ёки бир нечта ФЭБдан иборат энергетик қурилма;
инвертор — ФЭБ томонидан ишлаб чиқарилган ўзгармас токни ўзгарувчан бир фазали 220В/50 Нz ёки уч фазали 380В/50 Нz га айлантириш учун мўлжалланган электрон қурилма;
контроллер — аккумляторларнинг заряд-разрядланишини ва ФЭБ энергия манбаларини бошқарадиган электрон қурилма;
аккумулятор батареяси (бундан буён матнда АБ деб юритилади) — энергияни жамлаш ва сақлаш учун мўлжалланган қайта ишлатиладиган ток манбаи бўлиб, қайтарилувчи оксидланиш-қайтарилиш реакциясига асосланган, параллель ёки кетма-кет уланган икки ёхуд ундан ортиқ электр гальваник элементлардан ташкил топган қурилма.
зарядловчи қурилма — АБни зарядловчи электрон қурилма бўлиб, электр аккумулятор батареяларини ва қайта зарядланувчи батареяларни ташқи манбадан зарядлаш учун электрон қурилма, электр энергия ўзгарувчан электр тармоғидан олинади. Автоматик, ярим автоматик ва қўлда бошқариладиган турлари мавжуд.
МPPТ — батареяни заряд-разрядлаш ҳамда қуёш панеллари билан ишлашини амалга оширадиган қурилма.
3-боб. ФЭСни лойиҳалаштириш ва унинг электромеханик қисмлари
3. Янги ФЭСни лойиҳалаштириш мазкур ШНҚ талаблари, шунингдек қурилиш ҳудудининг иқлимий, муҳандислик, геологик ва бошқа шарт-шароитларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асосларга кўра амалга оширилади.
4. ФЭСни лойиҳалаш замонавий ва юқори технологик асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда юқори илмий-техник даражада амалга оширилиши керак.
5. ФЭСни лойиҳалашда қуйидаги асосий техник ечимларни эътиборга олиш лозим:
дастлабки молиялаштирилган маблағларни ва ишлаб чиқариш сарф-харажатларини максимал тежаш;
ускунанинг ишончли ва мустаҳкам ишлашини таъминлаш;
материал ва металл сарфини камайтириш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек СанҚМ 0350 га биноан ишлаб чиқариш ва техник ходимлар учун нормал санитария-маиший шароитлар яратиш.
6. ФЭСларни лойиҳалашда барча энергия йўқотишлар, шунингдек уларнинг жойлашуви, қуёш нурланиши ҳамда иқлим шароитида электр энергиясини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ФЭСнинг максимал имкониятлари ҳисобга олиниши зарур.
7. ФЭСни лойиҳалашда қуйидагилар эътиборга олиниши лозим:
токнинг юқори юкланиши;
қарши ҳимоя (изоляция) парчаланиши;
Oʻz DSt 3182:2017 ва IEC 62124:2004га мувофиқ кучланиш ортишидан ҳимояланиш.
8. ФЭС биноларининг томларида ўрнатилган эвакуация йўлларининг сони ва жойлашуви ШНҚ 2.01.02 га мувофиқ бўлиши лозим.
9. ФЭС қурилиши учун қуёш энергиясининг зарур миқдори таъминланадиган текис ёки нишаб ер майдони танланиши керак.
10. ФЭС ни лойиҳалашда майдоннинг географик жойлашуви ҳамда ҳудуднинг иқлимий хусусияти тавсифи эътиборга олиниши лозим (қуёш нурланиши параметрлари, шамол эсиши даражаси ва маҳаллий омиллар, қуёш нурлари оқимига ва шамолнинг шаклланишига таъсир қиладиган рельеф, ўсимликлар, майдондаги бинолар ва шу кабилар).
11. ФЭС жойлаштирилиши мумкин бўлган участканинг чегараларида қурилиш базасини ташкил этишдан олдин қурилиш учун шароитларни, белгиланган техник параметрларга (бўйлама ҳамда кўндаланг ёнбағирларга, ўлчамларга, бурчак радиусига ва бошқаларга) эга бўлган технологик йўлакларни ҳамда монтаж қилиш майдончаларини ташкил қилиш лозим.
Шунингдек, ФЭС ер устида жойлашганида ернинг гидрографик хусусиятлари (ер усти ва ер ости сувлари, оқимлар, ботқоқликлар) ҳамда ернинг ўзига хос хусусиятлари (қияликлар, жарликлар ва даштлар) инобатга олинган ҳолда майдоннинг ер қатлами шароитлари ҳисобга олиниши лозим. Панелларнинг оралиқ масофасида сояланиш даражасини ҳисоблаш мазкур ШНҚнинг 1-иловасида келтирилган.
12. ФЭСни лойиҳалашда ФЭБни жойлаштириш режаси ишлаб чиқилиши лозим.
13. ФЭСда ФЭБни мақбул жойлаштиришда қуйидагиларни эътиборга олиш лозим:
ФЭСнинг танланган майдони учун қуёш нурлари максимал даражада тушиши мумкин бўлган жой;
қуёш инсоляциясига таъсир кўрсатувчи табиий (ўрмон, экинзорлар, баландликлар ва бошқалар) ва сунъий (бинолар, баланд иморатлар ва бошқалар) омиллар, ер юзаси нотекислиги ҳамда атроф муҳитнинг бошқа таъсир этиш хусусиятлари;
шамолнинг ФЭС майдонида жойлашган ФЭБнинг маҳкамланган конструкциясига таъсири;
минимал капитал, қурилиш-монтаж харажатлари ва бутун иш даври учун фойдаланиш харажатлари билан электр энергиясини максимал даражада ишлаб чиқишни таъминлаш зарурияти.
