Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг
Буйруғи
ҚМҚ 2.04.02-19 «Сув таъминоти. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар» қурилиш меъёрлари ва қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 19 декабрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 126-сон]
1. ҚМҚ 2.04.02-19 «Сув таъминоти. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар» қурилиш меъёрлари ва қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. ЗАКИРОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 21 ноябрь,
200-сон
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б. ЮСУПАЛИЕВ
2022 йил 13 октябрь
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2022 йил 17 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг 2022 йил 21 ноябрдаги 200-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
ҚМҚ 2.04.02-19 «Сув таъминоти. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар» қурилиш меъёрлари ва қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1) Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур қурилиш меъёрлари ва қоидалари (кейинги ўринларда ҚМҚ деб юритилади) аҳоли пунктлари ва иқтисодиёт тармоқлари объектларининг марказлашган ичимлик сув таъминоти тизимларини лойиҳалаштиришда татбиқ этилади.
Мазкур ҚМҚ талаблари портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи, улардан фойдаланувчи ёки уларни сақловчи корхоналар, ёғоч материаллари омборлари, нефтгаз қазиб чиқариш ва нефтни қайта ишлаш саноати сув қувурларига татбиқ этилмайди.».
2) 13.5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.5. Ичимлик сув таъминоти тизимини автоматлаштириш учун саноат усулида ишлаб чиқарилган микропроцессорлар, контроллерлар, тармоқ ва коммуникация ускуналари, ичимлик сув сифатини назорат қилиш датчиклари ва ҳисоблаш (компьютер) техникалари қўлланилиши лозим.
Ичимлик сув таъминоти тизимига кирувчи автоматлаштирилган бошқарув тизимлари уларнинг бошқа ичимлик сув таъминоти тизимлари билан ўзаро боғлиқ ҳолда ишлашини ҳисобга олиб қурилиши керак.
Сув босимини ва сарфини назорат қилиш ҳамда ҳисобга олиш учун ичимлик сув таъминоти тизимида электрон сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши лозим.
Ичимлик сувни тайёрлаш жараёнининг барча босқичларида (шу жумладан, ер ости ва усти сув манбаларидан сув олиш нуқталаридан) сув сатҳи ортиши, тушиши ва ер усти сув манбаларидан олинадиган сувни лойқалиги ҳамда ичимлик сув сифати кўрсаткичларини кузатиш ва ҳисобга олиш учун сифат кўрсаткичларини доимий назорат қилувчи ускуналардан ёки лаборатория таҳлилларидан фойдаланиш керак.».
3) 13.8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.8. Ер усти сув олиш иншоотларида панжара ва тўрлардаги сув сатҳининг пасайишини кузатиш, шунингдек камераларда, сув омборида ёки сув оқимида сувнинг сатҳи, лойқалиги ҳамда оқим ва тушириш қувурларидаги босимни ўлчаш имкониятлари назарда тутилиши лозим.».
4) 13.10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.10. Қудуқларда сувнинг динамик сатҳи йўл қўйилган қуйи даражадан пастга тушиб кетганда насосларнинг автоматик равишда ўчирилишини назарда тутиш керак.».
5) 13.11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.11. Ер ости сув олиш жойларида, сув минораси (сув тўплаш резервуари)даги сув сатҳининг ўзгариш динамикаси ҳамда ишлаб турган насосларнинг мақбул сонидан (насосларнинг динамиклик даражаси ва энергия самарадорлигини таҳлил қилиш асосида) келиб чиқиб, насосларнинг автоматик бошқарувини назарда тутиш лозим.».
6) 13.14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.14. Ўзгарувчан иш режимига эга насос станциялари учун электр қувватининг минимал сарфини таъминлаш мақсадида сув босимини ва сарфини бошқариш имконияти назарда тутилиши керак.
Сув босими ва сарфини босқичма-босқич бошқариш биргаликда ишлайдиган насослар сонини (умумий қувват сарфини камайтириш мақсадида) ўзгартириш ва танлаш орқали таъминланади. Бунда, насосларнинг барқарор (узлуксиз) ишлашини таъминлаш насосларнинг айланиш тезлигини, сув босимини ва сарфини бошқариш ускуналари ёрдамида амалга оширилиши мумкин.».
