Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат харидлари электрон тизими операторлари фаолиятини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Давлат харидлари электрон тизими операторларининг фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, давлат буюртмачилари ва давлат харидлари тизимида иштирок этадиган тадбиркорлик субъектларининг маблағларини молиявий хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ давлат харидлари электрон тизими оператори давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган томонидан белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июлдаги 476-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.07.2025 й., 09/25/476/0669-сон)
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги 306-сонли қарорига асосан чиқарилган)
операторларнинг давлат харидлари электрон тизими давлат харидлари соҳасидаги давлат назорати органларининг ахборот тизимларига белгиланган тартибда интеграция қилинади.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
а) бир ой муддатда давлат харидлари электрон тизими операторлар фаолиятини тартибга солишни янада такомиллаштириш муносабати билан қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) давлат харидлари электрон тизими операторлар фаолиятини тартибга солишни янада такомиллаштириш муносабати билан қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи давлат харидлари электрон тизими операторлар фаолиятини ташкил этиш регламентини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
операторлар фаолиятига қўйиладиган талаблар, мазкур фаолиятга рухсат бериш, уни назорат қилиш, тўхтатиш ва тугатиш тартиби;
давлат харидларининг электрон тизимларига, шу жумладан, уларнинг ахборот хавфсизлигига, маълумотларни қайта ишлаш марказига ва дастурий қурилмаларга қўйиладиган техник талаблар;
в) уч ой муддатда:
операторлар томонидан давлат харидларининг субъектлари билан давлат харидлари соҳасидаги барча ҳисоб-китобларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот тизимида очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали амалга оширилишини таъминлаш;
давлат харидлари иштирокчилари учун методик ўқув қўлланма ишлаб чиқиш ва давлат буюртмачилари масъул мутахассисларини мунтазам равишда малакасини ошириб бориш чораларини кўрсин.
5. Давлат активларини бошқариш агентлиги:
икки ой муддатда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда корпоратив буюртмачилар рўйхатини шакллантириб, махсус ахборот порталига жойлаштиришни;
давлат активларини сотиш ва ижарага бериш бўйича электрон савдо майдончалари операторларига мазкур қарорнинг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган талаб ва тартибларнинг амал қилишини таъминласин. Бунда, уч ой муддатда амалда мавжуд электрон савдо майдончалари операторларининг фаолиятини мазкур қарор талабларига мувофиқлаштирсин.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат буюртмачилари ва иштирокчиларнинг «Давлат харидларида шаффофлик» рейтингини юритиш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги уч ой муддатда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда юқори рейтингга эга бўлган давлат харидларининг иштирокчилари томонидан тузилган шартномалар бўйича тўловларни кафолатлашнинг соддалаштирилган механизмларини қўллаш амалиётини жорий этсин.
7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йил 1 майга қадар халқаро тажрибани ўрганган ҳолда биржа савдоларидаги ҳисоб-китоб тизимларини қуйидагилар орқали такомиллаштириш чораларини кўрсин:
биржа савдолари иштирокчилари рейтингини юритиш ва юқори рейтингга эга бўлган ишончли иштирокчиларни аниқлаш, улар учун шартнома суммасининг бир фоизидан ошмаган миқдорда гаров маблағлари билан савдоларда иштирок этиш имкониятини яратиш;
товар-хом ашё биржалари ҳисоб-китоб ва клиринг палатасида биржа савдо иштирокчилари маблағларини хавфсиз ва кафолатли сақланишини таъминлаш мақсадида ҳисоб-китоб ва клиринг палаталари очиладиган тижорат банкларига қўйиладиган техник ва молиявий талабларни белгилаш.
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги уч ой муддатда амалда фаолият кўрсатаётган операторларнинг фаолиятини мазкур қарор талабларига мувофиқлаштириш чораларини кўрсин.
Белгилансинки, мазкур қарорга илованинг 2 — 5-бандлари қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 31 декабрь,
734-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 декабрдаги 734-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомга киритилаётган
ЎЗГАРТИРИШЛАР
1. 15-бандда:
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Танлаш ёки тендер ғолибининг закалати шартнома тузилгунига қадар банд қилиб қўйилади. Бунда ғолиб шартнома тузишни рад этган тақдирда, унга закалат суммаси қайтариб берилмайди ва мазкур маблағлар оператор томонидан давлат буюртмачиларининг тегишли ҳисобварағига (бюджет буюртмачисининг бюджетдан ташқари тегишли ҳисобварағига) ўтказиб берилади.»;
тўртинчи хатбошидаги «1 — 3 фоизи, тендер ўтказишда эса 1 — 5 фоизи доирасида» сўзлари «3 фоизидан, тендер ўтказишда эса 5 фоизидан ошмаган ҳолда» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 17-банднинг биринчи хатбошисидаги «операторга хизмат кўрсатувчи банкда ҲККП учун алоҳида иккиламчи банк ҳисобварағини» сўзлари «ҲККП учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимида шахсий ғазна ҳисобварақларини» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. 18-банддаги «бюджет» сўзлари «давлат» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. 24-банднинг иккинчи хатбошисидаги «фойдаланмаган ҳолда амалга оширади» сўзлари «фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин» сўзлари билан алмаштирилсин.
5. 31-бандда:
иккинчи хатбошидаги «бюджет» сўзи «давлат» сўзи билан алмаштирилсин;
учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
тўртинчи — олтинчи хатбошилар тегишинча учинчи — бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.01.2023 й., 09/23/734/0002-сон; 30.07.2025 й., 09/25/476/0669-сон)