14. Муайян майдонча чегарасида зарур қувватга эга бўлган ФЭБни жойлаштириш схемасини ишлаб чиқишда қуйидаги жиҳатлар ҳисобга олиниши лозим:
электр энергиясини ишлаб чиқаришни максимал даражада кўпайтириш ва уларнинг ўзаро соялари таъсирида йўқотишларни минималлаштириш мақсадида ФЭБ ўртасидаги оптимал масофани аниқлаш;
чанг, шамол эсадиган юқори интенсивлик мавжуд бўлган жойларда, шамол ва ҳаво хусусиятларининг салбий таъсиридан ҳимоя қиладиган объектларга нисбатан ФЭБ жойлашишига эътибор қаратиш;
ФЭС жойлашган жойларда санитария қоидалари ва нормаларига риоя қилиш;
қурилиш майдончасини кўриб чиқилаётган иқлимий шароитда мавжуд инфратузилма ва чекловларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш имконияти.
15. ФЭСни лойиҳалашда ФЭМнинг қия юзасига тушадиган қуёш энергияси миқдори (ёки қуёш нурланишининг интенсивлиги), ФЭМнинг меъёрий горизонтал юзаси ва жанубий йўналиш (ФЭС азимути ўртасидаги бурчак билан тавсифланадиган жанубга нисбатан йўналишга боғлиқлиги) эътиборга олиниши керак. Стандарт шароитларда қуёш нурланишининг максимал интенсивлигини ўлчаш ва аниқлаш мазкур ШНҚнинг 2-иловасига мувофиқ амалга оширилади.
16. ФЭСни лойиҳалашда ФЭБ учун массивнинг қуйидаги турдаги ускуналарини ўрнатиш мумкин:
бурчак остида ўрнатилувчи массивлар (қуёш нурланишининг максимал миқдорини ҳисобга олиш учун ФЭМлар горизонтга нисбатан муайян бурчак остида ўрнатилади);
битта айланиш ўқига эга бўлган (бир координатли), қуёшнинг йўналишини кузатувчи тизимга эга массивлар (горизонтга нисбатан маълум бурчак билан жой кенглигини ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилади);
иккита айланиш ўқига эга бўлган (икки координатли), қуёшнинг йўналишини кузатувчи тизимга эга массивлар (горизонтга нисбатан ҳар хил йўналишда жойлаштирилган, икки ўқ атрофида айланувчи қурилмалар. Одатда, бу ўқлар бир-бирига нисбатан перпендикуляр бўлади).
Ерга нисбатан ҳаракатсиз бўлган ўқ асосий ҳисобланади. Позицияси асосий ўққа нисбатан аниқланадиган ўқ қўшимча ўқ ҳисобланади.
Қуёшнинг йўналишини кузатувчи тизимларга эга икки ўқли тизим горизонтга нисбатан бир йўналишда ҳаракатланувчи бир нечта айланиш ўқларидан иборат бўлиши мумкин (қўшимча ўқ йўналиши бўйича).
17. ФЭМнинг кўтариб турувчи конструкцияси ва ўрнатиш механизми ҚМҚ 2.01.03 талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
ФЭМнинг кўтариб туриш устуни юк кўтариш хусусиятлари OʻzDSt/IEC 3076:2016 (IEC 62446:2009, NEQ) га мувофиқ бўлиши керак. Фотоэлектрик модулларни қуриш ва лойиҳалашда шамол юкламалари таъсирига алоҳида эътибор берилиши лозим.
18. ФЭМни ўрнатишда ишлаб чиқарувчининг тавсияларига мувофиқ ҳароратнинг деформациялари учун компенсация берилиши керак.
19. ФЭСни лойиҳалаш ва қуришда ФЭМга тушадиган оғирликни камайтириш учун шамол, қор, тошқиннинг сейсмик таъсири ҳамда қўшимча юки ҳисобга олиниши ва у Oʻz DSt IEC 61215-1:2018 (IEC 61215-1:2016, IDT) га мувофиқ бўлиши керак.
Шамол тезлиги таъсирини баҳолаш учун шамолнинг максимал тезлиги узоқ муддатли об-ҳаво маълумотларини таҳлил қилиш асосида танланиши керак.
20. ФЭМ тузилмасини ҳисоблашда ёғингарчилик (қор, муз ва бошқа ёғингарчиликлар) миқдори ҚМҚ 2.01.01 га мувофиқ қабул қилиниши керак.
ФЭМни биноларнинг томларига ўрнатишда ФЭСнинг юк кўтариш қобилияти ҳисобга олиниши ҳамда OʻzDSt/IEC 3076:2016 (IEC 62446:2009, NEQ) га мувофиқ бўлиши лозим.
21. ФЭСнинг маълум бир ҳудудида сув тошқини содир бўлганда ёки дарё, кўл ва сув ҳавзасида сув сатҳининг кўтарилганда, ФЭСни умумий тармоқдан узиш имконияти таъминланиши зарур.
Агар ФЭСлар автоном бўлса, уларни батареялардан узиш таъминланган бўлиши лозим.
22. Тузилмаларни лойиҳалашда ҳароратнинг ўзгаришини ҳисобга олиш ҳамда OʻzDSt/IEC 3076:2016 (IEC 62446:2009, NEQ) га мувофиқ қўллаб-қувватловчи тузилмаларга ва ФЭМни маҳкамлаш механизмларига эътибор қаратиш лозим.