7) 13.16-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.16. Электрюргизгични бошқариш тармоқдаги босимга, етказиб бериладиган сув сарфига ва сув тўплаш резервуаридаги сув сатҳига қараб автоматик равишда амалга оширилиши керак.
Насос қурилмаларида бошқариладиган электюргизгич сифатида частотали юргизгич, винтелли двигателга асосланган юргизгич ва бошқа шу каби воситалар қўлланилиши мумкин.
Бошқариш алгоритмлари қуйидаги носозликлар юз берган ҳолатларда бошқариладиган электрюргизгичнинг авариясиз ишлашини таъминлаши керак:
датчиклар ва назорат-ўлчов асбобларининг (НЎА) электрюргизгич ёки беркитиш-тартибга солиш арматураси ишдан чиққанда;
бошқариш объекти билан алоқанинг йўқлигида;
фидердаги фазаларнинг ўзгариб қолиши мумкин бўлган ҳолатларда электр таъминоти йўқолиши ва кейинчалик тикланишида.».
8) 13.24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.24. Ичимлик сув тайёрлаш (тозалаш) станцияларида қуйидагилар назорат қилиниши керак:
манбадаги (дарё, канал, сой, ер ости қудуқлари) сув сифати;
сув сарфи (дастлабки, ишлов берилган, ювиладиган ва такроран ишлатиладиган);
реагентлар эритмалари ва ҳаво сарфи;
фильтрлар, қориштиргичлар, реагент баклари ва бошқа сиғимлардаги сув сатҳи;
тиндиргичлар ва тиниқлаштиргичларда чўкиндилар даражаси;
ичимлик сув резервуаридан (идишларидан) чиқиш жойларида хлор ёки озон қолдиғи миқдори;
дастлабки ва тозаланган (ичимлик) сувнинг рН қиймати;
реагент эритмаларининг концентрацияси (кўчма асбоблар ва лаборатория усулида ўлчаниши мумкин);
сульфат ёки алюминий оксиди асосидаги реагентлардан фойдаланганда сув таркибида тиндиргичлардан чиқадиган алюминий концентрацияси;
темир хлориди асосидаги реагентлардан фойдаланганда сув таркибида тиндиргичлардан чиқадиган темир концентрацияси;
станцияга киришда, шунингдек тиндиргичлар, фильтрлар ва тоза сувнинг идишлардан чиқиш жойларида сувнинг лойқалиги;
тиндиргичдан чиқишда сувнинг ранглилиги;
станцияга кириш жойидаги сув босими;
тезкор назоратни талаб қиладиган ва тегишли техник воситалар билан таъминланган бошқа технологик параметрлар.
Ичимлик сув сифатини назорат қилиш Oʻz DSt 950 га мувофиқ амалга оширилади.».
9) 13.25-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.25. Қуйидаги жараёнларнинг автоматлаштирилиши назарда тутилиши лозим:
дастлабки сувнинг лойқалигига қараб сувни тозалаш, (сувни рангсизлантириш ва/ёки фильтрлаш) жараёнини четлаб ўтган ҳолда (агар манба сувнинг лойқалиги нормал бўлса);
коагулантлар ва бошқа реагентларни рН параметри (сувдаги ишқорийлик) асосида меъёрлаш;
хлор, озон ва хлор реактивлари билан зарарсизлантириш;
реагентли усулда фторлаштириш ва фторсизлантириш.
Сув сарфи ўзгарувчан бўлганда реагент эритмалари концентрациясини автоматлаштирилган ҳолда меъёрлаш ишлов бериладиган сув сарфи ва реагентнинг доимий концентрацияси нисбатига ҳамда уларнинг сифат (лойқалиги, қаттиқлиги ва б.) кўрсаткичларига қараб жойида ёки масофадан ўзгартириш имкониятига эга бўлиши керак.».