23. ФЭМ қуёш иншоотлари коррозияга чидамли бўлган алюминий ёки сирланган пўлат материалларидан ясалиши лозим.
24. ФЭБни ерга ўтказувчанлик (заземление) бўйича лойиҳалашда Oʻz DSt/IEC 60364-7-712: 2002 талабларига риоя этилиши ҳамда ерга ўтказиш тизимининг тўлиқ конфигурацияси ҳисобга олиниши керак.
Бундай ҳолларда қуйидаги вазифалар ҳал қилиниши лозим:
эксплуатацион ёки конструктив сабабларга кўра зарур бўлганда юқори кучланишли кабелларни ерга ўтказиш (функционал ерга ўтказиш тизими);
чақмоқдан ҳимоя қилиш ёки потенциални тенглаштириш мақсадида очиқ ўтказувчан қисмларни ерга улаш (ҳимоя ерга ўтказиш тизими).
4-боб. Фотоэлектрик станцияларнинг асосий ва ёрдамчи элементлари
25. ФЭС қурилмаларини танлашда OʻzDSt/IEC 3076:2016 (IEC 62446:2009, NEQ) талабларига жавоб берадиган ФЭлардан, ФЭМ ва ФЭБлардан фойдаланиш лозим.
ФЭСнинг асосий қурилмалари қуйидагилардан иборат:
ФЭМлар;
инверторлар;
назорат қилувчилар (контроллерлар);
АБ;
улаш симлари;
бошқарув панеллари (қўшувчи ва ажратувчи қутиларда).
ФЭСнинг ёрдамчи элементлари қуйидагилардан иборат:
АБни микропроцессорли заряд-разрядлантириш контроллери;
АБни зарядловчи.
26. ФЭМ қуёш элементлар тўпламидан (фотоэлектрик ўзгартиргичлардан) ташкил топган бўлиб, қуёш энергиясини электр энергиясига тўғридан-тўғри ўзгартиради.
Талаб қилинаётган қувватда ФЭМ турини танлаш конструктив ва техник хусусиятлар билан белгиланади ҳамда Oʻz DSt/IEC 61853-1:2018, Oʻz DSt/IEC 61215-1:2018 ва Oʻz DSt/IEC 61215-1-1:2018 талабларига жавоб бериши керак.
27. ФЭСнинг асосий қисми ФЭМлардан иборат бўлиб, ФЭМларда ўзаро боғланганда катта қувват олиш учун мўжалланган ФЭБлар ташкил қилинади.
28. ФЭБлар истеъмолчи занжир ускунасига қуйидаги усулларда уланади:
ФЭБларни энергияни сақлаш мосламасини ўз ичига олган доимий ток кучланишига улаш;
ФЭБларни АБ қурилмасига улаш;
ФЭБларни ўзгарувчан ток қурилмаларига (занжирига, электр тарқатиш тармоғига) оддий ажратгичли инвертор орқали улаш;
ФЭБларни ўзгарувчан ток қурилмаларига (занжирига) инвертор орқали улаш;
аралаш усулда улаш (бир нечта турдаги ускуналарга улаш).
29. Қуёш батареялари томонидан ишлаб чиқариладиган энергияни ўзгарувчан 220 В/50 Гц ёки уч фазали 380 В/50 Гц оқимларига айлантириш учун турли хил инверторлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар бўйича бир-биридан фарқланади:
қувват билан;
доимий ток томонидаги кучланиш билан;
чиқиш сигнали шакли билан;
ўрнатилган зарядловчи қурилма ва тўғридан-тўғри энергия таъминоти тизими билан (бошқа ўзгарувчан ток манбасидан);
аналог ёки импульсли занжир билан.
Инверторлар тўлиқ автоном тизимларда ишлатилади ёки электр энергиясини тўғридан-тўғри тармоққа узатиш учун мўлжалланади.
30. Фотоэлектрик тизимлар учун инверторни танлашда унинг қуйидаги хусусиятларига эътибор бериш лозим:
номинал қувват (доимий қувватлаш учун инверторга уланиши мумкин бўлган кучланишнинг умумий қувват йиғиндиси бўлиб, номинал қувват доимий кучланишдан камида 20 — 30 фоиз қўшимча билан танланади);
энг юқори қувват (бу қувватнинг максимал қиймати бўлиб, АБда ишлаганда инверторнинг жуда қисқа вақт оралиғида бардош бера оладиган қуввати ҳисобланади, шунингдек инверторнинг энг юқори қуввати уланган қурилмаларни ишга тушириш қувватини ҳисобга олган ҳолда танланади);
ўзгарувчан ток доимий токка ўзгартирилганда (инверторланганда), чиқиш сигналининг шакли;
ўрнатилган зарядловчи қурилманинг ток кучи (агар мавжуд бўлса) (АБнинг максимал сиғими қийматини ҳисобга олган ҳолда аниқланади);
ҳар хил турдаги АБни заряд қилиш қобилияти;
герметик ва очиқ турдаги батареяларда заряднинг турли босқичлари учун кучланишлардаги фарқлар;
«уйқу» режимининг мавжудлиги (уйқу режими — бу электр юкламалари бўлмаган тақдирда инверторнинг ўз энергия сарфини камайтириш қобилияти);
ўрнатилган реленинг мавжудлиги (ташқи тармоқ йўқолганда, батареядан қувват олишга автоматик равишда уланишга имкон беради).
31. Уланиш релесига эга бўлган инвертор иккита «кириш» ва «чиқиш» ўзгарувчан ток симлари билан уланади. «Кириш» сими ташқи тармоққа уланиб, токни реле орқали кучланишга узатади. «Чиқиш» сими инвентордан чиқувчи ўзгарувчан токка уланган бўлиб, унга АБдан олинадиган ўзгарувчан ток кучланиши уланади.
32. Атроф-муҳит ҳароратига қараб заряд кучланишини тартибга солиш учун инверторларни ҳарорат датчиклари билан қўллаш мумкин (бундай зарядни тартибга солувчиларсиз керакли зарядлаш даражаси таъминланмайди, батареялар зарядланмайди ёки аксинча қайта қувватланади, бу уларнинг иш қобилиятига салбий таъсир қилади ва уларнинг муддатидан олдин ишдан чиқишига олиб келиши мумкин).
33. ФЭС ни лойиҳалашда АБ нинг чуқур қувватсизланишининг (тахминан, ҳар бир элементда 1,8 В) олдини оладиган, қувватсизланиш даражасини назорат қилиш мосламаси билан жиҳозланган МPPТ тури билан ҳамда АБни қайта қувватланишига йўл қўймайдиган, қуёш батареялардан қувватланишни назорат қиладиган мосламаси билан жиҳозланган инверторлардан фойдаланиш мумкин.
34. Фотоэлектрик тизим турига мувофиқ инвертор икки турга бўлинади:
ўрнатилган частота генераторига эга автоном тизимлар учун инверторлар;
тармоқларда фойдаланиладиган инверторлар.
Иккала турдаги инверторнинг фойдали иш коэффициент қиймати 90 фоиздан кам бўлмаслиги керак.
35. Кучланиш инверторлари алоҳида қурилма сифатида қўлланилиши ёки ўзгармас ток электр энергияси ускуналарининг узилишларсиз манбаси тизимига кириши мумкин.
36. Инверторлар IEC 61683, IEC 62109-1 талабларига мувофиқ танланиши, шунингдек фойдаланувчининг қуйидаги техник талаблари инобатга олиниши керак:
синусоидал чиқиш кучланишини таъминлашга қаратилган;
синусоидал ўрнини босадиган оддий сигнал кўринишадаги чиқиш кучланишини таъминлашга қаратилган.
37. Инверторни ўрнатишда стандарт кучланишдаги (220 В/50 Гц) энергия истеъмолининг энг юқори қуввати, шунингдек инверторнинг қуйидаги ишлаш режимлари ҳисобга олиниши керак:
узоқ вақт давомида ишлаш режими (инверторнинг номинал қувватига мос келади);
ортиқча юкланишда ишлаш режими (аксарият инвертор моделлари номинал қувват режимида бир неча дақиқа давомида (30 дақиқагача) ишлаши мумкин).
38. ФЭСлар электр тармоғига қуйидаги усулларда уланиши мумкин:
электр энергиясини умумий тармоққа узатиш имкониятига эга бўлмаган (автоном равишда ишлайдиган);
ишлаб чиқарилган электр энергиясини умумий тармоққа узатиш имкониятига эга бўлган;
ишлаб чиқарилган электр энергияси қувватни умумий тармоққа тўғридан-тўғри узатиш ҳамда энергияни АБларда сақлаш имкониятига эга бўлган (комбинациялаштирилган (гибрид);
кўп режимли.
39. Фотоэлектрик энергия тизимларини ишлаб чиқишда энергияни тўплаш ва сақлаш учун АБлар қўлланилиши керак. Бунда, АБлар турли эксплуатация режимларида электр энергиясининг манбадан истеъмолчига етиб келиш вақти ва кўрсаткичлари мутаносиблигини, чиқиш кучланишининг барқарорлигини таъминлаши лозим.
40. ФЭСлар учун АБлар алоҳида ёки номинал кучланишга (12 ёки 24 V) эга бўлган моноблоклар (батареялар тўплами)дан иборат бўлиши мумкин.
41. АБлар бир хил сиғимга эга бўлиши ҳамда бир вақтда ишлаб чиқилган ва битта партияда етказиб берилган бўлиши лозим.
42. Маълум бир ФЭСлар учун АБларни танлашда қуйидагилар ҳисобга олиниши керак:
ўз-ўзидан қувватсизланиш даражаси;
токнинг паст қувватида ҳам ишлаш қобилияти;
анча қувватсизланган ҳолда ҳам ишлаш қобилияти;
паст ҳароратларда ҳам ишлаш қобилияти (йил бўйи фойдаланиладиган тизимлар учун).
5-боб. ФЭСларнинг ёрдамчи ускуналари
43. АБларнинг қувватланиши (қувватсизланиши)ни назорат қилувчи микропроцессорли контроллерлар ва АБни қувватлантирувчи ускуналар автоном ФЭСларнинг ёрдамчи ускуналари ҳисобланади.
44. Микропроцессорли контроллерлар қуёш батареясининг максимал даражада қувватланиши ва ток зарядининг кенглик-импульс модуляциясини (КИМ) кузатиш ҳисобига АБни 100 фоизгача қувватланишини таъминлаш мақсадида қўлланилади.
45. ФЭС ларда «шунтли» ва «кетма-кет» типига мансуб бўлган контроллерлар қўлланилиши мумкин.
46. АБнинг хизмат даврини ошириш ва ФЭСнинг энергиясидан самарали фойдаланиш мақсадида қувватлантириш контроллери қўлланилади.