10) Қуйидаги мазмундаги 13.25.1 ва 13.25.2-бандлар билан тўлдирилсин:
«13.25.1. Кимёвий натрий гипохлорит идишлари қуйидагилар билан жиҳозланган бўлиши керак:
бошқарув хонасида ва жойида ушбу идишларни тўлдириш ва бўшатиш жараёнларининг белгиланган меъёрларига эришилганлиги ҳақида овоз ва ёруғлик сигналларининг автоматик равишда ёқиладиган натрий гипохлорит даражасини ўлчаш ва назорат қилиш тизими билан;
натрий гипохлоритнинг товага оқиб кетишини кузатиш тизими билан;
Кимёвий натрий гипохлорит ишлатиладиган хоналар ҳаводаги хлор таркибини аниқлаш ва назорат қилиш учун автоматик тизимлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
Хлорнинг йўл қўйиладиган энг кўп даражаси (ЙҚД) меъёрдан (1 mg/m3) ошиб кетганда, бошқарув хонасида ва натрий гипохлорит эритмаларини сақлаш жойида овоз ва ёруғлик сигналлари ҳамда сўриб олувчи вентиляцияси (агар у ўчирилган бўлса) автоматик равишда ишга тушиши керак.
Хлор детекторлари 0,5 ЙҚДда ёндош компонентлар мавжудлигида хлор учун сезгирликка эга бўлиши ва хлор концентрациясини ўлчашда умумий хатолиги ±25% дан ошмаслиги керак.
13.25.2. Коагулантлар, реагентлар ва натрий гипохлорит эритмалари стационар ва транспорт ёрдамида ташиш учун мўлжалланган идишлардан олинганда уларнинг сарфи назорат қилиниши лозим.
Электролиз хоналари, натрий гипохлорит электролитларини сақлаш идишлари автоматик газ анализаторлари билан жиҳозланиши керак.
Портлашдан олдинги концентрацияли газ анализаторлари водород концентрацияси 10% бўлганда ҳамда авария ҳолатида алангаланиш (портлаш) концентрациясининг пастки даражаси 21% бўлганда огоҳлантирувчи овоз ва ёруғлик сигналларни таъминлаши керак.
Хизмат кўрсатувчи ходимлар доимий бўладиган хоналарда огоҳлантирувчи ва авариявий сигналларни берувчи ускуналар бошқарув панелида ва хонадан чиқиш жойида ичкаридан, ходимларнинг вақти-вақти билан бўладиган ҳамда датчиклар ўрнатилган хонага кириш жойида ташқаридан жойлаштирилиши керак. Овозли сигнал фақат хоналарда қўлланилиши мумкин.
Технологик параметрларни (сув сарфи, босими, ҳарорати, концентрацияси ва б.) ўлчаш ва бошқариш натрий гипохлорит электролити ва ош тузи эритмаларида коррозияга чидамли бўлган назорат-ўлчаш ҳамда параметрларни бошқариш ускуналари ва мосламалари ёрдамида амалга оширилиши керак.».
11) 13.35-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.35. Сув оқиб кетишини назорат қилиш учун тармоқдаги босимни назорат қилиш нуқталарида бошқарув пунктларига уланган датчикларни назарда тутиш керак.».
12) 13.36-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13.36. Насос станциялари ва бошқарув пунктларига огоҳлантириш сигналларини узатиш мақсадида автоматлашган тизимлардан фойдаланиш учун барча турдаги сув идишлари ва резервуарларда сув сатҳини ўлчаш ва назорат қилишни назарда тутиш зарур.
Бунда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:
сувнинг идишдаги сатҳи ва ҳажми;
сувнинг идишдан оқиш тезлиги;
ёнғинни ўчириш учун зарур бўлган сув захираси ҳажми;
сувнинг авариявий ҳолатдаги ҳажми;
сувнинг насослар авариясиз ишлаши учун зарур бўлган энг кичик ҳажми.
Сувни узатиш ва чиқариб юбориш учун алоҳида линиялар билан жиҳозланган сув идишлари ҳамда резервуарларида ҳар бир узатиш ва чиқариб юбориш линияларида сув сарфи ҳисоблагичи ўрнатилиши лозим.».