47. Йирик ФЭСларда АБнинг қувватланиши ва қувватсизланиши даражасини назорат қилиш функциялари билан бир қаторда бутун тизимни бошқарадиган тизимли контроллерлардан фойдаланиш керак. Назорат ёритилганлик, ҳарорат, ток, кучланиш ва тизимнинг бошқа кўрсаткичларини қайд этиш ҳамда таҳлил қилиш йўли билан компьютерлар ёрдамида амалга оширилади.
48. Ҳар бир ФЭС учун контроллерлар ФЭМнинг қуввати ва юкланиш қувватига қараб индивидуал равишда танлаб олинади.
49. Зарядловчи қурилма герметикланган, техник хизмат кўрсатилмайдиган, қўрғошин-кислотали АБларни автоматик равишда қувватлантириш учун мўлжалланган бўлади.
50. Зарядловчи қурилма талаб этилган ток заряди, АБнинг тури, қувватлантириш тезлиги ва автоматлаштирилганлик даражасига қараб танлаб олинади.
51. АБ максимал ток кучланишида қувватлантирилмайди.
Ток қуввати ошиши ва бирхиллашиши учун ҳамда қувватлаш жараёнини тезлаштириш мақсадида бир нечта қувватловчи ускуналар параллель равишда уланади.
6-боб. ФЭСлар қўлланишини иқтисодий асослаш ва уларнинг эксплуатацион кўрсаткичлари
52. ФЭСнинг лойиҳасида келтирилган техник ечимларнинг сифати техник ва иқтисодий ҳисоб-китоблар кўрсаткичлари билан белгиланиши керак.
53. ФЭС самарадорлигини баҳолашнинг асосий кўрсаткичлари қуйидагилардан иборат:
йиллик электр энергияни ишлаб чиқариш;
қабул қилинган ФЭБ турлари учун номинал қувватдан фойдаланиш коэффициенти (ФЭС учун ўртачаси);
етказиб берилган электр энергиянинг таннархи.
54. Электр энергияни ишлаб чиқаришни ҳисоблаш учун дастлабки маълумотлар сифатида ҚМҚ 2.01.01 бўйича ушбу ҳудуднинг иқлим параметрлари, шунингдек ишлаб чиқарувчилардан олинган ФЭМнинг чиқиш параметрлари қўлланилади.
55. Ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажмини ҳисоблашда ФЭМни ФЭС ҳудудида жойлаштирганда бир-бирининг юзасига соя туширишдан вужудга келадиган йўқотишлар, ФЭСнинг ички электр тизимидаги йўқотишлар, ФЭ ва ФЭМ юзалари деградацияси (бузилиши)дан келиб чиқадиган бошқа йўқотишлар баҳоланиши лозим.
56. Электр энергиясини ишлаб чиқаришни ҳисоблаш натижаларига кўра ҳамда тизимдаги йўқотишларни камайтириш ва электр энергиясини ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида ФЭМларнинг муайян бурчаги, шунингдек ФЭ ва ФЭМ турлари аниқлаштирилиши лозим.
57. ФЭСнинг бир йилда номинал қувват билан ишлаб чиқарадиган энергия ҳажмининг ўртача қиймати қуйидаги (1) формула бўйича аниқланади:
1) WФЭС = Pфм(Eумум. / Iсин)K0(1-Kйўқ), kW•h,
Бу ерда:
Рфм — қуёш ФЭМларининг умумий қуввати, kW;
Еумум. — горизонтал текисликда ер юзасига тушаётган умумий қуёш энергияси, kW•h/m2;
Iсин — ФЭМларни синовдан ўтказгандаги қуёш нурланишининг интенсивлиги, Iсин = 1,0 kW•h/m2;
К0 — қуёш энергиясининг умумий оқимини горизонтал текисликдан ФЭМлар юзасига ўтказиш учун тузатиш коэффициенти;
Кйўқ — электр энергиясини трансформация қилиш ва узатиш жараёнида қуёш батареясининг йўқотишларини ҳисобга олиш коэффициенти.
ФЭСлар ишлаб чиқарадиган электр энергияси ҳажмини ҳисоблаш мисоли мазкур ШНҚнинг 3-иловасида келтирилган.
58. Истеъмолчига бир йилда етказиб бериладиган электр энергияси ҳажми қуйидаги (2) формула ёрдамида аниқланади:
2) Wеб = WФЭC — Wтй — Wэҳ — Wёу
Бу ерда:
WФЭC — ФЭСда бир йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси, kW•h/йил;
Wтй — трансформация қилиш ва узатиш жараёнида электр энергиясининг технологик йўқотишлари, kW•h/йил;
Wэҳ — ФЭС (асосий ускуналари)нинг ўз эҳтиёжлари учун истеъмол қилинадиган электр энергияси, kW•h/йил;
Wёу — ёрдамчи ускуналарнинг эҳтиёжлари учун истеъмол қилинадиган электр энергияси, kW•h/йил.
7-боб. Фотоэлектрик станцияларда техника хавфсизлик қоидалари ва ёнғин хавфсизлиги
59. Қуёш ФЭБларининг жуда паст кучланишли хавфсизлик тизимидан (ЖПКХ) ҳимояланиши IEC/TS 62548:2013 талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
Бошқа тизимларда, ток ўтказувчиларнинг бири ўзгармас ток томонидан ерга уланган ҳамда доимий ва ўзгарувчан токлар ўзаро ажратилган ҳолларда ток ўтказувчилар ҳамда ток ўтказувчининг ерга уланган ёки уларнинг очиқ қисмлари икки қопламали ёки кучайтирилган изоляция билан ҳимояланиши талаб этилади.
Электр токи уришидан ҳимоялаш OʻzDSt/IEC 60364-5-54:2011 талабларига мувофиқ амалга оширилади.
60. Модулларда, тарқатиш қутиларида ва ФЭМ ўтказгичларида ҳаддан ташқари юқори кучланишли ток оқими вужудга келганда ёки қуёш ФЭБнинг ерга уланган ўтказгичларида қисқа туташувлар ҳосил бўлганда, ускуналар юқори кучланишли ток оқимидан ҳимояланган бўлиши лозим. Фотоэлектрик занжирларда максимал токдан ҳимояланиш талаблари қуйидаги расмда кўрсатилган.
Расм. Фотоэлектрик занжирларда максимал токдан ҳимояланиш талаблари.
61. ФЭМлар ток кучланиши бўйича чегараланган бўлсада, ташқи манбаларга (масалан, батарея) параллель равишда уланиши ёки қўшилиши мумкинлигини инобатга олиб, бир неча параллель уланган занжирлардан ёки ташқи манбалардан ёхуд ҳар иккала усул қўлланилганда вужудга келадиган ортиқча ток оқимларга дучор бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.
62. ФЭМларнинг токдан максимал ҳимояланиши қуёш ФЭБлари қисмларидан келиб чиқадиган қисқа туташув токлари юзага келганда, дастлаб ҳимоянинг пастки даражасида ўчирилишига қараб тавсифланиши керак.
63. Агар параллель занжирлар сони иккитадан ортиқ бўлса, қисқа туташувнинг максимал токи бирор бир занжир схемасида (занжирлар сони битта бўлганда) ўтиши мумкин бўлган қисқа туташув токига тенг бўлади.
Параллель занжирлар сони бир ёки иккита бўлганда ва ҳеч қандай АБлар бўлмаганда ҳамда ФЭМлар қисқа туташув токига тенг бўлган тескари ток оқимига бардошли бўлганда, максимал токдан ҳимоялаш тизимининг носозлиги аҳамият касб этмаслиги инобатга олиниши керак.
64. Кристалли кремнийдан тайёрланган ФЭМлар учун параллель занжирлар сони учтадан ошмаслиги керак.
Бошқа ФЭМлар учун занжирлар сони ишлаб чиқарувчининг қўллаш йўриқномаларига мувофиқ бўлиши лозим. Қўллаш йўриқномалари бўлмаганда, ҳар бир занжирга ҳимоя қурилмалари (предохранитель) ўрнатилиши керак.
65. Қуёш модулларига уланадиган кабеллар изоляциясини танлашда атроф-муҳитнинг эҳтимоли бўлган энг юқори ҳарорат даражаси ҳисобга олиниши керак. Атроф-муҳит таъсири остида бўлганда, кабеллар ультрабинафша нурланишига чидамли бўлиши ёки ультрабинафша нуридан ёнғинга қарши ҳимоя воситалари билан таъминланиши керак.
66. ФЭСни юқори кучланишдан ҳимоя қилиш Электр ускуналарининг тузилиши қоидаларига (IV бўлим) (2006 йил 2 ноябрь, 20-15-232/11-сон) мувофиқ амалга оширилади.
8-боб. ФЭСни чақмоқдан ҳимоя қилиш
67. Чақмоқдан келиб чиқадиган хавф даражасини ҳисобга олган ҳолда ФЭБ ва метеорологик мачталар чақмоқдан ҳимоя қилиш бўйича учинчи тоифага мансуб бўлиб, ФЭСларни лойиҳалаш Электр ускуналарининг тузилиши қоидаларига (VII бўлим) (2006 йил 18 июль 20-15-143/14-сон) мувофиқ амалга оширилиши керак.
68. Тўғридан-тўғри чақмоқ уришидан ҳимоя қилишда чақмоқ токи ФЭБ (метеомачта) конструкцияси ва жиҳозларини бузмаган ҳамда бошқариш ва тартибга солиш электроника ускуналарига зарар етказмаган ҳолда ўтиши кафолатланиши керак.
69. Ток ўтказгичлар устун минорасининг конструкцияси бўйлаб ётқизилиши ва импулс қаршилиги билан ерга ўтказгичга уланиши керак.
70. ФЭБнинг ерга ўтказгичининг, метеорологик мачтанинг ва трансформатор станциясининг контурларини бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
ШНҚ 2.04.15-22 «Фотоэлектрик станциялар (тизимлар)» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзаро сояланишни ҳисобга олган ҳолда панелларни жойлаштириш
ФЭБ панелларининг ўзаро сояланишини ҳисобга олган ҳолда жойлаштиришни ҳисоблаш схемаси.
Бу ерда: а — ён томондан кўриниш; b — юқоридан кўриниш.
Узлукли чизиқлар билан L масофадан кам бўлган оралиқда жойлашган сояланган модуллар кўрсатилган.
ШНҚ 2.04.15-22 «Фотоэлектрик станциялар (тизимлар)» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Қуёш нурланишининг интенсивлигини аниқлаш
ФЭМларни паспорт хусусиятлари қуёш нурланишининг интенсивлигида стандарт синовлари натижалари асосида ўтказилади, Iисп = 1000 Вт/м2.
ФЭСни лойиҳалашда ўртача булутли шароитда горизонтал юзага тушувчи қуёш нурланиш интенсивлигининг максимал ва жами ўртача кунлик даражаси тўғрисида маълумотга эга бўлиш керак.
Техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ўтказишда ўртача булутли шароитда горизонтал юзага тушувчи қуёш нурланиш интенсивлигининг ойлик ва йиллик ўртача кўрсаткичи инобатга олиниши лозим.
Горизонтал юзага тушадиган қуёш нурланишининг максимал интенсивлиги тўғри ва тарқоқ нурланишнинг йиғиндиси сифатида қуёш вақтининг 11-12 соатлик интервалда ФЭС қурилиш майдонининг тегишли кенгликлари учун ҚМҚ 2.01.01 нинг 7-жадвали асосида аниқланади:
I0 = Ismax+ Idmax, W/m2
Муайян ой учун ўртача булутли шароитда горизонтал юзага тушадиган тўғри ва тарқоқ қуёш нурланишининг кунлик ўртача миқдори ФЭС қурилиш майдончасига энг яқин жойлашган аҳоли пункти учун маълумотлар асосида ҚМҚ 2.01.01 нинг 10-жадвали бўйича олинади. Ушбу қиймат тегишли ойдаги кунлар сонига кўпайтирилганда, қуёш нурланишининг горизонтал юзага тушадиган ўртача ойлик йиғиндиси аниқланади.
Ўртача булутли шароитда горизонт юзага тушадиган тўғри ва тарқоқ қуёш нурланишининг кунлик ўртача миқдори ҚМҚ 2.01.01 нинг 10-жадвали бўйича олинади. Ушбу қийматни йилнинг кунлари сонига кўпайтирилганда, қуёш нурланишининг горизонтал юзасига тушадиган ўртача йиллик йиғиндиси аниқланади.
(Мисол: 41° шимолий кенгликда жойлашган Тошкент шаҳри учун июль ойи давомида горизонтал юзага тушадиган қуёш нурланишининг максимал интенсивлиги ҚМҚ 2.01.01 нинг 7-жадвалига мувофиқ қуйидагига тенг:
I0= Is+ Id= 782+140 = 922, W/m2.)
ҚМҚ 2.01.01-94 нинг 10-жадвалига мувофиқ, Тошкент шаҳри учун июль ойи давомида ўртача булутли кунлар шароитида горизонтал юзага тушаётган қуёш нурланишининг ўртача кунлик миқдори қуйидагига тенг:
Еўр.сутиюль= 21,27+6,92 =28,19МДж/(м2*сут) =7,83 kW•h/(m2•d).
Тошкент шаҳри учун ўртача булутли шароитда горизонтал юзага тушаётган қуёш нурланишининг ўртача кунлик миқдори қуйидагига тенг:
Еўр.сутйил= 10,77+5,84=16,61МДж/(м2*сут) =4,61 kW•h/(m2•d).
Тошкент шаҳри учун ўртача булутли шароитда горизонтал юзага тушаётган қуёш нурланишининг ўртача йиллик миқдори қуйидагига тенг:
Ейил = 16,61 ∙ 365 = 6 062,65 МДж/(м2*йил) = 1 684 kW•h/(m2•йил).
ШНҚ 2.04.15-22 «Фотоэлектрик станциялар (тизимлар)» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Фотоэлектрик станциялар ишлаб чиқарадиган электр энергия миқдорини ҳисоблаш
ФЭСнинг паспортдаги хусусиятлари қуёш нурланишининг интенсивлиги бўйича ўтказилган стандарт синов натижалари асосида, одатда Iсин = 1000 kW/m2 га тенг бўлган миқдорда келтирилади.
Қуёш фотоэлектрик модуллари томонидан ҳосил қилинадиган энергия миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:
WФЭС = PФМ (Eумум. / Iсин) K0 (1-Kйўқ), kW•h,
бунда:
РФМ — қуёш фотоэлектрик модулларининг умумий қуввати, kW;
Еумум. — горизонтал текисликда ер юзасига тушаётган умумий қуёш энергияси миқдори, kW•h/m2. ФЭСнинг асосий ва ёрдамчи ускуналарини танлашда, ҳисобланган жами қуёш энергияси миқдори қуёш нурланишининг (I0, kW•h/m2) максимал интенсивлигига тенг равишда, мазкур ШНҚнинг 2-иловасига мувофиқ аниқланади;
Ҳсин — фотоэлектрик модуллар синовдан ўтказиладиган қуёш нурланишининг интенсивлиги, Iисп = 1,0 kW/m2;
К0 — қуёш энергиясининг умумий оқимини горизонтал текисликдан ФЭМлар юзасига ўтказиш учун тузатиш коэффициенти; мазкур ШНҚнинг 3-иловаси 3.1-жадвалига мувофиқ, ФЭМ йўналиши ва қиялик бурчагига қараб қабул қилинади;
Кйўқ — электр энергиясини ўтказиш ва узатиш пайтида қуёш батареясининг йўқотишларини ҳисобга оладиган коэффициент.
ФЭСлар электр энергиясини ишлаб чиқариши мумкин бўлган максимал қуввати қуйидаги формула билан аниқланади:
РФЭБ = Pфм (I0 / Iсин) K0 , kW,
Қуёш фотоэлектрик модулларининг умумий қуввати (РФМ, kW) уларнинг паспорт хусусиятларида келтирилган умумий қувватини қабул қилиш керак.
Kйўқ коэффициенти фотоэлектрик тизимда қуёш нурланишини электр энергияга айлантириш жараёнидаги қуйидаги умумий йўқотишларни ҳисобга олади:
ўтказгичлардаги йўқотиш коэффициенти, 1%, Кўт= 0,01;
инверторлардаги йўқотиш коэффициенти. Қувватга қараб 3 — 7% оралиғида ўзгариб туради, Кинв= 0,03 ÷ 0,07;
модулнинг ҳарорати ошиши билан боғлиқ йўқотиш коэффициенти 4 — 8% оралиғида ўзгариб туради Ктем= 0,04 ÷ 0,08;
қуёш нурланишининг қиймати кам бўлганда қуёш батареяси ишлаш жараёни давомида йўқотиш коэффициенти — 1 — 3%, Ккам.ҳол = 0,01 ÷ 0,03;
қуёш панелларининг сояланиши ва ифлосланиши билан боғлиқ бўлган йўқотиш коэффициенти — 1 — 3% , Кз= 0,01 ÷ 0,03;
четлаб ўтувчи диодларда йўқотиш коэффициенти — 0,5%, Кд =0,005.
Кйўқ= Кўт+ Кинв+ Ктем+ Ккам.хол+ Кз+ Кд .
Жадвал
Мисол: NФЭС = 5 kW бўлган қуёш ФЭМдан иборат ФЭСни умумий қувватини ҳисоблаш. ФЭС Тошкент шаҳрида жойлаштирилмоқда. ФЭБларни жойлаштириш азимути — 15º. Жойлаштириладиган ФЭБнинг горизонтга нисбатан қиялик бурчаги — 40º.
Битта ФЭМнинг ўрнатилган қуввати — 250 W = 0, 250 kW.
Умумий стационар модуллар сони қуйидагига тенг:
NФМ.стац = 5 kW / 0, 25 kW = 20 дона
ФЭС жиҳозларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, қуёш станциясини бажариш схемаси қабул қилинади.
Станция 2 қатордан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бир қаторида 10 донадан ФЭМ жойлаштирилади.
Фотоэлектрик тизимда қуёш нурланишини электр энергияга айлантиришдаги энергиянинг йўқотилиши қуйидагича қабул қилинади:
ўтказгичларда йўқотиш коэффициенти — Кўт= 0,01;
инверторларда йўқотиш коэффициенти — Кинв= 0,05;
модулнинг ҳарорати ошиши билан боғлиқ йўқотиш коэффициенти — Ктем = 0,06;
қуёш нурланишининг қиймати кам бўлганда қуёш батареяси ишлаш жараёни давомида йўқотиш коэффициенти — Ккам.хол = 0,02;
қуёш панелларининг сояланиши ва ифлосланиши билан боғлиқ бўлган йўқотиш коэффициенти — Кз= 0,02;
четлаб ўтувчи диодларда йўқотиш коэффициенти — Кд =0,005.
Фотоэлектрик тизимда қуёш нурланишининг электр энергиясига айланиши давомида энергия йўқотишнинг умумий миқдорини ҳисобга оладиган Кйўқ коэффициенти қуйидагига тенг:
Кйўқ= Кўт + Кинв + Ктем + Ккам.хол + Кз + Кд;
Кйўқ = 0,01 + 0,05 + 0,06 + 0,02+ 0,02 + 0,005 = 0,165
41° шимолий кенгликда жойлашган Тошкент шаҳри учун, июль ойида, соат 11-12 оралиғида горизонтал юзага тушадиган қуёш нурланишининг максимал интенсивлиги ҚМҚ 2.01.01 га мувофиқ қуйидагига тенг бўлади (мазкур ШНҚнинг 2-иловасига қаранг):
I0 = Is+ Id = 782+140 = 922 W/m2
Қуёш энергиясининг умумий оқимини горизонтал текисликдан ФЭМлар юзасига ўтказиш учун K0 тузатиш коэффициенти ШНҚнинг 3-иловаси 3.1-жадвалига мувофиқ, ФЭБларни жойлашиш азимути — 15º ва ФЭБнинг горизонтга нисбатан қиялик бурчаги — 40ºга тенг. K0 = 1,12.
Июль ойи давомида ФЭБнинг электр энергиясини ишлаб чиқариши мумкин бўлган максимал қуввати қуйидаги формула билан аниқланади:
РФЭБ = PФМ(I0 / Iсин)K0 = 5000 *(922 /1000) • 1,12 = 5163 W = 5,16 kW
Июль ойида Тошкент шаҳри учун ўртача булутли шароитда горизонтал юзага тушаётган қуёш нурланишининг ўртача суткалик миқдори қуйидагига тенг:
Еўрт.сут.июл = 7,83 kW•h/(m2•d) (мазкур ШНҚнинг 2-иловасига қаранг). Бундай ҳолда, ўртача суткалик электр энергиясини ишлаб чиқиш қуйидагига тенг:
WФЭС = PФМ • (Еўр.сут/июл / Iсин) K0 (1-Kйўқ) =5,0 • (7,83 / 1,0) • 1,12 • (1 — 0,165) = 36,61, kW•h/d.
Тошкент шаҳри учун ўртача булутли шароитда горизонтал юзага тушаётган қуёш нурланишининг ўртача йиллик миқдори 1684 kW•h/(m2•йил) (мазкур ШНҚнинг 2-иловасига қаранг).
Бундай ҳолда, ўртача йиллик электр энергиясини ишлаб чиқиш қуйидагича аниқланади:
WФЭС = PФМ • (Ейил / Iсин ) K0 (1-Kйўқ) = 5,0 • (1684 / 1,0) • 1,12 • (1 — 0,165) = 7874, kW•h/йил